No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистон журналистлари учун ахборот манбалари: махфий манбалар ва улар билан ишлаш

    Ўзбекистон журналистлари учун ахборот манбалари: махфий манбалар ва улар билан ишлаш

    Маълумки, ахборот манбалари очиқ ва яширин, расмий ва норасмий, ҳужжатли ва оғзаки (ахборот берувчи) шаклда бўлади. Таниқли ва профессионал журналистлар яширин ва кўпчиликка номаълум ахборот манбаларига эга.

    Расмий маълумотлар манбаларига осон эришилади ва ҳужжатлаштирилган бўлади – булар расмий органлар, идоралар, ташкилотлар, фирмалар ва ушбу ташкилотлар вакилларининг хабарлари, оммавий тадбирлардаги расмий баёнотлар, пресс-релизлар, эълон қилинган маълумотлар, ҳужжатлар, меъёрий ҳужжатлар, мурожаатлар, чиқишлар ва бошқалар.

    Ижроия, қонун чиқарувчи ва суд органларининг расмий хабарлари, айниқса, текшириш зарурати кучли эмаслиги билан қулайдир. Шунга қарамай, текшириб қўйиш фойдадан ҳоли эмас. Ҳатто маълумотлар ишончсиз ёки хато бўлиб чиқса ҳам, ОАВда расмий маълумотларнинг эълон қилиниши учун журналист ва блогерлар жавобгар эмас. Тўғри, суд қарори билан у ёки бу маълумотни олиб ташлаш ёки раддия эълон қилиш талаблари бўлиши мумкин.

    Журналист учун яширин (махфий) ва норасмий ахборот манбалари – информаторлар билан ишлаш анча мураккаб Шунингдек, информаторлар (хабар етказувчилар) аноним қолишни истаган мансабдор шахслар, инсайдерлар, ҳатто қайсидир маълумотларни биладиган, лекин аноним қолишни истаган оддий фуқаролар ҳам бўлиши мумкин.

    ОАВ ва журналист учун информаторлар энг қадрли одамлардир. Журналист нима учун улар ахборот алмашишни хоҳлаётганининг асл сабабини англай билиши керак. Кимдир журналистикага киришга қизиқса, кимдир коррупцияни фош қилиш жараёнида иштирок этмоқчи, кимдир шунчаки қизиқишидан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

    Аммо маълумот берувчи – информаторда шахсий манфаатлар бўлиши мумкинлигини инкор қилмаслик керак. Ўзгалар қўлида қуролга айланмаслик, ҳуқуқий муаммолардан ўзингизни ҳимоя қилишингиз учун бу мотивларнинг барчасини тушуна олишингиз лозим.

    Журналист ҳар қандай қонуний йўл билан маълумот излаши ва олиши мумкин.

    Журналист информаторлар билан муносабатларини ошкор қилмаслиги ёки бошқа мақсадлар билан ҳимоя қилмаслиги керак. Асосийси, махфий манбангизни сотманг, бу нопрофессионаллик ва ахлоққа зид бўлади. Ҳатто қонун ҳам манбани ҳимоя қилади: “ОАВ тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 33-моддасига кўра, таҳририят қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ахборот, маълумот, факт ёки далиллар манбасининг номини ошкор қилмаслиги, шунингдек, унинг исмини, тахаллус қўллаган муаллифнинг фамилиясини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этмаслиги белгилаб қўйилган. Таҳририят ахборот манбасининг ёки тахаллус қўллаган муаллифнинг илтимосига биноан судда уларнинг номидан иштирок этиши мумкин.

    Шуни эсда тутиш керакки, ҳатто ишончли ва текширилган манба ҳам хато қилиши ёки қасддан нотўғри маълумот тақдим қилиши мумкин. Шу сабабли, махфий манбалар билан ишлашда энг муҳим қоида шуки, ҳар қандай норасмий маълумот қайта-қайта текширилиши лозим: маълумот камида учта ишончли манба томонидан тасдиқланган бўлши керак.

    Аноним маълумот манбалари. Улар билан қандай ишлаш керак?

    Журналистлар ва ОАВ учун аноним манбалардан фойдаланиш икки қиррали имкониятдир. Профессионал журналистлар Жамияти (SPJ) хулосасига кўра, “Баъзида аноним манбалар муҳим воқеаларни текшириш, коррупцияни фош қилиш, журналистларнинг асосий вазифасини бажариш – ҳукумат фаолиятини кузатиш ва фуқароларни хабардор қилишнинг ягона калитидир. Аммо бошқа ҳолларда, аноним манбалар ахлоқий ботқоққа олиб борадиган йўлга айланади”.

    SPJ ахлоқ кодекси аноним манбалар билан ишлаш учун иккита муҳим қоидани тақдим этади:

    • Иложи бўлса, ахборот манбаларини қайд қилиб боринг. Жамият манбаларнинг ишончлилиги тўғрисида барча мумкин бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.
    • Ахборот манбалари аноним эканини ваъда қилишдан аввал уларнинг сабабларини доим диққат билан таҳлил қилинг. Маълумот эвазига аниқ нимани ваъда қилаётганингизни аниқланг. Ваъдаларни бажаринг.

    Аноним манбалардан олинган тўғридан-тўғри иқтибослар камдан-кам ҳолларда ва фақат бундай иқтибослар жамоат манфаатлари учун муҳим бўлган тақдирда ишлатилиши мумкин.

    Онлайн янгиликлар Ассоциацияси (ONA) аноним манбалар билан ишлаш бўйича маслаҳатларни ўз ичига олган Build Your Own Ethics Code воситасини таклиф этади. Аноним манбалар билан ишлашда журналист қуйидаги саволларга жавоб топиши керак:

    • Ахборот манбаси аноним қолишни исташининг сабаби нимада?
    • Бу маълумотни бошқа жойдан ҳам олиш мумкинми?
    • Манбага ишонасизми?
    • Яқин келажакда маълумотлар ҳамма учун маълум бўладими?
    • Манба сиз билан маълумот алмашишни истайдими ёки сиз билан боғланишга хохиши йўқми?
    • Ахборот манбаи қандай – кучли ёки заиф ҳолатдами?
    • Манба ва унинг маълумотлари қамоққа тушиш учун арзирли даражада муҳимми?

    Аноним манбалардан фойдаланиш учун маълумот материал мазмуни учун жуда муҳим ва бу маълумотни бошқа йўл билан олиш мумкин эмас даражасида бўлиши лозим (аноним манбадан фойдаланиш бундан мустасно), аноним маълумотлар шахсий фикрга асосланмаслиги ҳамда аноним манба ишончли ва нима ҳақида гапираётганини билиши керак.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read