Ўзбекистонда Фуқаролик кодексига фуқароларнинг тасвирларга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган моддани киритиш режалаштириляпти. “Янги репортёр” ўзбекистонлик медиа соҳаси юристи Карим Баҳриев ёрдами билан бу мамлакатдаги матбуотнинг фаолиятига қандай таъсир қилиши мумкинлигини таҳлил қилди.
Гап нимада?
Ўзбекистоннинг янгиланган Фуқаролик кодексида “Фуқаронинг тасвирга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш” моддаси пайдо бўлиши мумкин, унга кўра фуқаронинг тасвридан (фотосурат, шунингдек, у тасвирланган видеоёзув ёки тасвирий санъат асарларидан) фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги талаб қилинади, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлса, унинг қонуний вакилларининг розилиги, вафот этган тақдирда – унинг фарзандлари, ҳаёт бўлган эр (хотин) ёки ота-онасининг розилиги керак бўлади.
Бу ҳақиқатан ҳам ишлайдими?
Бу дунёнинг кўплаб мамлакатларида амал қиладиган умумий қоидалардир. Бироқ, бу ерда англаш керакки, фаолияти бевосита ва доимий равишда бировнинг тасвиридан фойдаланишни тақозо этадиган оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун умумий қоидалардан истиснолар қилиниши лозим. Фотосуратчи ёки ОАВ таҳририятининг тасвирчиси кадрга тушиб қолган ҳар бир кишидан розилик олиш мумкин эмас.
Кимнидир рухсатсиз фото/видеога олиш ва ундан фойдаланиш мумкинми?
Уч ҳолатда розилик талаб қилинмайди:
- агар тасвирдан давлат ёки жамоат манфаатлари учун фойдаланилаётган бўлса, — масалан, ҳуқуқбузарларга қарши курашиш ёки аксинча, оммавий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни тарқатиш мақсадида давлат ва жамоат арбобларининг фотосуратларидан фойдаланиш мумкин;
- фотосуратлар оммавий тадбирлар (концерт, байрам тантаналари ва бошқалар) пайтида ва жамоат жойларида (овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ўқув муассасалари, ҳайвонот боғлари, боғлар, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида) тасвирга олинган бўлса;
- агар фуқаронинг фотосурати унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун жойлаштирилган бўлса, у ўзи фотосуратини туширган ёки жойлаштирган ҳолларда.
Фото/видеолардан барибир кимдир фойдаланса, қандай жазо берилади?
Тасвиридан ўзининг розилигисиз фойдаланилган фуқаро бошқа томонга қуйидаги талабларни қўйиши мумкин: фото/видеони олиб ташлаш, йўқ қилиш, уларни муомаладан чиқариш ташлаш. Агар талаблари бажарилмаса, у судга талабларининг мажбурий ижро этилиши сўраб ва моддий ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолда, мурожаат этувчи унга ҳақиқатан ҳам зиён ва зарар етказилганлигини исботлаши керак бўлади.
Тузатишлар нима учун медиа юристлар орасида ҳавотир уйғотди?
ОАВ юртистлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ушбу модда журналистик текширувлар натижаларини эълон қилиш учун чеклов чораси сифатида ишлатилишидан ҳавотир олишмоқда. Масалан, ҳозирги кунда матбуотда қонунбузарликлар акс этмаган тасвирлар бўлмаса, ноқонуний равишда кесилаётган дарахтлар ёки уйларнинг бузилиши тўғрисидаги материаллар асоссиз бўлиб қолади ва ўз-ўзидан аёнки, тасвирга олиш ҳуқуқини қўлга киритиш бунда имконсиз, албатта. Жиноий ёки маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган бўлсада, оммавий ахборот воситалари суд жараёни ва компенсация тўловларидан чўчиб, эҳтиёткорроқ ҳаракат қилишади.
Бошқа мамлакатларда қандай?
Қозоғистон тажрибаси шуни кўрсатдики, умумий қоидалардан ОАВ учун тасвирга олиш ҳуқуқи тўғрисидаги истиснолар қонунчиликда акс этиши зарур. Қозоғистонда розилик олишнинг умумий қоидаси Фуқаролик Кодексида (145-модда) мустаҳкамланган, ОАВ учун истиснолар эса Қозоғистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг махсус моддасида (14-модда) кўрсатилган. ОАВ таҳририятлари ва журналистлар фото ва видеога олиш пайтида кадрга тушиб қоладиган шахсларнинг розилигини олишлари шарт эмас, қачонки:
- ушбу шахс маданият соҳасидаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган оммавий маданий тадбир, спорт тадбирлари, тинч намойишлар ва бошқа очиқ тадбирларда ҳозир бўлган ёки қатнашаётган бўлса;
- агар тарқатилаётган маълумотларда шахснинг қиёфаси ва ушбу шахснинг расмий ва (ёки) жамоат фаолияти билан боғлиқ ахборот мавжуд бўлса, шунингдек, шахснинг ўзи, унинг қонуний вакили ёки ваколатли шахс томонидан кириш чекланмаган манбаларда эълон қилинган бўлса;
- агар тасвирдаги шахс суратидан фойдаланиш конституциявий тузумни, жамоат тартибини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, аҳолининг соғлиғи ва ахлоқ ишларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилса.
Ушбу тузатишлар қабул қилингандан сўнг, табиийки, судларда ОАВ таҳририятларига қарши эътироз ва даъволар сони кўпайди, аммо суд амалиёти шуни кўрсатадики, судлар одатда ушбу ишларни ОАВ фойдасига ҳал қилишади. Шунга қарамай, матбуот нодавлат нотижорат ташкилотлари очиқ тадбирлар – давлат органларининг очиқ йиғилишлари эканини англатадими, шуни аниқлаштириб олиш керак деб ҳисоблайди. Ёки очиқ суд ишларими? Бу ишни амалга ошириш керак, чунки, аксарият ҳолларда давлат хизматчилари ОАВда фото ва видео тасвирлари нашр этилгандан кейин очиқ суд жараёнларида даъвогар сифатида қатнашмоқдалар.
Россия Федерациясида ҳам шунга ўхшаш тажриба мавжуд, аммо РФ Фуқаролик кодексининг 152.1-моддасига муҳим қўшимча киритилган. Агар тасвирдан фойдаланиш давлат, жамият ёки бошқа жамоат манфаатлари йўлида амалга оширилган бўлса, тасвирланган шахсларнинг розилиги талаб қилинмайди.