MediaCAMP Fest 2021 онлайн-фестивалининг иккинчи куни 2021 йилда учта мамлакат – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда медиаистеъмол ва медиасаводхонлик бўйича олиб борилган тадқиқотларнинг дастлабки натижалари тақдимоти бўлиб ўтди. Бу Internews буюртмаси бўйича ўтказилган иккинчи медиа тадқиқот ҳисобланади. Биринчи буюртма натижалари 2019 йилда тақдим этилган эди, уларни бу ерда кўриш мумкин: Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон.
Internews ташкилотининг минтақавий дастурлар координатори Ирина Медникова таъкидлаганидек, бундай ижтимоий ва маркетинг экспертизалар анча қиммат туради, аксарият таҳририятлар уни ўтказишга қодир эмас. Шунинг учун Internews буюртмаси натижаларини Марказий Осиё медиа бозори билан баҳам кўради. Бу йил тадқиқотни “М-вектор” компанияси олиб борди.
Медиа тадқиқотлар натижаларини тақдим этган лойиҳа менежери Надежда Попованинг сўзларига кўра, тадқиқот учун катта шаҳарларда PPS танлаш усули ёрдамида 90-160 респондент, шунингдек, қишлоқ ва шаҳар типидаги аҳоли пунктларида 10-20 респондент танлаб олинди. Тадқиқот доирасида ҳар бир мамлакатда 14-65 ёшда бўлган 1500 нафар киши ўртасида сўров ўтказилди. Одамларга фоайдаланиладиган манбалар, истеъмол қилинаётган контент, ахборот олиш усуллари ва ОАВга ишонч ҳақида саволлар берилди.
Қизиғи шундаки, респондентларнинг ёши ошган сари ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар истеъмоли кўрсаткичи камайиб боради. Бундан ташқари, Тожикистон ва Ўзбекистонда аёллар интернетдан камроқ фойдаланадилар – бунинг сабабларидан бири сифатида эркаклар томонидан тақиқ қўйилганини келтириш мумкин. Тожикистонда IMO энг оммабоп мессенжер, Ўзбекистонда – Telegram, Қозоғистонда – WhatsApp. Боз устига, Тожикистон ва Ўзбекистонда айрим фойдаланувчилар мессенжерларга интернетга кириш орқали мурожаат қилишни билмайдилар. Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали умуман мулоқот қилмаганлар улуши 13 фоизни ташкил қилган.
MediaCAMP Марказий Осиё дастурининг медиа саводхонлик бўйича минтақавий маслаҳатчиси Гулнар Aсанбоева тадқиқотнинг медиасаводхонлик қисмига оид масалалар ҳақида гапирди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Қирғизистонда давлатга тегишли ОАВга бўлган ишонч даражаси Қозоғистондагидан юқори. “ОAВ сизни алдаётганини ҳис қиласизми?” деган саволга тасдиқ жавобини берган қозоғистонликлар улуши анча юқори бўлди. Экспертнинг фикрича, бу Қозоғистонда танқидий фикрлаш даражасининг анча юқори эканидан далолат беради.
Тадқиқотнинг барча учта мамлакат бўйича тўлиқ шакли 2021 йил октябрь ойи охирига қадар оммага тақдим этилади. Мутахассислар билан биргаликда суҳбатдан сўнг барча кўрсаткичлар бўйича индекслар чиқарилади.
MediaCAMP Fest онлайн-фестивали 12 сентябргача бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё минтақасидаги барча республикалар иштирок этди. Трансляцияни Internews ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, шунингдек Zoom орқали кўриш мумкин бўлди.
Лойиҳа AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида амалга оширилмоқда.