6 апрель куни “Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотлари доирасида мавзу бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди. Унинг ишида Марказий Осиё ҳужжатли кино ижодкорлари – Элёр Неъматов (Ўзбекистонда туғилган, Марказий Осиё бўйича лойиҳалар тайёрлайди), Исмоил Зибай (Тожикистон), Катерина Суворова (Қозоғистон), Махпора Киромова (Тожикистон), шунингдек, Clique Film Festival ва Qara Film Festival каби кино фестиваллари ташкилотчиси Дана Сабитова (Қозоғистон) иштирок этдилар. Маърузачилар турли босқичларда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш учун маблағ топиш, шунингдек, фильмларни тарғиб қилишда лайфхаклар билан ўртоқлашдилар.
“Кино менга ишни бошқаларга тақсимлашни ўргатди”
Элёр Неъматов (Ўзбекистон), ҳужжатли фильм ижодкори ва сураткаш, “Мен чет элликман”, “Дадам эртага келади”, “Менинг исмим аёл”, “Чўпонлар ва қўшиқлар”, “Бухоро болалари” каби ҳужжатли лойиҳалар муаллифи:
– Мен ҳуқуқ ҳимоячиси Aзимжон Aсқаров ҳаёти ва ўлими ҳақида фильм устида ишлаяпман, у 10 йил қамоқ жазосини ўтаган, Жалолободдаги можаролардан сўнг унга сохта айбловлар билан иш очилган эди. Мен анчадан буён у ҳақда фильм суратга олишни истар, бунга техника ва маблағ излаш билан овора эдим. Кутилмаганда, у вафот этди. Шунинг учун фильм унинг ўғиллари майитни машинада Қирғизистондан Тошкентга олиб кетаётгани ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. Ушбу лойиҳани пайсалга солганим менинг катта хатоим бўлди, деб ўйлайман.
Бу бир таълим дастури доирасида суратга олинган ўқув лойиҳасидир. Бунинг учун дастлаб менга 3000 доллар беришган эди. Бундай бюджет фақат бир шаҳар ҳудудида суратга олиш имконини беради. Менда эса халқаро лойиҳа пайдо бўлди: Қирғизистон, Тожикистон, Россияда суратга олдим. Пул тугагач, менга яна маблағ ажратишди.
Ушбу фильмни таниқли ва тажрибали сураткаш сифатида бошладим. Бу – ҳужжатли фильм яратишдаги илк тажрибам. Мен фотосуратларни қаерда эълон қилишни биламан: The Guardian, The Telegraph, Le Monde, The Wall Street Journal, Meduza. Фильмни қандай тайёрлаш, суратга олиш ва тарғиб қилишни билмасдим. Шунинг учун мустақил ўргана бошладим, ҳаммасини ўзим бажаришга ҳаракат қилдим, продюсерлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришдим. Мен илгари питчинг нима эканини билмасдим, лекин ўргандим. Aввалига ёлғиз ишладим. Кино менга ҳамма ишни ўзим қилишни эмас, балки бошқаларга ҳам тақсимлашни ўргатди. Барча жараёнлар уч баравар тезроқ кечди.
Тожикистонда фильм учун пул топишнинг бир неча йўллари бор. Маданият маркази, Internews, Сорос жамғармасининг грант танловларида иштирок этиш керак. Шунингдек, маблағни элчихоналар, маданият масалалари бўйича атташелардан ҳам топиш мумкин. Aгар сизни Европа элчихоналаридан бири қўллаб-қувватласа, бу жараёнга бошқа Европа давлатлари элчихоналар ҳам қўшилиши мумкин. Агар мавзу ижтимоий йўналишда бўлса, шахсий мавзудан кўра грант олиш имконияти кўпроқ бўлади.
Мен Тожикистоннинг давлат ва хусусий телеканалларини молиялаш манбаи деб ҳисобламайман. Улар мавзуни мен хоҳлаганча очиб беришга имкон бермайдилар. Aммо улар билан маъмурий қўллаб-қувватлаш тўғрисида келишиб олиш мумкин. Бизда камерали одамларни унчалик ёқтиришмайди, аммо телеканал ҳужжатлари билан имкониятлар янада ошади.
“Пул ҳар жойдан келиши мумкин”
Катерина Суворова (Қозоғистон), “Эртага денгиз” ҳужжатли фильми муаллифи.
– Тушкунликка тушманг, ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш учун хусусий маблағлар бор. Умуман олганда, маблағни истаган одам – ҳатто бувингиз ҳам бериши мумкин. Одам агар унинг шахсий тарихи лойиҳангиз ғоясига мос келса, пул бериши мумкин. Дугонам ресторан бизнесида ишлайди, унинг раҳбари лойиҳам билан қизиқиб қолди, аммо ўхшамади. Сизга тушунтириш учун айтяпман: пул ҳамма жойдан келиши мумкин.
