No menu items!
More
    ДомойМедиа саводхонликКиберҳужум (кибербуллинг) нима?

    Киберҳужум (кибербуллинг) нима?

    Интернетдаги тажовузкор, салбий, атайин гиж-гижлаш мазмунидаги шарҳлар. Эҳтимол, ҳозир тармоқда у ёки бу тарзда троллинг билан тўқнаш келмаган биронта одам бўлмаса керак. КИМЭП талабалари Қозоғистонда киберҳужум билан боғлиқ вазиятни ўрганишди.

    Киберҳужум – бу интернетда онгни заҳарлаш. Одатда бу электрон почта ёки онлайн суҳбат шаклида сурат ва видеоклиплардан фойдаланган ҳолда матнли хабар жўнатиш, қўнғироқ қилиш орқали содир этилади. Статистикага кўра, бундай ҳужум ҳолатларининг аксарияти ижтимоий тармоқларда содир этилади. Умуман олганда, киберҳужум тамойили офлайн таъсир ўтказиш шаклига ўхшайди, аммо у психологик жиҳатдан жабрланувчи кўпроқ азоб чекиши туфайли янада хавфли ҳисобланади.

    Қозоғистонда киберҳужумлар камёб ҳодиса эмас. Тўғри, ижтимоий тармоқларда бундай ҳолга дуч келганларнинг ҳаммаси ҳам бу ҳақда гапиришни исташмайди. Анель Ж.нинг ҳикояси бундан истисно. 2018 йили у КТК канали материалининг қаҳрамони бўлганди. Бу қиз ўзининг фотосуратлари “ВКонтакте” гуруҳларидан бирида чоп этилганини айтиб берди. Гуруҳ “Олмаотанинг иркит одамлари” деб номланган. Табиийки, фотосуратлар қизнинг розилигисиз чоп этилган ва мактаб ўқувчисининг ташқи кўринишига салбий шарҳлар ёғдирилган. КТК лавҳасида қиздан вазиятга ўзи қандай изоҳ беришини сўрашган. У бундан хафа бўлганини, аммо безорилар ҳам бошларидан шундай вазиятни ўтказган бўлишлари кераклиги ҳақида гапирган. Катта эҳтимол билан улар ижтимоий тармоқлар орқали бошқа одамлардан қасос олишга киришганлар. Бирмунча вақт ўтгач, гуруҳ ёпилган.

    КИМЭП талабаларининг киберҳужум юзасидан сўрови:

    • сўралганларнинг 70% интернет маълумотини ҳеч қачон кимгадир зиён етказиш учун ишлатмаган;
    • 80% ҳеч қачон ўз танишларининг ножоиз фотосуратларини эълон қилмаган ёки тарқатмаган;
    • 87% ҳеч қачон тармоқда бошқа одамлар ҳақида ёлғон тарқатмаган;
    • 61.5% ҳеч қачон онлайн тарзда бошқа бировни хафа қилмаган.

    Тролл қандай аниқланади?

    • Тролл анонимдир. Кўпчилик ўқиш қийин, сохта номлардан фойдаланади. Улар аксариятининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шахсий маълумотлар йўқ.
    • Троллар бир марталик электрон почта манзилидан фойдаланади. Аксарият шарҳлар платформасида электрон почта манзилингизни тасдиқлаш талаб этилади. Троллар мазкур ҳаракатларни бир марталик манзиллар ёрдамида четлаб ўтадилар.
    • Тролларнинг мақсади сизни қуюшқондан чиқариш ҳисобланади. Улар ўзларини сипо тутмайдилар, Улар аниқ исмлар билан сизга жиддий айбловлар қўйишади. Бошқача айтганда, улар муомалада ўта тажовузкордирлар.
    • Тролллар аноним прокси-серверлардан фойдаланади. Исталган одам тролл бўла олиши мумкин: танишингиз, ҳамкасбингиз ёки рақобатчингиз. Улар ўзларининг асл шахси маълум бўлишини истамайдилар, чунки акс ҳолда одамлар орасидаги обрў-эътибор бир зумда бадном бўлади.
    • Троллар бошқа IP манзилни акс эттирувчи анонимайзер ёки прокси-сервердан фойдаланадилар.
    • Троллар гуруҳдаги шарҳларга жавоб қайтарганда, арзирли фикр-мулоҳаза билдирмайдилар. Аксинча, қўпол ҳазил қилишга, сизни можаро ва жанжалга ундашга, уришиш ёки ҳақорат қилишга ҳаракат қилишлари мумкин.

    Троллар билан қандай курашилади?

    Троллар билан муносабатда “Яхшига яхши, ёмонга ёмон” ақидасига риоя қилиш нафақат самарасиз, балки, ҳавфли бўлиши ҳам мумкин. Сохта аккаунт ортида сохта ном билан ким яширинганини ҳеч қачон билиб бўлмайди. Шу йўл орқали кўнглини ҳушлаб ўтирган одам бошқа кишиларни ҳам жанжаллашишга гиж-гижлайди ва исталган пайтда бунданам кўпроғини истаб қолиши мумкин. Бундай вазиятларда энг тўғри стратегия – тролл билан мулоқотга киришганингизни ўз вақтида англаш ва унга шунчаки эътибор бермаслик. Замонавий тилда айтганда, “троллни озиқлантиришни тўхтатинг, шунда у ўзи сизни тарк этади”.

    Қозоғистон Республикаси қонунчилигида интернет сайтлари, жумладан, ижтимоий тармоқлар ҳам оммавий ахборот воситаларига тенглаштирилган, демак, ОАВ тўғрисидаги барча қонунларга бўйсунади. Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида киберҳужумга нисбатан моддалар мавжуд, айбдор ЭКИҲнинг 200 баробаригача (тўрт миллион тангагача) миқдорда жаримага тортилиши ёки ОАВ орқали туҳмат қилгани моддаси билан (икки йил муддатга) қамалиши ҳам мумкин.

    Можароли вазиятдан ўз вақтида чиқиб кетиш масаласи осон иш эмас – одамлар энг охирги вазиятгача троллга ниманидир исботлаш ва у нотўғри ҳаракат қилаётганини тушунтира олишларига ишонишади. Гап билим даражасининг етишмаслигида. Медиа саводхонлик бўйича материаллар ва ўқувлар улар билан мулоқот қилишда тўғри стратегияни танлашни ўрганиш, ҳуқуқий соҳанинг чегараларини аниқлаш ва ўз ҳуқуқларингиз ҳақида маълумот олишингизга ёрдам беради. “Новый репортёр” ушбу мавзу бўйича бу ерда мунтазам равишда материаллар бериб боради.

    Материал Гульнар Асанбаева раҳбарлигида КИМЭП университети талабалари – Алина Риспекова, Дильда Кайшенова ва Екатерина Харламова тадқиқотлари асосида тайёрланди.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read