No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганиш“Питчинг нима?” Таня Рахманованинг Ҳужжатли кино мактабидаги маърузаси

    “Питчинг нима?” Таня Рахманованинг Ҳужжатли кино мактабидаги маърузаси

    Питчинг нима экани ҳақида “Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотларида ҳужжатли кино режиссёри, Сорбоннадаги кино курслари ўқитувчиси, кўплаб кинотанловларнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси Таня Рахманова маъруза қилди. У Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан иштирок этаётган бошловчи режиссёрларга питчингга қандай тайёргарлик кўриш бўйича 10 та маслаҳат тақдим қилди.

    1. Лойиҳа тўлиқ тайёр бўлгач, охирида питчни ёзинг. Питч ҳамкор ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш учун керак. Питч – бу сиз биргаликда ишлашни тасаввур қилган одамларни эътиборини тортиш учун лойиҳангиз ғоясининг қисқача баёни. Ушбу одамлар гуруҳи турли хил бўлиши мумкин. Питч – бу ким биландир учрашганингизда сиз томондан ифодаланадиган ва лойиҳани тайёрлаш жараёнида ёзишингиз керак бўлган сўнгги қисқв матн. Шундай вазиятлар ҳам бўладики, сизнинг ҳаёлингизда ажойиб ғоялар айланади, аммо фильм лойиҳасини ёзиш мобайнида улар тарқоқлашиб кетади.
    2. Ўз питчингиз билан сиз қуйидаги саволга жавоб беришингиз керак: “Нима учун томошабин буни кўриши / унга қизиқиши керак?” Шундай ҳам бўладики, фильмнинг номиёқ ҳамма нарсани ойдинлаштириб беради. Масалан, Тур де Франc пойгаларининг 100 йиллигига бағишланган фильм. Бунда нима учун айни пайтда суратга олиш муҳимлиги дархол намоён бўлади. Аудитория учун қизиқ бўлмаган мавзулар ҳам учраб туради. Британия каналларидан бирининг продюсери “агар марсликлар Ерга кийимсиз тушиб келсалар, Лотин Америкаси ҳақида фильм буюртма қилиши” ҳақида баёнот берганди. Аксарият одамлар доим биринчи навбатда ўзлари билан қизиқишади. Вазият руҳий жиҳатдан қанчалик қийин бўлса, шунчалик ўзингиз учун мавзулар ёпилади.
    3. Одамларни ҳайратга соладиган питчлар ёзинг, зеро бундан кўзланган мақсад ҳам – шу. Оддий иборалар билан бошлаш мақбул эмас. Питчга ўзингизнинг ҳикоянгизга мос НСТ (ноёб савдо таклифи) ни сингдиришингиз лозим. Бу берадиган самарани бошқа усуллар бера олмайди. Шундай ёзингки, биринчи саҳифани очган киши навбатдаги саҳифага ҳам мурожаат қилсин. Ҳамма қаёққадир, нимагадир шошилади. Ҳеч кимда ортиқча вақт йўқ.
    4. Ҳамонки сизни билишмас экан, мавзу муҳимлик касб этаверади. Қачонки таниқли режиссёр ёки продюсер питчинг қилса, барча улар нима қилмоқчи эканини дарҳол тушуниб олади. Бу ўринда ёш муаллифларда афзаллик бор: улар кўпроқ эркиндирлар, улар исталган нарсани қила олишлари мумкин. Уларни ҳали тоифаларга ажратиб улгуришмаган.
    5. Ахборот тартибини ҳисобга олинг, матбуотда нималар ҳақида ёзишяпти. Ўтган йили барча учун ковид асосий мавзу бўлди. Бу йил эса яна бошқа мавзулар ҳам майдонга чиқмоқда. Питчдан аввал ўз ҳудудингизда чоп этиладиган йирик нашрларни ўқишни тавсия этаман. Қарор қабул қилувчи инсонлар ўша нашрларни мутолаа қиладилар. Сиз улар нима ҳақида ўйлашларини тушунасиз. Аммо бунда сиз пулдорлар унга қанчалик қизиқиш билдириши ҳақида ўйлаб, фильмлар яратишингиз керак эмас. Аввало ўзингиз хоҳлагандек фильм яратинг, кейин эса бунинг учун пул излашингиз мумкин. Бу ерда тақиқ йўқ. Аммо яширин реклама доим сезилиб туради.
