No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидТуркий давлатлар саммити Ўзбекистон матбуотида қандай ёритилди?

    Туркий давлатлар саммити Ўзбекистон матбуотида қандай ёритилди?

    Ўзбек оммавий ахборот воситаларида хориж хабарларини ёритиш – алоҳида  изланиш, таҳлил ва тадқиққа мавзу бўладиган жиддий масала! Зеро, мамлакатнинг кўплаб нашрлари, ҳатто телевидение ва радиоларида негадир  хориж хабарларига унчалик эътибор қаратилмайди. Хусусан, сиёсатга яқинроқ партия нашрларида ҳам чет эл хабарлари, халқаро шарҳлар деярли йўқ. Босма нашрлардан фақат “Ҳуррият”  ва “Даракчи” газеталаригина хориж хабарларини ёритиб туради, холос.

    Миллий матбуот ҳатто Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган халқаро анжуман ва саммитларни ҳам лозим даражада ёритиш салоҳиятига эга эмас. Бундай тадбирлар ҳақида сўз борганда, кўпинча Ўзбекистон томонининг нуқтаи назари билан кифояланиш одат тусига кирган. Хорижлик мутахассислар муносабатини эса Россия ёки бошқа бир хорижий давлат матбуотидан онда-сонда хусусий сайтларгина кўчириб босиши мумкин. Ўзбек газеталари эса хорижий экспертлар фикрига деярли эътибор қаратмайди.

    Келинг, мисолларга юзланайлик. Ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг, ноябрида эса Туркий давлатлар ташкилотининг  саммитлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон матбуоти ҳар иккала саммитни ёритар экан, умумий ахборот бериш билан чекланди, холос. Уларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқига алоҳида урғу берилди. Саммитнинг бошқа иштирокчилари нутқи ҳақида ўзбекистонликлар унчалик кўп маълумотга эга бўлмади.

    Келинг, Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида ўзбек матбуотининг асосий ахборот манбаи – Ўзбекистон миллий Ахборот агентлиги нималар ёзганини таҳлил қилиб кўрайлик.

    ЎзАнинг “Туркий миллатлар маданияти тараннум этилди” деб номланган хабарида туркий давлатлар етакчилари “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасига ташриф буюргани, бу ерда олий мартабали меҳмонлар ташрифи шарафига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан қабул маросими ўтказилгани таъкидланди.

    “Самарқанд – туркий тамаддуннинг қадимий бешиги” деб номланган  хабарда эса Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мазкур йиғилишда иштирок этиш учун Самарқандга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари ва Венгрия Бош вазири ташриф буюргани, шунингдек, саммитда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси иштирок этгани қайд этилган. Хабарда айтилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар етакчилари билан икки томонлама учрашувлар ўтказган.

    Шунингдек, ЎзА Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқини тўлалигича эълон қилди.

    “Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити доирасида 10дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланди” деб номланган хабарда эса шундай дейилади: “Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт боғлиқлиги дастури ва Соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битим, Савдо стратегияси бўйича муҳим келишувлар имзоланди.

    Шунингдек, яна бир муҳим ҳужжат — Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегияси имзоланди.

    Саммитнинг асосий ҳужжати — Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

    ЎзАнинг “Президентлар иштирокида Регистон майдонида кўчат экиш тадбири ўтказилади” деб номланган   хабарида эса шундай дейилади: “Бугун Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар раҳбарлари иштирокида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Регистон майдонида кўчат экиш тадбири ўтказилади. Қайд этиш керакки, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида кўчат экиш тадбирлари уюштирилади…”

    “Саммит якуни бўйича брифинг ташкил этилди” деб номланган хабарда таъкидланганидек, Самарқанд шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази ҳудудида – Конгресс-холлда Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва ушбу анжуманда ташкилот Бош котиби сифатидаги ваколатини топширган Бағдод Амреев тадбир тўғрисида батафсил маълумот берди.

    Ўзбек матбуоти ва сайтларида берилган хабарларда Шимолий Кипрнинг ТДТдаги мақоми билан боғлиқ бирор оғиз гап йўқ. Аслида, Туркия Шимолий Кипрни кузатувчи мақомида бўлиши борасида таклиф берган, аммо аъзо давлатлар бу масалани очиқ қолдирган, брифингда В.Норов ҳам бу масала юзасидан фикр билдирган эди. Ўзбек матбуотида эса “Анжуман сўнгида Туркия Республикасининг муваффақиятли раислиги якунлангани, ҳисобот давридаги фаолият давлат раҳбарлари томонидан юқори баҳолангани маълум қилинди. Раислик Ўзбекистонга ўтгани, келгуси йил асосий Саммит Қозоғистонда бўлиб ўтиши маъқулланди” деган хабар берилди, холос.

    Адолат юзасидан шуни айтиш керакки, ЎзАда фақат Туркия ва Туркманистон раҳбарларининг фикрларидан парчалар “Гурбангули Бердимуҳамедов: Туркманистон биродар давлатлар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтаради” ва “Эрдоған: ТДТ инвестиция жамғармаси имкон қадар тезроқ амалга оширсак, шунча фойдали бўларди” сарлавҳаси остида  берилди.

