No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистонда онлайн-ОАВ ёки веб-сайт қандай рўйхатдан ўтказилади

    Ўзбекистонда онлайн-ОАВ ёки веб-сайт қандай рўйхатдан ўтказилади

    Сиз якка ўзингиз ёки кичик жамоа билан онлайн-ОАВ очмоқчимисиз, веб-сайтни рўйхатдан ўтказишни режалаштирдингизми? Сизга ушбу соҳада Ўзбекистонда амалда бўлган ҳуқуқий нормалар билан танишишни таклиф қиламиз. Медиаюрист Карим Бахриевдан фойдали маслаҳатлар.

    Мен бир ўзим онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказсам бўладими?

    Ўзбекистон қонунчилигига асосан, онлайн-ОАВ “интернет тармоғидаги маълумотлар ресурси бўлиб, ҳужжат ва маълумотларни электрон шаклда сақлаш ва тарқатиш учун мўлжалланган”. Шу билан бирга, қонунда таҳририят таркибининг миқдорига алоҳида талаб мавжуд эмас (“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 15-моддасига қаранг). Аммо бош муҳаррир албатта назарда тутилиши шарт, чунки у оммавий ахборот воситаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти қонунга мувофиқ бўлишига жавоб беради. Шундай қилиб, бир киши, агар у бош муҳаррир лавозимини эгалласа, онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказиши мумкин.

    Мен ўзим жисмоний шахс сифатида ўзимнинг онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказсам бўладими ёки албатта юридик шахс бўлиши керакми?

    ОАВ юридик ва жисмоний шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилиши мумкин (оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти, ВМнинг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли қарорига 1-илова).

    Онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказиш учун қаерга мурожаат қилишим мумкин?

    ЯИДХП (ягона интерактив давлат хизматлари портали) ёки давлат хизматлари марказига мурожаат қилишингиз мумкин. ЯИДХПда ишлаш учун аризачи ЭРИ (электрон рақамли имзо)га эга бўлиши ва веб-сайтда рўйхатдан ўтиши лозим. ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома чексиз муддатга берилади.
    ДХМ (давлат хизматлари маркази) га ташриф буюрганингизда ДХМ ходими талабнома берувчининг номидан анкета тўлдиради. ЯИДХП орқали топширилган тақдирда, талабнома берувчи аризани электрон шаклда мустақил равишда тўлдиради.
    Аризага таҳририят Низоми (Маъмурий регламентнинг 9-банди) илова қилинади.
    Ариза топширилганидан сўнг, уни электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқлаш керак. Ушбу талаб мурожаатнинг иккала шаклига ҳам тааллуқли – шахсий ва ЯИДХП орқали. Агар сизда айни пайтда ЭРИ бўлмаса, уни бир зумда ДХМдан олишингиз мумкин.
    Давлат хизматлари кўрсатилгани учун ариза берувчи йиғим тўламайди (Маъмурий регламентнинг 11-банди). Фақат бож тўлови амалга оширилади.

    Онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказмаслигим мумкинми? Бу нимага таъсир қилади?

    Агар сиз ўз сайтингизни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказсангиз, у ҳолда сизнинг ОАВга ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги қонуни ва ОАВга оид қонунчиликда белгиланган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар юкаланади. Агар сиз ОАВ сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, унда сиз интернет сарҳадида тармоқ сайтлари ҳуқуқий мақомида ишлайсиз.

    Таҳририят Устави нима?

    “ОАВ тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган ва таъсисчи томонидан тасдиқланган Устав (Низом) асосида фаолият юритади.

    Нашр Уставида (Низомида) қуйидагилар аниқ белгиланади:

    • оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисоси, даврийлиги ва ҳажми;
    • таҳририят жойлашган (почта) манзили;
    • муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
    • таҳририятни молиялаштириш манбалари;
    • таҳририят бошқаруви таркибини шакллантириш тартиби;
    • фойдани тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартиби;
    • оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби;
    • таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
    • Устав (Низом)ни қабул қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш тартиби;
    • қонунчиликда назарда тутилган бошқа қоидалар.

    Мени рўйхатдан ўтказишни рад этишлари мумкинми?

    Ҳа. Аризада нотўғри маълумотларни кўрсатиш давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади.

    ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш қуйидаги ҳолларда мумкинлиги назарда тутилган:

    • оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонун ҳужжатларига зид бўлса;
    • оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу Қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;
    • оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;
    • бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса.

    Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, ариза берувчига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида, шу жумладан электрон тизим орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган, шунингдек, ариза берувчига мурожаат қилиш муддати, кўрсатилган сабабларни бартараф этган ҳолда ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкинлиги ҳақида ёзма хабарнома юборилади (етказилади).

    Муассис рўйхатдан ўтишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиши мумкинми?

    Муассис ушбу қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин.

    Давлат рўйхатидан ўтишни қанча кутишим мумкин?

    Агентлик давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисида ариза олингандан сўнг 15 иш куни мобайнида ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ОАВни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

    Агентлик давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг ўз қарорини тегишли ДХАга (шахсий мурожаат билан) ёки ЯИДХП шахсий кабинетига юборади, унда давлат божининг миқдори ва уни тўлаш муддати кўрсатилган бўлади.

    Ариза берувчи ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарорни олганидан кейин уч кун ичида қарорда белгиланган давлат божи миқдорини тўлашга мажбурдир. Веб-сайт шаклидаги ОАВ учун давлат божи миқдори БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг (223000 сўм) 50 фоизини ташкил қилади. ЯИДХП орқали мурожаат бўлган тақдирда, давлат божи миқдори 90 фоизни ташкил этади (200700 сўм).

    Агентлик давлат божи тўланганидан кейин 10 дақиқа ичида ариза берувчи мурожаат қилган ДХМга ОАВни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ёки ЯИДХП орқали аризачининг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади.

    Онлайн-ОАВни рўйхатдан ўтказиш қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади?

    Оммавий ахборот воситалари (бундан кейин матнда ОАВ) фаолияти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли қарори билан тасдиқланган оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администратсияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги Низом” билан тартибга солинади.

    Маъмурий регламент билан ўзбек тилида ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

    Муаллиф: Карим Баҳриев

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read