No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиСуд жараёнида  ўзини қандай тутиш лозим?  Журналистларга тавсиялар

    Суд жараёнида  ўзини қандай тутиш лозим?  Журналистларга тавсиялар

    Судлашиш – фожиа ҳам, драма ҳам эмас, у ҳуқуқий давлат ва демократиянинг муҳим элементидир. Суд ишига  ҳар икки томон тайёрланмоғи зарур. Аризачи ўз талабларини исботлаши, сиз эса судни даъво талаблари асоссизлигига ишонтириш учун унга ўз далил-исботларингизни қарши қўйишингиз лозим бўлади. Медиаюрист Карим Баҳриев «Янги репортёр» учун махсус, агар сиз –жавобгар ёки даъвогар бўлсангиз, суд бошланишигача нималар қилиш кераклиги, ўзингизни судда қандай ҳимоялаш, қандай тутиш лозимлиги ҳақида сўз юритади.

    Суд бошлангунча нима қилиш керак?

    Агар журналист ёки ОАВ мустақил ёки вакиллари ёрдамида суд жараёнида қатнашадиган бўлса, қуйидагиларни тавсия қиламан:

    • Суд иши материаллари, даъво аризаси ва даъво бўйича барча ҳужжатлар билан аввалдан танишиш;
    • Даъво аризасига жавоб тайёрлаш, даъвогарнинг талаблари асоссиз эканини тушунтириш;
    • Лингвистик экспертиза учун ҳаракат қилиш. Тухмат ва ҳақорат тўғрисидаги ишларда муайян контекстдаги сўзларнинг маъносига изоҳ бериш муҳим аҳамиятга эга(айниқса, ҳақорат қилганликда айблашга нисбатан).

    Судда қандай ҳимояланиш лозим?

    Суднинг қарорлари ижро учун мажбурий, улар  баъзан  журналист ёки ОАВнинг  тақдирини хал қилиши мумкин. Судда журналистлар ва ОАВ даъвогар-аризачи, учинчи томон, гувоҳ бўлишлари мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ўзингизнинг, шунингдек, жараённинг бошқа иштирокчиларининг суддаги ваколатларини билишингиз зарур.

    Судда ўзни қандай тутиш  керак?

    • Судга тайёргарлик босқичида ва суддан кейин, фуқаролар қабули ўтаётган кунларда бориш мақсадга мувофиқ. Масалан, маълумот олиш, суд иши  қачонга  белгиланганини, у ёки бу ҳужжат, суд қарорини олишга қачон бориш мумкинлигини билиш учун.
    • Ҳамиша хушмуомала ва сабрли бўлинг.
    • Судья судга даъвогар сифатида қачон чақирса, албатта, боринг. Агар даъвогар  икки марта судга бормаса, унда иш ёпилади. Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади.
    • Судья зал ёки кабинетга кирганда, ўриндан туриш зарур. Судья қаршисида фақат тик туриб гапириш лозим, фақат судья стулдан турмасликка  рухсат бергандагина ўтириш мумкин. «Ҳурматли суд» ёки «Ижозатингиз билан» деб мурожаат қилиш меъёр ҳисобланади.
    • Судья ёки котибга суд мажлиси бошида қарши таклифлар ҳақида гапириш мумкин, кейин — эътирозлар ёки гувоҳнинг чақирилиши, муайян ҳужжатни талаб қилиб олиш, экспертиза белгилаш ва бошқа илтимослар. Гувоҳнинг чақирилиши борасида унинг маълумотлари, яшаш жойини маълум қилиш, у нима тўғрисида хабар қилишини тушунтириш, илтимосни ёзма равишда тақдим этиш мақсадга мувофиқ.

    Агар ОАВ ёки журналист даъвогар бўлса, судда ўзини қандай тутиши лозим?

