No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистон журналистлари учун ахборот манбалари: ОАВ ошкора постдан муаллифнинг рухсатисиз иқтибос келтириши...

    Ўзбекистон журналистлари учун ахборот манбалари: ОАВ ошкора постдан муаллифнинг рухсатисиз иқтибос келтириши мумкинми?

    Ўзга матнлардан муаллифнинг рухсатисиз иқтибос келтириш мумкин бўлган ҳолатлар “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасида кўрсатилган:

    “Асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан қуйидаги тарзда эркин фойдаланишга йўл қўйилади: ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш; ошкор қилинган асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш; кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно; омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни кўзланган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади; кундалик воқеалар жараёнида кўриш ёки эшитиш мумкин бўлган асарларни ана шундай воқеаларнинг шарҳларида фотография ёки кинематография воситалари ёрдамида эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш йўли билан ахборот мақсадига мос ҳажмда такрорлаш ёки барчанинг эътибори учун юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади”.

    Жумлалар тузилиши жуда ноаниқ ва иқтибоснинг мақсади, мақсад билан оқланган оқилона ҳажм ҳақида ҳам кўп баҳслар келтириб чиқармоқда. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам журналист ва таҳририят муаллифнинг исми ва фамилиясини, шунингдек, манбасини – ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчи саҳифасига фаол гиперҳаволани кўрсатиши шарт. Муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш учун ОАВни рўйхатга олиш ресурсининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги муҳим эмас — қонун ҳамма учун амал қилади.

    Бировнинг шахсий аккаунтидаги матндан фойдаланиш қанчалик қонуний ва ахлоқ меъёрларига мос?

    Иқтибос беришнинг махсус тартиби йўқ ва бу талаб қилинмайди ҳам. Постни тўлиқ қайта чоп этиш учун эса муаллифнинг розилиги талаб қилинади.

    Муаллифнинг исми ёки фамилиясидаги хатони таҳририят тузатиши керакми?

    Агар бу ҳақиқатан ҳам хато бўлса, таҳририят уни ҳеч қандай қўшимча шартларсиз тузатиши керак. Агар таҳририят хатони тузатишдан бош тортса, интернетдаги муаллиф буни муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши сифатида талқин қилиши ва судга мурожаат қилиши мумкин. Суд аввало муаллифнинг ОАВга бундай илтимос билан мурожаат қилган ёки қилмаганини аниқлайди.

    Журналист ёки таҳририят материални тўлдириш учун интернетдан сурат олса бўладими?

    Интернетдаги фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиши мумкин ва улардан фойдаланиш нафақат муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун билан, шу билан бирга ФКнинг тасвирий асарларга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги нормалари билан ҳам тартибга солинади.

    Тасвирий асарни ҳимоя қилиш режими муаллифлик ҳуқуқи режимига киритилмаган, бу алоҳида юридик тоифадир. ОАВ муаллифдан фотосуратдан фойдаланишга рухсат олган бўлса ҳам, ушбу фотосуратда тасвирланган шахс исталган пайт уни олиб ташланишини талаб қилиши мумкин.

    Фуқародан ўзининг сурати туширилган фотосуратдан фойдаланишга розилигини олиш керак, фотосурат очиқ ташриф жойларида ёки оммавий тадбирларда олинган ва унинг сурати асосий фойдаланиш объекти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

    Ёдда тутиш керакки, жисмоний шахснинг фотосурати ҳатто интернетда эркин тарзда жойлаштирилган бўлса ҳам жамоат ҳаётининг ҳодисаси эмас. Ундан фойдаланиш розилик олиниши керак.

    Интернет ва ижтимоий тармоқлар материаллари билан ишлаш замонавий ОАВ учун энг мураккаб ва нозик масаласидир.

    Агар ОАВ ёки журналист қонунчиликни бузган бўлса, АОКА огоҳлантириши ёки фуқаро даъво аризаси бергунига қадар хатони тўғрилаш уларнинг манфаатларига хизмат қилади. Суиистеъмолликка йўл қўймаслик, уларни қўллай олий учун қонунчиликни билиш ва тушуниш муҳимдир.

    Ҳамма нарсани кетма-кет ўчириб юбормаслик ва ОАВни зерикарли манбага айлантириб қўймаслик учун қонун нормаларини билиш ва тушуниш керак. Масъулиятдан қўрқиш ўз-ўзини цензура қилишга олиб келмаслиги лозим.

    Ахборот манбалари билан ишлаш жараёнида қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик қандай?

    “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига кўра, журналист ўзи тайёрлаган ва тарқатаётган хабар ва материалларнинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.

    “ОАВ тўғрисида”ги ЎзР қонунининг 40-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Бу тартиблар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 218-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 140-моддасининг 2-қисми билан жорий қилинган.

    Интернет материаллари билан ишлашда муаммолар кўпинча шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш нормалари (ЎзР ФКнинг 99 ва 100-моддалари), туҳмат ва ҳақорат (ЎзР ЖКнинг 139 ва 140-моддалари), ёки муаллифлик ҳуқуқи нормалари бузилиши (ФК ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги ЎзР қонуни) натижасида юзага келади. Баъзида тасвирлардан фойдаланиш ёки шахсий ҳаётга аралашиш ҳақидаги эътирозлар пайдо бўлади.

    Журналистлар ва ОАВ учун ушбу қоидага амал қилиш муҳим: агар сиз мақолани қонуний деб ҳисобласангиз, уни ўчириб ташлаш керак эмас. Агар бирор жойда қонун бузилиши борлигини эътироф этсангиз, уни суддан аввал тузатиш, таҳрир қилиш ёки ўчириб ташлаш маъқулдир.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read