No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганишCOVID-19 даврида маҳаллий журналистикага янгича ёндашувлар

    COVID-19 даврида маҳаллий журналистикага янгича ёндашувлар

    Пандемия пайдо бўлиши билан таҳририятлар учун ўз барқарорлигига эътибор қаратиш муҳим ахамият касб эта бошлади, чунки акс ҳолда матбуот айниқса, ҳозирги кунда жамият учун зарур бўлган асосий – хабардор қилиш ва бирлаштириш вазифасини бажара олмай қолади. COVID-19 даврида маҳаллий журналистика – ҳар йили ўтказиладиган ISOJ2020 конференциясининг асосий мавзуларидан бири бўлди. “Янги репортёр” мунозаралардаги асосий фикрларни келтириб ўтади.

    Сара Ломакс-Риз, CEO, WURD Radio

    WURD Radio – бу Американинг афро-америкалик аҳолисига мўлжалланган кичик оилавий радиостанция. Баъзилар учун бу маълумотлар ортиқча бўлиб туюлиши мумкин, аммо аслида гапнинг моҳияти ҳам шунда, чунки радиостанция меросхўрлари авлоддан авлодга тингловчилар ишончини ўзларининг асосий бойликлари сифатида қабул қилиб келишади.

    Филадельфия аҳолисининг 44 фоизи афро-америкаликлар ва бу шундай демографик ҳолатга эга Америкадаги энг йирик штатлардан бири ҳисобланади. WURD Radio — афро-америкаликлар учун ўз афзаллик ва камчиликларига эга ягона радиостанция. Бозорнинг бошқа иштирокчиларидан фарқли равишда WURD Radio тижорат йўналишида фаолият юритади.

    Кўпчилик радио ўлиб бораётганини таъкидласада, аммо пандемия даври аудиоформат аҳолини ўқитиш ва хабардор қилишнинг энг қулай шакли эканини яна бир марта кўрсатди. WURD Radio ушбу имкониятдан фойдаланиб, касаллик ҳақида ишончли маълумотларга таянган бир нечта махсус дастурларини тақдим қилди.

    – Биз talk-формат йўналишига ихтисослашганмиз ва ўз аудиториямизга катта эътибор қаратамиз: тингловчиларимиз билан доимий мулоқотни йўлга қўйганмиз, улар биз билан реал вақтда суҳбатлашишлари, саволлар беришлари, фикр-мулоҳазаларини қолдиришлари мумкин. Буларнинг барчаси бевосита эфирда амалга ошади, – дейди Сара Ломакс-Риз.

    Ҳозирда жамоамиз WURD ТВ устида иш олиб боряпти. Бу телеканал радиостанция эфирини трансляция қилиш билан шуғулланади. Молиялаштириш масаласига келсак, WURD Radio пул ишлашда анъанавий ёндошувга эга: даромаднинг 10 фоизини аъзолик бадаллари ташкил қилади, 25 фоизи ажратиладиган грантлар ҳисобига, қолгани эса реклама ва ҳомийлик маблағларидан олинади. Яқин келажакда таҳририят аъзолик бадаллари нисбат балансини ўзгартиришни режалаштирган, натижада, рекламага боғлиқлик камайтирилади.

    Элисон Гоу, Chalkbeat стратегия бўйича директори

    – 2020 йил кўплаб бюджет, шу жумладан ҳукумат бюджет ташкилотлари учун оғир йил бўлди. Яшаб қолиш учун бирон нарсани ўзгартириш керак, чунки ҳозир вазифаси инсонларни бирлаштириш бўлган маҳаллий нашрлар – “ўлим”га яқин турибди, – дея ўз чиқишини бошлади Элисон Гоу.

    Chalkbeat – бу Американинг саккиз шаҳари – Колорадо, Индиана, Иллинойс, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Пенсильвания ва Теннесида халқ таълими масалаларини ёритиб борадиган нотижорат таҳририят. Ҳар бир шаҳарда нашрнинг иккитадан бештагача мухбири фаолият юритади. Мураккаб вазиятда Chalkbeat ўзи учун янги имкониятларни кўрмоқда.

    Маҳаллий матбуотнинг горизонтал модели – битта шаҳар, турли мавзулар йўналиши бугун ўзини оқламаяпти. Интернет уни яшаб қолувчанлик даражасидан узоқлаштириб қўйди. Вертикал моделга ўтиш вақти келди: битта мавзу – турли шаҳарлар. Нашрнинг аниқ бир мавзуга йўналтирилганлиги жамоатчиликнинг хабардорлигига катта ҳисса қўшади ва вақт ўтиши билан таҳлил даражасига кўтарилади. Чуқур жалб қилинган ўқувчилар таҳририят даромадларини кўпайтиришга хизмат қилиши ҳам мумкин.

