No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганишАудиторияни жалб қилишнинг олтита муваффақиятли тажрибаси

    Аудиторияни жалб қилишнинг олтита муваффақиятли тажрибаси

    Дунёнинг аксарият янгиликлар хизмати журналист ва муҳаррирлари ўқувчилари нима хоҳлашини биламиз, деб ўйлашади. Аммо бу тахминлар ҳар доим ҳам амалий тажрибага асосланмаган ва ёлғон бўлиб чиқиши мумкин. Натижада, томошабинлар учун аслида фойдасиз бўлган янги маҳсулот ёки хусусиятни яратиш хавфи ортади. Ўқувчингиз ҳақиқатан ҳам нимани хоҳлашини аниқлашнинг ягона ишончли усули — уни мулоқотга жалб қилиш. “Янги репортёр” дунё бўйича аудитория жалб қилишнинг олтита ўзига хос тажрибасини ўрганиб, жамлашга муваффақ бўлди.

    Данвиллдаги демократия

    Очиқ тушлик пайтида Will нашрининг журналистлари ўз ўқувчилари билан биргаликда муниципал сайловларга номзодлар сўровномасини ишлаб чиқдилар. Иллинойс штатининг Данвилл шаҳридаги турли инсонлар уларга сайловда қарор қабул қилишга ёрдам бериши мумкин бўлган саволларнинг мўъжаз рўйхатини туздилар. Порталнинг ахборот хизмати номзодларга сўровномалар юборди ва жавобларни сайтнинг махсус бўлимида эълон қилди.

    “Номзодларнинг сўровномага жавоблари бизнинг веб-сайтимизда бир ҳафта давомида қамраб олиш бўйича энг яхши ўнликка кирди. Биз кўплаб иштирокчилардан, ҳаттоки ҳокимликка номзодлардан ҳам яхши шарҳлар олдик. Бизнинг янгиликлар бўлимимиз жамиятда катта ишончга эга бўлди ва энди бизнинг кейинги тадбирларда ёрдам беришга тайёр фаол иштиёқли шерикларимиз бор”, дейди нашр журналисти Кристин Уолтерс. Унинг раҳбарияти ўқувчилар билан доимий равишда бундай учрашувларни ўтказишни режалаштирмоқда, бироқ ҳозирча фақат сайловлар билан боғлиқ мавзуларда.

    ЕОМ тушунтиради (EOM Explica)

    Шубҳасиз, ҳар бир одамда бир қарашда кулгили туюладиган саволлар бўлади. EOM нашри веб-сайт ва радио орқали Explica рукнини ишга туширди, унда сиз шу каби саволларга жавоб олишингиз мумкин. Ўқувчилар дунё янгиликларини яхши тушунмаганликлари, шубҳаларни бартараф этиш ёки афсоналарни инкор этиш бўйича изоҳлар сўрайдилар. Масалан, илк савол қуйидагича янгради: “Нима учун Голландия билан Нидерландия битта мамлакат эмас?” EOM Explica деярли бир зумда сайтдаги энг кўп ўқилган рукнга айланди ва таҳририятга ҳамон ижобий фикрлар келиб турибди.

    Иш соатлари

    “Иш соатлари” ибораси чет эл университетлари талабаларига яхши маълум. Бу ҳар ким маълум бир ўқитувчи билан унинг иш жойида учрашиши – саволлар бериши, ишларини муҳокама қилиши, мавзуни тушунтиришни сўраши мумкин. Американинг Honolulu Civil Beat нашриёти ушбу тушунчани таълимдан журналистикага кўчирди ва таҳририятнинг “иш соатлари” ни белгилаб олди. Бу таҳририят Facebook тармоғида бевосита эфирда ишлашдан, обуначилари билан мулоқот қилиш, маслаҳатлар бериш, уларнинг саволларига жавоб қайтаришдан иборат жараён. Тажриба уч йилдан ортиқ вақт мобайнида давом этмоқда, таҳририят ҳар ҳафта эфирга чиқади. Бирорта ҳам учрашувни ўтказиб юбормайдиган даражадаги илк доимий содиқ мухлислар тахминан бир ой ўтгач пайдо бўлди. Бугун нашрнинг Facebook расмий саҳифасида 230 минг кишидан ортиқ мухлислари бор.

