“Янги Репортер” нашри “Мустақил ўрганиш” рукни остида ёш таҳририятлар, муҳаррирлар ва журналистлар учун фойдали маслаҳатлар сериясини давом эттиради.
Медиа ва уларда фаолият юритаётган ходимларнинг барчаси ўз ишини нимадандир бошлаган. Internews ҳамкори BeGlobe компанияси ўқувчиларимиз учун тренингларда янграган энг долзарб тавсияларни тўплади.
Материалимизнинг иккинчи қисми вилоят таҳририятининг бир йилгача бўлган ҳаётига бағишланган. Бу галги маслаҳатлар ҳудудий нашр ходимларига «Уральская неделя» газетаси асосчиси Марат Махметовдан.
- Атрофингиздаги рақобатчиларингизни яхшилаб ўрганинг.
Улар эътибордан четда қолдирган йўналишни танланг. - Таҳририят жамоасини йиғишда одамларга “бозорда” мавжуд имкониятлардан яхшироқ шароитларни таклиф қилинг.
Бунда ўз лойиҳангизга ишонишингиз энг муҳим шарт. - Дадил ғояларни рад қилманг.
Жараёнларни бошлашда телбаликларга ҳам имкон бериш мумкин — бошланғич босқичларда бусиз ҳеч нарса ишламайди. - Кейин тартибга келтиришни бошланг.
Ижодий эркинлик анархияни, анархия эса сиз узоқ вақт яшай олмайдиган тартибсизликни келтириб чиқаради. - Ҳамма нарсани қамраб олишга уринманг: янгиликларнинг барчасини ҳам ёрита олмайсиз.
Ўқувчингизга энг керак бўлганларини танланг. - Аудиториянгизни ўрганинг.
Қизиқишларини билмасдан ўқувчига тақдим этилган ҳар қандай материал чумчуқларга замбаракдан ўқ узишдек гап. - Журналистларни бошқа касб эгалари орасидан тарбияланг.
Бунинг имкони бор. Таҳририятда яхши муҳит яратилса, одамларнинг янги кўникмаларни эгаллаши осон кечади. - Турли кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни ёлланг.
Улар нафақат ёзишни, балки фото ва видеога олишни, реклама форматларини яратишни ҳам билгани маъқул. - Биринчи олти ой давомида сайтга кирманг.
У ерда кўрганларингиз сизга ёқмаслиги мумкин. Фақат қўлингиздан келганича меҳнат қилинг ва муваффақиятингизга ишонинг. - Ходимларингизга ишонинг — сиз энг ақлли эмаслигингизни унутманг.
Иш натижасига қараб хулоса чиқаринг, ҳар бир ходимингиз ўз ғояларининг муносиб эканини исботлаш имконига эга бўлсин. - Реклама агентлари қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Реклама арзимаган пул турадиган ҳудудларда битта менежер кўпи билан иккита таҳририят вакилини боқиши мумкин, холос. - Ўз ижтимоий тармоқларингизни ривожлантиринг.
Бу сизга контентни тарғиб қилиш ва контент ўғирлигини тўхтатиш имконини беради. - Агар ҳокимият сизнинг ОАВингизга қизиқмаса, демак, сиз ёмон медиа яратибсиз.
Бу шуни англатадики, расмийлар сизни аудиторияга таъсир қила оладиган манба сифатида кўрмайди. - Ҳудудларда фақат реклама билан яшаб бўлмайди, барибир давлат грантларига рози бўлишингиз керак.
Расмийлар билан ҳамкорлик қиларкансиз, уларнинг бюджетингизга қўшган ҳиссаси 15-20% дан ошмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Бу мустақилликни ва ҳеч бўлмаганда, нисбатан эркинликни сақлашингизга ёрдам беради. - Медиа бу спринтча эмас, балки марафонча югуриш масофасидир.
Ҳаракатланишингизга имкон бермаётган ходимлардан воз кечишдан қўрқманг, сиз билан бир сафда югуриб келаётганларга эса елка тутинг.
Материал Марат Махметовнинг “Ҳудудий таҳририятнинг нолдан бир йилгача бўлган ҳаёти: йўқотишлар ва кашфиётлар йўли” тренинги асосида тайёрланган.