No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистонда маҳаллий ва хорижий журналистларни аккредитациядан ўтказиш

    Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий журналистларни аккредитациядан ўтказиш

    Ўзбекистонда журналистлар воқеалар ва расмий тадбирлар тўғрисида маълумот олиш учун қандай қилиб давлат органларида аккредитациядан ўтишлари мумкин? Хорижий ОАВ қандай қилиб ўз мухбирларини аккредитациядан ўтказсалар бўлади? Агар матбуот вакиллари аккредитациядан ўтмаган бўлса, уларни қаергадир қўймасликлари мумкинми? Шу ва бошқа саволларга медиа сохасида ҳуқуқшунос Карим Бахриев жавоб беради.

    Нима учун аккредитация керак?

    Давлат ҳукумат ва бошқаруви маъмуриятлари оммавий ахборот воситалари вакилларини ўз фаолияти тўғрисида маълумотларни олишлари учун аккредитациядан ўтказадилар. Аккредитациядан сўнг улар аккредитациядан ўтган журналистларни бўлажак воқеалар тўғрисида хабардор қилишади, уларга ўзларининг профессионал вазифаларини бажаришда ёрдам беришади. Журналист давлат органида, шунингдек жамоат бирлашмаси ва ташкилотида аккредитациядан ўтиши мумкин.

    Аккредитация нормалари Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 38-моддасида, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунининг 17, 12, 13-моддаларида, шунингдек, 2006 йил 24 февралдаги 33-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар”да келтирилган.

    ОАВнинг аккредитациядан ўтган журналистлари қандай ҳуқуқларга эга?

    Оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан берилган ҳуқуқлардан ташқари, шунингдек, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

    • бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
    • аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш;
    • очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
    • аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиш;
    • олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиш.

    Аккредитациянинг қандай турлари мавжуд?

    • доимий;
    • даврий;
    • махсус (вақтинчалик).

    Хорижий журналистларни Ўзбекистонда аккредитация қилиш тартиби қандай?

    Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари ва вакилларини аккредитация қилиш тартиби ҳақида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасида қайд этилган ва у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида амалга оширилади. “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб
    фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар”да (Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги 33-сонли қарори билан тасдиқланган) келтирилишича: “Хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлари (журналистлари)нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги аккредитацияси асосида рухсат этилади”.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон томонидан белгиланган хорижий журналистлар фаолиятининг рухсат этиладиган тартиби халқаро ташкилотлар ва хорижий ОАВ томонидан ҳақли равишда танқид қилиб келинади. Дарҳақиқат, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддаси, Конституциянинг 29-моддаси ва бошқа халқаро меъёрий ҳужжатларга мувофиқ сўз эркинлиги ҳуқуқи чегара ва фуқаролик танламаслиги керак.

    Хорижий ОАВ учун қандай қилиб Ўзбекистонда мухбирлик пунктини очиш мумкин?

    Чет эл оммавий ахборот воситаси вакиллигини очиш учун қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қарори асос бўлади:

    • манфаатдор хорижий оммавий ахборот воситаси раҳбариятининг Ўзбекистон Республикасида мухбирлик пункти очиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома хати;
    • манфаатдор оммавий ахборот воситаси тўғрисидаги маълумотнома-ахборот;
    • Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг Ўзбекистон Республикасида манфаатдор хорижий оммавий ахборот воситасининг мухбирлик пункти очилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.

    Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлардан дастлабки иккитаси Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ёки консуллик муассасалари орқали берилади ёхуд бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.

    Тегишли мурожаатнома олинган кундан бошлаб икки ойдан ошмайдиган муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаси мухбирлик пунктини очиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган мухбирлик пунктлари реестрини юритади, уларга махсус гувоҳнома берилади.

    Ўзбекистонда хорижий мухбир аккредитациядан қандай ўтказилади?

