Аксарият мамлакатларда коронавирус туфайли чекланган чораларга қарамай, ОАВ ишлашни давом эттириш учун расман рухсат берилган ташкилотлар рўйхатига киритилди. Аммо бу нашрларда муаммолар шу билан камайди дегани эмас: журналистлар ўлим/инфекция ҳақида ёзяптилар ва бу кечинмаларни ич-ичларидан ҳис қиляптилар, реклама берувчилар бюджетни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар, чунки улар бу талотўпларнинг барчаси қачон тугашини билмайдилар, ОАВ корчалонлари эса инқироздан чиқиш йўлларини излаш билан банд. “Частник” нашриёт уйи (Иваново, Россия) ижрочи директори ва медиа-бизнес бўйича эксперт Светлана Лебедева Internews онлайн йиғилишида ўз жамоаси инқирозни қандай ўтказаётганликлари, нималарга эътибор қаратаётганлари ва бу қандай ишлаётгани ҳақида сўзлаб берди. “Янги репортёр” фойдали маслаҳатларни жамлашга ҳаракат қилди.
Давом этишни истайсизми?
Бир ярим-икки ойдан сўнг, ҳаммаси тугагач, дунё у қадар ўзгариб кетмайди. Бозор таркиби ўзгаради. Ҳозир форс-мажор ҳолатларни рўкач қилиб, матбуотни тарк этишнинг айни вақти. Медиа мутахассисларнинг бир қисми шундай қилишади ҳам, аммо буни соғломлашиш сифатида қабул қилиш керак. Ёки улар узоқ ўйлайдилар, ёки узоқ вақт қайта мослашадилар.
– Агар сиз ўзингизда ва жамоангизда ўсишни ва ривожланишга интилиш сезаётган бўлсангиз, ундан албатта фойдаланишингиз керак. Айнан биринчи шахс компания мавқеини белгилайди. Агар сиз нашр раҳбари бўлсангиз, эътиборни якуний маҳсулотга бўлган ишончга қаратинг. Мен оммавий ахборот воситаларининг келажагига ишонаман, албатта, ҳар доим маълумотга эҳтиёж бор, айниқса, ҳозирги кунда талаб катта, – дейди Светлана Лебедева.
Агар сиз ишлашни давом эттириш, тажриба ўтказиш ва вазиятни ичидан ўрганишга қарор қилсангиз, бу истак қонун билан расмийлаштирилиши керак. Бу сизнинг таҳририятингиз фаолият юритишига имкон берадиган зарур ҳужжат бўлиши лозим. Форматни аниқланг, ким узоқдан ишлай олади ва бу жараён қандай амалга оширилади.
Ходимларингизга ғамхўрлик қилинг
Айни пайтда сизнинг вазифангиз жамоани сақлаб қолиш ва бу жараёндан беталафот чиқиш. Ҳиссий зўриқишларга қарамай, карантин қисқа муддат давом этади. Сиз жамоанинг руҳий ҳолатини ўрта даражадан юқорироқ ушлаб туришингиз керак. Бу жуда қийин, аммо “ақлли одам учун имконсиз нарса йўқ”. Умумий соғлом кўтаринкиликка эришиш ва қандайдир янги нарсаларга қўл уриш истагини пайдо қилиш лозим.
Сиз матбуот маҳсулотини биргаликда очиқ майдонларда чиқара оладиган гуруҳ шакллантириб, унга эга бўлишингиз керак. Улар дарҳол кўзга ташланади.
Агар ходимларингиздан кимдир мураккаб мавзуларни ўрганаётганини кўрсангиз, жамоангизда руҳий гигиена тамойилларига кўникмани ҳосил қилинг. Ижтимоий тармоқларни камроқ ўқишни тавсия этиш матбуот мутахассислари учун кўпинча бемаъни кўринишда бўлиши аниқ. “Частник”да биз “охисталикни” ўргатамиз.
“Бўшашган” ходимни рақамлар билан ишланадиган бошқа бирор вазифага ўтказиш яхши ечим ҳисобланади. Бу фойда келтиради ва молиявий устунликлар ҳам ҳеч қачон ортиқча эмас. Шунингдек, бу сизга ҳозирги ҳолатга нисбатан кенг қамров билан назар ташлаш имконини беради.
Барча ходимлар ҳам масофадан юқори сифат билан ишлаши мумкин эмас. Масалан, савдо бўлимининг узоқдан ишлаши самарадорликнинг камида 15% пасайишига олиб келади. Агар сизнинг бизнес жараёнларингиз сизга масофадан туриб ишлашга имкон бермаса, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари туфайли ишлашга қисман кириш имкониятини кўриб чиқинг, жадваллар тузинг, қандайдир усуллар орқали барчани жалб қилинг. Ходимларнинг ўзларини қандай ҳис қилаётганларини қайд этиш журналини юритинг. Бу улар учун ҳам, таҳририят учун ҳам муҳимдир. Уни бир қатор ички ҳужжатларда синаб кўринг.
Медиа ўзининг энг юқори чўққисида
Агар матбуот ўзининг фаол позициясини намоён қилса (биз ишлаяпмиз, биз очиқмиз, сизни қўллаб-қувватлаймиз), у ваколатлар нуқтасига айланади, энди бизнес ундан маслаҳат сўрайди – нима қилиш мумкин?
