Ижтимоий видеолавҳаларни суратга олишнинг техник жиҳатлари бошқа мавзулар устида ишлашдан катта фарқ қилмайди: ускуналардан фақат смартфон, мобиль учоёқ (штатив) ва петличка талаб қилинади. Концептуал равишда, бу жанрнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуда, бу ҳақида билиб қўйиш муҳимдир жиҳат, албатта. Айниқса, бу касбни ўрганишни энди бошлаётганлар учун.
Тажрибали продюсер, журналист, монтажчи-оператор Марат Содиқов ўзбекистонлик медиа мутахассисларни MOJO йўналишида ўқитишда давом этмоқда. “Янги репортёр” мураббий билан суҳбатлашиб, ундан ижтимоий видео репортажлар тайёрлашнинг йўл қўйилаётган хатолари ва билиб қўйиш лозим бўлган томонлари юзасидан тавсиялар олди.
Мажбурий меҳнат тўғрисида Ҳакимжон Фозилов видео лавҳаси.
Бешта асосий тавсия:
1. Ўз қаҳрамонингизни топинг. Ижтимоий видеони суратга олишда энг муҳим нарса бу қаҳрамонни аниқлаб олишдир. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қаҳрамон албатта суратга олишга рози бўлиши керак, чунки хайрли иш қилган яхши одам анча камтар бўлади ва бунга рози бўлишдан бош тортиши мумкин.
2. Суратга олишга тайёрланинг. Суратга олишга тайёрланаётганда, ўз қаҳрамонингиздан дастлабки интервьюни ёзиб олинг. Сиз бу инсон ҳақида максимал маълумот тўплашингиз керак: у нима қиляпти? У буни қандай амалга оширяпти? Бунда унга ким ёрдам бермоқда? Агар сиз қаҳрамонингиз билан боғлиқ одамларни жалб қилмоқчи бўлсангиз, улар билан ҳам аввалдан интервью ҳозирлаб олинг. Мантиқий ва тушунарли ҳикояга асосланган яхши сценарий режасини тузишингиз учун имкон қадар кўпроқ маълумот олишингиз керак. Одатда бу нарсага жуда кам эътибор қаратишади. Ҳар доим ҳам имконият бўлавермаслиги табиий ҳол, масалан, агар сиз янгиликларга оид репортаж суратга олаётган бўлсангиз. Лекин ижтимоий видеоларни суратга олишга тайёрланиш, бунга қанча керак бўлса, шунча кўп вақт сарфлаш керак.
3. Сценарий режасини тузинг. У ўз ичига барча мазмунни, нима ҳақида гаплашиш ва уни қаерда тасвирга олиш лозимлиги ҳақидаги режаларни қамраб олсин. Ниманидир синхронлаштириш керак, титрларга нимадир чиқариш лозим, нималарнидир визул тасаввур қилиш мумкин. Баъзида одамлар тасаввур қилиш қийин бўлган воқеаларни айтиб беришади, чунки ўша пайтнинг фото ёки видеолари мавжуд эмас. Буни ифодалашнинг ягона усули – суҳбатдош интервьюда воқеани маҳорат билан айтиб бера олиши. Агар тасдиқловчи фотосурат ёки видеолар мавжуд бўлса, унда воқеани видео кетма-кетлик шаклида тақдим қилган яхши.
4. Тасвирга олишни оптималлаштиринг. Дастлабки интервью ўтказиб, сценарий режасини тузиб олганингиздан сўнг, қандай блоклар кераклигини аниқлаб олиб, суратга олишга тайёргарлик кўришни бошлашингиз мумкин. Қандай сафарлар бўлиши, қаерда тасвирга оласиз, қанча одамни суратга туширасиз, ҳаммасини ҳисобланг. Суратга олишни оптималлаштириш учун бир нечта блокни ёки бир нечта одамни бир жойда тасвирга тушириш мумкин. Эҳтимол, сизда қўшимча вақт пайдо бўлади ва яна бошқа интервью берувчиларни ҳам таклиф қиласиз.
