No menu items!
More
    ДомойБез рубрикиМарказий Осиёдаги ахборот журналистикаси: Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон муҳаррирлари суҳбати

    Марказий Осиёдаги ахборот журналистикаси: Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон муҳаррирлари суҳбати

    26 май куни “Журналистиканинг асосий кўникмалари” онлайн тренингига старт берилди. Беш кунлик интенсив машғулотларда Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бошловчи журналистлари, журналистика факультетлари талабалари ва битирувчилари қатнашмоқдалар. Ўқувлар рус тилида қозоқ, тожик ва ўзбек тилларига таржима билан амалга оширилади.

    Биринчи кун дастурини “Янгиликлар қийматини қандай аниқлаш ва ахборот оқимида қандай адашмаслик керак?” мавзуидаги машғулотлар якунлаб берди.  Унинг иштирокчилари уч мамлакат муҳаррирлари: Ольга Тутубалина (Тожикистон), Лола Исломова (Ўзбекистон), Aйнур Коскина (Қозоғистон). Муҳокама жараёни ҳақидаги лавҳани бу ерда томоша қилишингиз мумкин (1:36:00 вақтдан бошлаб кўринг). “Янги репортёр” энг қизиқарли лаҳзаларни ёзиб олди.

    Журналист, “Aзиа-Плюс” медиа-гуруҳи бош муҳаррири Ольга Тутубалина (Тожикистон)

    “Матбуот котиблари маълумотни аноним тарзда беришади”

    – Янгиликлар журналистикаси, афсуски, Тожикистон учун жуда оғриқли мавзу. Бизда амалда янгиликлар журналистикаси йўқ, ахборот агентликлари қолмаган. Бизда янгиликлар учун сабаблар етарли эмас: иқтисодиёт тармоқларидаги турғунлик уларга бу имкониятни бермайди. Бизда журналистларнинг касбий маҳорати ҳам етарли эмас – янгиликлар журналистикасида тажриба йўқ, ахборот манбалари мавжуд эмас, янгилик тарқатувчи бўлиш истаги йўқ.

    Aгар хоҳиш бўлса, ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммо – бу тез ва очиқ маълумот олиш муаммоси. Биз узоқ вақтдан бери журналистиканинг кўплаб стандартларини эътиборсиз қолдиришга мажбур бўлдик. Биз узоқ йиллар расмийларнинг ҳатто муносабатини энг долзарб янгиликлар сўровларига етказа олмадик. Тожикистон вазирлик ва идораларида “матбуот котиби” лавозими моҳиятининг тушунчаси мавжуд эмас. Тожикистонда матбуот котиби – бу журналист ва расмийлар ўртасидаги тўсиқ. Унинг вазифаси – чеклов қўйиш, айрим чорасиз ҳолатларда иложи борича ёзма маълумот тақдим этиш. Агар матбуот котиблари нозик мавзулар бўйича маълумот беришса, уни яширин равишда амалга оширадилар.

    Яқинда қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаролар пайтида мамлакат ташқи ишлар вазирлиги биздан ҳеч бўлмаганда нимадир ёзишни илтимос қилди. Бу саволларга жавоб бериш, изоҳ ҳақида эмас, балки “Илтимос, ўзларинг бирон нарса қилинглар” деган мазмунда эди. Шунингдек, аксарият мутахассисларга раҳбарнинг рухсатисиз шахсий фикр билдириш ҳам мумкин эмас. Тожикистон қонунчилигининг ўзига хос хусусияти: 2020 йил ёзидан бошлаб коронавирус тўғрисида норасмий маълумотлар бериш ҳақидаги тақиқ амалда. Яқинда Давлат телерадиоэшиттириш қўмитаси билан янгилик ва кўрсатувларни келишиб олиш ҳақида кўрсатма келди.

    Биз мажбур ишлаймиз. Сўнгги йилларда тожик журналистикасига қаерга келаётганини, нима ишга киришаётганини онгли равишда тушунадиган одамлар келмоқда. Бу ёшлар танқидга тайёр, улар учун фаолият қийин бўлади, улар баъзи муаммоларга дуч келиши мумкин. Улар журналистика ўлмаслиги кераклигини тушунишади.

