Бош саҳифа Медиа танқид Марказий Осиё ОАВда Авлиё Валентин куни мавзуси қандай ёритилди

Марказий Осиё ОАВда Авлиё Валентин куни мавзуси қандай ёритилди

Ҳар йили Авлиё Валентин куни арафасида Марказий Осиё матбуотида Севишганлар кунининг мухолифлари ва ҳимоячилари ўртасида жиддий курашлар авж олади. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, турли хил манбалардаги алоҳида муаллифлар, айниқса, миллий тилларда ижод қилувчилар ушбу мавзуга қаттиқ ёпишиб оладилар. Бу “бизнинг менталитетимизга зид бўлган, биз учун бегона байрам, католиклар байрами” ва бошқа важ келтирувчилар анча кўп бўлади. Бизнинг медиа танқидчиларимиз – Назира Даримбет, Ниссо Расулова ва Наврўз Хуррамов халқаро Севишганлар кун мавзуси Марказий Осиё ахборот маконидан қандай қилиб “қувиб чиқарилгани”ни таҳлил қилдилар.

Ўзбекистон: Севишганлар куними ёки Бобурнинг туғилган куни?

Ўзбекистон ахборот маконида авлиё Валентинга бағишланган мақолаларни топиш қийин вазифа бўлиб қолди. Ушбу байрам ҳақида эслаб, нимадир берган нашрлар жуда оз.

“Sputnik Ўзбекистон” севишганлар Ўзбекистон осмони остида: бахтли жуфтликларнинг архив суратлари туркум фотолар билан кичик чиқиш қилди. Унда 1966 йилдан 1996 йилгача бўлган ва Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида суратга олинган романтик саналар, тўй ва қизиқарли оилавий тадбирлар акс этган тасвирлар берилди.

uz.sputniknews.ru сайтидан скриншот

TBLD.uz – ҳам республикада, ҳам ундан ташқарида яшайдиган ўзбекистонликлар ҳақида лойиҳа, кўпинча шоу-бизнеснинг машҳур вакиллари ҳақида ёзади. Сайтда мавзуга оид нақд учта материал нашр этилди. Агар сиз суюкли бўлмасангиз, Севишганлар кунини қандай нишонлаш керак – ижодий кечалар, концертлар, фильмлар, спектакль ва Севишганлар оқшомларидан жамланма. Уч жуфтликнинг муҳаббат тарихи – Тошкентнинг таниқли оилалари – маҳаллий машҳурларнинг севги қиссалари. Умидсизликдан биринчи учраган қучоққа талпинманг – таниқли қўшиқчи Муниса Ризаевадан Instagram обуначиларига севги байрами тилаклари.

Дарвоқе, ОАВ шу кунлари яна бир мавзу билан банд блди – 10 февралдан 14 февралгача бутун мамлакат бўйлаб буюк шоир ва давлат арбоби Захириддин Муҳаммад Бобурга (1483-1530) ҳурмат бажо келтириш тадбирлари бўлиб ўтди. 14 февралда у 538 ёшга тўлди.

Буюк шоирга ҳайкаллар ўрнатилган кўплаб таълим муассасалари, вазирликлар, идоралар ва жойларда турли тадбирлар ташкил этилди. Тадбирлар давомида шоир ижоди, унинг ҳаёти ҳақида филологлар, шоир ва актёрлар, ўқувчи ва талабалар, давлат хизматчилари унинг шеърларидан намуналар ўқидилар. Мухтасар айтганда, сўнгги бир неча кун, шу жумладан 14 февралда ҳам республика ОАВ айнан шу мавзуларни ёритди.

Бу сўнгги тўққиз йил давомида такрорланиб келади: Бобурнинг туғилган куни ҳар доим Ўзбекистон матбуотида Севишганлар кунини босиб кетади. 2012 йилда ВВС рус хизмати республиканинг кўплаб санъаткорлари Севишганлар куни учун режалаштирилган концертларини бекор қилишга мажбур бўлганлари ҳақида материал эълон қилган эди. Исми ошкор бўлишни истамаган Халқ таълими вазирлиги ходимига асосланиб, мақолада – “маданиятимизга бегона” байрамларни нишонламаслик, аксинча, Чингизхон ва Темур авлоди, Марказий ва Жанубий Осиёда империя асосчиси, расмий туғилган санаси 14 февралга тўғри келувчи Бобур таваллуд кунини нишонлаш бўйича ички кўрсатма борлиги ҳақида ёзилган.

