No menu items!
More
    ДомойТанлов/молиявий кўмак“DOC формати” ҳужжатли фильмлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича Internews танлови ғолиблари қандай аниқланди

    “DOC формати” ҳужжатли фильмлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича Internews танлови ғолиблари қандай аниқланди

    Ушбу танловда уч мамлакатдан 14 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларнинг номлари алоҳида – мамлакатлар кесимида нашримиз материалларида эълон қилинади.

    Аммо бизнинг бўлғуси танловларимиз иштирокчилари учун лойиҳалар қандай мезонлар асосида танланади ва қўллаб-қувватланади, ҳакамлар ҳайъати қандай шакллантирилади, питчинг қанча давом этади, ғолиблар рўйхатига кириш учун одатда қайси босқичлардан ўтиш керак каби саволларга жавобларни билиш қизиқарли ва фойдалидир.

    Эслатиб ўтамиз, “DOC формати” бу йил биринчи марта ўтказилди. Бунгача биз бошқа танловлар доирасида ҳужжатли фильмлар суратга олишни қўллаб-қувватлаган эдик, бунда таркиб ишлаб чиқарувчиларининг кинога катта қизиқиши борлигини кўрдик: кўпчилик ўз кучини айнан ҳужжатли фильмларда синаб кўрмоқчи бўлди. Шу боис алоҳида танлов ўтказишга қарор қилинди.

    Биз уни 2022 йил 21 январь куни эълон қилдик. Танлов минтақавий мақомга эга бўлди: таклифлар учта давлат – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан қабул қилинди. Иштирокчилар қозоқ, тожик, ўзбек ва/ёки рус тилларида ҳужжатли фильм яратиш ғоясини таклиф қилишлари мумкин бўлди.

    Ариза берувчилар ўз ғояларини фильм қандай бўлишини тасаввур қиладиган, қаҳрамонлар ва жойлашувлар ҳақида гапира оладиган, томошабинлар салоҳиятини тавсифлайдиган ва бюджетни оқлайдиган тарзда тақдим этишлари керак эди. Бўлажак ҳужжатли кино мавзусининг долзарблиги ва ижтимоий аҳамияти ҳам муҳим деб белгиланди.

    Қозоғистон ва Тожикистонда аризаларни қабул қилиш 10 февралда якунланган бўлса, Ўзбекистонда муддат 15 февралгача узайтирилди.

    Танловга жами 79 та ариза келиб тушди: Қозоғистондан 52 та, Тожикистондан 23 та ва Ўзбекистондан 4 та ариза. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари бундай ҳажмдаги ғояларни кўриб чиқиш имконига эга эмасликлари ва бундан ташқари, улар орасида ўзини оқламайдиган лойиҳалар ҳам бўлиши мумкинлигини эътиборга олиб, Internews ходимлари техник танлов ўтказдилар (ҳар бир мамлакатда алоҳида). Муаллифлари учинчи босқич – питчингга қўйилиши мумкин бўлган лойиҳалар танлаб олинди ва танлов мезонларига жавоб бермайдиган, масалан: ҳукуматга қарашли ОАВдан тақдим этилган, бюджети асоссиз бўлган ва танлов мақсадларига жавоб бермайдиган аризалар рад этилди.

    Натижада питчинг учун учта давлатдан 25 та ариза саралаб олинди. “DOC формати”нинг қисқа рўйхатига Қозоғистондан 12, Тожикистондан 10 ва Ўзбекистондан учта муаллиф ишлари киритилди.