    Ушбу ёндашув ўз самарасини бермоқда: лойиҳани 207 донор ташкилот ва 191 корпоратив ҳомийлар қўллаб-қувватладилар. Уларнинг барчаси ўқитувчилар ва ота-оналарнинг яхши аудиториясига қизиқиш билдирган. Бунда гап нафақат матбуотни қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар, балки таълимни қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар ҳақида ҳам кетмоқда, бу эса маблағ излаш ва жалб қилишнинг янги усулидир.

    Chalkbeat 2023 йилга бориб ўз кўламини 10 та янги штатни қўшиш эвазига кенгайтиришни режалаштирган. Бу эса уларга нафақат воқеалар хилма-хиллиги ва қамровни оширишга ёрдам беради, балки янги минтақалардаги янги донор ташкилотларнинг янги молиявий имкониятларини тақдим этади.

    Менди Женкинс, The Compass Experiment бош менежери

    The Compass Experiment ташкилоти янгиликлар таҳририятлари учун барқарор бизнес моделларини топиш мақсадида ташкил этилган эди. Google ҳамкори McClatchy билан маълум ва мавжуд бизнес моделлар тажрибаси, уларни бирлаштириш ва натижаларни ўрганиш ишларини амалга оширади.

    The Compass Experiment барча лойиҳаларини учта фаразга асослантирган:

    • Универсал таблетка мавжуд эмас. Компаниянинг даромадлари диверсификация қилиниши ва турли манбалардан олиниши керак: реклама, ҳомийлик, ўқувчилар улуши, донор ташкилотлар, тадбирларни ўтказиш ва бошқалар.
    • Маҳаллий нашр маҳаллий бўлиши керак. Маҳаллий ходимларни ёлланг. Бу жамият билан муносабатларни ўрнатишнинг калитидир.
    • Жамият билан муносабатлар маҳаллий бозорда фойда олишнинг калитидир. Жамоа ҳомийлигига эътибор қаратинг, фақат рекламадан умид қилманг.

    The Compass Experiment томонидан яратилган лойиҳалардан яна бири – MahoningMatters маҳаллий матбуоти. Жамиятга яхши таниш бўлган маҳаллий журналистларнинг жалб қилиниши бу ишни тезда йўлга қўйиб олиш имконини берди.

    – Биз сайт эгалари, молиялаштириш ва қарорларни қабул қилиш масалалари бўйича ўқувчиларимиз билан иложи борича ошкора мулоқот қилишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳозир Google томонидан молиялаштирилаётганимизни ва ўз даромадимизни яратишни ҳам режалаштираётганимизни яширмаймиз. Шу билан бирга, барча молиялаштириш маҳаллий даражада амалга ошади – маблағ шаҳар ташқарисига чиқиб кетмайди, – деб ҳикоя қилади Мэнди Женкинс.

    Ўз даромадларимизни яратиш бўйича ишлар аллақачон бошланган: MahoningMatters ўзининг e-mail-жўнатмаларини, онлайн-ивентини, баннерли жойланмаларини, ҳомийлик таркибини ишга туширди.

    – Энг асосийси, биз дастурий рекламага боғланиб қолмаганмиз. Биз тўғридан-тўғри сотиш билан шуғулланамиз. Бу анча қиммат, кўп вақт ва куч талаб этади, аммо бунга арзийди, – дейди Мэнди Женкинс.

    Энг муваффақиятли жорий этилган дастур – жамият етакчилари дастури бўлди. Бизнес ҳафталик сайт постларига ҳомийлик қилади, улар илгари маҳаллий ривожланмаган ва таркибий қисмларни кенгайтиради. Айни пайтда ҳомийлар журналистлар ишига таъсир ўтказа олмайди. Бунинг эвазига бўлим саҳифаларида бепул баннерларни жойлаштириш таклиф этилади. Ҳозир MahoningMatters бу ерда пандемия туфайли дунёни ўзгартираётган одамларнинг ҳикояларини нашр этади ва бу сайтдаги энг кўп ўқиладиган материаллар сирасига киради, чунки одамлар доимий тарздаги салбий хабарлардан чарчаган ва қандайдир ижобий, яхши нарсаларни исташади.