Умуман, кейинги йилларда Ўзбекистондаги ОАВ ёшларни “халқимиз менталитетига умуман ёт бўлган оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан” ҳимоя қилишга қаратилган бир нечта мақолалар эълон қилди.

Бу борада фаоллик “Даракчи” нашри томонидан кўрсатилди (босма шаклда ҳам, электрон шаклда ҳам нашр этилади, darakchi.uz), улар ушбу мавзуда 2016 йилдан 2020 йилгача 14 февраль арафасида тўртта материал эълон қилди: Ёт мафкуралар “импорти”. Ёки яна 14 февраль куни ҳақида (10.02.2016), Муҳаббат яшаб қолиш воситаси сифатида (13.02.2017), Валентин куни тарихий маъжусийлик ва фаҳшга бориб тақалади (13.02.2017), Валентин куни – беҳаёлик тантанаси  (11.02.2020).

Аммо, ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, бу сафар Ўзбекистоннинг медиа-маконида бундай мақолалар кузатилмади, ҳар ҳолда йирик ОАВда 2021 йилда Севишганлар куни мавзуси умуман, ҳеч бир жиҳатдан тилга олинмади.

Қозоғистон: “Бу қозоқча байрам эмас!”

Бу йил Қозоғистон ОАВ Севишганлар куни мавзусида эълон қилган мақолаларининг оҳангини Қосим-Жомарт Токаев томонидан бундан тўрт йил аввал берилган баёнот белгилаб берди. Нега давлат раҳбарининг матбуот хизмати у Сенат спикери сифатида ишлаб келаётган вақтдаги айтган гапларини Twitter орқали бугун эълон қилишга қарор қилгани тушунарсиз, албатта. Аммо “Севишганлар куни бизга Ғарбдан келган, бу бизнинг менталитетимиз ва урф-одатларимизга зид. Ва буни ёшлар тушуниши керак”, деган матн кўплаб рус ва қозоқ тилларидаги ОАВда тарқатилди. Президент матбуот котиби Берик Уали ўз саҳифасида Қосим-Жомарт Токаевнинг Севишганлар куни ҳақидаги баёнотини эълон қилгани ҳақида биринчилардан бўлиб Tengrinews.kz ёзиб чиқди.

Берик Уалининг Twitter-аккаунтидан скриншот

Гарчи бу сафар қозоқзабон матбуот мавзуни эътиборсиз қолдирган бўлсада, “Бегона байрам керак эмас!” руҳидаги чақириқлар ҳам кўзга ташланди. “Жас қазақ” газетасининг сайтида “Бу қозоқча байрам эмас” сарлавҳаси остида сўровнома эълон қилинди ва 89% респондент бу санани нишонламаслигини билдирди. Ҳеч қандай янги нарса йўқ, ўша эски риторика: “Ҳар йили бизнинг менталитетимизга ва динимизга бегона бўлган Севишганлар куни байрамини онгимизга сингдирмоқчи бўлишади. Сўнгги йилларда ижтимоий норозиликнинг фаоллиги бироз пасайган. Биз 300 киши иштирок этган сўровнома ўтказдик ва унга кўра ёшлар буни қозоқ байрами сифатида қабул қилишмайди. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти учун Корпеш ва Баян Сулу куни ҳақиқий севишганлар кунига айланган”, деб ёзади материал муаллифлари.

Бу сафар Ihsan.kz диний йўналишдаги сайт ҳам “католик байрамига қарши кураш”га қўшилди. Материалда айтилган фикрлар қаторида ислом уламоларидан бири ушбу кунни нишонлаш мумкин эмаслиги ҳақида фикр билдирган.  “Биз урф-одатлар, анъаналар, одамларнинг бир-бирига бўлган муҳаббати каби барча яхши фазилатларни фақат Ислом динидан ўрганамиз”.

