No menu items!
More
    ДомойМедиа танқид«Jaslar TV» телеканали. Ким, нима ҳақида сўз юритади?

    «Jaslar TV» телеканали. Ким, нима ҳақида сўз юритади?

    «Jaslar TV» телеканали – салкам 2 миллионлик аҳолига эга Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб эфирга узатиладиган дастлабки хусусий телеканал. У 2018 йилда ташкил топган. Кўрсатувлари асосан қорақалпоқ тилида тайёрланади. Хўш, телеканал ўтган давр мобайнида қандай ютуқларга эришди? Дастурларни тайёрлашда кўпроқ нималарга эътибор бермоқда? Қуйида ана шулар ҳақида сўз юритамиз.

    Янгиликлар блогидаги эски жанрлар

    «Jaslar TV» телеканалидаги информацион дастурлар блоги биргина «Qaraqalpaqstan online» кўрсатуви билан чекланади. Телеканал мутасаддиларининг билдиришича, кўрсатув 15 дақиқага мўлжалланган. Аммо амалиётда айрим сонларининг давомийлиги 10 дақиқани ҳам ташкил этмайди.

    Масалан, 6-август сони 6 минут 54 сония давом этди. Бошловчи дастлаб информацион дастурнинг анонсини ўқиб эшиттирди. Биринчи лавҳа И. В. Савицкий номидаги давлат музейида ташкил этилган «Ҳәммеси усылай басланған еди» деб номланган кўргазмадан репортаж билан бошланди. Юқорида келтириб ўтганимиздек, лавҳа эски давр тележанрларидан ҳисобланган фоторепортаж шаклида тайёрланган. 2 дақиқа 10 сония давом этган лавҳага ўндан ортиқ фото танланган, расм камлиги ва хабар вақти чўзилиб кетгани сабабли расмлар икки маротаба такрор кўрсатилди. Бундан ташқари, мухбир матнидаги музей тарихи билан боғлиқ маълумотлар билан лавҳа ўртасида мутаносибликнинг йўқлиги ҳам кўнгилни хира қилди.

    Мактабгача таълим ходимлари республика танловидан тайёрланган кейинги лавҳа эса 2 дақиқа 3 сония давом этди. Аммо лавҳа аввалига 8 та фоторасм билан бошланиб, кейинчалик видеотасвирларга уланиб кетди. Бизнингча, лавҳа бир хил контентда бўлиши лозим эди. Чунки контентнинг турлича эканлиги телетомошабинни чалғитиши мумкин.

    https://www.youtube.com/watch?v=3aOfoKkUl0I&t=259s

    Кўрсатувнинг 8 дақиқа 58 сония давом этган 6-август сонида 3 та лавҳа  намойиш этилди. Дастлабки лавҳада бўлажак сайловларда назоратчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими тушинтириш берди. Ростини айтганда, информацион дастурда битта мутахассиснинг экран олдида 2 дақиқа 34 сония давомида сайлов, мажбурият, ҳуқуқ ҳақида фикр юритиши аудиторияни чарчатади. Информацион дастурнинг доимий мухлислари ҳам бундай лавҳадан сўнг бошқа каналга ўтиб кетиши аниқ.

    https://www.youtube.com/watch?v=Wre5MZjWLTo&t=298s

    Навбатдаги лавҳа 1 дақиқа 10 сония давом этди. Унда асосан Нукус давлат педагогика институтида бўлиб ўтган ижодий имтиҳонлар ҳақида сўз борди. Фоторепортаж учун танланган 5 та расм матнга мос келмади. Масалан, матнда ўқув юртига ҳужжат топширганлар сони ҳақида сўз борар экан, расмларда имтиҳонлардан кўринишлар кўрсатилди. Фикримизча, репортажда имтиҳон жараёнларидаги ҳолатлар, абитуриентларнинг имтиҳонлар ҳақидаги фикрлари ўрин олиши керак эди.

    «Qaraqalpaqstan online» ўз олдига республика аҳолисини тезкор янгиликлар билан таништиришни мақсад қилиб олган. Аммо телеканалнинг техник имкониятлари эски жанрларни қўллашга ундаётган бўлса, малакали мутахассисларнинг етишмаётгани матн билан сюжет ўртасидаги номутаносибликларни келтириб чиқармоқда. Биринчидан, республикадаги янгиликларни тезкор ва шу жойдан репортаж тайёрлаган ҳолда эфирга олиб чиқиш учун техник таъминланиш юқори бўлиши керак, бу – телеканалнинг  энг оғриқли нуқтаси. Сюжет, матн, композиция, монтаж ва бошқа масалаларда элементларнинг нотўғри танланиши эса мутахассислар билан боғлиқ.

