Медиаюрист Карим Бахриев сўнгги йилларда дуч келинаётган ижтимоий тармоқларни блоклаш масаласида Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиёти ҳақида шарҳ тайёрлади. Биринчи мақолада эксперт блоклашнинг қонуний асослари ҳақида сўз юритган эди. Иккинчи мақолада ҳуқуқшунос бу амалда қандай содир бўлаётгани ва мамлакат фуқаролари бунга қандай муносабатда билдираётганлари ҳақида тўхталган.
2021 йил январь ойида шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилди. У ЎзР фуқароларининг шахсий маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари тўғрисидаги 271-модда билан тўлдирилди. Йирик интернет платформалари, янги қоидаларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари маълумотлар базалари жойлашган серверларни мамлакат ҳудудига ўтказиши керак эди. Бу ўзгаришлар уч ойдан сўнг, яъни жорий йилнинг апрель ойидан кучга кирди.
2021 йил май ойида “Ўзкомназорат” (Ўзбекистон Республикаси Aхборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат давлат инспекцияси) Mail.ru Group/VK (ВКонтакте), Twitter ва Tencent (WeChat) ижтимоий тармоқлари эгаларига “Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун”нинг 271-моддасига риоя қилишни, яъни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш вазифасини қўйди.
2020 йил июль ойи бошларида “Ўзкомназорат” TikTok, Twitter, «ВКонтакте», WeChat ижтимоий тармоқлари ва Skype мессенжерига киришни чеклаб қўйди. Мамлакатдаги чекловлар фонида блокланган сайтларга кириш учун фойдаланиладиган мобил VPN иловалари кескин оммалашиб кетди.
2021 йил 3 ноябрь куни Aхборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) томонидан мамлакат ҳудудида “Одноклассники”, LinkedIn, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун талаблари бузилгани сабабли блокланди. Шунингдек, тақиқ YouTube ва Telegram мессенжерларига ҳам таъсир қилди.
Блоклаш жамоатчиликнинг, жумладан журналист ва блогерларнинг кескин муносабатига сабаб бўлди. Ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовни мамлакатдаги барча йирик ижтимоий тармоқларни блоклашга урингани учун вазифасидан озод қилди. Президент Мирзиёйев вазиятга аралашгач, ресурслардан фойдаланиш имконияти тикланди. Унинг матбуот котиби Шерзод Aсадов ижтимоий тармоқларни блоклаш ҳаракатларини ўйланмай қилинган, деб баҳолади. Шундан сўнг “Ўзкомназорат” (Роскомнадзорнинг телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича муқобили) раҳбари Ғолибшер Зияев ҳам ишдан бўшатилди.
Facebook, Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларининг блокланиши Ўзбекистон иқтисодиётига 197937 доллар миқдорида зарар етказганлиги айтилмоқда. Зарар миқдори икки соатлик блоклаш учун ҳисобланган. Kun.uz мухбирлари интернетни блоклаш бефойда иш эканлигини кўрсатган сўровнома ўтказди — респондентларнинг 100 фоизи шундай фикрда. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, 29 (96%) киши VPN хизматларидан фаол фойдаланади. Шу билан бирга, 26 нафар (86%) фойдаланувчи доимий равишда VPN хизматларидан фойдаланади, яъни 24/7 режимида ишлайди. Бундан ташқари, 22 та (73%) фойдаланувчида 2 ёки ундан ортиқ турдаги VPN ўрнатилган. Aгар битта VPN ишлашни тўхтатса, фойдаланувчилар дарҳол бошқасига ўтадилар. 25 (83%) киши нафақат компьютерида, балки телефонида ҳам VPN ўрнатилганлигини ва бу каби блоклашлар фойдасиз нарса эканини тасдиқлаган.
2021 йил учун Freedom on the Net рейтингига кўра, Ўзбекистон интернет эркинлиги бўйича 59-ўринни эгаллади (Россия 58-ўрин, Венесуэла 60-ўрин).