Дарҳақиқат, аввалги йилларда ушбу мавзуга оид чиқишлар, айниқса, қозоқ тилидаги ОАВда бирмунча кўп эди. Масалан, бир неча йил олдин abai.kz сайтида “ВАЛЕНТИН КҮНІ — КЕСАПАТ” (“Севишганлар куни – катта фалокат”) деган шов-шувли мақола чоп этилган бўлиб, унда муаллиф биринчи навбатда Янги йилни нишонлашнинг мақбул эмаслиги ва фойдасиз экани ҳақида сўз юритган. Сўнг у аста-секин ҳаётимизга “хиёнаткорона” кириб келган ва ёшлар онгини эгаллаган Севишганлар куни мавзусига яқинлашади. “Бу кунни байрам деб аташга тил ботинмайди. Бу нафақат қозоқ халқининг ахлоқий меъёрларига, балки, умуман бутун туркий халқлар, ислом дунёси анъаналари, тарбия ва миллий қадриятларимизга зид келади, шу билан бирга буларнинг барчасига тўлиқ қарши ҳам туради”, деб ёзади муаллиф. Бундан ташқари, унинг фикрига кўра, ушбу байрамни “мажбуран” жорий этишни мусулмонларни йўқ қилишга қаратилган “террорчилик”, шунингдек, жинсий озчиликларга нисбатан бағрикенглик сифатида баҳолаш мумкин.

Аммо бу сафар Севишганлар кунини кўпроқ рус тилидаги матбуот “нишонлади” дейиш мумкин. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти рейтинг учун Токаевнинг аввалги баёнотига урғу беришди, ушбу байрам тарихи ҳақида ҳикоя қилишди. Шунингдек, Nur.kz  интернет-портали бу йил қозоғистонликлар севган кишилари учун совғаларга қанча маблағ сарфлашга тайёр эканликларини ҳисоблаб чиқди, zakon.kz  эса қозоғистонликларнинг бахтли севги ҳақидаги ҳикоялари билан бўлишди.

Тожикистон: авлиё Валентин машҳурликни бой бермоқда

Тожикистон ОАВда ҳам бу кун ўхшаш вазиятда кечди. Агар ўтган йилларда маҳаллий матбуот Севишганлар куни арафасида тожикистонлик мусулмонлар ушбу байрамни нишонлай оладими ёки йўқми, деган мунозараларни авж олдиришган эди, бу йил эса журналистлар бундай вазиятни пайқамадилар.

Маҳаллий ОАВнинг фаолиятини кузатиб, айтиш мумкинки, гарчи айрим матбуот мавзуни ёритишга уринган бўлсада, ушбу байрам ўз оммавийлигини йўқотмоқда. Масалан, “Азия-Плюс” 14 февралдан бир ҳафта аввал #LoveStoriesAP рукнини ишга туширди, унда меҳмонлар – душанбелик таниқли шаҳслар ўзларининг севги тарихларини хотирладилар. Байрам куни “осиёликлар” романтик бестеллерларни жамлаб, Тожикистонда турмуш ўртоқни қандай танлаш меъзонлари ҳақида гапириб бердилар. Матнда янги нарсалар йўқ: у қиз бокира бўлиши, қайнона ва қайнотанинг  кўзига тик қарамаслиги, эри ва унинг барча қариндошлари учун овқат тайёрлаши, ҳеч ким билан можарога бормаслиги, иложи борича 18 ёш атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ. “Тожик қизлари ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши керак, бунингсиз ҳеч ким уларга уйланмаслиги мумкин”, деб эслатади журналист Ширин Рахмонова. Тўғри, у матнда севги ҳақида бир оғиз сўз айтмаган.

“Sputnik Тожикистон” Севишганлар куни мавзусига енгилгина мурожаат қилди. Муаллифлар бу қандай байрам эканлигини, дунёнинг бошқа мамлакатларида у қандай нишонланиши ёки нишонланмаслиги ҳақида эслаб, Тожикистонда ўз севган кишисини қандай хайратлантириш мумкинлиги хусусида маслаҳат беришди.

Севишганлар куни қандай нишонланишини аввал “Озоди радиоси” синчковлик билан кузатиб борар эди. Масалан, ўтган йили журналистлар мўъжаз ролик тайёрлаган эдилар, унда оддий душанбаликлар ўзларининг яқинларига ҳис-туйғуларини изҳор қилишган. Унданам аввал “Озоди радиоси” ушбу байрам ҳақида репортажлар тайёрлар ёки тожикистонликларнинг 14 февралга бўлган муносабати ҳақида сўзлаб берар эди.

