Ҳужжатлар билан ишлаш маълум даражадаги библиографик саводхонликни талаб қилади. Журналист ҳужжатларнинг тури ва шаклларини ажрата билиши керак. Фаолият турларига кўра давлат-маъмурий, ишлаб чиқариш-маъмурий, ижтимоий-сиёсий, илмий, меъёрий-техник, маълумотнома-ахборот ва бадиий ҳужжатлар мавжуд.
Мурожаат соҳаларига кўра ҳужжатлар саноат, жамоат ва маиший шаклга бўлинади.
Ишлаб чиқариш ҳужжатлари – бу меҳнат жамоаларининг ишлаб чиқариш ҳаёти, давлат ва саноат тармоқлари раҳбариятининг эҳтиёжлари учун ахборот хизматини таъминлайдиган матнлар (шу жумладан шахсий: баёнот, ҳисобот ва тушунтириш хатлари, сўровлар) тўплами. Бундай ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилиши лозим. Журналистлар учун ҳужжатлар билан танишиш тартибини аниқ белгилаб берувчи норматив ҳужжат ёки идоравий кўрсатмалар мавжуд эмаслиги сабабли кўпинча мансабдор шахслар томонидан журналистлар ва фуқароларга рад жавоби берилганига гувоҳ бўламиз.
Жамоат ташкилотлари ҳужжатлари – партиялар, ҳаракатлар, бирлашмалар фаолияти матнлари билан танишишда ҳам вазият бир хил. Кўп ҳолларда матбуот хизмати вакилларидан журналистларнинг сўровидан сўнг улар тақдим этган маълумотлардан воз кечиш сўралади.
Журналистнинг маиший ҳужжатлар билан ишлаши энг қийин жараён. Бундай ҳужжатларнинг асосий қисми ҳисобга олинмайди, бундан ташқари, улар одатда шахснинг хусусий мулкини ифодалайди – журналистни ҳужжат билан таништириш ёки таништирмаслик эгасига боғлиқ.
Қонун ҳужжатларида турли тоифадаги шахсларнинг ҳужжатлари билан танишиш ҳуқуқини тартибга солувчи кўплаб тартиблар мавжуд. Масалан, фуқаронинг иши материаллари билан танишиш ҳуқуқи, адвокат, меросхўрнинг нотариусда мерос иши билан танишиш ҳуқуқи, беморнинг тиббиёт дафтари билан танишиш ҳуқуқи, жабрланувчининг жиноят иши материаллари билан танишиш ҳуқуқи, жиноят иши материаллари билан танишиш ҳуқуқи, тергов текширувигача бўлган материаллар, кузатувчининг сайловчилар рўйхати билан танишишни талаб қилиш ҳуқуқи ва бошқалар.
Ҳужжат билан танишиш жараёнида журналист ундан маълумотларни саралаб олади, уларни шарҳлайди ва тузатади. Маълумотларни тўғри олиш талаб қилинади.
Шунингдек, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигини аниқлаш лозим. Журналист мақоласида қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш ҳам ҳуқуқий, ҳам касбий оқибатларга олиб келади, чунки бунинг замирида журналист ва ОАВнинг ишончлилик нуфузи ётибди.
Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш учун унинг мазмуни хусусиятларига, унинг ташқи томонига эътибор беришингиз керак: агар қийинчиликлар юзага келса, ўзингиздан айбловларни соқит қилиш учун матншуносларга, суд экспертларига мурожаат қилишингиз лозим.
Ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилигини текшириш учун қуйидагилар керак:
- фактлар ва фикрларни фарқлай олиш, яъни ҳодисаларни тасвирлаш ва уларни изоҳлаш;
- ҳужжатни тузувчи қайси ахборот манбаларидан фойдаланганлигини, унинг асосий ёки иккинчи даражали эканлигини аниқлаш;
- ҳужжатни ишлаб чиқувчи уни тузишда қандай мақсадларга асосланганини аниқлаш;
- у яратилган муҳит ҳужжат сифатига қандай таъсир қилган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш.
Журналист учун манбани бошқа маълумотлар билан қиёслаб текшириш, мутахассис, маълум бир соҳа мутахассиси билан маслаҳатлашиш ҳам муҳимдир.
Ахборот агентликлари ахборот манбаи сифатида. Ўзига хослик
Ахборот хизматлари журналистларни “масаллиқ”, фактик материаллар билан таъминлайди.
Ахборот оламида Associated Press ва United Press International (АҚШ), France-Press (Франция), Reuters (Буюк Британия), ИТАР-ТАСС маълумотлари энг оммабоплари ҳисобланади.
Ўзбекистонда УЗИНФОРМ (мустақил ахборот портали), ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси ТИВ ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги, шунингдек Uzreport.com – бизнес портали (Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётининг турли соҳаларидан кундалик янгиликлар) каби ахборот агентликлари фаолият кўрсатади.
Ахборот агентликларининг муаллифлик материалларидан фойдаланганда уларга ҳавола берилади.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган материаллар тарқатгани учун, бу маълумотлар расмий хабарлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки расмий статистик ҳисобот маълумотларидан ёки ахборот агентликлари орқали олинган ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари, муаллифларнинг олдиндан ёзиб олинмаган ҳолда эфирга узатилган нутқларидан сўзма-сўз олинган (стенографик, аудио, видеоёзувлар) каби ҳолларда жавобгар эмас ҳисобланади.