14 апрель куни “Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотлари доирасида америкалик афсонавий ҳужжатли фильмлар режиссёри Жон Алперт билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. У мухбир ва ҳужжатли фильмлар мутахассиси, Нью-Йоркдаги Шаҳар жамоатчилик телевизион марказининг (Downtown Community Television Center, DCTV) асосчиси, сайёрамизнинг деярли барча қайноқ нуқталарида бўлиб қайтган, ўнлаб фильмлар муаллифи. Жон Мактаб машғулотлари иштирокчилари ва Facebook жонли эфиридаги меҳмонларга ўзининг ҳужжатли лойиҳалари рецепти, шунингдек, бир нечта ҳикоялари ҳақида сўзлаб берди, ўз ишига бўлган иштиёқ нафақат ҳужжатли фильмларни суратга олиш, балки қаҳрамонлар билан дўстлашишга қандай ёрдам бериши ҳақида гапириб ўтди.
– Биринчи фильмимни тасодифан суратга олдим. Нью-Йоркда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлар эдим. 1970 йилларнинг бошларида бу жуда хавфли иш бўлган. Бизни гиёҳвандлардан кўра ноқулай иш шароитларини яратган такси компаниялари раҳбарлари таладилар. Биз доим ҳаётимизни хавф остига қўяр эдик – машиналар шундай ҳолатда эдики, тормоз ҳар қандай вақтда ишламай қолиши мумкин эди. Биз доим бир-биримиз билан рақобатлашганмиз: йўловчи талашиб, ўзаро жанжаллашар ҳам эдик. Ҳамма рақобатлашишни хоҳларди, ҳеч ким бирлашиш ва шу орқали биргаликда яхши иш шароитларига эришишни истамаган.
Бир куни қўлимизга оқ-қора тасвирга олувчи арзон камера тушиб қолди. Биз такси ҳайдовчилари дуч келаётган муаммо ва уларни қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида қисқароқ фильм суратга олдик. Ва уни шаҳарнинг 50 та гаражида намойиш этдик. Бу гўё сеҳрли таёқ тўлқини каби акс-садо берди. Биз касаба уюшмаси ишончини қозондик, улар бизни тинглай бошладилар. Такси ҳайдовчилари билан тузилган шартномалар уларнинг фойдасига қайта кўриб чиқилди.
“Қандай яхши, ишимиз наф берди”, деб ўйладик ва бундан руҳланиб, тез орада таълим ҳақида фильм суратга олдик. Шаҳар мактабида коррупция авж олган эди: маъмурият ажратилган бюджет маблағларни ўзлаштириб юборган, ўз қариндошларини ишга жойлаган, йиғилишларда оддий одамларга сўз берилмас экан. Биз ушбу коррупция ҳақида гапирганимизда, бизга ишонишмади. Сўнг видео тайёрладик, шундан кейин улар бизга ишонишди. Коррупциялашган амалдорлар ишдан бўшатилди. Биз яна ғалаба қозондик. Ва шу қарорга келдикки, биз энди барча муаммоларни камерамиз ёрдамида ҳал қиламиз…
Мен яхши журналистиканинг учта махфий таркибини ТАР ибораси билан ифодалайман. (Жон столни қўли билан уради, tap-tap-tap, деган овоз чиқади — муаллиф изоҳи).
Биринчи таркиб – Time (вақт). Сиз суратга олинаётган жойда бошқа одамларга қараганда кўпроқ вақт мобайнида бўлишингиз керак.
Биз Нью-Йоркдаги камбағаллар даволанадиган касалхона ҳақида лавҳа қилдик. Кўз ўнгимизда жаноб Спинелли олиб келинди, у юрак хуружига учраган, деярли ҳаёт аломатлари мавжуд эмас эди, лекин уни уқалаш орқали ҳаётга қайтаришди. Мен биз касалхонада бир неча кун қолиб, бу беморнинг тақдирини кузатиб боришимиз кераклигини ҳис қилдим. Бир неча кундан кейин у иккинчи марта юрак ҳуружига учради. Шифокорлар уни қутқара олмадилар – жаноб Спинелли вафот этди. Биз буларни суратга олишга муваффақ бўлдик.
Бунинг бир қатор сабаблар бор эди: ҳамшираларнинг етишмаслиги, кардиологга соатбай иш ҳақи тўлаш (мутахассис уйда бўлади, у касалхонага фавқулодда ҳолатларда чақиртирилади), эски техника (уни тузатадиган техник ходимлар ва таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар етишмаслиги). Аслида Нью-Йорк касалхонасида учинчи дунё мамлакатларидаги каби шароитлар мавжуд эди.
Бу Америка телевидениесида биринчи марта камера қаршисида ўзим ҳолатининг намойиши эди. “Кеча жаноб Спинелли вафот этди” деган репортаждан “Спинелли камера қаршисида вафот этди” деган репортажнинг фарқи бор. Материал катта шов-шувга сабаб бўлди, барчани ғазаблантирди. Ҳукумат ушбу касалхонага маблағ ажратишига тўғри келди. Аммо ушбу репортаждан сўнг биз учун жамоат телевидениесига йўл ёпилди, биз қора рўйхатга тушдик. Ҳа, журналистнинг иши шундай оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Буни ҳисобга олиш керак.
