Телетомошабинлар орасида таниқли ҳисобланадиган “Орёл и решка” дастури эфирга чиқа бошлаганидан бери саёҳатлар тўғрисидаги теледастурларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Унга қадар “Клуб кинопутешественников” ва “Непутёвые заметки” деб номланган кўрсатувлар кўп томошабинлар эътироф ва қизиқишига сазовор бўлган эди. Аммо бу дастурлар совет даврининг, Россия телеижодкорларининг маҳсули. “Орёл и решка” Украинада яратилди, ундан сўнг бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш “тревел-блог»лар бирин-кетин пайдо бўла бошлади.
Ўзбекистон телевидениесининг “Дунё бўйлаб” телеканалида “Бориб кўрамиз” номли дастур эфирга узатилмоқда. Унинг куз мавсумидаги бир нечта сонини томоша қилдим.
Умуман олганда, “Дунё бўйлаб” ўзбек тилида эфирга узатиладиган телеканаллар орасида энг севимли каналим. Унинг контентини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин: биринчиси табиат, саёҳатлар, муҳандислик иншоотлари, тарих жумбоқлари ва бошқа мавзулардаги хорижий илмий-маърифий кўрсатувлардан иборат. Ошпазлар шоуси ҳамда Европа ва Америка қитъаларида шуҳрат қозонган бошқа телелойиҳалар ҳам шу қисмга тааллуқли. Иккинчи қисм эса телеканал ижодкорларининг муаллифлик кўрсатувларидир. Кейинги йилларда улар сони тобора ортиб бормоқда. Телеканал концепцияси, жумладан Ўзбекистонда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш каби вазифа ва мақсадларни қамраб олганлигини инобатга олсак, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан расмий ҳамкорлик табиий ҳол эканини тушунамиз. Республика бўйлаб қаерга саёҳат қилиш ва қай бир гўшада ҳордиқ чиқариш мумкинлиги ҳақидаги оммабоп кўрсатувлар эфир жадвалини аста-секин тўлдириб бормоқда. “Бориб кўрамиз” дастури, менинг фикримча, ўзига хослиги билан бошқа кўрсатувлардан ажралиб туради, шу билан бирга, унинг яққол кўзга ташланадиган камчиликлари ҳам бор.
Қаерга борамиз ва нимани кўрамиз?
Моҳиятан, “Бориб кўрамиз” номли кўрсатувни қай бир маънода мослаштирилган “тревел-блог” дейиш мумкин. Унинг ҳар бир сонида телеканал ижодкорлари аввалдан танланган йўналиш бўйлаб саёҳат қилишади. Маданий масканлар, ҳунармандлик анъаналари сақланиб қолган олис қишлоқлар, қўриқхоналар, муайян сайёҳлик объектлари шулар жумласидандир. Кўрсатувга ажратилган вақт давомида (тахминан ярим соат) бошловчи — Шоҳжаҳон Каримов томошабинни маҳаллий аҳолининг кундалик турмуш тарзи билан “бўёқ ва безакларсиз”, яъни табиий кўринишида таништиради. Бу теледастурнинг муҳим жиҳати. Чунки, одатда, маҳаллий телеканалларда қишлоқ аҳлининг ҳаёти дала ёки иссиқхонадаги фермернинг фаолияти, бирор ижтимоий объектнинг очилиши ёки замонавий коттежларнинг фойдаланишга топширилишига ўхшаш кўркам сюжетлар орқали акс этади.
