No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЯнги Конституция бўйича референдум ва Ўзбекистон ОАВ

    Янги Конституция бўйича референдум ва Ўзбекистон ОАВ

    Ўзбекистоннинг янги Конституцияси бўйича референдум 30 апрелга белгиланган. Бундай қарор 10 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинди. Аввалроқ Конституциянинг 65 фоизига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Унга 27 та янги модда киритилиб, бу билан уларнинг сони 128 тадан 155 тага кўпайтирилади. Нормативлар сони 275 тадан 434 тага етказилади. Қонун Марказий сайлов комиссияси референдум натижалари эълон қилинганидан кейин кучга киради.

    Бу воқелик Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ учун муҳим аҳамиятга эга, чунки биринчидан, ўзгаришлар қаторида журналист ва блогерлар фаолиятига тааллуқли қатор янгиликлар бор, иккинчидан, референдумдаги муҳокама ва овоз бериш жараёнларини айнан ОАВ ёритмоқда.

    Маълумки, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум фуқароларнинг мамлакат Асосий қонунига киритилган ўзгартиришларни қабул қилиш ёки рад этиш учун овоз бериш жараёнидир. Конституциянинг янги таҳрири билан Meningkonstitutsiyam сайтида танишиш мумкин. Овоз бериш 30 апрелда бўлиб ўтади, аммо шуни ҳисобга олиш керакки, чет элда бўлган фуқаролар муддатидан олдин – 19-26 апрель кунлари овоз беришлари мумкин.

    Таъкидлаш жоизки, асосан, янги таҳрирда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари, болалар, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, шунингдек, ўлим жазосини қонунчилик билан тақиқланиши экспертлар томонидан ижобий баҳоламоқда. Шунингдек, Ўзбекистон дунёвий ва ижтимоий давлат экани, парламент – Сенат ва Қонунчилик палатасига янги ваколатлар берилишини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилиши ҳақида модданинг қўшилаётгани ҳам ижобий ҳолат экани таъкидланмоқда.

    Шавкат Мирзиёев янги президентлик муддатида қоладими, амалдаги президентнинг икки ваколати ноллаштириладими, учинчи муддатга сайланиш мумкинми? каби саволлар ҳукумат мухолифлари муҳокама қилаётган масалалар қаторидан ўрин олган.

    СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА ЯНГИ КОНСТУЦИЯДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

    Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга “халқ саломатлиги ва маънавиятини муҳофаза қилиш” мақсадида ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини чеклаш билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. Жамоатчилик танқидидан кейин “маънавият” ўрнини “оммавий ахлоқ”, “халқ” ўрнини эса “аҳоли” эгаллади.

    Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси биринчи қисми 3-бандига, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13 ва 14-моддалари мувофиқ эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича овоз беришга оз фурсат қолмоқда.

    Ўзгаришлар фикр ва сўз эркинлиги соҳасига қандай таъсир қилади?

    • 12-моддага кўра, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.
    • 21-моддада ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.
    • 28-моддада айбсизлик презумпцияси эълон қилинади. Унга кўра,жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
    • 31-модда шахсий ҳаёт, шахсий ва оилавий сирлар дахлсизлигига, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишгақаратилган. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
    • 33-моддага кўра, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
    • Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
    • Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.
    • 34-моддага мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

    Асосий Қонуннинг ХV боби оммавий ахборот воситаларига бағишланган.

    • 81-моддага мувофиқ, оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.
    • Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
    • Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
    • 82-моддада цензурага йўл қўйилмаслиги айтилган.
    • Омавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

    Лойиҳа матнидан кўриниб турибдики, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар фожиали ҳам, инқилобий ҳам эмас. Аслида, улар янги ҳам эмас. Дейлик, Ўзбекистон Республикаси “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида “Оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки унинг фаолиятига аралашиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган тезис 26 йилдан бери мавжуд, аммо ОАВга босим ўтказганларни “қонунга мувофиқ” жазолайдиган қонунчилик нормаси ҳалигача мавжуд эмас.

    Ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини чеклаш масаласига келсак, у асосан “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг 19-моддаси 3-қисмини такрорлайди.

    Ўзбек ОАВ учун кўп асрлик амалиётидан келиб чиққан ҳолда, бу ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақиқатан ҳам таъминланадими ёки йўқми, ҳокимият органлари бу нормаларга адолатли ва ҳалол риоя қиладими йўқми, шуниси муҳимроқ.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read