30 март куни Ҳужжатли кино мактаби доирасида мураббийлар, ҳужжатли кино режиссёрлари Шоҳида Тўлаганова ва Елена Демидова томонидан “Логлайн, синопсис, тизер, трейлер. Бу нима, нима учун керак ва қандай ишлайди?” мавзуида маҳорат дарслари ўтказилди. Улар ўзларининг ишлари мисолида ушбу тушунчалар юзасидан иштирокчиларга машғулот ўтказдилар. “Янги репортёр” экспертларнинг энг муҳим тавсияларини жамлади.
– Логлайн – бу сиз ўз фильмингиз нима ҳақида эканини бир ёки икки жумла билан тушунтира олишингиздир. Ушбу нарса ҳужжатли фильм учун пул сўраб мурожаат қилганингизда продюсерларни қизиқтириш учун керак. Уларда вақт ва эътибор доим етишмайди, уларни мазкур маркетинг усули билан “жалб” қилиш лозим. Логлайн, айниқса, бошловчи мутахассислар учун жуда муҳим. Агар сиз ўз ҳикоянгиз нима ҳақида эканини тушунсангиз, буни бошқалар ҳам тушунади. Инглиз тилини ҳам ўрганинг. Фестивалларда иштирок учун барча аризалар инглиз тилида ёзилади, бу тилда кўплаб музокаралар олиб борилади.
– Синопсис – сиз очиб бермоқчи бўлган муаммо ҳақида батафсил ҳикоя қилишингиздир. Сиз нима учун бу ҳикоя ўзига хослигини ва унга фақат сиз мурожаат қила олишингиз мумкинлигини, нима учун ушбу фильмни суратга олиш учун фақат сиз муносиб эканлигингизни аниқ жавоблар билан асослаб беришингиз керак. Синопсис – кўпи билан тўртта хатбошидан иборат бўлади, бундан ортиғини ҳеч ким ўқимайди. Шунингдек, бугун синопсисга қаҳрамонларингизни тасвирлаш учун учтагача фотосурат илова қилишингиз мумкин. Бу жуда муҳим, чунки сиз грантларга мурожаат қилганингизда (улар дунёда кўп, жараённинг турли босқичларини молиялаштиради) кўплаб аризаларни онлайн равишда тўлдирасиз. Одамлар уларни томоша қилиб, сиз ҳамма нарсани ўйлаб топганингизни тушунадилар. Сизнинг қаҳрамонларингиз ким, улар билан қандай ишлай оласиз, молиявий режаларингиз қандай, сизда қандай салоҳиятли дистрибьюторлар бор. У ерда рақобат анча юқори. Уй вазифаси қанча кўп бўлса, маблағ олиш имконияти шунча юқори бўлади.
– Тизер ва трейлер одамлар сизнинг қаҳрамонингиз ва фильмингизни қандай яратишингиз ҳақида таҳминий тасаввурга эга бўлиши учун керак. Бу продюсерлар ҳузуридаги мулоқот учун ҳам зарур нарса. Тизерда сиз визуал қисм қандай амалга оширилишини кўрсатасиз. Трейлерда эса – ҳикоянгиз нима ҳақида экани маълум бўлади. Трейлер тизер эмас, унда сиз қандай ришталар билан либос тикишингизни кўрсатасиз. Бу худди бозордаги каби: маҳсулотни намойиш қилиш ва харидорни алдамаслик.
– Фақат режиссёрнинг ўзига ҳеч ким пул бермайди, жамоа бўлиши керак – режиссёр, продюсер ва бошқалар. Фильмни суратга олишдан аввал унинг универсаллиги (нимага у ҳамма учун қизиқарли) ва ушбу ҳикоянинг ўзига хос хусусияти (сизнинг мамлакатингизда) нимада экани ҳақида тасаввур шаклланиши лозим. Баъзан тритмент – сценарий мазмунига эга бўлиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу одамлар фильм ҳақида ўқиб уни кўра олишлари учун керак. Буларнинг барчасини фильм паспортида ворд ҳужжат билан расмийлаштириш мумкин.
Шоҳида Тўлаганова – Лондонда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик журналист. У кўп йиллар давомида ВВС нинг Лондон идорасида ва Прагадаги “Озодлик радиоси”да фаолият юритган. Сўнгги йилларда у дунёнинг энг қайноқ нуқталарида мустақил журналист сифатида ишлаб келади.
Елена Демидова – россиялик режиссёр, оператор, монтажчи ва продюсер. Илк сабоқни Бауман номидаги университетда олган. Режиссёрлик таълимини – Internews кино мактабида (Марина Разбежкина устахонаси) ўтаган. Россия Федерацияси кинорежиссёрлари гильдияси ва Бадиий фильмлар гильдияси аъзоси. 2006 йилдан бери 10 дан ортиқ ҳужжатли фильм суратга олган.
10 март куни “Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” старт олди. Назарий машғулотлар 15 апрелгача, амалий машғулот ва менторлик 25 июнга қадар давом этади. Мактаб сабоқлари онлайн режимида, Zoom платформасида ўтказилмоқда. Таълим рус тилида олиб борилсада, қозоқ, тожик ва ўзбек тилларига синхрон таржима қилинади. Мактаб ишида қатнашиш учун Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан янги бошловчи режиссёрлар танлаб олинди. Аввалига улар таниқли ҳужжатли киночилар, халқаро тоифадаги мураббийлар раҳбарлигида олти ҳафталик интенсив машғулотларда иштирок этадилар, уй вазифаларини бажарадилар, устахоналар фаолияти, фильмлар намойиши ва муҳокамаларда қатнашадилар. Сўнг икки ойлик суратга олиш ва монтаж ишлари ҳамда Мактаб мураббийлари раҳбарлигида ўз фильмларини тайёрлайдилар.
Лойиҳа Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмаги билан амалга оширилмоқда.