No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи: бу ҳақда журналистлар нималарни билиши керак?

    Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи: бу ҳақда журналистлар нималарни билиши керак?

    Муаллифлик ҳуқуқи ОАВ ва журналистлар учун энг керакли ҳуқуқ соҳаларидан бири саналади. Журналистлар мақола ёзаётганда, радио ва телекўрсатув ёки сайт учун контент тайёрлаётганда ўзлари муаллифлик ҳуқуқи объектлари сирасига кирувчи асарларни яратадилар. Улар ўз ОАВида нашр этиш ёки оммага эълон қилиш мақсадида бошқа муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материаллари билан ишлайди. Шунингдек, журналистлар ўзларининг нашрларида интернет тармоғидаги турли манбалардан олинган фото, видео ва тест материалларидан фойдаланадилар. Журнаналистларга муаллифлик ҳуқуқи соҳасига кирувчи ўқувчиларнинг хат ва шикоятлари билан ишлашига тўғри келади. Ўзбекистонлик медиаҳуқуқшунос Карим Бахриев ушбу соҳанинг нозик жиҳатлари бўйича гапириб берди.

    Журналистлар муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги асосий тушунчаларни билишлари керак — муаллиф, муаллифлик презумпцияси, муаллифлик ҳуқуқи объектлари и субъектлари, муаллифнинг мутлақ ва мутлақ бўлмаган мулкий ҳуқуқлари, ҳуқуқ эгаси, муаллифнинг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлари, муаллифлик ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, муаллифлик шартномаси, муаллифлик шартномасининг мажбурий шартлари (ўтказиладиган ҳуқуқлар, муддат ва ҳудуд, тўланадиган ҳақ миқдори), муаллифлик ҳақи, муаллифлик асаридан муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ва унга ҳақ тўламасдан фойдаланиш ҳолатлари, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати.

    Бошқа муаллифларнинг материалларини ОАВда чоп этишда нималарни билиш керак?

    ОАВ матнлар ва фотосуратларни нашр этиши, аудиовизуал асарларни эфирга узатиш ва трансляция қилиши мумкин. Бундай ҳуқуқлар журналистлар, фотографлар, муаллифлар, сценарий муаллифлари ва режиссёрлар, операторлар томонидан шартнома асосида ОАВга ўтказилади. Шу билан бирга, штатдаги ишчилар билан меҳнат шартномаси тузилади. Жалб этилган муаллифлар билан хизмат кўрсатиш шартномаси имзоланади. Маълумки, штатдаги ишчилар ўз материаллари учун иш ҳақи олсалар, жалб этилган муаллифларга эса гонорар тўланади. Шуни таъкидлаш жоизки, штатдаги ишчилар учун муаллифлик ҳақи тўланмаса-да, улар ўзларида муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқи сирасига кирувчи муаллифликка бўлган ҳуқуқ, номга бўлган ҳуқуқ, асарнинг яхлитлигига бўлган ҳуқуқ ва бошқаларни сақлаб қоладилар.

    Эслатиб ўтиш керакки, ахборот муаллифлик ҳуқуқи объекти саналмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига биноан, “оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар” қонун билан ҳимояланадиган муаллифлик ҳуқуқи объектлари сирасига кирмайди.

    Шундай экан, агар сиз яратган материаллар жорий воқеалар тўғрисидаги қисқа хабар кўринишидаги оддий матбуот ахбороти бўлса, улар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланмайди. Агар сизнинг материалларингиз ўзида ижодий фаолият натижаларини акс эттирса (масалан, таҳлилий ёки тавсифий мақолалар ҳамда журналистик суриштирув) ёки сизнинг материалларингиз ижодий фаолиятнинг бошқа натижалари ҳисобланадиган фотосурат ва видео материаллар бўлса, улар асарлар сирасига киради ва Қонунга мувофиқ ҳимояланади.

    Қолган барча ҳолатларда, Қонуннинг 25-33 моддаларидаги ҳолатлардан ташқари, мутлақ муаллифлик ҳуқуқи бўйича сизга тегишли бўлган асардан фойданишни хоҳлаган ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар мутлақ ҳуқуқ эгасидан рухсат олиши талаб этилади (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси). Рухсат бериш ёзма тарзда ифодаланган муаллифлик шартномасини тузиш орқали акс эттирилиши керак (Қонуннинг 38-моддаси).