Кичик ва ўрта бизнес бозоридаги умумий ҳолатни тавсифлаши мумкин бўлган иккита ҳал қилувчи омил: эпидемия/карантин (меҳнатга чекловлар) ва келажак мавҳумлиги (дунё ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди деган фикрга ёпишиб олиш). Ҳозир бизнес ўз ҳолига қайтаётгани аён бўлиб бормоқда. Улар 7-10 кун давомида карантин танаффусига чиқишган эди, кейин эса ўзига ҳос қарорлар қабул қила бошладилар.
Биз оммавий ахборот воситаси сифатида ўзимизнинг энг юқори чўққимизда эканимиз ҳақида гаплашмоқдамиз. Қанча маҳаллий бўлса, шунча муваффақиятли. Ҳеч кимни Италияда нималар бўлаётгани қизиқтирмайди, ҳамма ўзининг шаҳарида нима содир бўлаётганини билишни истайди. Бу йўлда биз ҳозир сиз учун ҳар қачонгидан ҳам самаралироқ платформамиз, келинг бундан фойдаланайлик.
Биз одамлар ҳеч қандай шароитда ҳам воз кечмайдиган ҳаётнинг бир қисмига айланишимиз керак.
Реклама берувчиларга нимани таклиф қилиш мумкин?
Ҳеч ким реклама форматларини бекор қилгани йўқ. Буюртмачига нима яхшироқ самара бериши бўйича тавсиялар беринг. Қоришиқ версияларни синаб кўришни таклиф қилинг, синаб кўрсатишдан эринманг.
Босма нашрларнинг самарадорлиги ортади – муштарийлар орасида энг содиқлари қолади. Аудитория мос келади, лекин бир-бири билан тўқнашмайди.
Амалга ошириш қийин, лекин узоқни кўзлаб, сиз мақбул жой, вақт ажратиб, дорихоналар, тиббий марказлар ва дўконларни оғдириб олишингиз мумкин. Ўзининг ҳамон мавжудлиги ва фаолият юритаётганини билдириб қўйиш истагида бўлган тижоратчи мижозлар учун имкониятларни сотишингиз мумкин. Инқирозга қарши чоралар орқали рекламага ёндашув ўзини тикламоқда. Ўтган давр топилмалари – ҳозирча сотувда мавжуд, сотиб олишга улгуриб қол, эски нархда харид қил.
Нима қилиш асло мумкин эмас
Узун ва мураккаб матнларнинг ҳозирги шароитда умуман кераги йўқ. Таркибни рекламага жойлаштиринг, брендга эътибор беринг – буни компаниянинг мурожаати сифатида тақдим қилинг. Компания одамларга берадиган баъзи бир қадриятлар ҳақида сўзланг. Бонус ва совғалар – эскирган усул, ўзига хос нималардир қилиш керак.
Бепул реклама орқали ҳудудий бизнесни қўллаб-қувватлаш чора сифатида хатарли ғоя. Ушбу ақидага албатта амал қилиш лозим. Матбуот қадамини ҳисоб-китоб қилмасдан ташлаши мумкин эмас. Бу лойиҳа “кириш – 1 рубль, чиқиш – 2 рубль” тоифасидан. Бу ишни йўлга қўйиш учун чора бўлиб, сизни қимматли реклама платформаси сифатида қабул қиладиган реклама берувчилар ушбу ёндашувга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишади. Инқироздан кейин улар энди аввалгидек миқдордаги пулни тўламасликка ҳаракат қиладилар, улар сиз билан шунчаки келишиш мумкин деб ўйлашади. Уриниб кўринг, лекин диққат билан ҳисоб-китобни амалга оширинг.
Коронавирус – янгиликлар тасмасининг бош мавзуси, ОАВнинг асосий кун тартиби. Аммо биз ўқувчиларда бу хабарлар оқимидан чарчоқни кузатяпмиз. Кун хабарларини бошқа янгиликлар билан ҳам тўлдиринг.
Карантиндан кейинги ҳаётга тайёрланинг
Ўз-ўзини изоляция қилиш ҳам тугайди. Эпидемия тугайди. Кейин нима бўлади? Яқинда турли маҳсулотлар гуруҳи бўйича талаб ўсгани ёки пасайгани ҳақида америка бозорини ўрганиш тадқиқотлари эълон қилинди. Кутилмаган ўсишни қайд этган тармоқлар ҳам бор.
Реклама берувчиларни қизиқтиринг.
- Ҳозир нималарга талаб ортмоқда? Антидепрессантлар, улар йўқдан кўра кичкина бўлса ҳам завқ беради. Айни пайтда ўсиб бораётган маҳсулотлар бор ва уларни мижозга етказишда сизнинг ёрдамингиз зарур.
- Нималар ўсади? Тиббий марказлар, мустақил ва арзон сайёҳлик, дала ҳовли учун керак ҳамма нарса. Улар учун реклама таклифларини тайёрлаш керак. Етказиб бериш, турли таъмирлаш ишлари, қурилиш моллари, барча онлайн ва автоматлаштириш сегментлари ўсади. Вақтинча ишга ёллаш агентликлари. Бизнес вақтинчалик ишчилар билан қизиқади, ишсизлар бирон бир иш илинжида бўлишади.
Чекиниш ҳам барҳам топади ва удан режалар, мақсад ва вазифалар билан чиққанлар янги реалликка осонроқ ва қулайроқ мослашади. Қисқа вақт талаб қиладиган вазифаларни кечиктирмай ҳал қилиб, вақтнинг 60-70 фоизини узоқ муддатли ишларга сарфлаган яхшироқдир. Аввалги инқирозлар тажрибасига мурожаат қилинг – у ердан барча саволларингизга жавоб топасиз.
Муаллиф: Ольга Королева