“Бориб кўрамиз” кўрсатуви бошловчисининг эркин услуби, жумладан, сўзлар ва ҳаракатлар расмиятчиликдан ҳоли, табиийлиги билан ушбу дастурни маҳаллий телеканаллардаги кўплаб “қолип” кўрсатувлардан алоҳида ажратиб туради. Унинг қаҳрамонлари – содда одамлар бошловчи билан суҳбат чоғида ўзини эркин тутади, жавоблари аввалдан тайёрланганлиги сезилмайди. Қолаверса, кадрда урф-одатлар ва бошқа этнографик деталлар намойиш этилаётганда ясама саҳналар кўзга ташланмайди. Лўнда айтганда, кўрсатув ички аудиторияга мўлжалланган бўлиб, маданиятлар ҳамда асрий урф-одатлар ранг-баранглигини енгил услуб ва шаклда кўрсатиш, юртимизнинг табиий ландшафтини намойиш этиш, ички туризмни рағбатлантириш асосий мақсаддир. Бу мақсадга ижодкорлар қай даражада эриша олганлигини кузги мавсумда эфирга узатилган бир нечта кўрсатув мисолида кўриб чиқамиз.
«Бордик, кўрдик, бироқ нархларни билмадик…»
Кўрсатувнинг сентябрь ойидаги сони Бухоро вилоятининг Ромитан туманида, чўл бағрида жойлашган Bukhara Desert Oasis & Spa экотуристик кластерининг очилишига бағишланган. Унда туристлар учун яратилган шарт-шароит ва мароқли ҳордиқ чиқаришни таъминловчи хизматлар ҳақида сўз боради.
Одатда, янги мажмуаларнинг очилиш маросимидан тайёрланган репортажларнинг сюжети, воқеалар ривожи ва кадрлар кетма-кетлигини ҳеч қийналмай аввалдан айтиб бериш мумкин, улар бир қолипдан чиққандек туюлади. Бироқ “Бориб кўрамиз” телекўрсатуви ижодкорларининг ҳикояси бундай қолипдан ўзгача ва қизиқарлироқ чиқди. Бошловчи очилиш маросимига тўхталиб ўтирмади. Унинг ўрнига шу ердаги қадимий қалъа ва тепалик тарихи, мажмуада сайёҳлар учун яратилган имкониятлар, замонавий хизматлар ҳақида ҳикоя қилади. Бутун мажмуани айланиб чиқиб, уни томошабинга турли ракурслардан кўрсатади, сунъий пляж қирғоғига бориб, сувнинг тозалигини текшириб кўришни ҳам унутмайди, квадроциклда учади, йўл-йўлакай сайёҳлар хизматига тайёр туяларнинг қаровчиси билан суҳбатлашади ва ҳаво шарида осмонга кўтарилади (тахминан 500-700 метр баландликка). Ресторан ошхонасига кириб бориб, Бухоронинг кўҳна таомларини тайёрлаётган ошпазлар билан суҳбатлашади.
Шу жиҳатлари билан кўрсатув муваффақиятли чиққан. Фақат репортажда сайёҳлар учун жуда муҳим маълумот етишмади: буларнинг бари неча пул туради? Улкан ҳаво шарида осмонга кўтарилиш, туяда сайр қилиш, квадроциклда учиш ва таомларнинг нархи қанча? Аксарият сайёҳлар учун бу биринчи галдаги масала эканини унутмаслик керак. Зеро, саёҳатга отланган кишининг ўзига яраша моддий имкониятлари, ҳордиқ чиқариш учун ажратган муайян миқдордаги маблағи бўлади. Ҳатто бадавлат сайёҳлар учун ҳам бу биринчи бўлмаса-да, иккинчи ўринда турадиган масала.
Мувозанат қоидаси
“Бориб кўрамиз” кўрсатувида бошловчининг импровизациялари қизиқарли муҳит яратади. Шоҳжаҳон Каримов артистик қобилиятга эга. Бундан ташқари, кўрсатув давомида фильмлардан турли парчалар намойиш этилади. Кўп ҳолларда бу парчалар ўзига хос “зиравор” вазифасини ўтаб, репортажни ёрқин ранглар билан бойитади. Аммо баъзан телеижодкорлар “олтин ўрталик”, яна ҳам аниқроғи, мувозанат қоидасини унутиб қўйишади. Мисол учун, тандирчилар маҳалласига бағишланган ноябрь ойидаги кўрсатувда импровизациялар ҳамда турли фильмлардан олинган парчаларнинг ҳаддан зиёдлиги яққол кўзга ташланади.