    6. Мамлакатнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олинг. Айрим мамлакатлар, масалан, АҚШ учун питчда энг муҳими, “танага дахл қилиш ҳақида”ги саволга жавоб беришдир: “Нима учун бу қаҳрамон менга эшик очади?”, “Мен ва қаҳрамон ўртасидаги ўзаро алоқадан нима юзага келади?”. Францияда калит сўз сифатида “ҳеч қачон кўрсатилмаган архив” ибораси ишлатилади. Эҳтимол, улар аввалдан маълум бўлгани тушунарли бўлса ҳам, усул ўз самарасини беради.
    7. Турли мақсадлар учун турли питчлар ёзинг. Молиялаштиришни қўлга киритиш учун питч – бир мавзу, фестивалдаги иштирок учун питч бошқа мавзу, янада хислироқ. Фестивалларда кўпинча азият чекаётган одамнинг фожиали тақдири учун совғалар берилади. Бу каби тадбирларда одатда, муваффақиятли тижорат фильмлар ва комедияларга мукофотлар берилмайди. Дейлик, Луи де Фунес ололмаслиги мумкин, аммо Андрей Тарковский олади.
    8. Ўзингиз питч ёзинг, сўнгра қисқартиринг. Ва кейин яна ва яна кесиб ташланг. Рус кишилари (рус тилида ёзадиган) кўпсўзликдан қийналишади. Ёзасиз, кейин уни учдан бирига қисқартирасиз. 200 та сўз билан ифодалашга ҳаракат қилинг. Питч – бу Word шаклида кўпи билан ярим саҳифа. Агар лавҳа қисқа бўлса, питч ҳам қисқароқ бўлсин. Питч ёзиш учун кўп вақт сарфланишидан ташвишланманг. Ҳар бир сўз салмоғини ўлчаш лозим. Биз ҳар бир питчни бир неча ҳафта давомида адоқсиз электрон почта орқали ёзишмалар эвазига дунёга келтирамиз. У шу қадар аниқ бўладики, биз унинг сўзларидан кейинроқ пресс-релиз учун фойдаланамиз.
    9. Дўстларингиз ва оилангиз воситасида питч ёзишни машқ қилинг. Инсон диққати қанчалик тез кенгайишини кўрасиз. У сизга нима ёқмаслигини айтмайди, лекин сиз буни кўрасиз. Агар одам фақат ўзи учун фильм яратган бўлса, демак, уни фақат ўзи томоша қилади. Биз олдимизда томошабинни кўришимиз керак. Бунда ҳеч қачон томошабиннинг билимини бўрттириб юбормаслик керак, лекин унинг тафаккурини камситмаслик ҳам лозим.
    10. Сизнинг ҳикоянгиз доим экранда кўрсатилганидан кўпроқ нарсалар ҳақида сўзлаши керак. Масалан, асал йиғувчи ҳақида фильм яратилган эди. Унда сиёсат ва бошқа долзарб масалалар ёритилмаган бўлсада, ўзига хос ва долзарб эди. Чунки унда икки жамоанинг қандай мавжудлиги ҳақида ғоя кўрсатилган. XXI аср бошқа одам ва унинг тақдири билан учрашиш асри деб аталади. Айнан шу нуқтаи назардан бу каби фильм питчини яратиш керак! Ҳужжатли кинога мактаб давридан бориш шарт эмас. Бирор нарсани айтиш истаги керак, айтадиган гап лозим.

    Аввалроқ Мактабда ҳужжатли фильмлар тайёрлаш босқичлари ҳақида машғулотлар бўлган эди: логлайн, синопсис, тизер, трейлер яратиш, шунингдек, жамоада роллар қандай тақсимланиши тўғрисида сабоқ берилди.

    Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр машғулотларига 10 март куни старт берилди. Назарий машғулотлар 15 апрелгача, амалий машғулот ва менторлик 25 июнга қадар давом этади. Мактаб сабоқлари онлайн режимида, Zoom платформасида ўтказилмоқда. Таълим рус тилида олиб борилса-да, қозоқ, тожик ва ўзбек тилларига синхрон таржима қилинади. Мактаб ишида қатнашиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан янги бошловчи режиссёрлар танлаб олинди. Аввалига улар таниқли ҳужжатли киночилар, халқаро тоифадаги мураббийлар раҳбарлигида олти ҳафталик интенсив машғулотларда иштирок этадилар, уй вазифаларини бажарадилар, устахоналар фаолияти, фильмлар намойиши ва муҳокамаларда қатнашадилар. Сўнг икки ойлик суратга олиш ва монтаж ишлари ҳамда Мактаб мураббийлари раҳбарлигида ўз фильмларини тайёрлайдилар.

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read