No menu items!
More
    ДомойЮридик кўмакСуд жараёнини фото ва видео тасвирга олишда нималарни билиш керак? Ўзбекистонда судларнинг...

    Суд жараёнини фото ва видео тасвирга олишда нималарни билиш керак? Ўзбекистонда судларнинг очиқлиги бўйича қўлланма

    Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ таҳририятларида суд амалиётининг очиқлиги тўғрисида кўплаб саволлар келиб чиқади. Медиаюрист Карим Баҳриев “Янги репортёр” учун махсус Ўзбекистонда судларнинг очиқлик ҳолати бўйича қўлланма тайёрлади. Ушбу туркум мақолалардан 5 та мавзу ва 28 та саволга жавоблар ўрин олган. Тўртинчи мақола “Суд жараёнининг бориши қандай қайд этилади? Суд жараёнини фото ва видео тасвирга олишда нималарни билиш керак?”, деган саволларга жавоб беради.

    Очиқ жараённи фото ва видео тасвирга олишга қандай тартибда рухсат берилади?

    Қонунга биноан очиқ суд мажлисини фото, видео тасвирга олиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга рухсат берилади:

    • фуқаролик ишини кўриб чиқишда – ишдаги томонларнинг розилиги олингандан кейин суд мажлиси раисининг рухсати билан;
    • жиноий, иқтисодий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда – томонларнинг фикрлари эшитилганидан сўнг суд раисининг рухсати билан.

    Очиқ жараённи аудиоёзувга муҳрлашга қандай тартибда рухсат берилади?

    Қонунга биноан очиқ суд мажлисининг аудиоёзувига рухсат берилади:

    • фуқаролик ишини кўриб чиқишда – ишдаги томонларнинг розилиги олингандан кейин суд мажлиси раисининг рухсати билан;
    • жиноий, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда – томонларнинг фикрлари эшитилганидан сўнг суд раисининг рухсати билан.

    Суд залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай ишни ёзма қайд этиб боришлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриб чиқишда эса, шунингдек, аудио ёзувни эркин тарзда амалга оширишлари  мумкин.

    Жараён иштирокчиларининг илтимослари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг мурожаатларини қондириш ёки рад этиш тўғрисида суд шу жойнинг ўзида қарор қабул қилади ва суд мажлисининг баённомасига киритади.

    Суд жараёнининг боришини қандай қилиб қайд этиб бориш мумкин?

    Суд жараёнининг қайд этиб борилиши одил судловнинг асосий тамойили – унинг ошкоралиги кафолатларидан бири. Бу суднинг, тарафлар ва жараённинг бошқа иштирокчилари процессуал ҳаракатларини, шунингдек, ишни кўриб чиқиш пайтида ҳолатларни (фактларни) белгиловчи ҳужжатларнинг мажбурий процессуал бажарилишини англатади.

    Қайд этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади: техник воситаларда; суд мажлиси журналини юритишда; алоҳида процессуал ҳаракатлар тўғрисида баённома тузишда.

    Овоз ёзиб олувчи техник воситалар ёрдамида суд мажлисини тўлиқ ёзиб олиш суд мажлисининг котиби ёки суд раисининг буйруғи билан суд аппаратининг бошқа ходими томонидан амалга оширилади.

    Ишда иштирок этаётган шахслар суд мажлисининг техник баённомаси, суд мажлиси журнали билан танишиш ҳуқуқига эгалар ва агар улардаги баённоманинг тўлиқ эмаслиги ёки нотўғрилиги юзасидан бирон бир эътирозлари бўлса, иш бўйича қарор эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида судга мурожаат этишлари мумкин.

    Суд залида ҳозир бўлган журналистлар ёки бошқа шахслар ҳам суд мажлисининг боришини ёзма равишда ёки аудио ва видео ёзувлар, фото ва видео тасвирга олиш орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайд этиб боришлари мумкин.

    ЎзР ЖПКнинг 19-моддасига биноан суд ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосига биноан судларда жиноят ишлари бўйича очиқ суд жараёни аудио ва видео ёзувлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди ва бундай мажлисда аудио ва видео ёзиб олиш амалга оширилмайди.

    Суд залида овоз ёзиш, суратга, видеотасвирга ва кинога олишга фақат суд мажлиси раисининг рухсати билан йўл қўйилади, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилади.

    Овоз ёзишга қандай тартибда рухсат берилади?

    2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувни амалга ошириш орқали олиб борилади. Бу ҳақда ЎзР Aдлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

    Журналистлар ва бошқа иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги суд ишларининг очиқлигини ва судлар фаолияти ҳақида маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисидаги қарорига биноан, очиқ суднинг аудио ёзувига рухсат берилади:

    • фуқаролик ишини кўриб чиқишда – суд раисининг рухсати билан иш бўйича тарафларнинг розилигини олгандан кейин;
    • жиноят иши ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда – суд раисининг томонларнинг фикрларини эшитгандан сўнг рухсати билан.

    Суд залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай ишни ёзма қайд этиб боришлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриб чиқишда эса, шунингдек, аудио ёзувни эркин тарзда амалга оширишлари  мумкин.

    Жонли эфирга қандай тартибда рухсат берилади?

    Aфсуски, ҳозир суд жараёнларининг жонли трансляцияси йўқ. Бу фуқароларга суд мажлисларини реал вақт режимида бевосита кузатиб бориш имкониятини яратган ва нафақат суд мажлисларининг очиқлигини таъминлаш, балки фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.

    2018 йилда тажриба тариқасида бундай тизим Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларининг 12 та судида жорий қилинган  ва ишга туширилган эди. Ўша йилнинг охирига қадар яна 22 та, 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судларда онлайн трансляцияни жорий этиш режалаштирилган эди. Aфсуски, 2019 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти) қонунчилик палатаси депутатлари суд залидан онлайн трансляцияларни ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмасликка қарор қилдилар. Ҳужжат кун тартибидан чиқарилди, дея хабар қилади парламент қуйи палатаси матбуот хизмати. Бир гуруҳ депутатларнинг фикрига кўра, суд жараёнларини онлайн равишда узатиш “шахсий ҳаётга дахл қилиш” ҳисобланади ва бу ерда “айбсизлик презумпцияси тўғрисидаги қоидалар бузилади”.

    “Биз интенсив ислоҳотлар жараёни даврида яшаяпмиз. Aҳолининг кайфиятини кўтариш, келажакка ишонч уйғотиш устувор вазифамиздир. Шуни инобатга олган ҳолда, томонлар ўртасида турли хил суд жараёнларини тўғридан-тўғри телевидение ёки ижтимоий тармоқларда намойиш қилиш одамларга, айниқса ёшларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, деди “Миллий тикланиш” партияси вакили Aкмал Умирзоқов.

    Суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш амалиёти шу тарзда тўхтаб қолди. Бунинг учун ишга туширилган махсус сайт ҳозир ишламаяпти.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read