No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбекистон миллий телеканалларидаги прайм-тайм

    Ўзбекистон миллий телеканалларидаги прайм-тайм

    «Прайм-тайм» тушунчаси инглиз тилидан кириб келган бўлиб, prime-time ўзбек тилига “энг яхши вақт” деб таржима қилинади ва телевидение учун бу телетомошабинларнинг энг кўп сонига эга вақтни англатади. Одатда, телеканаллар аудиториянинг катта қисмини кечқурун тўплайди, тахминан соат 20-22 энг кўп телевизор томоша қилинадиган вақт саналади. Бу ҳолатни осон тушунтириш мумкин: ишдан кейин барча оила аъзолари кечки овқат пайтида телевизор атрофига йиғилади, уларнинг баъзилари учун томоша жараёни тунгача давом этиши мумкин. Шу билан бирга тонгги эфирлар ҳам яхши томоша қилинади, чунки кўпчилик телевизор фонида ишга кетишга тайёргарлик кўриш одатига эга.

    Ўз навбатида, телеканаллар куннинг вақтига қараб томошабинларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда кунлик эфир дастурини тузади. Ҳар бир телеканал аудиториясининг миқдорий кўрсаткичи уларнинг ана шу “энг яхши вақтда” намойиш этадиган маҳсулотига боғлиқ.

    «Янги мухбир” учун медиа-танқидчи Навруз Хуррамов Ўзбекистон миллий телеканаллари аудиторияси ҳақидаги маълумотлар ва иш кунларида рейтинги юқори каналлар прайм-тайм вақтида қандай «телемаҳсулотлар» тақдим этишини кузатди.

    Ушбу мақолани тайёрлашда Ўзбекистон миллий телеканалларининг 16 июлга қадар амалда бўлган дастурлар жадвали маълумотларидан фойдаланилган. Дастурлар жадвалидаги ушбу санадан кейинги барча ўзгаришлар ҳисобга олинмаган.

    Ўзбекистон миллий телеканаллари аудиторияси

    Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи телевизорни ҳафтада уч кун ёки ундан кўпроқ, 20 фоизи эса ҳафтада бир ёки икки кун (эҳтимол, фақат дам олиш кунлари) кўради. Ушбу рақамлардан республика аҳолисининг қолган қолган қисми телевидение учун «йўқотилган» томошабинлар, деб хулоса қилиш мумкин (маҳаллий ёки хорижий телеканаллар бўлишидан қатъий назар).

    2 июнь куни эълон қилинган республикада оммабоп телевизион манбалар ва форматларни ўрганиш бўйича ўтказилган ижтимоий сўров натижалари айнан мана шу маълумотлар билан бошланади. Бунда мамлакатнинг барча ҳудудларидан қарийб 6,5 минг киши иштирок этди. Сўровнома 5 мартдан 15 мартгача ўтказилган, унинг натижалари эса ёз мавсумининг дастлабки кунларида эълон қилинди. Шубҳасиз, COVID-19 пандемияси ва жорий қилинган карантин чоралари аҳолининг оммавий ахборот воситалари хизматига бўлган эҳтиёжига ўзгартиришлар киритди, аммо май ойидан бошлаб одамларнинг иш жойига босқичма-босқич қайтиши ушбу тузатишларни қисман асл ҳолига қайтарди. Табиийки, ушбу натижаларда мавсумий таъсир, яъни куннинг узайиши билан боғлиқ “телеодатлар”даги ўзгаришлар ҳам ҳисобга олинмаган.

    Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг тахминан 30 фоизи соат 18.00 дан 21.00 гача телевизор кўради. Иштирокчиларининг деярли шунча улуши соат 21.00 дан кейин телевизор кўришларини айтишган. Сўровнинг кейинги даври соат кечки 6 дан тонгги 8 гача бўлган вақтни қамраб олади. Ушбу вақт оралиғи – соат 21 дан тонгги 6 гача тунги телетомошабинларни ҳам қамраб олади, деб тахмин қилиш мумкин. Аммо, қанчалик ва қай даражада? Тушунарсиз ҳолат. Бу ерда камида битта бўлим етишмаяпти. Масалан, соат 21 дан 23-24 гача (тунгача), кейин тонгги 6-00 гача (тундан тонггача телевизор кўрадиган томошабинлар).

    Юқорида айтилган ноаниқликка қарамай, энг кўп телевизор кўриладиган вақт — 18 дан 23-24 соатгача, деб таъкидлаш мумкин ва томошабинлар сони бўйича бу вақт оралиғи биринчи ўринда туради.

    Аудиториянинг кўплиги бўйича иккинчи ўринни — эрталабки соат 6 дан 8 гача бўлган вақт эгаллайди. Маълум бўлишича, шу икки соат ичида респондентларнинг 13,5 фоизи телевизор кўради.