    ЎзАнинг “Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунланди” ва “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” деб номланган  хабарлари 12 ноябрь куни етакчи нашрлар бўлмиш “Янги Ўзбекистон” ва “Халқ . сўзи” газеталарида  босилиб чиқди. Ушбу хабарлар саммит ҳақидаги расмий ахборот шаклида тайёрланган.

    Бир сўз билан айтганда, ўзбек нашрлари бўлиб ўтган саммитда асосан мамлакат раҳбарининг сўзларига аҳамият берди. ШҲТ ва ТДТ саммитларида 100дан ортиқ маҳаллий журналистлар иштирок этгани фахр билан маълум қилинди. Аммо улар Самарқандга бориб, қадимий меъморчилик обидалари олдида суратга тушиб келишди, холос. Саммитларда кўтарилган мавзулар эса юзаки ёритилди.

    Агар онлайн-нашрлар ҳақида гапириладиган бўлса, фақат www.kun.uz сайтида  “Тилни ҳурмат қилмаган ўзимиз – Туркий давлатлар ташкилотидаги брифингда нутқ рус тилига таржима қилиб узатилди” деб номланган  мақола босилиб, унда саммит якунида ўтказилган брифингга муносабат билдирилган. Тадбирда Владимир Норов ўзбекча сўзлаганини ўзига хос янгилик деб аташ мумкин. Унинг нутқи бошдан-оёқ давлат тилида тайёрлангани эътиборга молик. Бағдод Амреев эса дастлаб нутқини инглизча бошлади. Шу пайт жуда қизиқ ҳолат содир бўлди. Амреевнинг нутқини таржимон рус тилига таржима қила бошлади.

    Бир неча жумла таржимасидан кейин Бағдод Амреевнинг ўзи “Рус тилига таржима қилинадиган бўлса, ўзим шу тилда гапира қолай” деди ва нутқини русча давом эттирди. Туркий давлатлар ташкилоти саммитида, мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам туркийлар эканлиги номидан билиниб турган анжуман негадир яна рус тилида давом эттирилди.

    Ўзбекистон миллий Ахборот агентлиги ва босма нашрлардан фарқли ўлароқ, хусусий онлайн-нашрлар Қирғизистон, Озарбайжон ва Қозоғистон президентларининг нутқларига қизиқиш билдирди.

    Шу ўринда  tnews.uz сайтидаги “Куч бирликда”, “Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлайди”, “Турк дунёсининг жўғрофий чегаралари анча кенг” деб номланган мақолаларни алоҳида таъкидлаш лозим.

    Уларда ёзилишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлаган. У ўз сўзида қирғиз халқи ва шахсан ўзи номидан Самарқанд «Турк дунёси цивилизацияси пойтахти» дея эълон қилингани билан табриклади.

    Кун тартибидаги асосий мавзуга тўхталган Садир Жапаров,  «сўнгги икки-уч йилда жаҳонда халқаро аҳамиятга молик турли чақириқлар пайдо бўлганини» эслатиб ўтди. Унинг фикрича, жаҳондаги беқарор вазият билан бир қаторда минтақавий хавфсизлик масаласи олдинги ўринга чиқиб қолди. «Ташвишли вазият мамлакатларимизнинг сўзсиз, мустаҳкам ҳамкорлигини, ўзаро ҳурматни ва барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни тақозо қилади. Қирғиз томони баҳсли масалаларни тинч йўллар ва сиёсий-дипломатик усуллар билан ҳал қилиш мавеқи ўзгармаслигини яна бир бор тасдиқлайман», деди Садир Жапаров.  У ўз сўзида қардош туркий давлатлар ўртасидаги мулоқотлар юқори даражада эканлигидан қониқиш ҳосил қилишини таъкидлаб ўтди.

    У «Бугун билдирилган барча ташаббуслар, таклиф ва мулоҳазалар пухта ўрганилиб, таҳлил қилиниши ҳамда келгуси йилда ҳаётга татбиқ қилинишига» умид билдирди. «Бугун бу ерда қабул қилинаётган тарихий қарорлар  ва белгиланган режалар Ташкилот доирасида ҳамкорлигимизнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз», деди Садир Жапаров.

    Туркий давлатларнинг таълим ва илм-фан соҳасида ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Бу ҳақда ҚР Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида айтиб ўтди. «Шу муносабат билан 2023 йилда Қозоғистонда II Туркий Универсиадани ташкил этишни режалаштирганмиз. Туркия университетлари иттифоқи доирасида ҳам ўтказилиши мумкин», — деди Қозоғистон Президенти.

