Агар она ва қиз бир занжирга боғлаб қўйилса нима бўлади? Яъни рамзий маънода эмас (бу ўринда қондошлик ришталари ҳақида гап кетмаяпти), реал ҳаётда шундай бўлса? Бу Sevimli TV телеканалидаги «Она қизим» реалити-шоусининг тугуни. «Янги репортёр» медиатанқидчиси Навруз Хуррамов ўзбек телевидениеси учун янги бўлган ушбу дастурни томоша қилди.
50 дақиқалик шоу давомида она ва ўсмир қиз бир-бирини тушунишга, ўртадаги келишмовчиликларни бартараф этишга, зарурат бўлса, орадаги йўқолган алоқани тиклашга ҳаракат қилади. Биз бир кўрсатув орқали она ва қиз ҳаётининг уч кунига гувоҳ бўламиз. Бир кунни улар она қоидалари билан, иккинчи кунни қизнинг хоҳишига кўра, учинчи кунни эса ўзаро муросага келиш йўлидаги хатти-ҳаракатлар билан ўтказишади.
Бунга ўхшаш реалити-шоу 2019 йили Россиянинг «Ю» телеканалида намойиш этилган эди. Тўғри, унда шоунинг драматизмини таъминлаш учун арқон ҳар куни 20 сантиметрга қисқартирилган, шу йўсин кўрсатув якунига келиб, она ва қиз ўртасидаги занжир фақат 20 сантиметр қолиши керак. Шунингдек, «Ю» телеканали кўрсатувида иштирокчиларнинг ҳар бири арқонни узиш имкониятига эга, бу ҳол икки яқин инсоннинг муроса йўлини тополмагани ва бир-бирини тушуна олмаганини англатар эди. «Она қизим» дастурида бундай драматургик, баъзан драматик усуллардан воз кечилган. Реалити-шоунинг ўзбекча вариантида яна икки қаҳрамон — шоу руҳшунослари бор. Паризода Қурахмедова ҳамда Азиза Тошхўжаева — олий тоифали мутахассислар бўлиб, улар камера қаршисида зиддиятли ҳолатни ўзаро муҳокама қилишади, иштирокчилар биргаликда бажариши учун махсус топшириқ тайёрлашади, руҳий таҳлил сеансларини ўтказишади. Умуман, бу шоуни «Она, қиз ва руҳшунослар» деб аташ ҳам мумкин эди.
Мазкур ёндашув реалити-шоу орқали ўзбек телевидениесига хос бўлмаган мавзуларни олиб чиқишга ёрдам беради. Биринчи шоу қаҳрамонлари — она ва қизнинг ота билан ажрашувдан кейин муносабатлари бузилганлиги ҳақида. 17 ёшли Севинч жиззаки бўлиб қолган, шу билан бирга, у онасининг асабийлиги ҳақида гапиради, улар тез-тез уришишади, бир-бирларини тушунишмайди. Ўгай ота билан қизнинг муносабати ёмон бўлган. Кейинроқ биз унинг хотинини калтаклагани ва Севинчнинг онаси, аслида, оилавий зўравонлик қурбони бўлганини биламиз. Аёл иккинчи эридан ҳам ажрашган ва энди болалари билан ўзаро муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бундай мураккаб вазиятда руҳшунос ёрдамисиз нимадир қилиш қийин. Шундай қилиб, биз реалити қаҳрамонларининг бир неча кун мобайнида қандай ўзгариб боришига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Умуман олганда, ушбу дастур Ўзбекистондаги «қиз — бўлажак келин» тушунчасига бевосита алоқадор бўлмаган оз сонли телекўрсатувлардан бири. Тўғри, ҳар бир дастурда она ҳам, қиз ҳам ошхонада бирга, бироқ занжир орқали боғланган ҳаёт бу билан чекланиб қолмайди. 10 март — она ихтиёри кунида қаҳрамонлар инглиз тили курси ва рақс тўгарагига йўл олишди. Қиз эса ўзига бағишланган кунда онасини самбо спорт машғулотига олиб борди. Бу билан у спортнинг мазкур тури анъанага кўра, аёлларга хос эмас деб ҳисобланса-да, барибир шуғулланиш истаги борлигини билдирди. Бошқача айтганда, эътибор таълим, жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзи — бугунги Ўзбекистонда ўсмир қизлар тарбиясининг муҳим жиҳатлари бўлиши лозимлигига қаратилган.
Қаҳрамонлар ўртасидаги муносабатлар улар биргаликда олаётган тажриба туфайли ўзгариб боради. Биринчи дастурда она ва қиз сунъий қоя иншоотига олиб борилади, иккинчисида улар тарзанкада пастликка сакрайди, учинчисида эса квест хонага борилади, тўртинчи куни қиз ўз чиқиши билан иқтидорини намойиш этади. Кейинги дастурлар учун шоунинг самарали ва жозибадор бўлиш эҳтимоли ҳам, шубҳасиз, ана шунда: иштирокчилар биргаликда адреналин олиши мумкин бўлган бундай жойлар ҳали кўпми? Лойиҳа муаллифлари кейинчалик буни қандай уддалашлари, қизиқ, албатта.
Эътироф этиш жоизки, асосий ғоя, сюжет ва қизиқарлилик жиҳатидан етарлича тўлақонли, ўзига хос медиамаҳсулот юзага келган. Шоунинг Youtube каналига жойланган биринчи сонини 30 минг киши томоша қилган бўлса, тўртинчисига келиб, мазкур кўрсаткич 120 мингтани ташкил этди. Бу ўринда дастур операторларининг иши сифати масаласига алоҳида тўхталиш ўринлидир. Зеро, улар турли локацияларда маҳорат билан ишлайди ва кўпчилик тасвирлар ҳаракат жараёнида олинган бўлса-да, сифатли, ёрқин ва тиниқ.
«Она қизим» титрларида ушбу формат «Ю» телеканалидан олингани кўрсатилмаган. Маълумки, она ва қиз муносабатлари ҳақидаги реалити-шоуларнинг бошқа халқаро шакллари ҳам бор, масалан, TheMother/Daughter Experiment: CelebrityEdition. Унда руҳшунос таниқли она ва қиз муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради. Ёки sMotheredни олайлик, бу дастурдаги реал воқеалар шу қадар кинога ўхшайдики, ўз вақтида кўрсатув ижодкорлари шоуни сценарий бўйича тасвирга олган, деган айбловлар ҳам қўйилган.
«Она қизим» кўрсатувининг эфирга узатилган сонлари “хэппи энд” билан тугайди: она ва қиз бир-бирига қучоқ очади, бундан кейин зиддиятларсиз, бахтиёр яшашга умид боғлайди. Бу жиҳат реалити-шоунинг кучли томоними ёки камчилиги — буниси энди томошабинга ҳавола.