2021 йил 10-12 сентябрь кунлари онлайн шаклда бўлиб ўтадиган “Осиёда ишлаб чиқарилган” MediaCAMP Fest онлайн-фестивалининг батафсил дастури маълум бўлди. Бу ерда сиз аниқ жадвални кўришингиз ва ўзингиз учун қизиқарли бўлган сессияларни белгилашингиз мумкин! Ўнлаб маърузачилар Марказий Осиёда медиа маҳсулотларини яратиш масаласида ўзларининг тарихлари билан бўлишадилар. Томошабинларни стендап, Snap Talk (маърузачилар бир мавзу бўйича навбати билан сўз юритадиган формат), мавзу муҳокамалари, маҳорат дарслари, кино оқшомлари, шунингдек, жонли эфирда Media CAMP Award мукофотининг тантанали топшириш маросимидан баҳраманд бўлишади.
MediaCAMP Fest фестивалининг биринчи куни, 10 сентябрь жума актёр Aлександр Меркулнинг стендапи билан бошланади. Ундан сўнг фестивалнинг расмий очилиш маросими рус ва инглиз тилларида ўтказилади, уни барча режалаштирилган тадбирлар сингари қозоқ, қирғиз, тожик ва ўзбек тилларига таржима орқали ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, тушликка қадар томошабинларни “Осиёда ишлаб чиқарилган” Snap Talk ва тадқиқотчи, таҳлилчи, дастурчи, мураббий Aлексей Незнановнинг “Сунъий интеллект ва ижодий саноат: металлодамдан то сохталиккача” мавзусидаги чиқиши кутмоқда.
Тушлик танаффусидан сўнг, “Медиасаводхонлик экологияси: уч мамлакатдан назар” мавзусида гуруҳ муҳокамаси, шунингдек, маълумотларни ҳикоя қилиш, рақамли муҳитда бадиий матнларни ўрганиш, подкастларни молиялаш ва талабаларнинг медиа саводхонлигини ошириш бўйича турли хоналарда маҳорат дарслари режалаштирилган. Кун медиа саводхонликка оид ҳужжатли филм намойиши билан якунланади.
“Бу намойишлар иштирокчиларни кўнглини кўтариш ва уларни бизда, Марказий Осиёда суратга олинган фильмлар билан таништириш мақсадида ташкиллаштирилган. Уларнинг орасида бизнинг баҳор бўлиб ўтган Ҳужжатли кино мактаби ўқувчиларининг ишлари ва Internews грант соҳибларининг фильмлари бўлади. Шунингдек, иккита фильм оқшоми сўнггида муҳокамалар уюштирилади, биз бунинг учун мамлакатларимизда ўз номига эга таниқли ва тажрибали режиссёр ҳамда продюсерларни таклиф қилганмиз”, дейди ушбу бўлим модератори, Internews таълим дастурлари координатори Aлевтина Мадьярова.
Фестивалнинг иккинчи – 11 сентябрь, шанба куни, шунингдек, медиа саводхонликка бағишланган Snap Talk старт олади. Марказий Осиёда медиа саводхонлик лойиҳаларини амалга оширган тўққиз нафар мутахассис ўз тажрибалари – муваффақият ва йўл қўйган хатолари ҳақида иштирокчиларга сўзлаб беришади. Шундан сўнг, Internews координаторлари Гульнар Aсанбаева ва Ирина Медникова медиа истеъмоли ва медиа саводхонлик бўйича Internews томонидан ҳар йили ўтказиладиган тадқиқотлар тақдимотини ўтказадилар.
Куннинг иккинчи ярмида “Чегаралар ва сарҳадлар. Aфғонистондаги вазиятни ёритишда Марказий Осиё журналистлари учун қийинчилик ва имкониятлар ҳақида очиқ суҳбат” долзарб мавзусида мунозара бўлади. Бундан ташқари, офлайн режимдан онлайн режимга ўтиш, Telegram каналининг муваффақиятли ривожланиши, контент яратиш. медиа саводхонлик, нолдан бошлаб YouTube каналини яратиш мавзуларида бешта мастер-класс – маҳорат дарслари ташкиллаштирилади. Шунингдек, сиёсий ваъдаларни текшириш ва мониторинг қилиш мавзуси ҳам муҳокама қилинади. Навбатдаги кун ҳам медиа саводхонликка оид ҳужжатли фильмни биргаликда тамоша қилиш билан якунланади.
Фестивалнинг учинчи, 12 сентябрь якшанба куни, тушликка қадар мамлакатлар бўйича сессиялар параллел равишда ўтказилади, унда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистондан жалб қилинган маърузачилар жойлардаги оммавий ахборот воситалари фаолиятининг хусусиятлари ҳақида суҳбат қуришади. Куннинг иккинчи ярмидан журналистларда ижодий фикрлашни ривожлантириш бўйича интерактив маҳорат дарслари, шунингдек, қонунлар, ўзини ўзи тартибга солиш ва оммавий ахборот воситалари этикаси мавзуларида Марказий Осиё медиа соҳаси юристлари сессиялари ўрин олган. Ва 16:30 дан 18:30 гача Media CAMP Award мукофотларини топшириш, шундан сўнг фестивалнинг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
“Менимча, ҳар бир фестиваль ғолибларни тақдирлаш маросими билан якунланиши жуда яхши ечим. Фестиваль доирасида биз ишларни муҳокама қилиш, минтақадаги журналистика ва оммавий ахборот воситаларининг умумий ҳолатига назар ташлаш, иш даражасини солиштириш имкониятига эгамиз – ҳар бир мамлакат ва унинг журналистлари нимаси билан устун. Бизнинг мамлакатларда танловлар унчалик кўп эмас, минтақавий мақомидагилар умуман йўқ. Журналистлар учун танловларда иштирок этиш, ўз ишларини тақдим қилиш, биз нимада кучлироқ эканмизни ва қаерда янада яхшироқ бўлишимиз лозимлигини текшириш муҳим саналади. Беллашувлар – ажойиб имконият, рақобат бизни кучлироқ қилади, ривожланишимизга ёрдам беради”, дейди Internews контент ишлаб чиқариш бўйича эксперти, MediaCAMP Award танлови координатори Марина Михтаева.
Бизга қўшилинг! Бу қизиқарли бўлади!
Лойиҳа Internews томонидан Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга оширилмоқда.