    #YourStory: журналистик тадқиқотлар тажрибаси

    #YourStory – Insidestory юнон нашрининг лойиҳаси бўлиб, у ўз ўқувчиларига журналистлар билан биргаликда журналист суриштируви жанрида материаллар тайёрлашни таклиф қилади. У ғоя ва ҳикоялар яратиш бўйича маҳорат дарслари, етакчи журналист билан юзма-юз учрашув, очиқ маълумотлар олиш ва #YourStories бўлимида нашр қилишни ўз ичига олади. Ўқувчи журналистик тадқиқотлар тамойиллари, амалиёти ва мураккабликлари ҳақида маълумот олади, журналист эса тинглаш, янги истиқболларни ўрганиш, ўзаро мулоқот қилиш ва ўз аудиториясини яхшироқ тушуниш имкониятига эга бўлади. Таҳририят томонидан ўтказилган сўров иштирокчиларнинг қизиқиши ва садоқати ошганлигини кўрсатди. Уларнинг барчаси ўзи бевосита боғлиқ бўлган материалларни дўстлари билан фаол равишда баҳам кўришади. #YourStory лойиҳаси уч йилдан бери ишлаб келмоқда ва шу вақт ичида у фойдаланувчи томонидан яратилган таркибни кўп босқичли лойиҳага айлантира олди, ҳозирда у нафақат ўқувчилар, балки маҳаллий университетлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

    TheLocal швед китоблари клуби

    Швециядаги TheLocal нашри дастлаб Швецияни ўрганишга қизиққан инсонларнинг онлайн ҳамжамиятини тузди ва шундан сўнг уларни китоб клуби шаклида офлайн учрашишларини таклиф қилди.

    Учрашувлар давомида иштирокчилар мамлакат ҳаёти, урф-одатлари ёки маданиятига оид турли китобларни муҳокама қиладилар. Йиғилишлар ҳар ойда бир марта ўтказилади, китоб клуби олти ойдан буён фаолият юритиб келмоқда. “Биз Швеция ички ва ташқи ҳаётида швед маданияти ва таълимига қизиқадиган инсонларнинг ҳамжамиятини яратишни ҳамда уларни бирлаштиришни хоҳладик. Бу ўқувчиларимизни яхшироқ билиб олиш ва улар билан янгиликлардан холи суҳбат қуришга ёрдам беради деган умиддамиз ”, дейди китоб клуби ташкилотчиси Кетрин Эдвардс.

    Олти ой ичида Facebook мавзулар гуруҳи иштирокчиларининг сони 1000 кишидан ортиб кетди. Деярли ҳар бир изоҳ мазмунида китоблар ва улар билан боғлиқ мавзуларнинг самарали, пухта муҳокамаларини топиш мумкин. Афсуски, китоб клуби йиғилишлари ҳақидаги материаллар нашрларда энг кўп ўқилган, деб айтиш қийин, аммо улар ўзларини аудиториянинг садоқати нуқтаи назаридан яхши намоён этишди. Энди матбуот кўпроқ қизиқиш уйғотадиган микро-ҳамжамиятлар яратишни режалаштирмоқда, шунингдек, аудиторияга чегирмали обуна кодини таклиф қилиш орқали уларни даромад топишга ундамоқда.

    Мен сенинг фикрингни ҳурмат қиламан

    Outride.rs гиф намуналари

    Outriders нашри польшалик медиа экспертлар, бошқа янгиликлар хизмати ва ўз обуначилари билан биргаликда, сайлов дебатларига бағишланган бир қатор GIF дастурларини ишлаб чиқди. Хабар – жамоатчилик дебатлари оппонент позициясидан қатъи назар, маданий ва ўзаро ҳурмат тарзида ўтказилиши керак. Гифлар махсус GIPHY порталида мавжуд ва улардан Facebook ёки Instagram саҳифаларида фойдаланиш мумкин. Улар Польшадаги парламент сайловларидан бир ҳафта аввал ишга туширилди ва ҳозиргача уни 2,4 миллион марта кўришган. Энди ғоя муаллифлари нашрга пуллик обуначиларни жалб қилиши мумкин бўлган шунга ўхшаш акция устида бош қотирмоқдалар.

    Материал Engaged Journalism Accelerator базасида тайёрланди.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read