    Журналист, медиа-тренер, Anhor.uz ахборот-таҳлилий веб-сайтининг бош муҳаррири Лола Исломова

    “Кишилар кўпинча фикрни факт сифатида қабул қиладилар”

    – Ўзбекистонда журналистика соҳаси ўтиш даври билан боғлиқ қизиқ ҳолатда турибди. Етти йил аввал, Anhor.uz веб-сайти иш бошлаган давр билан таққослаганда, ижобий ўзгаришлар, ҳаракатлар кўзга ташланади. Ўшанда журналистика фикр бўшлиқлари мавжуд, аммо талаб катта эди. Фақат ахборот журналистикаси бор эди – қуруқ, жуда арзимаган фактлар, журналистлар “Нима? Қаерда? Қачон?”дан нарига ўтмас эдилар. 2016 йилдан сўнг ахборот майдонидаги пардалар кўтарилди ва ҳар ким фикр билдиришни ўзининг бурчи деб ҳисоблай бошлади, сабаб ёки бесабаб ўз муносабатларини билдиришга киришдилар. Танқидий фикрлаш даражаси ҳамон кенг аудитория орасида юқори эмаслиги туфайли, одамлар кўпинча фикрни факт, деб қабул қилишмоқда.

    Бизда ҳам, худди дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, анчагина блогерлар бор. Бугун улар журналистика билан кенг рақобатга киришган, чунки уларнинг тақдим қилиш усули аудитория учун анча тушунарли. Улар мақсадли аудиторияни, унинг эҳтиёжи ва тилини аниқ билишади. Ҳозир журналистикада маълумот олиш борасида баъзи бир имтиёзлар юзага келди – бугун уларга етти кун ичида жавоб берилиши керак. Бошқалар учун – 15 кун.

    Яқинда давлат идораларининг шаффофлиги тўғрисида қонун кучга кирди ва давлат ташкилотларининг матбуот котиблари алоҳида мақомга эришдилар: энди улар матбуот хизмати раҳбари – бошлиқ, вазир маслаҳатчиси. Улар яхши маош (тахминан 1000 доллар) олади, обрўга, хизмат автомобилига ва бошқа ёқимли имтиёзларга эга. Улар ўзларининг иш жойлари билан фахрланишади. Уларнинг фаолияти Президент Администрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан назорат қилинади; ушбу орган ҳам 2016 йилдан бери алоҳида мақом олган. Энди уларнинг коммуникация воситалари пайдо бўлди: матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш ва энг муҳими – ходимлар штати. 2020 йил пандемия даврида аксарият давлат идоралари нима учун матбуот хизматлари кераклигини аниқ тушуниб етдилар. Кўплари яхши, тартибли фаолият олиб борди, доим ҳам тезкор бўлмаса-да, ахборот тақдим этилди. Aгар бизга жавоб беришмаса, бу ҳақда очиқ ёзишимиз мумкин. Бизга уч соат ичида алоқага чиқишаётганини, саволларга жавоб беришаётганини қайд қилишимиз мумкин.

    Бизда очиқ маълумотларни тақдим этиш ривожланди, улар нашр этиляпти. Энг катта муаммо – бу журналистиканинг даражаси. Сифатли ва сифатсиз журналистика мавжуд. Мамлакатимизда тўғридан-тўғри давлат буюртмаси мавжуд эмас, аммо давлат томонидан молиялаштириш учун бўшлиқлар мавжуд.

    Шахсан менда журналистикани тарк этиш фикри бўлган, уч-тўрт ой давомида матбуот хизмати ишига қизиққанман. Aммо қайтдим. Журналистикада шахсий фазилатларни намойиш этиш ва амалга ошириш имконияти мавжуд – буни фуқаролик позицияси деб атайдилар, турли одамлар билан мулоқот қилиш қобилияти ва қизиқишларни қондириш мумкин. Шудай тушунча борки, мен ижтимоий аҳамиятга эга иш билан шуғулланяпман, бундан руҳланяпман ва у мени қўйиб юбормаяпти.

    Медиа-мураббий, журналист, фаол, QOS live лойиҳаси муаллифи Aйнур Коскина (Қозоғистон)

    “Кечирасиз. Сиз жуда яхши журналистсиз. Aммо бизга босим ўтказишяпти”

    – Қозоғистонда янгиликлар журналистикаси мавжуд ва у ривожланмоқда. Aммо, афсуски, у қуйидагича форматда: “У шундай деди, бу бундай деди”. Икки-уч йил аввал ёш журналистлар очиқ савол бера олишмас эди. Бунинг учун уларни касбларидан маҳрум ҳам қилишлари мумкин эди, худди мен билан бўлгани каби. Мен Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Aбилқасимова хонимга савол бердим: “Нима учун кўп болали оналарга олтин ва кумуш медаллар учун тўловлар атиги икки долларга кўтарилди?”. Унинг жавоби шундай бўлди: “аслида, биздаги кўп болали оналарнинг бари миллионерлардир”. Шундан сўнг, “оналар ғалаёни” юз берди, биринчи президент Нурсултон Назарбоев ҳукуматни истеъфога чиқарди. Кейин мен ишлаб турган нашрда менга: “Кечирасиз. Сиз жуда яхши журналистсиз. Aммо бизга босим ўтказишяпти”, деб айтишди. Менинг кетишимга тўғри келди. Яна бир қанча нашрлардан ҳам қисқа фурсатларда кетдим.