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарори хорижий давлат оммавий ахборот воситаларининг вакилларини доимий хорижий мухбир сифатида аккредитация қилиш учун асос ҳисобланади:

    • манфаатдор хорижий ахборот воситаси раҳбариятининг Ўзбекистон Республикасида мухбирлик пункти очиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома хати;
    • манфаатдор оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;
    • аккредитация қилинадиган хорижий мухбирнинг таржимаи ҳоли маълумотлари ва тегишли намунадаги тўртта фотосурати.

    Мурожаат хати Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ёки консуллик муассасалари орқали берилади ёки бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.

    Доимий хорижий мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор тегишли мурожаатнома олинган кундан бошлаб икки ойдан кўп бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади. Аккредитация қилинган мухбир Ўзбекистон Республикасига келгач, унга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги доимий хорижий мухбир сифатида аккредитация қилинганлиги тўғрисида 2 йил муддатгача амал қиладиган гувоҳнома беради.

    Хорижий давлатнинг ОАВ вакили қандай ҳолларда вақтинчалик чет эл мухбири сифатида аккредитациядан ўтказилади?

    Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган халқаро ёки миллий даражадаги турли тадбирларни (конгресслар, симпозиумлар, қурултойлар, форумлар, семинарлар ва бошқалар) ёритиш учун таклиф қилинган чет давлат оммавий ахборот воситаларининг вакили вақтинчалик хорижий мухбир сифатида аккредитациядан ўтказилади.

    Вақтинчалик хорижий мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан чет давлатнинг тегишли оммавий ахборот воситаси раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири номига ёзма мурожаат юборилганидан кейин икки ҳафтадан кечиктирмай қабул қилинади. Ижобий қарор қабул қилингандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вақтинчалик чет эл мухбири сифатида аккредитациядан ўтган мухбирга уч ойгача амал қиладиган тегишли гувоҳнома беради.

    Ўзбекистон Республикасида материалларни, шу жумладан, кинохроникал, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, табиати, маданияти, анъаналари ва аҳоли турмуш тарзи тўғрисидаги дастурларни, публицистик ва тарихий материалларни суратга олишни мўлжаллаётган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномаси мавжуд бўлган тақдирда вақтинча хорижий мухбир сифатида аккредитациядан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тушгандан кейин беш иш кунигача муддатда берилади.

    Чет эллик мухбирнинг аккредитацияси муддати узайтирилиши мумкинми?

    Манфаатдор хорижий оммавий ахборот воситаси раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига унинг аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати ўтгунгача икки ойдан кечикмай мухбирни аккредитация қилинганлик муддатини узайтириш ҳақида илтимос билан мурожаат қилишга ҳақлидир, акс ҳолда аккредитация қилиш белгиланган тартибда тўхтатилиши мумкин.

    Чет эллик мухбирни қандай асослар билан аккредитациядан ўтказиш рад этилиши мумкин?

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ёки амалдаги қоидалар асосида чет эл мухбирини аккредитациядан ўтказишни рад этиши мумкин. Ташқи ишлар вазирлиги бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида чет эл мухбирини ёзма равишда хабардор қилади.

    Хорижий давлатларнинг расмий делегацияларига ҳамроҳлик қиладиган ОАВ вакилларини вақтинча аккредитация қилиш тартиби қандай?

    Хорижий давлатларнинг расмий делегацияларини кузатиб борувчи оммавий ахборот воситаларининг вакилларини вақтинча аккредитация қилиш тўғрисида қарор беш иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ёки Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида хорижий давлатнинг расмий вербал нотаси асосида қабул қилинади.

    Ўзбекистон Республикасига ташрифни ёритиш учун хорижий давлатларнинг расмий делегацияларига фотограф ёки видеооператор сифатида ҳамроҳлик қилаётган хорижий мамлакатлар давлат органларининг ходимларини аккредитациядан ўтказиш талаб этилмайди.

    Хорижий мухбирлар Ўзбекистонда қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?