    Кўрсатувнинг асосий бошловчилари – ҚДУ журналистика мутахассислиги талабалари. Ўз интилишлари доирасида иш олиб бораётган талабалар ҳали телевизион журналистиканинг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ ўзлаштириб олмагани яққол кўзга ташланиб туради.

    «The best day» дан «Jaslar life» гача

    Эрталабки кўнгилочар кўрсатув сифатида «The best day» (Яхши кун)ни aйтишимиз мумкин. Кўрсатув ўн беш дақиқа атрофида давом этади. Эрталабки кўнгилочар эфир учун ўн беш дақиқа камлик қилиши турган гап. Қолаверса, кўрсатув рукнларидаги фактлар ижодкорлар ҳали малакали мутахассис бўлиб етишиши учун кўп ишлаши кераклигини кўрсатади. Кўрсатувдаги лавҳалар фақат интернет сайтларидан олинган маълумотлардан иборат. Масалан «Insta News» рукни инстаграмм ижтимоий тармоғига қорақалпоқ, ўзбек ва қозоқ шоу-бизнеси юлдузлари олиб чиққан янги клип премьераси билан таништириб боради. Бундан ташқари, «Qiziqarli video» деб номланган рукнда интернет тармоғидаги қизиқарли видеолар намойиш этилади. «Life Hack» рукнида эса кундалик ҳаётда керак бўладиган турли фойдали маслаҳатлар берилади.

    Тўғри, кўрсатув эрталабки кўнгилочар эфир учун мос келиши мумкин. Лекин ижодий жараёнда ғоялар камлиги кўрсатувнинг савиясини туширмоқда. Бизнингча, кўнгилочар кўрсатувдан ўзига хос ғоялар асосига қурилган лавҳаларнинг жой олиши мақсадга мувофиқ.

    Телеканалдаги муаллифлик кўрсатувлари орасида «Shipaker» кўрсатувини тилга олиб ўтиш мумкин. Жанр жиҳатидан интервью шаклида тайёрланадиган кўрсатувда асосан инсон саломатлиги, ҳар хил касалликларнинг олдини олиш тўғрисида республикадаги кўзга кўринган шифокор-мутахассислар билан суҳбат олиб борилади.

    Суҳбат конструктив тарзда ўтиши учун журналистдан тажриба ва суҳбатга олдиндан тайёргарлик кўриш талаб этилади. Мана шу жиҳатлар «Shipaker» кўрсатуви бошловчиси Улмекен Сапаровада кўзга ташланмайди. Масалан, мутахассис билан суҳбат давомида бошловчининг саволлари шу даражада жўн бўладики, унга мутахассис бўлмаган одам ҳам бемалол жавоб бериши мумкин. Саволларнинг жўнлигидан ташқари, бошловчининг мутахассис фикрларини такрорлаган ҳолда суҳбатни жонлантиришга ҳаракат қилишини ҳам кузатамиз: «Биз тез тайёр бўладиган фастфуд маҳсулотларини еб кетамиз. Юзимизда тошмалар пайдо бўлади. Буларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак», «Бу касалликнинг яширин даври бўлади, клиник белгиларсиз. Бунинг даражалари бор. Шу даражалари бўйича эмлаш усуллари ҳақида айтиб кетсангиз?». Бу каби саволларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

    Кўрсатувни, оддий қилиб айтганда, интервью-ҳисобот деб аташ ҳам мумкин. Чунки шифокорлар фақат касаллик ҳақида маълумот беради. Агар кўрсатувда телетомошабинларнинг савол бериш имконияти ҳам бўлганида, эфир яна-да жонли чиқар эди.

    Телеканалнинг рейтинги баланд кўрсатувларидан бири сифатида «Jaslar life»ни тилга олиш мумкин. Сабаби, бошловчилар кўрсатув бошида эфир орқали ёшларимизнинг қизиқарли маълумотларни олиши мумкин эканини эълон қилади. Аслида, бундай бўлиб чиқмайди. Бундай дейишимизга эса асослар етарли.

    https://www.youtube.com/watch?v=Ox-m7j6X2tU

    Ушбу кўрсатувга ўхшаш кўрсатув – «Жаслар ўақыты» «Қарақалпақстан» телеканалида ҳам пайдо бўлди. «Jaslar life» дан сўнг ҳам шунга ўхшаш кўрсатувлар тайёрлана бошлади. Эфирнинг дастлабки бўлими «Ёшлар» ишлари агентлиги томонидан амалга оширилган ишлар расмий маълумот сифатида келтириб ўтилади. Яна бир жиҳати, кўрсатувнинг доимий рукнлари йўқ, битта рукн бир кўрсатувда берилса, кейингисида йўқолиб қолади.

