No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиОАВ материалларига раддия: бу Ўзбекистон журналистлари учун нимани англатади?

    ОАВ материалларига раддия: бу Ўзбекистон журналистлари учун нимани англатади?

    Сўнгги йилларда ўзбек матбуоти фаолиятини кузатиш ва мониторинги натижасида ОАВ ва журналистларнинг хабар ва материалларига раддия бериш ҳолатлари тез-тез учраб тургани маълум бўлди. Бу журналист ва блогерлар факт ва маълумотларни текшириш ва қайта текшириш талабларини эътиборсиз қолдириб, миш-миш ва уйдирмаларга берилиб кетишаётганидан далолтдир.

    Боз устига бу ҳолатни давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ёпиқлиги ёки етарли даражада очиқ эмаслиги, ахборот олишдаги қийинчиликлар, ташкилот ходимларининг журналистлар билан алоқасидаги муаммолар билан изоҳлаш мумкин.

    Раддия бериш нималарга олиб келиши мумкин?

    ОАВ ва журналистлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга раддия бериш талаби, туҳмат ва ҳақоратда, ваҳима қўзғатиш, ёлғон маълумот тарқатишда айбланиш, маънавий зарар ундириш ва бошқа муаммолар билан тўқнаш келишлари мумкин.

    Раддия бериш талаби келиб тушганда ОАВ ва журналистлар қандай хатти-ҳаракатлар қилишлари керак?

    Агар Сиз тарқатган ахборотнинг тўғри эканига ишончингиз комил бўлса, унда сиз ҳақиқат учун курашишингиз керак. Агар Сиз ёки сиз фаолият юритаётган ОАВ ҳақиқатан ҳам ёлғон маълумот тарқатган бўлсангиз, яхшиси ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддасига асосан жавоб ёки раддия берганингиз маъқул. Хатони тан олиш ОАВ ёки журналистнинг қадр-қимматини камситмайди, аксинча, уларнинг касбий этика тамойилларига риоя қилишлари, поклик ва ҳалоллик учун кураш йўлида қатъий ва холис эканликларидан далолат беради.

    Жавоб ёки раддия омма учун қандай эълон қилинади?

    “ОАВ тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасида кўрсатилганидек, раддия ёки жавоб тариқасидаги материал нашрнинг ўша саҳифасида махсус рукн остида жойлаштирилиши керак.

    Жавоб ёки раддия эълон қилишнинг муддати қанча?

    Жавоб ёки раддия газеталарда – раддия ёки жавоб олинган кундан бошлаб бир ой муддатда, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилиниши керак.

    Электрон оммавий ахборот воситаларида раддия ёки жавоб бериш тартиби қандай?

    Телевидение, радио, видео, кинохроника дастурлари ва бошқа даврий электрон ахборот тарқатиш воситалари таҳририяти томонидан раддия ёки жавоб талаб келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ўша кўрсатув ёки кўрсатувлар циклида эфирга узатилади.

    Агар раддия ёки жавоб бериш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситалари фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, ахборот манбаси ёки муаллиф билан келишилган ҳолда матнни асослантирилган таҳрир қилиш орқали амалга оширилишига йўл қўйилади.

    ОАВ таҳририятидан ҳамма ҳам раддия талаб қилиши мумкинми?

    Қонунчиликка мувофиқ, юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ишончсиз, унинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларга раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли. Ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ушбу оммавий ахборот воситаларида раддия ёки жавоб эълон қилишга ҳақли.

    Шуни ҳам билиш керакки, оммавий ахборот воситалари раддия, жавоб эълон қилишдан бўйин товлаган ёки эълон қилиш муддатини бузган бўлса, юридик ёки жисмоний шахс судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

    Қайси муассаса ва ташкилотлар кўпроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги материалларга раддия беради?

    Пандемия кучайган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез-тез ушбу соҳадаги вазият билан боғлиқ айрим материалларга раддия бериб келди. Шунингдек, айрим таниқли амалдор ёки жамоат арбобларининг ўлими ҳақидаги хабарларга ҳам тез-тез раддиялар бўлди.

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тез-тез янги номиналдаги банкнотларнинг чиқарилиши ҳақидаги хабарларни рад этади, бироқ бу банкноталар барибир муомалага киритилади.

    ИИВ кўпинча ходимлари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, ходимларни видеога олишни тақиқловчи ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва бошқалар ҳақидаги хабарларни рад этади.

    Адлия вазирлиги ва АОКА кўпинча ОАВ ва журналистларнинг айрим хабарларини рад этиб, уларни эълон қилиш ва ошкор қилишдан олдин фактларни текширишга, шунингдек, ёлғон ва ишончсиз маълумотларни тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлигини унутмасликка чақиради.

    Билиш муҳимдир

    Маълумки, журналистнинг материали фикр ва фактлардан иборат бўлади. Ёдда тутинг, сохта ва ёлғон маълумотлар, фактлар рад этилиши мумкин ва рад этилади, фикрлар эмас. Одатда фикрларга жавоб берилади.

    Шунга эътибор қаратишингизни маслаҳат берамиз: талаблар тўғрилиги текширилиши мумкин бўлган факт ва маълумотларга тегишлими ёки улар фикр, баҳолаш, шарҳларга тегишлими; ОАВ ва журналистларга қўйиладиган талаблар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эгами; нашр (лавҳанинг эълон қилиниши) ва даъвода ёзилган ҳолатлар ўртасида боғлиқлик борми.

    Танлаш лозим – мақолани эълон қилишни рад этиш ёки талаб этилаётган раддияни эълон қилиш.

    Агар сиз раддияни чоп қилишдан бош тортсангиз, ариза берувчи раддия ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги янада қаттиқроқ талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин.

    Агар раддияни эълон қилсангиз, ариза берувчи сиз унинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлигини тан олгансиз деб ҳисоблаб, маънавий зарар ёки зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво билан ҳам судга мурожаат қилиши мумкин.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read