    • Суд мажлиси залидаги тартиб учун жавобгарликни судья ўз зиммасига олади. Шунинг учун  ҳар қандай ҳолатда, аввало, унга  мурожаат қилиш лозим. Масалан, агар иккинчи томон  сизга қичқирса, сиз судьядан ўзингизни жавобгарнинг  ҳақоратлари ёки тухматларидан ҳимоя қилишни сўрайсиз.
    • Иш кўрила бошланишидан судья даъвогардан  даъво мазмунини  тушунтиришни илтимос қилади. У саволлар бериши мумкин. Жавобгар томон даъвога жавоб тайёрлаши мумкин. Агар жавоб катта ҳажмда ва мураккаб бўлса, суд ўзининг ёки даъвогарнинг ташаббуси билан суд иши материалларини ўрганиш учун бошқа вақтга кўчириши мумкин.
    • Агар сиз судья томонидан  қонун бузилишларига дуч келсангиз, унда портатив ёзиш воситаларидан фойдаланган ҳолда уларни ўзингиз учун қайд этиб қўйинг. Судьянинг  бирон бир хатти-ҳаракатларига қўшилмасангиз, буни одоб билан ифодаланг. Жумладан, бу ҳақда баённомага ёзув киритишни талаб қилиш мумкин.

    Агар ОАВ ёки журналист жавобгар бўлса, судда  ўзини қандай тутиши лозим?

    • Даъвогарнинг даъво талаблари билан танишиш, унинг даъво аризасини ўрганиш керак. Суд иши материаллари билан танишиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, Фуқаролик-процессуал ва Жиноий-процессуал кодексларида белгилаб қўйилган.
    • Кейин сизнинг ва ОАВ манфаатларини акс эттирувчи ҳуқуқий позицияни яратиш лозим. Бунда ҳуқуқшуносга маслаҳат сўраб мурожаат қилиш фойдадан холи эмас.
    • Сиз ҳам ўз позициянгизни ифодалаб, қарши даъво аризаси беришингиз мумкин. Агар сиз қарши даъво аризаси бериш муддатини ўтказиб юборган бўлсангиз, унда илтимоснома тайёрласангиз бўлади.
    • Сиз аввалдан тайёрлайдиган ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари ишни ютиб чиқишда фойдали бўлади. Суд – бу икки томоннинг тортишувли  жараёни, унда тайёргарлик кўрган ва ўз позициясини ҳимоялаш учун кўпроқ қонуний далиллар келтирган томон ғолиб чиқади.
    • Даъво талаблари далилларини қандай қилиб рад этиш ҳақида ўйланг. Сиз ўзингизга нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этиш учун  даъвогарга берадиган саволларингизни тайёрланг.
    • Мажлисда сиз илтимоснома (гувоҳлар, мутахассислар, экспертларни  чақириш, суд экспертизаларини  белгилаш, гувоҳларни сўроқ қилиш, ишда учинчи шахсларни иштирок этишга жалб этиш) беришингиз, қарши даъво аризаси тақдим этишингиз ёки ишни тинч келишув билан тугатишингиз мумкин.
    • Маъмурий жараёнда баённома юритилмайди. Шунинг учун яхшиси аудиоёзув юритган маъқул. Бунинг учун суддан рухсат олиш талаб этилмайди, бироқ бу ҳақда уни хабардор қилиш керак бўлади. Жиноий ва фуқаролик ишида ёзма баённома қилинади. У билан ҳар доим танишиш мумкин. Аммо сиз бу ўринда ҳам судни хабардор қилган ҳолда аудиоёзув ёзиб олишингиз мумкин.

    Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ:

    а) очиқ суд мажлисларида фото суратга олиш, видеоёзув, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция  қилишга йўл қўйилади: фуқаролик иши кўриб чиқилаётганда суд мажлисига раислик қилувчи рухсати билан, иш бўйича томонлар розилиги олингандан кейин;  жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар ва  маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда суд ишига раислик қилувчи рухсати билан томонлар фикрлари эшитилгандан кейин амалга оширилади;

    б) Очиқ суд мажлисида аудиоёзувга рухсат  берилади: фуқаролик иши  кўрилаётганда  суд мажлисига раислик қилувчи рухсати билан, иш бўйича томонлар розилиги олингандан кейин; жиноий иш ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда суд мажлисига раислик қилувчи рухсати билан томонлар фикрлари эшитилгандан кейин йўл қўйилади.

    Суд  мажлиси залидагилар ҳар қандай иш бўйича бемалол  хабарлар ёзиши, стенограмма тайёрлаши, иқтисодий ишлар ва маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни кўраётганда аудиоёзувни ҳам ёзиб олиши мумкин. (Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини  таъминлаш тўғрисида”ги қарори (2020 йил 21 февраль, № 04).