5. Зарур ҳолларда, сценарий режасини қайта тузинг. Суратга олиш ишлари якунланганидан сўнг, синхрон ва видео материалларнинг қолган қисмини кўздан кечиринг, чунки бу жараёнда сиз суратга олишга муваффақ бўлган ғайриоддий ва қизиқарли лаҳзалар ёки бирон бир янги нарсани илғаб қолсангиз, ажаб эмас. Бундай вазиятда сценарий режасига ўзгартириш киритилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас – сиз режадагидан бошқача йўл тутишингиз ҳам мумкин. Ушбу тавсиялар фақат репортажлар учун эмас, балки бошқа барча видео лавҳаларга ҳам тааллуқли. Фақат барча материалларни кўриб чиққачгина нимадан бошлаш ва нима билан тугатишни тушуниш мумкин, чунки биринчи ва охирги кадрлар жуда муҳим ҳисобланади.
Пандемия даврида меҳнат муҳожирларига ёрдам тўғрисида Лолагул Каллихонова видео лавҳаси.
Ижтимоий видео репортажлар суратга олишда энг кўп учрайдиган бешта хато:
1. Ахлоқ меъёрларининг бузилиши. Ижтимоий репортаж асосан ҳимоясиз шахслар, ногиронлар, болалар, зўравонлик ёки ҳар қандай офатларнинг қурбонлари билан боғлаб суратга олинади. Улар билан жуда эҳтиёткорликда ишлаш, биринчи навбатда уларнинг дилига озор етказмаслик ҳақида ўйлаш керак. Уларнинг шундоқ ҳам хаста кўнгилларига таъсир ўтказишга уринманг: масалан, видеога кўз ёшларни чақирувчи мусиқалар қўшманг. Жабрдийда болалар ёки уларнинг ота-оналарини тасвирга чиқарманг. Ахлоқ қоидаларига жуда эҳтиёт бўлиб амал қилинг. Сиз одамнинг шахсий маконини безовта қилмасдан муаммони кўрсатишингиз керак.
2. Техник тайёр эмаслик. Смартфонингизнинг хотирасини, батарея қуввати даражасини олдиндан текширинг, ўзингиз билан power-bank олиш ёддан чиқмасин. Агар бу ижтимоий репортаж бўлса, у ҳолда одатга кўра, қаҳрамонлар суратга олиш жараёнида махсус бирор ҳатти-харакатларни ифодалайдилар. Агар бирор нарсани суратга олиш кўнгилдагиек амалга ошмаса, демак, бу журналист учун ҳақиқий қоқилиш ҳисобланади.
3. Салбий нарсаларни қайд қилиш. Журналистлар томонидан кўпинча манипуляция қўлланилади. Масалан, муаллиф ижобий кадрларни қасддан қўшмасдан, фақат ачиниш хиссини уйғотувчи кадрлардан фойдаланганда. Агар арзирли сабаб бўлмаса, томошабинни мажбуран йиғлатишнинг ҳожати йўқ. Журналистлар ижтимоий репортажларни позитив тарзда кўрсатиш амалиётини ўзлаштиришлари керак. Агар объектив ижобий томонлари бўлса, уни кўрсатиш лозим.
4. Бир жойда тасвирга олиш. Барчасини битта жойда тўплашнинг ҳожати йўқ. Агар бу, масалан, фонднинг идораси бўлса, унда менежернинг ўзини суратга олиш ва баъзи лойиҳаларни муҳокама қилиш жараёнини суратга тушириш кифоя. Кўпи билан иккита, учта тасвир.
5. Қаҳрамондан видеони ўзи ёзиб беришини сўраш. Пандемия даврида бу амалиёт анча оммалашди: журналистлар ўз қаҳрамонларидан интервьюни ўзлари ёзишлари ва хабарни мессенжерлар орқали юборишни сўрай бошлашди. Яхшиси, видеоқўнғироқ қилиб, уни ёзиб олиш лозим. Шунда у тўлақонли интервью бўлади, бу видеокамерага қараб, ўзига нималарнидир гапириб турган одам тасвиридан анча яхшидир.
Аудиокитоблар яратиш тўғрисида Аброрбек Курбонмуратов видео лавҳаси.
Ўзбекистонлик журналист, блогер ва мустақил журналистлар учун “Мобиль қурилмаларда ижтимоий видео репортажларни тайёрлаш” онлайн-тренинги MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида USAID АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг кўмагида ўтказилмоқда.
Муаллиф: Ольга Королева