    Қасим-Жомарт Тоқаев Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида сўзлаган нутқида ташкилот фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали фаол тарғиб қилишни таклиф қилди. «Оммавий ахборот воситалари орқали Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини фаол тарғиб қилишимиз керак. Бу жуда зарур. Бу ишларни мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ва таниқли халқаро агентликлар доирасида амалга ошириш мумкин. Чунки жаҳон ҳамжамияти туркий дунёда интеграцияни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган кенг кўламли ишлардан хабардор бўлиши керак. Тўғрисини айтадиган бўлсак, дунё жамоатчилиги ташкилотимиз фаолияти ҳақида ҳали ҳам кўп маълумотга эга эмас. Бироқ ҳозирда Туркия ҳамкорлиги ғояси бутун дунё эътиборини тортмоқда. Туркий цивилизацияга оид қимматли маълумотлар ер шарининг турли минтақа ва қитъаларида учрайди. Бу — мамлакатларимизнинг умумий қадриятлари. Шундай экан, мавжуд тарихий ва лингвистик маълумотларни тизимлаштириш ва тартибга солиш муҳим вазифа, деб ўйлайман. Илмий институт ва муассасаларда фаол ишларни йўлга қўйиб, уни жаҳон жамоатчилигига кенг танитишимиз керак. Ташкилот иши дипломатик саммитлар ва якуний ҳужжатлар билан учрашувлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Туркий давлатлар ташкилоти туркий дунё халқларини бирлаштирган нуфузли марказга айланиши керак, деб ҳисоблайман. Қозоғистон барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлайди, шунингдек, БМТ Низомига тўлиқ риоя қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатимизнинг асосий манфаатларига тўла жавоб берадиган муҳим тамойилдир. Шунинг учун биз бу тамойилга доимо устувор аҳамият берамиз», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

    Самарқанд саммитида Кавказдаги вазият ҳақида ҳам сўз борди. Жумладан, Туркия Президенти Реджеп Тайип Эрдоған Ватан урушида қозонилган ғалабанинг икки йиллиги билан Илҳом Алиевни қутлар экан: «Озарбайжоннинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Жанубий Кавказдаги тинчлик жараёнлари ҳали ҳам мўртлигича қолмоқда. 8 ноябрда нишонланган Қорабоғдаги шонли Ғалабанинг икки йиллиги муносабати билан Аллоҳдан шаҳидларнинг руҳи шод бўлишини, жабрдийдалар соғайиб кетишини сўрайман. Биродарим Илҳом сиймосида озар халқини яна бир бор ғалаба билан қутлайман. Адолатли урушда ва тинчлик қарор топишида биз қардош Озарбайжон билан биргамиз», деди.

    Саммитда нутқ сўзлаган Илҳом Алиев сўнги етти ойда қардош Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрганини — апрелда давлат ташрифи билан келганини, сентябрда ШҲТ саммитида иштирок этганини айтар экан, яна бир бор Самарқандга келганидан хурсанд эканлигини билдирди.

    “ТДТга аъзо давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш Озарбайжон ташқи сиёсатининг устувор масалаларидан бирига айланган. Озарбайжон ҳамиша турк дунёсининг мустаҳкам бирлашувига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келган, бундан кейин ҳам туркий дунё бирлиги ғояларига содиқ қолади. Турк дунёси — катта оила. Бир-биримизнинг миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда бундан буён ҳам бирдамлик кўрсатишимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак”, дея таъкидлади Илҳом Алиев.

    “Турк дунёси мустақил турк давлатларидангина иборат эмас, унинг жўғрофий чегаралари анча кенгдир. Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар чегарасидан ташқарида яшовчи ватандошларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги, миллий ўзлигини сақлаш, улар aссимилия қилинишларига йўл қўймаслик каби масалаларни ташкилот доирасида доимий эътиборда ушлаб туриш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, деди Озарбайжон Президенти.

    Илҳом Алиевнинг фикрича, “Турк дунёсида ёш авлод ўзлари истиқомат қилаётган мамлакатда ўз она тилларида таълим олишлари керак, аммо минг афсуски, Озарбайжон давлати ташқарисида истиқомат қилаётган 40 миллиондан ошиқ озарлар бу имкониятдан маҳрум”.

    “Турк давлатлари ташқарисида яшайдиган ватандошларимизга таълим бериш ташкилотимиз кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиши керак. Бу йўналишда зарур қадамлар ташланиши керак” деди Илҳом Алиев. Унинг айтишича, Туркия Президенти Реджеп Тайип Эрдоған озод этилган ўлкаларга уч марта ташриф буюриб, Шуша, Фузулий, Зангилан ва Жебраилда бўлди. “Мен туркий давлатлар раҳбарларини Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга таклиф қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, Фузулийда мактаб қуриб берган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва шу туманда Ижодий Марказ қурган Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга миннадорчилик билдираман. “Бу озарбайжон-ўзбек, озарбайжон-қозоқ халқлари ўртасида мавжуд бўлган бирадорлик ифодасидир”, деди Илҳом Алиев.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ўзбек матбуоти Ўзбекистон раислик қилаётган саммитлар ҳақида ёритар экан, нафақат мамлакат Президенти нутқига, балки меҳмонларнинг нутқига, икки томонлама учрашувларга ҳам эътибор қаратиши зарур. Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар ҳам фикр-мулоҳазаларини ўз нашрларида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам фаол ёритишлари керак. Ана шундагина Ўзбекистонда ўтган ҳар бир анжуман ва  саммитларнинг аҳамияти янада ортади.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read