Бу кўрсатувнинг дастлабки 18 дақиқасига тегишли. Айнан шу қисмда фильмлардан олинган лавҳаларнинг керагидан ортиқчалиги сезилади, бошловчининг юк прицепли мотороллёрда қочиш саҳнаси ҳам ортиқча. Эҳтимол, кўрсатув ижодкорларининг ғояси қисқа метражли фильм элементларини тревел-блог жанри билан уйғунлаштириш бўлгандир, аммо бу уринишни муваффақиятли чиққан дейиш қийин.
Қолаверса, кўрсатувда уста ёки бошловчи тилидан сўзлаб берилган тандир тайёрлаш технологияси ҳақидаги тўлиқ ҳикоя етишмайди. Тўғри, тандир ясашни икир-чикиригача сўзлаш томошабин учун зерикарли бўлиши мумкин. Аммо буни оммабоп шаклда, тандирчиликнинг барча босқичларини қамраб олган қизиқарли деталлар орқали айтиб бериш мумкин. Кўрсатувда эса аксинча, тандир ясашнинг турли босқичлари тартибсиз равишда кўрсатилган, улар орасида боғлиқлик деярли йўқ.
Кўрсатувнинг кейинги қисмига келсак, печак (ичига кўкатли масаллиқ солинган, тандирда пиширилган катта япалоқ сомса) тайёрлаш жараёнини кўрсатиш ва томошабинни ушбу этнографик элемент билан яқиндан таништириш борасидаги ҳаракатлар бесамар кетмаган. Бошловчи уй бекалари билан самимий суҳбатлашади. Печак пишириш жараёнининг айрим лавҳалари тезкор кадрларда кўрсатиб ўтилган бўлса-да, томошабинга тушунарли ва печак тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари тўлиқ очиб берилган.
Тезкор такомиллашув
“Бориб кўрамиз” дастурининг навбатдаги сони юқорида қайд этилган олтин ўрталикка деярли эришиб, тезкор такомиллашувни намоён эта олди. Ушбу сонда Қашқадарё вилоятидаги иккита маҳалла (қишлоқ) ҳақида ҳикоя қилинади. Уларнинг бири бу ерларга тахминан VII–VIII асрларда келиб ўрнашган араблар маҳалласи бўлиб, қишлоқ аҳли ҳозирга қадар анъанавий араб гиламларини қўлда тўқийди. Иккинчисида эса туркманлар истиқомат қилади, уларнинг авлодлари қачонлардир бу ерга келиб, муқим яшаб қолганига қарамай, бугунга қадар қишлоқ аҳолиси миллий қадрият ва урф-одатларини сақлаб қолган.
Икки қишлоқ аҳолиси ҳақидаги ҳикоялар кўрсатувнинг қизиқарли ва бир нафасда кўриладиган бўлишини таъминлаган. Кўрсатувда бошловчининг ўзини тутишдаги эркин услуби ва миллий-маданий хилма-хиллик мавзусига жиддий ёндашуви ўртасидаги мувозанат сақланган.
Фикримча, “Бориб кўрамиз” теледастури яхши потенциалга эга, истиқболли лойиҳа. Айниқса, унга янада ишлов бериб, такомиллаштирса бу нафақат ички туризмни ривожлантиришда, балки юртдошларимизни маданий хилма-хиллик ва азалий анъаналар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Бошқача айтганда, ушбу теледастур фақат қизиқарлигина эмас, фойдали ҳамдир. Бугунги кун одамларининг аксарият қисми кундалик иш, юмуш ва ташвишларга деярли кўмилиб қолган, оила ва яқинлари учун вақт ҳамда куч топа олади, холос. Айниқса, ушбу йилдек оғир бир йилда. Тан олиш керакки, кўпчилик нафақат чет эллардаги, балки ўз мамлакатининг бошқа ҳудудларида юртдошлари қандай яшаётганлиги, ҳозиргача сақланиб қолган анъаналар тўғрисида кам тасаввурга эга. Шу маънода “Бориб кўрамиз” дастури ана шу “бўшлиқ”ни тўлдиришга ёрдам беради.