Бу йил нашр журналистлари бошқа янгиликлар оқимига диққат қаратиб, бу кунни умуман эътиборсиз қолдирдилар. Анъанага кўра, Севишганлар куни ҳақида давлат телеканалларида ҳеч нарса гапирилмайди.

Тожик тилидаги ОАВда ҳам байрам ҳақида деярли сўз бўлмади. Севги муносабатлари ҳақида қизиқ лавҳа нашр этган “Фараж” нашри бундан мустасно бўлди. Унда муаллифлар Душанбе кўчалари севишган жуфтликлар билан тўлга эканини, аммо аксарият ёшлар муҳаббатга ишонмаслиги ҳақида гапирганлар. Бунга аниқлик киритиш мақсадида ОАВ сўров ўтказди. Жавоблар асосан юзаки. Севгига ишонишмайдилар, қизлар – бойликка ўч (шикоят йигитлардан), қизларга эмас, спортга ошиқ бўлиш яхшироқдир. Йигитларнинг ҳаммаси бевафо (шикоят қизлардан). Кекса авлод вакиллари саволларга жавоб бериш асносида уларнинг вақтида бундай кўп ажримлар бўлмагани, ҳамма бир-бирини яхши кўргани ва жуфтининг молиявий аҳволига эътибор бермагани ҳақида гапирдилар. Албатта, “Фараж”нинг лавҳасида Севишганлар куни Тожикистон ва тожик менталитети учун бегона байрам деган фикрлар ҳам бўлди. Респондентлардан бирининг бу кун севган кишингизга кўпроқ вақт ажратиш керак, деган фикрлари ҳам аввалги шарҳларни юмшатмади.

Дарвоқе, матбуотдаги ушбу байрам билан боғлиқ ҳар қандай материал остида хейтерлар томонидан қолдирилган изоҳ ва ижтимоий тармоқларда муносабатлар салбий бўлганини таъкидлаш керак. Аҳолининг аксарият қисми сунний мазҳабидаги мусулмонлар бўлган Тожикистонда аудитория 14 февраль кунига ниҳоятда салбий муносабатни намоён қилади. Янги йил ва Хэллоуин ҳам шу компанияга қўшилмоқда.

Таржимон Нодир Маҳмудов
Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

Жавоб қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни киритинг

Cоңғы жазбалар

Sevimli TVда «Она қизим»: меҳр занжири билан боғланган она ва қиз

Агар она ва қиз бир занжирга боғлаб қўйилса нима бўлади? Яъни рамзий маънода эмас (бу ўринда қондошлик ришталари ҳақида гап кетмаяпти), реал ҳаётда шундай...

Ўзбекистондаги малакали онлайн-медиа мутахассислари учун  «Медиада натив реклама» онлайн-тренинги

2021 йил 18-28 май кунлари Internews Network халқаро нодавлат ташкилоти Ўзбекистондаги медиа мутахассислари учун «Медиада натив (билвосита) реклама» мавзусида онлайн-тренинг ташкил этмоқда.Тренингга муҳаррирлар, Ўзбекистон...

Афсонавий Жон Алпертдан ҳужжатли фильмнинг учта таркиби. Ҳужжатли кино мактабида ижодий учрашув

14 апрель куни “Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотлари доирасида америкалик афсонавий ҳужжатли фильмлар режиссёри Жон Алперт билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. У мухбир ва ҳужжатли...

Ўзбекистон онлайн-ОАВ журналистлари учун мультимедиа воситалари бўйича қўлланма яратилди

Апрель ойида Internews Ўзбекистон журналистлари учун мультимедиа воситалари бўйича бир қатор кўрсатмаларни ишлаб чиқди.Ушбу босқичма-босқич кўрсатмалар очиқ манбаада бўлиб, унинг ёрдамида журналист ва муҳаррирлар...

Ўзбекистон журналистлари ва блоггерлар учун “Moбил фотография” oнлайн тренингги

2021 йилнинг 4-14 май кунлари Internews Network халқаро нодавлат ташкилоти Ўзбекистон журналистлари ва блоггерлари учун "Moбил фотография" номли oнлайн-тренинг ташкил қилади.Тренингда қатнашиш бепул.Tренинг икки...