    Очиқ танлов (юқорида батафсил ҳикоя қилинган) орқали аризаларни қабул қилиш билан бир вақтда Internews минтақавий Ҳужжатли кино мактабини ҳам ўтказди. Унда ҳам уч давлатдан ҳужжатли кино усталари ва барча истовчилар иштирок этишди. Биз танловнинг қисқа рўйхатига сараланган муаллифларни халқаро мураббийлардан назарий курс олишлари учун ушбу мактабга эркин тингловчи сифатида таклиф қилдик. Мактаб тингловчилари учун эса (бу кўнгиллилар орасидан эмас), ўз навбатида, Internews  фильмлар ишлаб чиқаришда ёрдам олиш имкониятини тақдим этди, шунинг учун уларни “DOC формати” питчингига таклиф қилди. Бунинг учун улар очиқ танлов иштирокчилари жавоб берган саволларга анкета тўлдириш орқали жавоб беришлари керак эди. Мактабдан 15 та ғоя келиб тушди: бештаси қозоқ талабаларидан, бешта Тожикистон ва бешта Ўзбекистондан.

    Шундай қилиб, питчингга борувчи иккита гуруҳ шаклланди: Ҳужжатли кино мактаби ўқувчилари (15 муаллиф) ва очиқ танлов иштирокчилари (25 киши) – жами 40 нафар.

    Уларнинг ҳар бирига лойиҳани ҳимоя қилиш учун маълум вақт ажратилди. Питчинг нафақат лойиҳалар географияси, балки тил масаласида ҳам аралаш бўлди: муаллифлар ўз ғояларини ҳам рус тилида, ҳам ўз миллий тилларда тақдим этишлари мумкин эди. Internews улар учун таржимонлар ёллади. Ҳакамлар ҳайъати ҳам халқаро вакиллардан иборат эди ва унинг барча аъзолари бир вақтнинг ўзида тўрт тилни тушуна олишмас эди. Рус тилида чиқиш қилган ҳар бир маърузачига 10 дақиқа (лойиҳани тақдим этиш учун беш дақиқа, экспертлар саволига жавоб бериш учун беш дақиқа) вақт ажратилди. Миллий тилда сўзлаганлар учун эса 15 дақиқа вақт ажратилди (7 дақиқа тақдимот учун, қолган саккиз дақиқада мутахассислар саволига жавоб бериш учун), чунки таржима ҳам маълум вақтни олади.

    Натижада питчинг уч кун давом этди:

    • 15 март куни ҳакамлар ҳайъати аъзолари Ҳужжатли кино мактабининг ҳар уч мамлакатдаги ўқувчилари ва очиқ танловнинг ўзбекистонлик иштирокчиларини тингладилар;
    • 16 март – Қозоғистон ва Тожикистондаги очиқ танлов иштирокчилари тингланди;
    • 17 март куни комиссиянинг якуний йиғилиши бўлиб ўтди – ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлади.

    Ҳакамлар ҳайъати таркибига минтақа давлатлари ва Россиядан режиссёрлар, сценарийчилар, ҳужжатли кино бўйича мутахассислар, жумладан, ушбу форматни ўқитиш ва бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни ривожлантириш билан шуғулланувчи Internews ходимлари киритилди.

    Улар барча аризаларни бир хил мезонлар бўйича баҳоладилар:

    • фильм мавзусининг долзарблиги ва ижтимоий аҳамияти;
    • унга муаллиф ёндашуви / драматик ечим;
    • мавзунинг етилганлик даражаси: қаҳрамонлар, жойлашувнинг мавжудлиги;
    • фильм қандай суратга олиниши ҳақида тавсифлар, танланган услубнинг асосланиши;
    • ишлаб чиқариш режаси, аудитория салоҳияти, тарқатиш режаси;
    • аризачининг портфели;
    • бюджетнинг асослилиги.

    Ушбу мезонларга кўра, ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси балл қўйиб борди, сўнг улар якуний тарзда жамланди. Ғолиблар энг юқори балл тўплаганлар орасидан танланди. Комиссия 40 та лойиҳа ичидан ҳар уч мамлакатдан 14 та ғолибни танлаб олди: Қозоғистонда бешта, Тожикистонда бешта ва Ўзбекистонда тўртта.

    Ғолиб муаллифларнинг барча фильмлари 2022-2023 йилларда ишлаб чиқарилади ва намойиш этилади.

    Лойиҳа АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида амалга оширилмоқда.

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read