No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганишГиперлокал журналистика — SMS дан фойдаланиш

    Гиперлокал журналистика — SMS дан фойдаланиш

    Тасаввур қилинг, ҳафтасига бир неча маротаба сизнинг мобиль телефонингизга персонал тарзда SMS-хабарлар келади, булар орқали сиз шаҳрингиздаги кичик воқеликлардан воқиф бўласиз: йўлларнинг ёпилган қисмлари, ресторан/кофеларнинг очилгани ёки ёпилгани, янги йўл белгилари. Умуман олганда, бу сиз кун давомида дуч келишингиз мумкин бўлган майда-чуйда хабарлар. Ана шундай жўнатмалар айнан сиз учун фойдали бўлармиди? Энг асосийси – бу хабарлар учун сиз ҳақ тўлашга тайёрмисиз?

    Cleveland.com репортёри Эмили Бэмфорт Огайо штатига қарашли Лейквуд шаҳарчасида содир бўлаётган воқеликлар тўғрисидаги кичик-кичик матнларни ҳафтасига икки марта жўнатиб туради. Бунинг учун репортёр хоним Project Text — Advance инкубаторида ишлаб чиқилган ҳамда айрим спорт журналистлари фойдаланадиган сервисни қўллайди. У нимаси биландир ижтимоий тармоқни эслатади, унда ҳам сизни қизиқтирган саҳифаларга обуна бўлиш мумкин. Фарқи шуки, янгилик хабарлари обуначининг мобиль телефонига SMS-хабар кўринишида келади. Шу тариқа, муҳим янгиликлар айнан ўз манзилини топади.

    Бундай хабарларни жўнатиш — Cleveland.com нашриётининг эксперименти бўлиб, айнан бундай ғоя гиперлокал журналистнинг маошини қоплаш-қопламаслигини текширишдан иборатдир. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра бундай формат унча катта бўлмаган гуруҳ —Лейквуднинг 1500 дан 2000 тагача бўлган оилалари учун қизиқарли бўлиши мумкин. Компаниянинг директори Крис Куинн локал хабарларга обуна у бепул тажриба версиясидан ўтганидан кейин ойига $3,99 қийматда туришига умид қилади.

    «Биз бу тажрибадан ҳаяжондамиз. Муваффақият қозониш имкониятлари унча катта эмас: гиперлокал янгиликлар билан шуғулланганларнинг барчаси омадсизликка учраган», — дейди Куинн. — Лекин ушбу форматда ишлашга уриниб кўрганларнинг барчаси шунчаки анъанавий йўллардан боришган. Бу одамларни ҳамжамиятга бирлаштиради ва улар билан ўзаро мулоқотни ўрнатишда тамоман ўзгача ёндашувни талаб қилади”.

    1-SMS: Нортфолкдаги поезд ҳозир бузилган, аллақандай механик носозликлар юз берган. Бу носозлик W.117 кўчасидан St. Charles Ave кўчасигача бўлган шимол ва жанубдаги ҳаракатларни тўсиб қўйган. Лейквуд полициясининг диспетчери поезд кундузги 4:30 да бузилганини айтган. Офицерлар машиналарни орқага қайтаришмоқда, шунинг учун ушбу участкада ҳаракат секинлашган. Поезд қачон таъмирланиши ҳақида хабар мавжуд эмас, шундан келиб чиқиб, кечки вақтингизни режалаштиришда эътиборли бўлинг! Бирор нарса ҳақида хабар топишим билан албатта сизларга етказаман. 2-SMS: Поезд ҳаракатга тушиб кетди. W.117 кўчаси тозаланди, ҳаракат изга тушмоқда. Барчага хайрли тун!

    «Лейквуд билан бирга» — Project Text нинг матнли хабарлари платформасида ишга туширилган 67-лойиҳа, Cleveland.com таҳририяти учун тахминан 11-лойиҳа. Репортёр Джо Эскенази томонидан Сан-Францискодаги сайловлар атрофида ташкил этилган худди шундай кампания қуйидаги натижаларни берди: адресатларнинг 20 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми бепул версияни баҳолагандан сўнг унинг пуллик обуначиларига айланишди.

    Жой ҳам тасодифан танланган эмас. Лейквуд — қарийб 50 000 нафарлик аҳоли яшайдиган Кливленднинг шаҳар чеккасидаги гўшаси; Крис Куинн уни шундай таърифлайди: «Деярли ҳар бир миллениал Огайонинг шимоли-шарқий қисмига келар экан, бирор-бир вақт Лейквудда қўним топиб ўтади».

    «Агар мен миллениалларни қизиқтира олсам, у ҳолда матнларни жўнатишдан олдин уларга ишлов бера оламан. Бу иш анчайин фойда беради, одамлар манфаат топади», — дейди Эмили Бэмфорт хоним.

