Ўзбекистонда сайловолди кампанияси бошланди. 2021 йилдаги Президент сайловига 14 та сайлов округлари шакллантирилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) шунингдек, сайловни ёритиш учун ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини кўриб чиқди. Ҳозирги вақтда Президент сайловини ёритиш учун 500 нафардан ортиқ журналист аккредитациядан ўтган. Медиаюрист Карим Баҳриев сайлов жараёнларини ёритишда ОАВ ва журналистлар иштироки қандай мувофиқлаштирилиши ҳақида сўз юритади. Биринчи мақола сайловолди ташвиқотига бағишланади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги сайлов умумий тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширини овоз бериш орқали ўтказилади (3-модда). Жараённинг очиқлиги ва ошкоралигида асосий ролни ОАВ ва журналистлар ўйнайди.
Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик ва ошкоралик шунда намоён бўладики, бунда сайлов комиссиялари фуқароларни жумладан ОАВ орқали ҳам ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади. Сайлов кодексининг мазкур моддасида «Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритади», — дейилади.
Сайлов комиссиялари йиғилишлари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссиялари қарорлари оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда, шунингдек овоз бериш хоналарида сайлов куни ва овозларни санаш пайтида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялар, ўзини-ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг, бошқа давлатлардан келган кузатувчилар, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этишга ҳаққи бор.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларни ёритишга, сайлов ўтказиладиган кунда, жумладан овоз саналадиган пайтда сайлов ўтказиладиган хонада ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
Сайловолди ташвиқоти нима ва у қандай ўтказилади?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
- Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарларининг;
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
- сайлов комиссиялари аъзоларининг;
- диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Ташвиқот қандай турларда ва шаклларда ва усулларда олиб борилади?
Ташвиқот қуйидаги турда олиб борилади:
- сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
- номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.
Ташвиқот:
— омма олдида очиқ мунозаралар,
— баҳслар,
— матбуот конференциялари,
— фуқароларнинг йиғилишлари,
— интервьюлар,
— оммавий ахборот воситаларида чиқишлар,
— роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Ташвиқот:
- оммавий ахборот воситалари,
- телекоммуникация тармоқлари,
- шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;
- босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
- сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Ташвиқот даврида уни олиб боришнинг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиш мумкин (45-модда).
Ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб боришнинг ўзига хослиги нимада?
Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.
Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонунчиликка мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.
Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади (46-модда).
Сайлов натижалари қандай эълон қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлови якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирилмай қабул қилинади, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).