Ўзбекистон амалда бўлган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга тузатишлар киритишга тайёрланмоқда (бу ерда қонун лойиҳасининг ўзбек тилидаги матни билан, бу ерда эса унинг рус тилига норасмий таржимаси билан танишиш мумкин). Ушбу ўзгартиришларнинг моҳияти қандай, агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, жамият ва медиа бозорни қандай ижобий ўзгаришлар кутади? Ушбу қонун лойиҳасига нималар етишмаяпти? “Янги репортёр” қонун лойиҳасини ўрганиб чиқди ва унинг асосий моддаларини таҳлил қилди.
ОАВни рўйхатдан ўтказиш ўрнига – хабардор қилиш ва ҳисобга олиш
Асосий ижобий янгиликлардан бири – бу ОАВни давлат рўйхатидан ўтказишнинг бекор қилингани ва муассис (муассислар) томонидан ваколатли орган – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) га электрон хабар бериш орқали уларни ҳисобга қўйишнинг жорий этилиши бўлди.
Хабарнома бир кун ичида кўриб чиқилиши керак (айни пайтда рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза 15 кун ичида кўриб чиқилади). Ҳисобга олиш жараёни ОАВ реестрига ёзув киритишдан иборат. Бунинг учун давлат божи ундирилмайди.
ОАВни ҳисобга киритиш учун ариза автоматик равишда рад қилиниши мумкин, агар:
- у ОАВни таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган таъсисчи томонидан тақдим этилса (18 ёшга тўлмаган; фаолияти қонун билан тақиқланган ташкилот; қасддан содир этган жинояти учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс);
- хабарнома тўлиқ тўлдирилмаган ёки нотўғри маълумотлар киритилган бўлса;
- ном амалдаги ОАВ номини такрорлаган бўлса;
- номида ҳақоратомуз ёки тақиқланган ғояларни тарғиб қилувчи сўзлар мавжуд бўлса. Бундай ҳолда, таъсисчи аризага тузатишлар киритиб, уни қайта юбориши мумкин.
ОАВ хорижий эгаларининг улуши ортади
Амалдаги қонунда белгилангани каби фақат Ўзбекистоннинг юридик ва жисмоний шахслари ОАВни таъсис этиш ҳуқуқига эга. Бунда ОАВнинг устав жамғармасидаги хорижий инвестициянинг рухсат этилган улушини 30 фоиздан 49 фоизгача ошириш таклиф қилинмоқда.
Журналистикада дронлар масаласи
ОАВ маҳсулотларини тарқатиш бобига учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тўғрисидаги модда қўшиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ОАВга тегишли рухсатномалар билан “тегишли давлат идораси томонидан белгиланган жойларда” фото ва видео материаллар тайёрлаш учун дронлардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Дронлар вазни уч килограммдан ошмаслиги ва улар 40 метрдан ортиқ бўлмаган баландликка кўтарилиши керак.
ОАВ сўровига давлат органлари томонидан жавоб бериш муддати еттидан уч кунга қисқартирилади
Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан маълумот олиш тартиби ҳам баён қилинган. ОАВнинг давлат органларининг фаолияти тўғрисида маълумот олиш, шунингдек мансабдор шахслар билан интервю ташкил этиш бўйича оғзаки, ёзма ёки электрон сўровлари уч иш куни ичида (ҳозир етти кун) кўриб чиқилиши керак.
Журналистикада гендер тенглик
Қонунда ОАВ таҳририятларида фаолият олиб борувчи аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи гендер тенглик тўғрисидаги модда ҳам пайдо бўлиши мумкин. ОАВда тўғридан-тўғри ва билвосита жинсий камситишга йўналтирилган ахборотни тарқатишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Парламент, ҳукумат ва суд органлари очиқ йиғилишларида журналистнинг қатнашиш имконияти
Журналистларга Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида (ёпиқ мажлислар бундан мустасно) қатнашиш, шунингдек, очиқ суд мажлисларида монеликларсиз иштирок этиш ҳуқуқини қонуний равишда бериш режалаштирилган. Ташаббуснинг ўзи жуда ажойиб, аммо қонун лойиҳасида журналистларнинг давлат органлари очиқ йиғилишларига қатнашиши, аккредитациядан ўтказишга янгича ёндашувлар, шунингдек, ахборотни узатишнинг янги шакллари ва каналларидан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш каби масалалар мавжуд эмас.
Қонунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ОАВнинг эркин фаолиятини чекловчи ёки тақиқловчи ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишини тақиқлаш таклиф этилади.
Энди — журналистика ва медиа-бозорнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жихатлар, шунингдек, қонун лойиҳасида етишмаётган моддалар ҳақида.
ОАВ фаолиятини мониторинг қилиш
Амалдаги қонун ва муҳокамадиг қонун лойиҳаси ўртасидаги сезиларли фарқ мамлакат ахборот маконини бошқаришнинг янги шакли – ОАВ фаолиятини мониторинг қилишнинг жорий қилиниши ҳисобланади.
