14, 15 ва 17 март кунлари Internews Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида ўзбекистонлик муҳаррирлар, журналист ва блогерлар учун “Нозик журналистика: зарар етказманг” онлайн-тренингини ўтказди. Тренингда журналистиканинг ахлоқий меъёрлари, зиддиятли журналистика тушунчаси, нозик журналистика тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш йўллари, психологик жароҳат олган шахслардан интервю олиш каби мавзуларни қамраб олди.
Сенситив журналистика бўйича тренингни 15 йилдан буён медиа соҳасида фаолият юритиб келаётган медиа-тренер Зарина Ахматова олиб борди. У HOLA News веб-сайтининг бош муҳаррири, «Vласть» интернет-журнали шеф-муҳаррири, «КарЛАГ: Должность Художник» ҳужжатли филмларига, “#МенАйтишданҚўрқмайман: қозоқ аёлларининг зўравонлик ҳақида 5 ҳикоя” қисқа метражли филм, “Ўқитувчи” (режиссёр Юрий Пак) ва бошқа фильмларга продюсерлик қилган, “Афғонистон яқин” (Кобулдан репортажлар) мултимедиа лойиҳасини яратган.
Вебинарлардан бири доирасида нозик (сенситив) журналистиканинг ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлари муҳокама қилинди. Тренер Зарина Ахматова ахлоқий жиҳатлар ҳақида, медиа ҳуқуқшунос Ольга Диденко ҳуқуқий томонлари ҳақида гапирди. «Новый репортёр» уларнинг чиқишларидан асосий тезисларни ҳукмингизга ҳавола этади.
АХЛОҚИЙ ЖИҲАТИ
Сенситив мавзуларга қуйидагилар киради:
- зиддият қурбонлари,
- зўравонлик қурбонлари,
- кексалар,
- кўнгли заиф кишилар гуруҳи,
- алоҳида эҳтиёжталаб одамлар,
- вояга этмаганлар,
- одам савдоси қурбонлари,
- ўз жонига қасд қилувчилар,
- қуллик,
- гендер тенгсизлик,
- фавқулодда ҳолат,
- терактлар,
- экстремал вазиятлар.
Бизнинг асосий дилеммамиз: ижтимоий аҳамият ва инсон ҳаёти. “Зарар етказманг” – журналист материал тайёрлаётганда бошланғич нуқта сифатида қабул қилиниши керак бўлган асосий ғоядир. The Washington Post газетаси собиқ бош муҳаррири Бен Брэдли бир куни шундай деган эди: “Биз бу материални чоп этдик. Кейин нима бўлди, биласизми? Қуёш эртаси куни ҳам одатдагидек чиқди.
10 та халқаро ахлоқий тамойиллар мавжуд:
- ишончлилик;
- холислик;
- журналистнинг ижтимоий масъулияти;
- журналистнинг касбий ҳалоллиги;
- ахборотдан фойдаланиш ва оммавий ахборот воситаларида иштирок этишда аҳолининг ўрни;
- шахсий ҳаёт ва қадр-қимматни ҳурмат қилиш;
- жамоат манфаатларини ҳурмат қилиш;
- умуминсоний қадриятлар ва маданий хилма-хилликка ҳурмат;
- урушлар ва инсониятга таҳдид солувчи бошқа муаммоларга қарши кураш;
- жаҳон ахборот-коммуникациясининг янги тартибини ишлаб чиқиш (деколонизация ва демократлаштириш).
Society of professional journalistsнинг ахлоқ кодекси ҳам мавжуд. Унинг тўртта принципи бор:
- ҳақиқатни излаш ва ёзинг;
- зарарни минималлаштиринг;
- ҳисобдор ва шаффоф бўлинг;
- мустақил бўлинг.
Инсон шаъни, қадр-қиммати, саломатлигини камситувчи нозик мавзуларни ёритиш алоҳида эътибор ва ёндашувни талаб қилади. Ҳар доим ўзингизга савол беришингиз керак: жиноятчига минбар беришга арзийдими? Ахлоқ кодекси – бу қонун эмас, лекин улар институционал тамойилларни янги ходимларга етказишга, мураккаб ахлоқий дилеммаларни ҳал қилишга ва жамият фаровонлиги учун ишлашга ёрдам беради. Сизнинг медиангизда ахлоқий меъёрлар борми?
Нозик журналистикада мулоқотни қандай қуриш мумкин?
Интервьюдан олдин:
- Аввал одамга аппаратларсиз яқинлашинг.
Ўзингизни таништиринг.
Унга ҳамдард эканлигингизни айтинг (унинг тажрибасини тан олинг).
Унга интервьюга рози бўлиш сабабини айтинг (нима учун бу муҳим).
Унга сизга қанча вақт кераклигини айтинг. - «Йўқ» ҳам жавоб. Мақола чиқадими ёки чиқмайди, деб одамни шантаж қилманг, у шусиз азоб чеккан.
- Контактларингизни қолдиринг.
- Агар одам рад этса, ундан муқобил вариантни сўранг (аҳамиятсиз одамлар билан суҳбатлашманг, қўшни ёки танишингиз муносиб номзод бўлмаслиги мумкин).
- Хушмуомала бўлишга ҳаракат қилинг ва комфорт ва хавфсиз муҳит яратинг. Жабрдийда одам аралашишингиз билан ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин, микрофондан рухсатсиз фойдаланманг. Ёрқин ёруғликдан ноқулай сезиши мумкин.
- Ёзиб олиш учун рухсат сўраш – қонуний нуқтаи назардан тўғри ва психологик жиҳатдан одамга ўзини назорат қилиш ҳиссини беради.