Қоидалар вақт ўтиши билан мустақил ҳужжатли фильм ижодкорлари фойдасига ишлайди. Иш жойингиздаги бошлиғингиз агар касалхонада беш кунлаб ўралашиб қолсангиз, бу унга ёқмайди. Ҳа, телекомпаниялар ўз вақтлари учун жуда қиммат тўлайдилар, лекин шахсан сиз ҳеч қандай харажат қилмайсиз. Вақт бу сизнинг шахсий ресурсингиз, ундан тўлақонли фойдаланинг. Мен керакли жойда қанча лозим бўлса, шунча вақт қолишликнинг тарафдориман.
Шу жумладан одамлар сизга ишонишни бошлашлари учун ҳам. Ўшанда ускуналар жуда катта эди – биз уларни болалар аравачасида ташиш ғоясини таклиф қилдик. “Вой, аравача! Ха-ха-ха”, бу одамлар учун аҳамиятли эди. Бундан ташқари, биз хонада шу қадар узоқ қолиб кетдикки, девор гулқоғозлари билан бирлашиб, уйғунлашиб кетдик, бизга эътибор бермай ҳам қўйишди. Одамлар очилиши учун жуда эҳтиёткор ва нозик дидли бўлиш керак. Кўп босим ортиқчадир.
Иккинчи таркиб — бу Access (очиқлик). Сизда вақт беҳисоб бўлиши мумкин, аммо сиз агар нотўғри жойни танласангиз, бундан ҳеч қандай фойда йўқ. Ҳеч ким боролмайдиган жойга қандай қилиб боришни билиш керак. Ишончга киринг, шунда улар ўзлари сизга ҳеч кимга кўрсатмайдиган нарсаларни кўрсатишни истаб қолишади. Бу ишнинг энг муҳим қисмидир.
Менда бундай мисол бўлган. 90 йилларнинг бошларида Нурсултон Назарбоевни тасвирга олаётган эдим. Мен уни тўлиқ қамраб ола олмадим, фақат ярми. Ва репортаж ҳам ярим кўринишда тақдим қилинди.
Мен Netflix тармоғида очиқлик нақадр муҳимлиги ҳақидаги “Куба ва оператор” фильмимни кўришни тавсия этаман. Мен ушбу Фидель Кастро ҳақидаги фильмни 45 йил давомида суратга олдим. Менда ушбу фильм қаҳрамонларига очиқ мурожаат қилиш имкони бўлган, у ерда суратга олинганларнинг барчаси менинг дўстларимга айланишган. Ҳатто Фидель Кастро ҳам. Қизим билан Кубага келганимда, у таътильда бироз ушланиб қолди ва мактабига кечикди. Биз Фиделдан унинг ўқитувчиси учун мактуб ёзиб беришини илтимос қилдик: “Кечирасиз, у мендан интервью олгани учун ушланиб қолди. Фидель Кастро”. Менинг вақтим бор эди — 45 йил. Мен учун бу очиқ эди.
Учинчи таркиб – Passion (иштиёқ, завқ) 45 йил давомида бирор нарса қилиш жуда қийин. Ва сизнинг камерангиз қаршисида кимдир ўлишини кўриш ҳам даҳшатли. Агар сиз ҳақиқатан ҳам ўз ишингиз жуда муҳимлигига ишонмасангиз, қалбингиз қаҳрамонлар учун ачинмаса, сиз ҳеч нарса қила олмайсиз, шунчаки таслим бўласиз. Сиз яхши мухбир бўла олмайсиз.
Ҳозир АҚШда бизга энг фойдали таом учта таркибдан иборат озиқ-овқат эканлигини таъкидлаб, ўргатишади. Агар қўшимча ва кимёвий моддаларнинг рўйхати катталашиб кетса, уни зарарли деб ҳисоблайверинг. Демак, келинг, учта сирли ингредиент (таркиб) ни қолдирамиз: вақт, очиқлик, иштиёқ.
***
Аввалроқ Мактабда ҳужжатли фильмлар тайёрлаш босқичлари ҳақида машғулотлар бўлган эди: логлайн, синопсис, тизер, трейлер яратиш, шунингдек, жамоада ишлаш, питчинг ва молиялаштириш йўллари.
“Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотларига 10 март куни старт берилди. Назарий машғулотлар 15 апрелгача, амалий машғулот ва менторлик 25 июнгача қадар давом этади. Мактаб сабоқлари онлайн режимида, Zoom платформасида ўтказилмоқда. Таълим рус тилида олиб борилсада, қозоқ, тожик ва ўзбек тилларига синхрон таржима қилинади. Мактаб ишида қатнашиш учун Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан янги бошловчи режиссёрлар танлаб олинди. Аввалига улар таниқли ҳужжатли киночилар, халқаро тоифадаги мураббийлар раҳбарлигида олти ҳафталик интенсив машғулотларда иштирок этадилар, уй вазифаларини бажарадилар, устахоналар фаолияти, фильмлар намойиши ва муҳокамаларда қатнашадилар. Сўнг икки ойлик суратга олиш ва монтаж ишлари ҳамда Мактаб мураббийлари раҳбарлигида ўз фильмларини тайёрлайдилар.