Медиа ҳуқуқшунос Карим Бахриев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум нима учун мамлакат оммавий ахборот воситалари учун муҳимлиги ҳақида айтиб беришда давом этади. Мақоланинг биринчи қисмини бу ерда ўқишингиз мумкин.
Ўзбекистоннинг янги Конституцияси бўйича референдум 30 апрелга белгиланди. Бундай қарор 10 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинди. Аввалроқ Конституция моддаларининг 65 фоизига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Унга 27 та янги модда киритилиб, бу билан уларнинг сони 128 тадан 155 тага оширилди. Нормативлар сони 275 тадан 434 тага етказилди. Қонун Марказий сайлов комиссияси референдум натижаларини эълон қилинганидан кейин кучга киради.
Воқелик Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ учун муҳим аҳамиятга эга, чунки биринчидан, ўзгаришлар қаторида журналист ва блогерлар фаолиятига тааллуқли қатор янгиликлар бор, иккинчидан, референдумдаги муҳокама ва овоз бериш жараёнини айнан ОАВ ёритади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон парламенти конституциявий референдум ўтказиш санасини белгилади, овоз бериш 30 апрель куни бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг сўзларига кўра, референдумдаги бюллетенда умуман лойиҳа бўйича фақат битта савол бўлади, фуқаролар алоҳида моддалар бўйича ўз баҳоларини бера олмайдилар.
Парламент маълумотларига кўра, ҳужжатни тайёрлаш жараёнида фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. “Биз ҳар тўртинчисини ҳисобга олдик. Шу боис янги конституция чинакам оммабоп бўлади”, — дейилади парламент матбуот хизмати хабарида.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда референдум масалалари “муҳокамаси” қандай кечмоқда?
Умуман, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон ОАВ, журналистлар, блогерлар орасида деярли муҳокама қилинмаяпти. Жамоат арбоблари ҳам жим. Фақат бир нечтаси танқидий фикр билдириб ўтган.
Шу билан бирга, ахборот сарҳадларида фақат тарғибот ва ташвиқот материаллари, “ёқлаб” овоз беришга чақирувчи видеолавҳалар берилмоқда. “Санъат арбоблари” ва “ток-шоу” етакчи вакиллари “олдинги тузум даврида азоб чекканлар”, референдумдан сўнг гўё бу “муаммолар ҳеч қачон бўлмайди”, ноқонуний ҳибслар, ўзбошимчалик билан “бузиб ташлашлар”, диссидент зиёлиларнинг “қора рўйхатлари” ва бошқалар барҳам топади, деган чақириқлар билан чиқа бошладилар.
Айтиш мумкинки, ОАВда чуқур таҳлилий мазмун йўқ, турли томонларда бўлажак ўзгаришлар ва референдум ўтказиш, ижобий ва салбий томонларини кўриб чиқиш, ушбу тадбирнинг аҳамияти ва фуқароларнинг унда иштирок этиши аҳамияти борасида тушунтириш бериш истаги йўқ.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РЕФЕРЕНДУМИ ҲАҚИДАГИ ҚОНУНЧИЛИК ВА ОАВ
“Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги ЎзР Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдуми давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қарорларни қабул қилиш, уларни ўзгартириш, халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириш воситаси бўлган жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида умумхалқ овоз беришидир.
Референдумда қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг юқори юридик кучга эга бўлиб, фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Қонунга кўра, фуқаролар референдумда ихтиёрий ва бевосита иштирок этадилар. Референдумда овоз бериш яширин тарзда ўтказилади, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Референдумда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тенг ҳуқуқларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро шахсан овоз беради ва битта овозга эга.
“Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида кенг жамоатчилик иштироки ва ошкоралик таъминланади”, дейилади Қонуннинг 3-моддасида.
7-моддага кўра, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган оммавий ҳаракатлар, референдумни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этувчи давлат ва жамоат органлари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.
Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, бошқа жамоат бирлашмалари, оммавий ҳаракатлар, меҳнат жамоалари ва фуқароларга референдумга қўйилган масалани ёқлаб ёки унга қарши ташвиқот олиб бориш ҳуқуқи кафолатланади.
ОАВ, журналистлар ва блогерлар овоз бериш куни ташвиқоти олиб бориш тақиқланишини билишлари керак.
Референдумга тааллуқли барча қарорлар, шунингдек референдумга киритилган қонунлар ёки бошқа қарорлар лойиҳалари тегишли органлар томонидан қабул қилинган кундан эътиборан етти кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.
Оммавий ахборот воситалари референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритади, уларнинг вакилларига референдум билан боғлиқ барча йиғилиш ва сессияларда тўсиқларсиз иштирок этиш ҳамда тегишли маълумотларни олиш кафолатланади.
Референдум комиссиялари ўз таркиби, жойлашган жойи ва иш вақти, сайлов участкаларини тузиш ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатлари тўғрисида аҳолини ўз вақтида хабардор қилади.
Сиёсий ва бошқа жамоат ташкилотлари ва оммавий ҳаракатлар, меҳнат жамоалари, фуқаролар йиғилишлари вакиллари референдум комиссияларининг мажлисларида, шунингдек сайлов участкаларида овоз бериш ва овозларни санаб чиқишда, референдум натижаларини аниқлашда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
“Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг референдум, сайловолди ташвиқотида иштирок этиш ҳуқуқини эркин амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан тўсқинлик қилаётган шахслар, шунингдек референдум ўтказувчи комиссия аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар вакиллари, ташаббускор гуруҳлар аъзолари, имзо тўплаётган шахслар, референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, овозларни қасддан нотўғри санаш, яширин овоз бериш тамойилини бузганлик ёки бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади. Референдум комиссияси аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.
Референдум натижалари овоз бериш тугагандан бошлаб ўн кундан кечиктирмай Референдум ўтказувчи Марказий комиссия томонидан оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси аҳолиси эътиборига етказилади.
Айни пайтда экспертлар бўлажак референдумда кутилмаган ҳодисалар бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Конституциянинг амалдаги таҳририда ўткир масалалар деярли қолмаган. “Ҳа, жамиятнинг маълум бир қисми президентлик муддати ноллаштирилишидан норози, аммо улар кўчаларга чиқишлари даргумон”, — дейди сиёсатшунос Рустам Бурнашев.
Айтиш керакки, маҳаллий ва хорижий журналистлар ЎзР МСК томонидан аккредитациядан ўтказилмоқда. Аккредитация учун аризалар 2023 йил 19 апрель соат 18.00 гача қабул қилинади.
Комиссия 284 нафар хорижий ва маҳаллий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтганини маълум қилган.