Қўшни Россия ва Қозоғистон матбуот вакиллари ОАВ фаолиятининг мониторинги нима эканлигини жуда яхши билишади: матбуот учун тақиқ ёки “қизил байроқчалар” шаклидаги рўйхат мавжуд (қонун лойиҳасида бу 13-моддада акс этган, амалдаги қонунда эса бундай модда йўқ). Шунингдек, бюджет маблағлари ажратилади ва аксарият ҳолларда давлат ваколатли органига бўйсунадиган ташкилот тайинланади. Ушбу ташкилот мутахассислари мамлакатнинг барча матбуотни бирма-бир кузатадилар, ўқийдилар, тинглаб борадилар ва ОАВ, реклама ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳақидаги фактларни қидирадилар. Агар бузилиш факти аниқланса, у қайд этилади, ОАВга бу ҳақда хабар қилинади, шундан сўнг таҳририят ва давлат органи ўртасида ушбу қоидабузарлик юзасидан ёзишмалар бошланади. Аниқланган қонунбузарликлар миқдори текширувларнинг даврийлигига таъсир қилади ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши ҳам мумкин. Жавобгарлик чоралари – жарима, ОАВ фаолиятини тўхтатиб туриш ва бошқалар. Кўпинча оммавий ахборот воситалари фаолиятини мониторинг қилувчи ташкилотларнинг KPI даражаси аниқланган қонунбузарликлар ёки юборилган огоҳлантириш хатлари сонига қараб белгиланади.
Туҳмат масаласи қоидалари
Шахсий номулкий ҳуқуқлар – шаън, қадр-қиммат, обрў, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш тўғрисида қонун лойиҳасида кўплаб янги қоидалар пайдо бўлди. Масалан, лойиҳада оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш нима эканлиги ҳақида тушунтириш (қонун лойиҳасининг 4-моддаси) пайдо бўлди ва бу тушунтириш биз учун одатий бўлган маъмурий-жиноий йўналишлардан фарқ қилади. Масалан, Жиноят кодексининг 140-моддасида ҳақорат инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини номувофиқ тарзда қасддан таҳқирлаш дея малакаланган. Янада тушунарлироқ қилиб айтганда, агар қонун лойиҳаси ушбу таҳрирда қабул қилинса, матбуотдан шикоят қиладиган шаҳсларга – журналистни ҳақорат қилгани учун “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун нуқтаи назаридан ёки ЎзР Маъмурий жавобгарлик кодекси ва ундан сўнг Жиноят кодекслари бўйича жавобгарликка тортишга кенг имкониятлар юзага келади.
Бундан ташқари, 13-моддада ОАВ учун “фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини булғаш, шахсий ҳаётига аралашиш” масаласида қатъий тақиқ қўйилади. Гарчи журналистика билан шуғулланадиган ҳар бир кишининг ахлоқий меъёрлари шуни тақазо қилсада, буни тақиқласада, журналистлар ушбу қоидаларга амал қилишсада, яна бир бор эслатиб ўтилди. Аммо ҳар доим нашрлардан, матбуотнинг эътиборидан норози бўладиганлар бор, кўпинча бу коррупциялашган битимлар ҳақидаги маълумотлар ва ҳоказоларда намоён бўлади. Шахсий ахлоқий ҳуқуқларини бузганликда айбловлар тез-тез учрайди ва бу танқиддан норози бўладиганлар, ОАВ ва журналист билан муросага бориш, жазолаш, кўпроқ пул ундириш ёки ОАВнинг чиқишини тўхтатиш усулларини рўкач қилувчилар учун ёқимли машғулот. Шу сабабли, айрим ҳолларда жавобгарликдан озод қилиш мақсадида матбуот ва журналистлар учун ҳуқуқий кафолатлар назарда тутилмоқда. Бундай ҳолатлар қонун лойиҳасининг 47-моддасида кўрсатиб ўтилган, аммо улар жуда оз: муаллифлик чиқишлари ва матнни сўзма-сўз ифодалаш, расмий хабарлар, пресс-релизлар ёки давлат органларидан олинган бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш.
Амалда ушбу қоидаларни турли хил талқин қилиш ва судларда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун ОАВга нисбатан кўплаб даъволар келтириб чиқарадиган жавоб қайтариш ва раддия бериш тўғрисидаги модда (қонун лойиҳасининг 38-моддаси) ҳақида саволлар мавжуд.
Матбуот ўзини-ўзи тартибга солиши тўғрисида қоиданинг мавжуд эмаслиги
Йил бошида Ўзбекистон матбуот омбудсмани институтини ташкил этиш зарурати ҳақида баёнот берган эди. Бироқ, янги қонун лойиҳасида матбуотнинг ўзини ўзи бошқариши тўғрисида бирорта ҳам қоида мавжуд эмас – бу таҳририят омбудсманлари, миллий матбуот омбудсмани, ОАВ этикаси бўйича қўмита ёки кенгаш шаклида бўлиши мумкин. Ушбу орган ҳар қандай шакл ва номга эга бўлиши мумкин, бунинг маъноси ва заруратининг моҳияти профессионал матбуот ҳамжамияти биргаликда ахлоқий меъёрлар ва стандартларни ишлаб чиқиши, амал қилишини назорат қилишдан иборат бўлади. Жамият ҳар бир киши ахлоқ қоидаларини бузилганлиги тўғрисида матбуотнинг ўзини ўзи бошқариш органига шикоят қилиши мумкинлигини билади, шикоят кўриб чиқилади, натижалари эълон қилинади, жамият ва бошқа оммавий ахборот воситалари бу ҳақда хабардор бўлишади.
“Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг сентябрь ойида мамлакат парламентига тақдим этилиши кутилмоқда.
“Янги репортёр” профессионал доираларда ва мамлакат парламентида унинг муҳокамаларини кузатиб боради.
Муаллиф: Карим Баҳриев