10 сентябрь – жума куни MediaCAMPfest 2021 старт олади ва 12 сентябрь якшанбага қадар давом этади. Фестиваль бу йил онлайн шаклда ўтказилмоқда. Сизларни унинг дастури билан таништиришда давом этамиз (тўлиқ жадвални бу ерда кўриш мумкин). Томошабинларни стендап, Snap Talk, гуруҳ муҳокамалари, маҳорат дарслари, кино оқшомлари, шунингдек, Media CAMP Award мукофотларини жонли эфирда тантанали топшириш маросимлари кутмоқда. Ушбу мақолада фестивалнинг дастлабки икки кунида ўтказиладиган маҳорат дарслари (мастер-класслар) ҳақида ҳикоя қиламиз – машғулотлар ким томонидан ўтказилади ва нима учун айнан ушбу маърузачилар онлайн минбарга таклиф қилинган – барчасини билиб оласиз.
MediaCAMPfest 2021 фестивали дастурида иккита параллель мастер-класс хоналари назарда тутилган: биринчиси – журналистика трендлари бўйича, иккинчиси – медиасаводхонлик бўйича. Ҳар икки бўлимнинг мавзулари журналистлар орасида ўтказилган сўров асосида танланган, таклиф этилган маърузачилар эса сўнгги йил мобайнида мавзу бўйича муваффақиятга эришган ўз мамлакатида таниқли мутахассислардир. Барча маҳорат дарслари асосий: “буни қандай қилиш керак?”, деган саволга жавоб беради.
“Масалан, биринчи куни Kloop.kg таҳририяти томонидан “Маълумотлар журналистикаси жозибаси” ва Uz Analytics лойиҳаси директори Савия Хасанованинг дата-журналистика ҳақидаги маҳорат дарслари ўтказилади. Улар ҳар куни катта ҳажмдаги маълумотлар билан қандай ишлаш кераклиги ва нуфузли халқаро танловларда қандай қилиб ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлишгани ҳақида ҳикоя қилишади, – дея тушунтирди Internews дастурларининг минтақавий координатори Ирина Медникова. – Your.tj бош муҳаррири Зебо Тожибоева молиялашган подкаст қандай яратилиши ҳақида гапириб беради. Унинг суҳбат мавзуси: оммабоп аудио форматда қандай қилиб талабга жавоб берадиган контент яратиш, аудиторияни жалб қилиш бўйича ҳаётий мисоллар ва подкастни қандай қилиб сотиш бўйича кўрсатмалар беришдан иборат. Мастер-класслар шуниси билан қимматлики, улар бизнинг бозорда юз фоиз ишлайдиган ва қабул қилиниши мумкин бўлган тажрибалардир. Барча маҳорат дарслари муваффақиятга эришган етакчилардан қимматли тавсиялардир”.
Мастер-классларнинг “Медиасаводхонлик” бўлимида Эстониядан келган медиасаводхонлик бўйича тўрт нафар мутахассис – университет муаллимлари. журналист ва психолингвист машғулот ўтказадилар. Нима учун айнан Эстония? MediaCAMP Марказий Осиё дастурининг медиасаводхонлик бўйича минтақавий маслаҳатчиси Гулнар Aсанбаеванинг сўзларига кўра, Халқаро медиасаводхонлик индексига бўйича Шимолий Европа мамлакатлари, хусусан, Финляндия энг яхши давлатлар қаторида туради. Финляндия тажрибаси эса бугун Болтиқбўйи мамлакатларида энг мақбул тарзда ривожланган ва қўлланилади. Эстония 2021 йилги Европа медиасаводхонлик индексида учинчи ўринда қайд этилган.
“Бизнинг гуруҳлардаги мунозараларимиз ўта муҳим масалага бағишланади: медиасаводхонликни ривожлантиришнинг миллий стратегиясини қандай қуриш лозим. Биз Эстония тажрибасини бу борада Марказий Осиёдаги энг яхши ҳисобланган қирғиз тажрибаси билан таққослаб, муҳокама қиламиз. Шунингдек, журналистларнинг медиасаводхонликни оширишда иштироки муҳим масала эканини ҳам муҳокамалар марказига олиб чиқамиз. Журналистларга медиасаводхонлик керак эмас деган стереотип мавжуд. Аммо у керак. Биринчидан, этика ва профессионал стандартларга риоя қилиш учун. Иккинчидан, аҳолининг барча гуруҳ қатламларида медиасаводхонликни илгари суриш учун – айнан журналистлар энг яхши мураббийлар бўлиши мумкин. Эстониялик мутахассислар медиасаводхонлик бошқа соҳаларга, масалан, ижтимоий ва гуманитар соҳаларга қандай жорий қилиниши ҳақида айтиб беришади. Шунингдек, қандай қилиб медиа ва маълумотлар саводхонлигини ошириш учун журналистларни тайёрлаш бўйича самарали дастурлар тузиш мумкинлиги ҳақида суҳбат қуришади”, – дея қўшимча қилди Гулнар Aсанбаева.
Ҳаммаси бўлиб MediaCAMP фестиваль дастуридан тўққизта мастер-класс ўрин олган, уларнинг тартиби билан бу ерда танишиш мумкин. Трансляцияни Internews ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кўриш мумкин, ZOOMда дастур Марказий Осиёнинг барча миллий тилларига таржима қилинган ҳолда тақдим қилинади. Мастер-классларда иштирок этиш бепул ва эркин, ZOOMга ҳаволани MediaCAMP Fest телеграм чатидан олиш мумкин.
Лойиҳа Internews томонидан Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга оширилмоқда.