    Эрталаб соат 8 дан кечки соат 18 гача бўлган вақт телевизор кўриладиган вақтнинг энг кам кўрсаткичини ташкил қилади. Ушбу 10 соатлик оралиқда томошабинларнинг атиги чорак қисми телевизор томоша қилишади. Бу табиий ҳолат албатта, чунки иш кунларининг бу соатларида одамлар иш билан банд бўлишади. Шуни тахмин қилиш мумкинки, бу вақтда телевизор томоша қилувчиларнинг асосий қисмини нафақахўрлар, уй бекалари, имконияти чекланганлар ва вақтинчалик ишсизлар ташкил этади.

    Аҳолининг ярмидан камроқ қисми миллий каналларни доимий равишда томоша қилади

    Ўзбекистондаги маҳаллий телеканалларнинг контентига талаб қуйидагича: респондентларнинг 44,5 фоизи миллий телеканалларни доим томоша қилади, 40,3 фоизи баъзида, 15,2 фоизи эса умуман кўрмайди. Бироқ, маҳаллий телеканалларни “умуман томоша қилмайдиган» респондентларнинг улуши сўровноманинг бошқа қисмида анча кам бўлди. «Сиз қайси миллий телеканалларни кўпроқ кўрасиз?» деб сўралганда фақат 3 % респондентлар, “миллий телеканалларни кўрмайман” деб жавоб беришган.

    Республиканинг барча тўртта хусусий телеканаллари миллий телеканаллар рейтингининг энг яхши 5 талигига кирди, бешинчи ўринни эса Futbol TV канали эгаллади. Давлат телеканаллари рейтингда қуйидаги ўринларни эгаллади: «Ўзбекистон 24» — олтинчи, «Ёшлар» канали — еттинчи ўринда.

    Телеканалларнинг оммавийлигини аниқлашга қаратилган бундан олдинги тадқиқотлар ўтган йилнинг август ойида TNS Kantar Media томонидан ўтказилган эди. Ўтган йилги тадқиқотда мутлақо бошқа услубдан фойдаланилган бўлсада, кучли бешликдан яна ўша тўрт хусусий телеканаллар ўрин олди (Sevimli TV, Zo’r TV, Mening Yurtim и Milliy TV).

    Рейтингдаги энг яхши бешликдаги миллий телеканаллардан «медианонушта»

    Ўзбекистондаги хусусий телеканалларнинг эрталабки контенти телесериаллар, телекўрсатувлар ва мусиқадан иборат. Тахминларга кўра, ушбу медиамаҳсулотлар телетомошабинлар орасида қуйидагича тақсимланади: телесериаллар нафақадагилар учун, мусиқа, сўнгги янгиликлар ва қизиқарли маълумотлар – ишга ёки ўқишга “отланганлар” учун, гарчи нафақадагиларнинг маълум бир қисми учун ҳам нонушта вақтидаги кун янгиликлари жуда долзарб бўлиши мумкин. Хўш, рейтинги юқори каналлар «медианонушта»га нимани таклиф қилишади?

    Mening Yurtim (My5) телеканали ўз эфирини эрталаб соат 6:20 да турли мавзудаги теленовеллалардан иборат, кўп қисмли миллий фильм билан бошлайди. Соат 7 дан бошлаб “Марказий студия” ахборот дастури эфирга узатилади. Янгиликлардан сўнг, умумий давомийлиги бир ярим соатдан иборат мазкур телеканалнинг 2 та ўз кўрсатуви намойиш этилади. Каналдаги эрталабки прайм тайм соат 7 дан 9 гача давом этади.

    Sevimli TV томошабинларга эрталаб соат 6 дан 8 гача кетма-кет иккита турк сериалини таклиф этади. Телеканалнинг ўз маҳсулоти саналган дастурлари эрталаб соат 8:15да «Севимли кун» кўрсатувидан бошланади. Шундан сўнг (соат 9:00) да «Замон» ахборот дастури эфирга узатилади.

    Энг рейтинги юқори деб топилган Zo’r TV канали томошабинларга эрталаб соат 6 дан иккита телесериални тақдим қилади ва соат 8 дан 8.30 гача яқинда тармоққа киритилган «Бу кун» янгиликлар дастурини эфирга узатади. Янгиликлардан сўнг — ярим соатлик мусиқий дастур. Икки дастур ҳам бирин-кетин намойиш этилади, бу эса эрталабки медианонуштада фақат янгиликлар ва мусиқа керак бўлган аудитория учун жуда қулай: томошабинларнинг бошқа каналларга ўтиши шарт эмас.