    Энг сўнгги кўрсатув эса тўлиқ  интернет маълумотлари асосида тайёрланган. Лавҳалар ва матнларда камчиликлар учраб туради. Масалан, кўрсатувнинг 19 июль сонида «Жуўап ушын рахмет» рукнидан сўнг янги лавҳа бошланиб кетди, шундан сўнг эса амфитеатрда ўтирган томошабинлардан савол-жавобга ўтиб кетилди. Бир нечта кўринишлардан сўнг гап нима, қандай тадбир ташкил этилаётганини бошловчининг сўзларидан англаш мумкин бўлди. Бундай ҳолат телетомошабинни чалкаштиради, бошқа фикрларнинг шаклланишига олиб келади.

    Теледастурсиз, қутловларга ўч телеканал

    Ўз томошабинларини ҳурмат қиладиган хар қандай телеканал теледастур асосида иш олиб боради. Сабаби, бу – бир томондан – ҳурмат, иккинчи томондан – аудиториянинг каналга бўлган ишончини белгилаб беради. Мана шу жиҳатлар «Jaslar TV» га етишмайди. Масалан, «Қутлықлаўлар» кўрсатуви телетомабинлардан келган қутловлари сонига қараб давом этиши мумкин. Эрталаб эфирга узатиладиган «Salem, jaslar» кўрсатувини «Қутлықлаўлар»нинг такрори дейишимиз мумкин. Фақатгина кўрсатувда қутловлар билан биргаликда табрик ва яхши тилаклар смс орқали етиб келади ва уни бошловчи ўқиб эшиттиради. Бу кўрсатувнинг вақти ҳам ҳар хил, у ҳам смслар сонига боғлиқ.

    https://www.youtube.com/watch?v=7JQj9Ay_zbY&t=10s

    Тўғри, кўнгилочар кўрсатувлар эфир вақтининг ҳар хил бўлишини тушуниш мумкин. Аммо информацион дастур ҳисобланган «Qaraqalpaqstan online» кўрсатуви 8 минут, гоҳида 10 минутдан ошиқ ҳам давом этиши мумкин. Кўрсатувнинг қанча вақт давом этиши янгиликлар сонига боғлиқ экани кўзга ташланиб қолади.

    Бундан ташқари, айрим кўрсатувларнинг ўз вақтида бошланмаслиги, кўрсатувни кўриш истагида ўтирган телетомошабиннинг телеканалга бўлган ишончини сусайтиради. Бир мисол, «Мийманда» кўрсатуви анонси эфир орқали икки-уч қайта-қайта берилди. Аммо кўрсатув белгиланган вақтда эфирга кетмади. Кўрсатув муаллифларининг кечикиш сабаби ҳақидаги фикрлари ҳам кулгили – «монтаж жараёнлари чўзилиб кетган эмиш».

    Аммо телеканал томонидан «Jaslar party» ларнинг ташкил этилиб, тўғридан-тўғри эфирга узатилиши минглаб қорақалпоқ ёшларининг кўнглини кўтарди ва уларни бир ғоя атрофида бирлаштирди.

    Бизнинг фикримизча, ҳар бир кўрсатувнинг ўз юзи бўлиши керак. Яъни, кўрсатув бир ёки ижодий гуруҳ аъзолари томонидан доимий олиб борилиши зарур. Телеканалга ёш ижодкор ва бошловчиларнинг келиши ва уларнинг тезда йўқолиб қолиши кўрсатувлар савиясини тушириб юборади.

    Албатта, телевидениеда молиявий эҳтиёж ва сифатни бир маромда олиб бориш – қийин  масала. Лекин иқтисод масалалар ечими билан ўралашиб қолиб, сифатга эътибор бермаслик, охир-оқибат, телетомошабиннинг телеканалга бўлган ишончини йўқотишини ҳам унутмаслик лозим.

    Хурмет Атажанов
    Хурмет Атажанов
    Доцент кафедры журналистики Каракалпакского государственного университета имени Бердаха.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read