    Чет эл фуқароси бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўладиган аккредитация қилинган хорижий мухбирлар ва уларнинг оила аъзолари мухбирнинг касб фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар. Хорижий мухбирларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари шунингдек манфаатдор давлатлар билан ўзаро аҳдлашув асосида икки томонлама тартибда бошқарилиши мумкин.

    Хорижий мухбирнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Давлат хорижий мухбирга ахборотни эркин олиш ва тарқатишни кафолатлайди, уни касб фаолиятини амалга ошириш пайтида ҳимоя қилишни таъминлайди. Аккредитация қилинган хорижий мухбирнинг касб фаолиятига аралашиш, ундан ўз касб мажбуриятларини бажариш чоғида олинган бирор-бир маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

    Чет эллик мухбирнинг аккредитацияси қандай ҳолатларда тўхтатилиши мумкин?

    Ўзбекистон Республикаси ТИВ хорижий мухбирлар томонидан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида” 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори, мазкур Асосий қоидалар ёки оммавий ахборот воситалари соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда огоҳлантириши ёки унинг аккредитациясини муддатидан олдин тўхтатиши, ёки кириш визасини бекор қилиши, шунингдек республикадан чиқариб юборишгача таъсир кўрсатиш маъмурий чораларини кўриши мумкин.

    “Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 13-моддасига биноан, чет эллик журналист Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасида унинг аккредитациясини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

    Аккредитациядан ўтган хорижлик мухбирларга амалдаги конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини бузишга, уруш ва зўравонлик, шафқатсизлик, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилишга даъват этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ички ишларига аралашиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ва қонунда назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқарадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузганликда айбдор чет эллик мухбирлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтмаган чет эллик мухбирларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида касбий фаолияти тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

    Ўзбекистон фуқаролари хорижий ОАВ мухбирлари сифатида ишлашлари мумкинми?

    Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан хорижий мухбирлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирлик офисларининг техник ходимлари сифатида аккредитациядан ўтишлари шарт.

    Чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари сифатида Ўзбекистон Республикаси ТИВ аккредитациясидан ўтмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий фаолияти тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

    Аккредитация қилувчи орган турли оммавий ахборот воситалари учун квоталар (нормалар) белгилашга ҳақлими?

    Қонунчиликда турли ОАВ учун қандайдир квоталар белгиланиши кўзда тутилмаган.

    Аккредитация қилувчи орган аккредитациядан ўтаёган журналист ҳақида қандай шахсий маълумотларни сўрашга ҳақли?

    Қонун ҳужжатларида аккредитациядан ўтаёган журналистга таҳририят томонидан қўйиладиган талабларнинг моҳияти аниқланмаган. Бироқ, таҳририят ўз журналистларини аккредитациядан ўтказиш учун ариза берар экан, маълум журналист тўғрисида шахсий маълумотлар тақдим қилиш меъёри минимал бўлиши керак.

    Ҳақиқатан ҳам “фақат мувофиқлик маълумотига эга профессионал журналистларни” аккредитация қилиш мумкинми?

    Йўқ. ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига кўра, “Таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳлил, таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс таҳририят ходимидир”.

    Давлат муассасаларининг қўриқлаш хизматлари ушбу муассасада аккредитациядан ўтмаган журналистларни киритмаслик ҳуқуқига эгами?

    Йўқ. Қонунчиликда давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органлари томонидан аккредитация қилинган журналистларга маълумот олишда кўпроқ қулай шароитлар яратилиши, муайян имтиёзли шароитлар тақдим қилиниши назарда тутилган.

    Бироқ, аккредитациянинг йўқлиги журналистни конституциявий ва унга “Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасида (“Журналистларнинг ҳуқуқлари”) белгиланган ҳуқуқлардан маҳрум қилмайди.

    Шуни англаш керакки, аккредитация журналист учун ўз ҳуқуқларини қўллашнинг дастлабки шартларидан бири эмас. Аккредитациядан ўтмаган журналистлар давлат органларининг барча очиқ мажлисларида эркин қатнашиш ҳуқуқига эга.

    Муаллиф: Карим Бахриев

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read