Журналистлар ва ОАВ раддия бериш талаб қилинган ҳолатларга кўп дуч келадилар. Медиаюрист Карим Бахриев махсус «Янги репортер» учун ОАВ таҳририятидан кимлар раддия беришни талаб қилишга ҳақли, босма ва электрон ОАВда жавоб қайтариш ва раддия бериш тартиби ҳақида сўзлаб берди. У шунингдек, маълумот тўплаш ва материал тайёрлаётганда қандай қилиб даъво ва эътирозлардан сақланиш мумкинлиги бўйича қатор тавсияларни ҳам келтириб ўтди.
Кимлар ОАВ таҳририятидан раддия эълон қилишни талаб қилишга ҳақли?
Юридик ва жисмоний шахслар таҳририятдан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ишончсиз ҳамда уларнинг шаъни ва обрўйига путур етказадиган маълумотлар учун раддия беришни талаб қилишга ҳақли. Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ушбу оммавий ахборот воситасида раддия бериши ва жавоб қайтариши мумкин.
Агар журналист ёки ОАВ ишончсиз ва нохолис ахборот тарқалишида ҳақиқатан ҳам айбдор бўлса, унда яхшиси ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасига мувофиқ жавоб қайтаргани ёки раддияни эълон қилгани маъқул. Хатони тан олиш ОАВ ёки журналист обрўсини туширмайди, аксинча, уларнинг касб этикаси қоидаларига риоя қилишаётгани, шаффофлик ва халоллик, холислик учун курашга бўлган қатъиятидан дарак беради.
Жавоб ёки раддия бериш тартиби қандай?
ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасига мувофиқ, раддия ёки жавоб бунга сабаб бўлган ўша материал жойлаштирилган саҳифада, махсус рукн остида эълон қилиниши лозим. Газеталарда эълон қилиниши лозим бўлган мажбурий муддат – раддия ёки жавоб олинган кундан бошлаб бир ойни ташкил этади, бошқа нашрларда навбатдаги сонида берилиши керак.
Электрон ОАВда раддия ёки жавоб беришнинг тартиби қандай?
Далиллар рад этилади, фикр эмас. Фикрларга жавоб қайтарилади.
Теле-, радио-, видео-, кинохроника дастурлари ва бошқа даврий тарқатиладиган оммавий ахборотнинг электрон турлари томонидан раддия ёки жавоб келиб тушган кунидан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан ўша дастурда ёки туркумда берилади. Агар раддия ёки жавобнинг ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситаси фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, унда ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишган ҳолда матнга асосли тузатиш киритилишига йўл қўйилади.
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, агар оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товлайдиган бўлса ёки материални беришнинг белгиланган муддати бузилган ҳолатда юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Журналистлар можарони судгача хал этиш мумкин бўлган жараён муҳимлигини англаб етишлари лозим. Агар судга қадар тинч йўл билан можарони ҳал этиш мумкин бўлса, яхшиси, бу имкониятдан фойдаланиш маъқул. Негаки, даъво аризаси қачонки ОАВ ва журналист раддияни эълон қилишдан бош тортганда судга берилади. ОАВ ёки журналист эълон қилинган материал туфайли эътироз олганда, улар эҳтимол ҳақиқатан ҳам ўзлари ёзган материалда шахсларнинг ҳуқуқларини бузган бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришлари мақсадга мувофиқ.
Қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
- ОАВ ва журналистларга талаблар ишончли ҳуқуқий асосга эгами;
- Талаблар ишончлилик бўйича текшириш мумкин бўлган далил ва маълумотларга тааллуқлими ёҳуд улар фикр, баҳолаш, шарҳларга тегишлими;
- Эълон қилинган материал(материалнинг чоп этилиши) ва даъвода билдирилган жиҳатлар ўртасида сабабий алоқа борми?
- Раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортиш керакми ёки талаб этилаётган раддияни бериш лозимми — танлаш зарур. Агар сиз раддияни эълон қилишдан бош тортсангиз, унда аризачи судга раддия беришнинг анча оғир талаблари ва маънавий зарар учун товон пули тўлаш даъвоси билан мурожаат қилиши мумкин. Агар сиз раддияни эълон қилсангиз, аризачи сизни унинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганини тан олган деб ҳисоблаб, барибир судга мурожаат қилиши ва энди маънавий зарар ёки чиқимлар учун товон олиш тўғрисидаги даъво билан чиқиши ҳам мумкин.
Маълумот тўплаш ва материал тайёрлаш босқичида эътироз ва даъволардан қандай сақланиш мумкин?
Шундай ишлашга ҳаракат қилиш керакки, ахборот можароси авж олмасин, муаммо судлашувга бориб етмасин. Агар журналист ва ОАВ ўз хавфсизлиги тўғрисида ҳали материал ёки сюжет тайёрлаш босқичида ўйлайдиган бўлса, унда даъво, эътироз ва талаблардан ҳоли бўлиш мумкин.
Ахборот манбалари билан суҳбат ва интервьюлар вақтида маълумот ва суҳбатларни блокнотдагина эмас, балки, ишончли ташувчи жиҳозларда қайд этинг. Бу “ишончсиз маълумот тарқатганлиги учун” даъвосидан ҳоли бўлишга ёрдам бериши мумкин;
- Олинган далиллар ва ёки маълумотларни уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслигини текширинг, уларни бошқа манбалардан олинган маълумотлар, шу жумладан, ҳужжатлар, расмий ёзишмалар, суд ишлари материаллари билан тасдиқланг. Бу ҳужжатлардан нусха олинг – бундай исботлар суд жараёнлари юзага келган ҳолатларда ҳам зарур бўлади;
- Материаллар тайёрлаш вақтида далиллар ва мулоҳазалар, маълумот ва шарҳларни ажратинг. Агар ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ва далилларни тарқатиш тўғрисида сўз борадиган бўлса, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик обрўсига путур етказадиган маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик юзага келади;
- Журналистлар ва ОАВ гарчи тезкор эълон қилиш зарур бўлса-да ёки бу шов-шувли хабар бўлса ҳам, яхшиси, текширилмаган маълумотларни тарқатишдан тийилгани маъқул;
- Имкониятга қараб материалларнинг матни ва иллюстрациясини можаро томонлари ва маълумот манбалари билан “имзо қўйилган” ҳолда келишиш мақсадга мувофиқ;
- Материални ҳуқуқшунос ёки ҳамкасблар билан юридик жиҳатдан бенуқсонлиги бўйича текширинг, юридик нуқтаи назардан ҳавфли позицияларни баҳоланг.
Агар даъво келиб тушса, нима қилиш керак?
- ОАВдаги материалларингиз бўйича ўзаро муносабатни аниқлаб олмоқчи бўлганлар билан оғзаки бахсларга киришманг, фикр-мулоҳазалари ва талабларини ёзма равишда таҳририятга жўнатишларини сўранг;
- Агар жавоб ёки раддия эълон қилиш тўғрисидаги талаб баён қилинган хат келиб тушадиган бўлса, унда албатта белгиланган муддатда қайси талаблар қондирилиши мумкин, қайсилари йўқ ва нима учунлиги кўрсатилган ҳолда жавоб беринг.
- Жавоб ёки раддияни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилишдан аввал барча оқибатларни тарозига солиб кўринг.
Лойиҳа Марказий Осиё медиадастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт Агентлиги (USAID) кўмагида амалга оширилмоқда.