- Одамнинг кадрда қандай кўринишига эътибор беринг.
- Нима содир бўлишини, қайси бири “ёзув учун эмаслиги», материалга нима киритилишини тушунтиринг. Маълумотдан хабардор одамнинг розилиги муҳим аҳамиятга эга. Киши интервью ва мақолага рози бўлишдан аввал эҳтимолий хавфларни тушуниши керак. Буни диктафон ёки видеога ёзиб олинг.
Интервью вақтида:
- Аппаратни созлаётганда у билан гаплашинг, алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг.
- Айбловчи саволлар берманг — жабрланувчи айбдор эмас.
- Фактлар ҳақида сўранг, назокат билан муҳит яратинг. Самимий бўлинг, одамлар ёлғонни ҳис қиладилар.
- “Аҳволингиз қандай?” деб сўраманг. Бунинг ўрнига “Мен нималарни бошдан кечираётганингизни билмайман, ҳис-туйғуларингиз билан ўртоқлашинг?”, деганингиз маъқул.
- Гумонланувчи жиноятчи бўлиши мумкин, аммо жабрланувчи эмас.
- Мавзуни тушунган ҳолда сўранг. Агар олдингизда оилавий зўравонлик қурбони бўлса, “Нега у билан яшадингиз?” деб сўрамаслик керак. Саволни суҳбатдош тушунадиган тарзда шакллантиришса бўлади: нима ҳақида гапираётганингизни биласизми. Одатда аёлларни уйдаги зўравонлардан кетишга тўсқинлик қиладиган омилларни санаб ўтинг ва уни ўз иши бўйича жавоб беришни таклиф қилинг.
ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТИ
Internews медиаюристи Ольга Диденко Марказий Осиёдаги журналистика учун энг нозик мавзуларни кўриб чиқди. Унинг вебинари қуйидаги мавзуларни қамраб олди:
- сўз эркинлиги нормалари ва чекловлари;
- журналистнинг касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (ахборот манбаларининг махфийлиги, ОАВда митинг ва норозиликлар, намойишлар, фавқулодда вазиятлар вақтидаги ишларнинг ёритилиши);
- интернетдаги контент билан боғлиқ одатий муаммолар (туҳмат ва обрўни ҳимоя қилиш, шахсий ҳаётнинг бузилиши, hate speech, fake news, ташвиқот, муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши);
- муайян масалалар (тасвир ҳуқуқлари, болалар ҳақидаги мақолалар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ёритиш).
Жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган контент турлари:
- Радикал, экстремистик ҳаракатларга янги аъзоларни жалб қилиш ғояларига йўғрилган контент (барча мамлакатлар).
- Нафрат ва адоват тили (барча мамлакатлар).
- Гиёҳванд моддалар, болалар порнографияси, қурол савдоси ва бошқалар билан боғлиқ контент (барча мамлакатлар).
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда онлайн-ОАВ фаолиятини чеклаш билан боғлиқ вазият Қирғизистонга қараганда анча муаммоли. Ҳукуматларимиз ўзлари ёки жамоатчилик нозик ва номақбул деб ҳисоблаган контентнинг тарқалишини чеклаш учун нима қилмоқда? Бу саволга жавоб икки жиҳатга боғлиқ. Биринчидан, бу қандай контент? Иккинчидан, қандай ҳаракатлар бор?
Ҳукуматнинг легитимлигига таҳдид солувчи контент турлари:
- Давлат органлари фаолиятини, давлат дастурларини, ташқи ва ички сиёсатдаги умумий тенденцияларни танқид қилиш (Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон).
- Давлатнинг биринчи шахсларига, уларнинг оила аъзоларига, фаолиятига, даромад ва харажатларига, мулкига ва бошқаларга таъсир қилувчи контент (Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон).
- Мавжуд ҳукуматнинг сиёсий мухолифлари томонидан яратилган контент (Қозоғистон).
Амалда нима содир бўлади?
- Ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва бошқа ахборот узатиш каналлари ҳамма жойда тартибга солинади. Энди хабарлар муаллифини жавобгарликка тортиш етарли эмас ёки тармоқ маъмуриятлари орқали ва бундай мурожаат қилмасдан ҳам манбаларни суддан ташқари блокировка қилиш тенденциялари мавжуд.
- Улар журналистнинг мавқеини мустаҳкамламасликка, аксинча, журналистлар бажарадиган муҳим ижтимоий миссияни сезмай, уни камситишга ҳаракат қиладилар. Журналистлар ҳуқуқларининг поймол этилиши, ҳужум ва таҳдидларни пайқамасликка, уларни кенг тарғиб қилмасликка ҳаракат қилинади.
- Журналистларга ҳам, оддий фуқароларга нисбатан ҳам номақбул контентни тарқатиш учун жавобгарликни кучайтирилади.
- Ахборот маконининг мониторинги кучайтирилмоқда. Ҳукуматлар контент устидан доимий назоратни таъминлаш учун жуда кўп пул сарфлайди.
- Хусусий медиага хорижий сармоя киритиш имкониятлари чекланган. Ҳозиргача минтақанинг айрим давлатларида хусусий ОАВлар учун грант олиш имконияти мавжуд бўлса-да, бу ерда ҳам кескинлашув тенденцияси кузатилмоқда.
- Ҳукмрон сиёсий партияларнинг ташвиқоти жуда катта ҳажмдаги медиа майдонини эгаллайди, аммо барча ижтимоий-сиёсий мунозаралар назоратсиз ва портловчи бўлиб қолган ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларга ўтмоқда.
Материал Internews томонидан USAID кўмагида амалга оширилаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида тайёрланди.