    Бошқа хусусий каналлардан фарқли равишда, Milliy TV тонгдан (соат 6 дан бошлаб) мусиқий дастурни ва миллий телесериалларни томоша қилишни таклиф қилади. Эрталабки эфир вақтида ушбу каналнинг 3 та ўз дастури ўрин олган бўлиб, улар соат 7:50 да «Бола тилидан» номли 10 дақиқалик болалар дастури билан бошланади. Бу мактабгача ёшдаги болалар билан суҳбат шаклидаги кўрсатув бўлиб, улар бошловчининг саволларига болаларча кулгили жавобларни беришади. Шунингдек, улар қўшиқлар куйлашади ва ҳоказо. Бу кўрсатувдан кейин — «Ширчой» тонгги дастури бошланади. Ушбу телекўрсатув ҳам суҳбат шаклида бўлиб, бу суҳбат телеканал студиясига эрталабки ширчойга таклиф қилинган меҳмонлар билан қурилади. Улар асосан актёрлар ёки қўшиқчилар, бошловчилар улар билан енгил ва ҳазил оҳангида суҳбатлашади, қўшиқлар жонли ижро этилади. Шинам муҳитда ва қувноқ суҳбатлар орқали кўрсатув меҳмонлари ва томошабинлар кайфиятини кўтаришга қаратилган. Тонгги прайм-тайм вақтини бу каналда «Телеинтернет» ахборот дастури якунлайди. Канал тайёрлаган дастурлар эрталаб соат 7:50 дан 9:00 гача узатилади.

    Умуман олганда, хусусий каналлар ўз тонгги дастурларига эга ва улар ранг-баранг. Тонгги янгиликлар юқорида санаб ўтилган барча каналларда бор, улар бир-бири билан рақобатлашмайди, ҳар хил вақтларда эфирга узатилади. Мусиқий дастурлар ҳамда «Хайрли тонг» форматидаги кўрсатувлар ҳам етарли. Қисқаси, эрталабки кўрсатувлар жадвалига кўра, телеканаллар имкон қадар кўпроқ ўз маҳсулотларини таклиф қилиб, эрталабки аудиторияни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.

    Кечки прайм-тайм

    Хусусий телеканалларининг иш кунлари ва дам олиш кунларидаги теледастурлари бир-биридан катта фарқ қилади. Душанбадан жумага қадар эфирга узатиш жадвали асосан чет эл ва миллий бадиий фильмлар ҳамда турли хил жанрдаги хорижий ва миллий телесериаллардан иборат. Кечки прайм-таймда телеканал ишлаб чиқарган кўрсатувлардан янгиликлар ва битта қўшимча теледастур ўрин олган, унинг мавзуси канал форматига боғлиқ.

    Mening Yurtim (My5) кечки пайт-таймда ўзининг иккита дастурини таклиф қилади. Биринчиси – “Марказий студия» хабарлар дастури барча телеканалларнинг янгиликлар дастурлари орасида респондентларнинг 21,4 фоизи овозига эга бўлиб, энг юқори рейтингга эга бўлган. Унинг ўзига хос хусусияти шундаки, кўрсатув бошловчилари воқеалар ҳақида хабар бериш билан чекланиб қолмай, рўй берган воқеани муҳокама қиладилар, мунозаралар уюштирадилар (дастур бошловчилари икки ёш йигитлар). Дастурда ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулар ҳам ёритилади. Шунингдек, “Марказий студия” кўрсатувида айрим сонларида технологик янгиликлар ҳақида қизиқарли маълумотлар ҳам бериб борилади. Иккинчи дастур — «Очиқчасига гаплашамиз» ток-шоуси эндиликда иш кунларининг прайм-тайм вақтида эфирга узатилмоқда, бундан олдин ток-шоу дам олиш кунлари намойиш этиларди. Кўрсатув Россиянинг “Первый” каналидаги «Пусть говорят» ток-шоусига жуда ўхшаш, уни эслатади, шу жумладан: мавзулар танланиши, муҳокамаси ва саҳна декорацияси билан ҳам.

    Zo’r TV телеканали иш кунларининг кечки прайм-тайм вақтида томошабинларга ўз дастурларидан – янгиликлар ва иккинчиси – «25 соат» милиция патрули билан ҳамкорликдаги видеорепортаж форматидаги кўрсатувини таклиф қилади. Масалан, шундай кўрсатувлардан бирида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларга қарши махсус милиция рейди ёритилган.

    “Бу кун” ахборот (янгиликлар) дастури – Zo’r TV телеканалнинг тонгги ва кечки прайм тайм жадвалидаги янги лойиҳа. Дастур бу кун янгиликлари, расмийлар изоҳлари, чет эл ва мамлакат ҳудудидан махсус репортажларни ҳамда ижтимоий тармоқлардаги долзарб мавзуларни ўз ичига қамраб олади.