    Олти ойлик фаолиятдан сўнг, таҳририят пуллик обуна бўлиш имкониятини ишга туширди ва донорлар грантлари олишга аризалар бера бошлади. Бугун MahoningMatters лойиҳаси ишлаётганига тўққиз ой бўлди, аммо таҳририят ўзига бўлган ишончни анча мустаҳкамлаб олган:

    • Кўп касбдошлар реклама даромадининг камайганидан нолиб юрган бир пайтда, ММ янги шерикларни жалб қилишга муваффақ бўлди.
    • Февралдан июнь ойигача аудитория 53% га ўсди ва шундан бери пасайиш кузатилмади – аксарият ўқувчилар сақланиб қолди.
    • Ҳамкорликдаги журналистика иккала бозор учун ҳам фойда келтирди ва барқарорлик ошди: маҳаллий бизнес маҳаллий нашрга ёрдам беради – маҳаллий нашр эса маҳаллий бизнесга ёрдам беради.

    Фрейзер Нельсон, Salt Lake Tribune бизнес-инновациялари вице-президенти

    Salt Lake Tribune газетаси 150 йилдан бери нашр этиб келинади ва ўтган вақт мобайнида жамоатчиликнинг юксак ишончига сазовор бўлган. Нашрнинг вазифаси ҳам бошқалар каби: ўқувчиларини маълумот билан таъминлаш, яхши ва ёмон ҳодисалардан уларни бохабар қилиш. Нашр жамоатчилик учун яратилган, жамоатчилик томонидан яратилган ва жамоатчилик томонидан молиялаштирилади.
    Аксарият оммавий ахборот воситаларида бўлгани каби, газета ҳам даромадга турлича ёндошади: улар обуна, аъзолик, грантлар, ҳомийлик, реклама ва бошқа анаънавий пул манбаларидан даромад олишади.

    Кейинчалик, the Utah Journalism Foundation жамғармаси пайдо бўлди, у ташкилотлар ва якка шахслардан катта пул мукофотлари олади ва уларни турли хил журналистлар жамоалари ўртасида тақсимлайди, матбуот учун грантлар расмийлаштириш имконини беради.

    – Номоддий элементларга эътибор қаратиш муҳим – журналистика фақат пулга боғлиқ эмас. Биз жамоатчиликнинг жалб қилинишини ҳам кузатамиз. Бунинг учун барча турдаги дастурлар амалга оширилади, фақат обуначи учун эксклюзив тадбирлар ўтказамиз ва қайта алоқага кўпроқ эътибор берамиз, – дейди Фрейзер Нельсон.
    Salt Lake Tribune ҳам реклама ва обунага тобеликдан халос бўлишга ҳаракат қилмоқда.

    Аммо бу пулли обунадан воз кечиш мумкин дегани эмас – таҳририят бундай йўл тута олмайди, чунки газета жамоаси 69 нафар ходимдан иборат. Аввал обуна ойига 7,99 АҚШ долларни ёки йилига 79,90 АҚШ долларини ташкил этар эди. Сўнг газетанинг босма шаклини омма учун тақдим этиш, яъни уни бепул тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Рақамли обунага яна иккита имконият қўшилди: йилига 150 ва ойига 15 АҚШ доллари. Газета янги обуначиларининг 60 фоизи ўзларининг севимли нашрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида худди шу таркиб учун икки баравар кўпроқ пул тўлашга рози бўлдилар.

    Крис Софьер, WhereBy.us асосчиларидан бири ва CEO

    WhereBy.us – бу махсус дастурий таъминот, тармоқ, ҳамкорлик ва e-mail-жўнатмалардан фойдаланган ҳолда нуфузли маҳаллий брендлар яратишда ёрдам берувчи компания.

    Замонавий воқеликда ишлашнинг бир нечта қизиқарли тезислари:

    • Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва e-mail-жўнатмалар билан шуғулланадиган янги бўлим тузилмоқда. Таҳририят аъзолари эски ёндашув келажак учун мос келмайди, деган фикр билан меҳнат қилишади. Ҳамжамиятни янги форматда қуриш зарур.
    • Нотижорат ва тижорат ташкилотларининг фаолияти бир-биридан катта фарқ қилади. Ушбу мувозанатни сақлаш муҳим. Биз қайсидир томонга ёнбосиб қолсак, бу анча ташвишланарли ҳол.
    • Биз аминмизки, содиқлик, ҳаракат ва фокус замонавий матбуотнинг асосий тамойилларидир ва яқин орада бозор шундай кўринишга эга бўлади. Аксарият нашрлар ушбу йўналишга мослашишга мажбур бўладилар ва фақат бир нечтасида йирик компания шакли сақланиб қолади.
    • Бренд сезиларсиз маънони англатади – энди асосан ҳамжамият учун ишлайдиган, унга таниш бўлган одамлар эътибор марказида бўлади.

    ISOJ2020 конференцияси доирасида янгиликлар таҳририятлари фаолиятида муносабатларни ўзгартиришга бағишланган машғулотлар бўлиб ўтди. Бу ерда машғулотларни инглиз тилида кўришингиз мумкин.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read