    Шуни билиш шартки, сиз томондан копирайт белгисини кўрсатиш муаллиф ёки ҳуқуқ эгасининг ноқонуний фойдаланиш бўйича эътироз келтиришини истисно этмайди. Ўзлаштирилган манбани (масалан, бошқа ОАВ ёки сайт) кўрсатиш ёки унга илова қилиш муаллиф ёки ҳуқуқ эгасининг эътирозларидан холос этмайди. Муаллиф ёки ҳуқуқ эгасини топиб, у билан келишиш талаб этилади. Яна шуни билиш керакки, муаллифлик асаридан нотижорат мақсадларда фойдалиш ҳам муаллифларнинг эътирозларидан холос этмайди.

    Ёдда тутиш керак …

    Интернетдаги материллардан эркин фойдаланиб бўлмайди ва уларни муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда ҳақ тўламасдан такрорлаш мумкин эмас. Ҳар қандай матн, фотосурат ва видеонинг муаллифи мавжуд. Ижтимоий тармоқ ва сайтлардаги материаллардаги фойдаланиш сиёсатини диққат билан ўқиш талаб этилади. Очиқ аккаунтда матн ёки фотосуратнинг чоп этилиши уларни барча ва ҳар қандай жойда қайта чоп этиши мумкинлигини англатмайди.

    ОАВ ва журналистлар ўзларининг нашрларига бўлган муаллифлик ҳуқуқларини қай тарзда ҳимоя қиладилар?

    Масалаларни ҳал қилишда сиз қўллашингиз керак бўладиган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (4 бўлим), Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (1771-модда) киради.

    Конуннинг 5-моддасига биноан “Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади”.

    Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилганки, муаллифлик ҳуқуқи ҳуқуқи объектив шаклда бўлган ошкор қилинган (чоп этилган, ҳар қандай, шу билан бирга интернет орқали тарқатилган) асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади.

    Агар журналист ва блогерлар ўзларининг муаллифлик ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқбузардан қуйидагилардан бирини талаб қилиб мурожаат қилиш (албатта ёзма шаклда) ҳуқуқига эга:

    • ҳуқуқларни тан олишини;
    • ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини;
    • ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини;
    • зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини.

    Муаллиф (ёки ҳуқуқ эгаси) ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

    Агар муаллиф сизнинг талабларингизни бажаришдан бош тортса, сиз бузилган ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишни сўраб фуқаролик (агар тарафлардан бири жисмоний шахс бўлса) ёки иқтисодий (агар иккала тараф ҳам юридик шахс бўлса) судга даъво билан мурожаат қилишингиз мумкин.

    Бундан ташқари, қонунчиликка биноан муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-1-моддасига биноан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

    ОАВ ёки сайтда матндан олдин ёки кейин қуйидаги мазмундаги билдиришномани жойлаштириш мумкин: “Сайтдаги материаллар муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Сайт материалларини таҳририят (муаллиф, ҳуқуқи эгаси) рухсатисиз ҳар қандай такрорлаш, барчанинг эътиборига етказиш, тузатишлар киритиш, шунингдек, бошқа ҳар қандай ҳолатда фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунини бузилиши саналади ва қонунчиликда назарда тутилган фуқаролик, маъмурий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин”.

    Бошқа ОАВ материлларидан муаллифлик ҳуқуқини бузмасдан фойдаланиш мумкинми?

    Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган бир қанча ҳолатлар мавжуд бўлиб, улар бўйича таҳрирят ва журналистлар бошқа ОАВ материлларидан фойдалиш (нусха кўчириш, такрорлаш, тўлиқ ёки қисман қайта чоп этиш) ҳуқуқига эга.

    Ушбу ҳолатларни кўриб чиқишдан олдин, Қонун бўйича қайси ҳуқуқлар ҳимояланишига тўхталиб ўтиш жоиз.

    Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ: “Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади”. Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда (ёзма, оғзаки, овозли ёки видео ёзув, тасвир ва бошқалар) бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади.

    Шундай қилиб, жисмоний шахснинг (ёки шахслар гуруҳининг) ижодий фаолияти натижаси бўлган ҳар қандай мақола, фотосурат ёки журналистик материал муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Бу шуни англатадики, муаллифлик ҳуқуқи объектидан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланишни хоҳлаган шахс муаллифнинг ёзма (интервью ҳолатида оғзаки олса ҳам бўлади) рухсатини олиши шарт. Ушбу қоида фойда олиш мақсад қилинмаган ҳолатларда ҳам амал қилади.

    Ижтимоий тармоқдаги пост интеллектуал мулк саналадими?

    Instagram, Facebook ва Одноклассникидаги пост интеллектуал мулк саналади ҳамда постлар муаллифининг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ва Фуқаролик кодекси билан ҳимояланади.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read