    Sevimli TV телеканалининг кечки прайм-тайм жадвалида ўз маҳсулотларидан фақат биргина “Замон” информацион дастури ўрин олган (16 июль ҳолатигу кўра). Ушбу кўрсатув миллий телеканалларнинг ахборот дастурлари рейтингида 2-ўринни эгаллаган. “Замон” информацион дастурига респондентларнинг 18,5 фоизи овоз берган. My5 телеканалининг янгиликлар дастуридан фарқли равишда, “Замон” информацион кўрсатувида хориж хабарларига кўпроқ эътибор қаратилади. Дастурнинг ўзига хос томонлари – янгиликлар оригинал услуб ва форматда узатилади, бу жиҳатлари билан Россия телеканалларининг ахборот дастурларини ҳам эслатади.

    Яқин вақтгача Sevimli TV каналида иш кунларининг кечки прайм-тайм вақтида “Хайрли оқшом” дастури ҳам эфирга узатилар эди. “Хайрли оқшом” – қизиқарли воқеалар, жараёнлар ва атрофимизда яшаётган одамлар ҳақида, кўрсатув канал студиясида суҳбат ва муҳокама шаклида олиб борилади. Ҳар бир кунга бир нечта мавзулар, шу жумладан интернетда тарқалган видеороликлар ҳам танлаб олинади. Дастур қаҳрамонлари орасида ижтимоий тармоқларда миллиондан ортиқ “лайк” тўплаган қиз, севимли машғулотини профессионал спортга айлантириб, параолимпия ўйинлари иштирокчисига айланган кўзи ожиз эркак, Ўзбекистоннинг мотоспортчилари ва байкерлари ҳамда бошқа шу каби қаҳрамонлар. Хуллас, томошабинларга қизиқарли бўлган мавзулар танланиб, унга оид қаҳрамонлар студияга таклиф қилинади.

    Milliy TV каналининг ахборот дастурини рақобатчиларнинг маҳсулоти билан солиштирганда анча суст позицияда эканлигини кўриш мумкин. Янгиликлар сифатида тақдим этилаётган “Телеинтернет” кўрсатуви юқорида келтирилган сўровнома натижаларига кўра ахборот дастурларининг биринчи 10 талигига кирмади. Иш кунларининг кечки прайм-тайм вақтидаги иккинчи кўрсатув – “Авторейд”. Бу дастурда автомобиль ҳайдовчилари ва йўловчиларнинг ҳуқуқбузарликлари, карантин даврида жорий қилинган қоидаларга риоя қилмаётган фуқароларнинг ҳатти ҳаракати ёритилади.

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: Ўзбекистон миллий хусусий каналлари иш кунларининг кечки прайм-тайм вақти жадвали ушбу телеканаллар томонидан тайёрланган бир ёки иккита дастурни ўз ичига олади, асосан, ахборот дастури (ҳар бир каналда) ва милиция патрули ёки рейдлари хроникаси (иккита каналда). Бу вақтнинг қолган 4-5 соатини телесериаллар ва бадиий фильмлар эгаллайди.

    Шубҳасиз, кечки пайтда томошабинларнинг фильмлар ва телесериалларга бўлган талаби юқори. Аммо, шу ўринда бр неча саволлар туғилади. Кечки пайтда фильмлар ва телесериалларга бўлган талаб бошқа жанрдаги теледастурларга бўлган талабни “четга суриб қўядиган” даражада юқорими? Ёхуд бу маҳаллий аудитория ва унинг эҳтиёжи билан боғлиқми? Ёки бу телеканалларнинг дастурлаштириш жадвалини шакллантиришда бунга етарлича эътибор бермаслиги натижасими?

    Рейтингда юқори ўринларни эгаллаб турган миллий каналларда мелодрама, детектив, комедия ва бошқа турли жанрдаги телесериаллар намойиш қилинади. Бунда миллий ва турк сериаллари машҳур ва оммавийлар қаторида. Шу билан бирга бошқа жорижий сериаллар – Америка, Европа, Жанубий Корея фильмлари ҳам намойиш этилади. Бадий фильмларга келсак, улар турфахил ва ранг-баранг жанрда: мелодрама ва детективдан тортиб фантастик (фэнтези) ва “экшн” жанридаги фильмларгача. Улар орасида премьералар ҳам кам эмас.

    Юқорида тилга олинган телеканалларнинг дам олиш кунлари жадвалида уларнинг ўз телемаҳсулотлари иш кунларидаги прайм-тайм вақтидаги дастурига нисбатан анча кўпроқ. Кўнгилочар, ҳазил-мутойиба (юмористик), лотерея-шоу, жонли концертлар ва бошқа кўрсатувлар ушбу каналларнинг дам олиш куни жадвалида кенг ўрин олган. Буларнинг шарҳи ва таҳлили – алоҳида мавзу.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read