    Project Text нинг ишлаб чиқувчилари майдонча муаллифларига обуна нархини ўзлари белгилашларини таклиф этишди. «Одамлар ўзлари бош кўтармай ишлаган лойиҳаларини монетарлашни исташади. Аксарият обуначилар одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни исташади, ўзлари кузатиб турган журналистлар билан гаплашишни хоҳлашади», — дейди Advance Alpha Group (Project Text сервисни ишлаб чиқувчилар — таҳририят) инкубаторининг асосчиси Майк Донохью. «Биз Twitter даги контентни кўриб чиқдик ва: “Бу ерда бир тонна фойдасиз ахборот мавжуд экан” деган хулосага келдик. Техник жиҳатдан фарқланувчи ҳамда обуначиларга улар истаган одамлар билан мулоқот қилиш ва улар истаган ахборотга эга бўлиш учун ички имкониятни берувчи платформа яратилса, одамлар бундай муаллифларнинг ҳаракатларини молиявий қўллаб-қувватлаган бўлур эдилар. Бу ишнинг уддасидан чиққанларидан хурсандмиз».

    Каналга обуна бўлиш учун ўз телефон рақамингизни кўрсатинг.

    Cleveland.com компанияси президенти Крис Куинн платформада маҳаллий компаниялар эътиборини ўзига жалб этиши ёки шунчаки профилнинг оммавийлигини ошириши мумкин бўлган реклама хусусида кўпроқ қизиқиб қолди. Масалан, аллақандай чегирмали купонлар яратилиши мумкин, улар хусусида журналист обуначиларга сўзлаб беради.

    Cleveland.com фақат ўз обуначиларидан пул олади, ўтган ойда уларнинг сони 600 нафарга етди. Project Text нинг бошқа муаллифлари танлаш ҳуқуқига эгалар: ё канал учун қатъий белгиланган ставкани тўлайди ёхуд обуначиларнинг умумий сонига асосланган фойдадан фоизни белгилайди.

    Advance Alpha Group компаниясининг катта директори Дэвид Кон Project Text нинг муаллифлари орасида яқинда сиёсатчилар, рассомлар ва бошқа кўплаб салоҳиятли фойдаланувчилар пайдо бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирнинг ўзида 85 фоиздан 90 фоизгача бўлган иштирокчилар – репортёрлар. Масалан, таълим соҳасидаги янгиликларни жўнатувчи талаба-журналист асли Technical.ly DC бозорининг муҳаррири, «Аппалачида 100 кун»нинг мухбири ва бошқалар. Обуна нархи 2 доллардан 5 долларгача қийматда, лекин асосан ойига тахминан 3,99 ёки 5 доллар атрофида, дейди Донохью.

    Барчага жума кунимиз муваффақиятли ўтсин! Сиз билан «Лейквуд билан бирга» лойиҳасида Эмили. Лойиҳамизнинг биринчи ҳафтаси давомида мен билан бирга бўлганларга катта миннатдорчилик билдираман. Менинг хабарларимга жавоблар ёзганингиз учун, болалар, сизни қадрлайман. Лейквудда нималарни ёритиш кераклигини билиб бормоқдаман. Бирор-бир маслаҳат ёки мулоҳазаларингиз бўлса, менга ёзинг! Иловада ушбу дам олиш кунлари Лейквудда бўлиб ўтадиган барча тадбирлар рўйхати келтирилган. Ҳаво иссиқ бўлади, шунинг учун кўпроқ сув ичинг ва соя-салқинда юринг. Кўпроқ маслаҳатлар бу ерда.

    Project Text ва Cleveland.com матн қуришда сўзлашувга оид, эркин усулни танлашга интилади. «Хабарлар, худди сиз кафеда навбат кутиб турганингизда дўстингиз сизга хат ёзаётгандек содда бўлиши керак», — дейди Куинн. Шаҳар амалдорларига «Лейквуд билан бирга» ғоясини Куинн ва Бэмфорт хоним тақдим этишганда, амалдорлар буни унчалик яхши тушунганлари йўқ. Бу оддий мақолалар бўлади, «Унда биз ўқувчилар билан гаплашмаймиз, балки бир-биримиз билан худди ўртоқлардек суҳбатлашамиз, бу одамлар онгида катта инқилоб ясайди», — деди Куинн.

    «Агар сиз ESPN да эфирга чиқаётган ва спорт ҳақида гапираётган одам бўлсангиз, чироқ ёқилган вақтда сиз ўзингизнинг анъанавий репортажларингизни камерага қарата бажарасиз. Чироқ ўчгандан кейиноқ сиз суратга олиш майдончасидаги одамлар билан норасмий тарзда суҳбатлашишга тушиб кетасиз. Айнан мана шундай суҳбатлар Project Text учун мос келади, — дейди Донохью. — Лекин бир жиҳатга биз эҳтиёткорлик билан ёндашмоқдамиз, у ҳам бўлса – икки томонлама мулоқотни осонлаштириш имкониятидир. Бу уларни олиб, истифода этиб, шундайлигича кетилаверадиган жўнатма-янгиликлар эмас».

    Lakewood Together нинг бепул эксперимент версияси мазкур ойда якунига етади. Cleveland.com режалаштирилаётган 1500 нафардан 2000 нафаргача обуначиларни йиға оладими-йўқми, шуни аниқлашни режалаштирган.

    Бу маҳаллий янгиликларни пуллашни режалаштираётганларни кузатиб боришни истаётган барча одамлар учун қизиқ оламшумул тажрибадир.

    Материал niemanlab.org сайтидаги мақола асосида тайёрланди.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read