    Қонунда йўл  қўйилган  шаклда суд мажлиси боришини қайд этишни амалга оширадиган шахслар хатти-ҳаракати суд мажлисидаги тартибга ҳалақит бермаслиги керак.

    Шуни ҳам ёдда тутиш муҳим:

    • Суд бетараф ҳисобланади. У бирон томоннинг ёнини олишга ҳақли бўлмагани учун маслаҳат бермайди, тавсия қилмайди ва ўзи ҳам исбот қидирмайди.
    • Даъвогар ва жавобгарлар исбот ва далиллар тақдим этадилар, уларни суд баҳолаб, қарор чиқаради (фуқаролик иши бўйича), ҳукм қилади (жиноий иш бўйича) ёки қарор қабул қилади (маъмурий ҳуқуқбузилишлари тўғрисидаги ишлар бўйича).
    • Ўзингиз бирон бир исбот топа олмайдиган ҳолатларда суд уларни талаб қилиб олиш ва тўплашда ҳамда сизнинг илтимосномангиз ва кўрсатмангиз бўйича манзил, ташкилот ёки шахсдан сўров йўли билан олишда ёрдам кўрсатиши мумкин.
    • Ёлғон кўрсатма берганлик, кўрсатма беришдан бош тортиш, далилларни сохталаштириш, судга ҳурматсизлик учун жавобгарлик бор.

    Судда ўзини тутишнинг қандай қоидаларига риоя қилиш керак?

    • Суд мажлисига тайёр ҳолда, ҳужжатлар билан келиш, шунингдек, ёзиш учун қоғоз олиш лозим;
    • Сўзга чиққан томонларнинг сўзини бўлмаслик, ҳар доим мунозара ёки иш бўйича позициялар ошкор қилинаётганда ўз навбатини кутиш лозим;
    • Уришмаслик керак. Уришиш сизга фақат муаммони кўпайтиради. Агар қарор сизни қониқтирмаган бўлса, томонларга, айниқса, судьяга заҳрингизни сочманг;
    • Судьянинг сўзини бўлманг, ўтирган жойингиздан ўз фикрларингизни бақириб айтманг. Агар айтилганларни тўлдириш ёки савол бериш керак бўлса, унда  процессуал тартибга амал қилиш лозим.
    • Воқеликни бузиб кўрсатмасликка ва ишончсиз  маълумот тақдим этмасликка ҳаракат қилинг.
    • Жанжал, ҳақорат ва шахсан хамлалардан тийилиш мақсадга мувофиқ.

    Инсонпарварлик, ҳаққонийлик ва холислик журналистнинг ижтимоий муҳитдаги касбий этикаси асоси ҳисобланади. Фақат ҳақиқат тўғрисида ёзиш, воқеалар, холатлар, можаролар, ҳодисаларни тадқиқ қилган ва текширганда ноаниқлик ва хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қилиш лозим. Журналистлар ва ОАВ томонидан бу талабларнинг  бузилиши ОАВ обрўси йўқолишига ва юридик жавобгарлик юзага келишига сабаб бўлишини унутиш мумкин эмас.

    Журналист одамларнинг миш-мишига асосланмаслиги, алдамаслиги ёки  ҳуқуқий маънода жуда заиф кўринмаслик учун фақат тахминларга берилмаслиги лозим. «Тасдиқланмаган маълумотларга кўра», «бизга маълум бўлишича», «манбанинг бизга хабар қилишича» каби сўз бирикмалари ёлғон хабар тарқатиш ҳақидаги  айбловлардан қутқара олмайди.

    Ёдда тутинг, яхшиси, ишни судгача олиб бормаслик керак. Газетада ёки оғзаки кечирим  сўраш, «аниқлик киритиш» ёки раддия бериш мақсадга мувофиқ. Аслида, умуман, хато қилишдан  қочиш, айбсизлик презумициясини ҳисобга олиш, кишини  унинг иши бўйича  ҳукм қонуний кучга киргунга қадар жиноятчи деб атамаслик энг тўғри йўл.

    Таржимон Шаҳноза Қурбонбоева
    Таржимон Шаҳноза Қурбонбоева
    Тележурналист, таржимон.  «Кинопро», «Тасвирий санъат усталари» кўрсатувлари муаллифи ва бошловчиси.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read