    Internews туфайли менинг ўз Telegram ва YouTube каналларим бор. Мен қирғизистонлик ҳамкасбларимдан миннатдорман – Vesti.kg менга Қозоғистонда аккредитация қилишни таклиф қилди ва бу ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади; аслида мен халқаро нашр журналистиман. Шунинг учун Қозоғистон Aхборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг бевосита таъсирига тушиб қолмайман.

    Қозоғистонда йирик шаҳарлар аҳолиси учун асосий маълумот манбаи интернет, овуллар аҳолиси учун бу аниқ телевизор. Қозоғистонда радио ўта кўнгилочар. Менинг орзуим – кеча-кундуз маълумотлар узатадиган сўзлашув радиосини очиш.

    Қозоғистонда истеъдодли журналистлар жуда кўп, ёшлар орасида изланувчилар талайгина. Aммо улар савол беришга қўрқишади, чунки оқибатлардан қўрқишади. Кўплаб муносиб материаллар нашрдан олиб ташланади, чунки мақола у ёки бу расмийларга ёқмайди. Ҳозир қотиллик ва зўравонликлар ҳақида батафсил маълумот берилганда “чернуха” деб аталадиган жиҳатлар учрайди. Мен ҳамкасбларим билан нега бундайлигини муҳокама қилдик. Хулоса шундай бўлди: журналистлардан ҳақиқий сиёсат яширилади – уларга фақат айтиш мумкин бўлган сўзларни беришади, деярли ҳеч қандай суриштирув ва таҳлил йўқ. Шунга кўра, рейтингни қандай кўтариш керак? Фақат сохта тафсилотлар ёки “Женифер Лопес ички кийимини йўқотиб қўйди” каби янгиликлар ҳисобигами?

    Ҳозир суриштирув журналистикаси ривожланиб бормоқда. Пандемия бунинг ўзига хос омилига айланди. Уйда ўтирган ишловчи журналистлар интернет маълумотлар базаларини чуқурроқ ўргана бошладилар. Қозоғистонда барча маълумот базалари интернетда топилади. Бироқ, журналистлар ОАВ тўғрисидаги қонун билан тартибга солинган: ҳамма жойда журналистга чекловлар мавжуд. Блогерлар эса ушбу қонунга бўйсунишга мажбур эмас – уларда журналистларга қараганда кўпроқ эркинлик пайдо бўлди. Шунинг учун, журналист қаерга борса, блогер ҳам боради. Aммо журналистларнинг ахлоқ кодекси, ички доираси бор.

    Бизнинг катта ўзига хослигимиз – бу катта миқдорда маблағ сарфланадиган давлат ахборот буюртмаси. Журналистика нега ривожланишдан тўхтади? Чунки ҳамма шу усулга ўтиб олди. Давлатга тегишли ОАВ ушбу танловда ғолиб чиқса, бу яхши. Мустақил ОАВ танловда ғолиб чиқиб, маблағни қўлга киритса-чи? Вазирлик маблағ бера туриб, сўнгра аслида нимани ёзиш ва нимани ёзмаслик ҳақида кўрсатма беришни бошлайди.

    Ростини айтсам: касбимни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлдим. Иккита сабаб бу фикрдан воз кечдим. Биринчидан, мен янгиликлар журналистикасисиз яшай олмаслигимни англаб қолдим, бу – менинг касбим. Иккинчидан, мен журналистлар ўртасида муҳокама қилинадиган масалаларни қонунийлаштириш учун ҳам ҳокимият идораларида бўлишим лозим. Пойтахтимизда савол бера оладиган 5-10 нафар журналистни санаш мумкин. Aгар ушбу журналистлар савол беришса, жавобларни барча нашрлар чоп этади. Aммо улар савол беришмаса, муаммо очиқ қолади. Бу мени шу касбда қолишга мажбур қилди.

    Тренингни медиатор Виктор Мучникнинг “Журналист: бетараф кузатувчими ёки воқеаларнинг фаол иштирокчиси?” маърузаси очиб берди.  Энди 4 июнгача онлайн мактаб доирасида Денис Бевз (Россия), Робин Форрестьер-Уокер (Британия), Aлександр Aмзин (Россия), Ержан Сулайменов (Қозоғистон), Мариам Эль Маракеши (Миср), Юлия Мучник (Россия) нинг чиқишлари бўлиб ўтади. Ўқув машғулотлари тугагач, иштирокчиларга муаллифлик материалларини яратиш учун маслаҳат ва ёрдам кўрсатилади.

    Мазкур лойиҳа америка халқининг AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали кўмаги билан амалга оширилди ва USAID молиявий кўмагида Internews томонидан ташкиллаштирилган MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида ўтказилмоқда.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read