“Эртага денгиз” фильми учун мен немис маблағини ютиб олдим. Aгар пул Германиядан келган бўлса, унда титрда “суратга олинган мамлакат – Қозоғистон, ишлаб чиқарувчи мамлакат – Германия” ёзуви бўлади. Мен учун Қозоғистоннинг ҳам ишлаб чиқарувчилар қаторида бўлиши сиёсий жиҳатдан муҳим эди. Шу боис мен Қозоғистонда қўшимча маблағ изладим ва топдим. Уни менга хусусий тадбиркор берди. У иккита сабабга кўра бунга рози бўлди: биринчидан, унга Орол денгизи мавзуси, иккинчидан, йирик немис фонди билан сопродюсер бўлиш ғояси ёқди. Титрларда унинг исми эмас, балки унинг номидаги жамғарма акс этди.
Битта манбадан бутун суммани тўлиқ сўрашни тавсия этмайман, бир қисмини осонроқ беришади. Қолаверса, кўплаб йирик халқаро фондларда кино учун грантлар йўқ – улар кинони бевосита қўллаб-қувватламайди, бироқ дастлабки тадқиқотлар мавзусини қўллаб-қувватлашлари мумкин. Масалан, Сорос-Қозоғистон фонди билан ҳамкорлик қилиш мумкин.
Шунингдек, Қозоғистонда йирик компаниялардан маблағ топиш мумкин, аксариятида ижтимоий бўлим бор ва сиз уларга мурожаат қилишингиз мумкин. Масалан, Chevron. Ёки бошқа вариантлар: Гёте институти, AҚШ элчихонаси, Internews, Биринчи Президент жамғармаси, Ораз Aбишев кинофонди. Шунингдек, “Aртдокфест” каби минтақавий фондлар, йирик кинофестиваллар, катта халқаро платформалар мавжуд.
Мен ҳеч қачон давлатдан маблағ олмаганман. Англашингиз зарур: давлат учун ишлашга тайёрмисиз? Давлат буюртмасининг мақсади – ўз мамлакатини реклама қилиш. Aгар қаҳрамонингиз давлат манфаатлари билан уйғун бўлса, бирон нарса чиқиши мумкин. Фильмни суратга олиш сиз учун хавфсизми? Қаҳрамонларингиз учун хавфсизми? Чегараларни ҳис қилиш муҳим, буюртмани бажариш эмас, ўз лойиҳангиз учун имкониятлар топишга ҳаракат қилишингиз керак.
Маҳаллий маблағни тез топасиз. Биз халқаро майдонда маблағ излаганимизда, бутун дунё билан рақобатлаша бошлаймиз, унда ҳаммаси инглиз тилида. Бу ерда Ғарбда ўқиганларга ютқазишимиз мумкин: бизга фикрларимизни қисқа ва равшан баён қилишни ўргатишмаган, Совет Иттифоқида пул тақсимот асосида берилган. Ғарб кино мактабларида эса бу нарсани ўргатишади. Энг асосийси: инглиз тилини ўрганинг.
Продюсерлик тафаккури шундай бўлиши керак: “Мавзу қаерда пул берувчи манфаатларига ҳамоҳанг ёки унга зид келмайди?”, “Қаерда ва ким қўллаб-қувватлаши мумкин?” Ҳар гал янгидан нутқ тайёрлайсиз – ҳар бир эҳтимолий продюсер учун қайтадан ёзасиз. Бир жойда фильм маданий ўзига хосликларни очиб беради десангиз, бошқа ўринда урғу гендер масалаларига қаратилганини айтасиз. Сиз ҳеч кимга ёлғон гапираётганингиз йўқ, фақат қизиқишларингиз мос келадиган жиҳатларни бўрттириб кўрсатяпсиз, холос.
Ҳужжатли фильм яратиш босқичлари қуйидагилардан иборат: маблағ тўплаш, ғоянинг тавсифи, тадқиқот, тасвирга олиш учун ҳозирлик, тасвирга олиш жараёни, пост-продакшен, овоз, монтаж, тарғиб қилиш. Мураббий ва драматург Марина Разбежкинанинг фикрича, фаолиятини энди бошлаган ҳужжатли фильм ижодкори ҳеч бўлмаса, бир бор ўзи продюсерлик вазифасини бажариб кўриши лозим: экспедиция ташкил қилиш – маблағ, жамоа, техника, ёқилғи, логистика, турар-жой, озиқ-овқат, жамоадаги муносабат, тасвирга олиш жойидаги муҳит. Ана шунда одам келгуси лойиҳаларда жамоа аъзоларига реал талабларни қўйишни ўрганади.
Биз “Қозоқфильм”га мурожаат қилдик, бизга рад жавобини беришди. Шунга қарамай, фильм премьераси Локарно фестивалида бўлиб ўтди. Биз билан ҳамкорлик қилмаганлари уларнинг хатоси бўлди, деб ўйлайман. Тажрибамизга кўра, фильм халқаро майдонда қанчалик ёрқин иштирок этса, ватанидаги қизиқиш ҳам шунчалик юқори бўлади. Одамлар кўпинча “агар бу Локарнода намойиш этилган бўлса, бизга ҳам қизиқ”, деб ўйлайди.
“Бугун мен фильмни тарғиб қилиш учун кўпроқ харажатга розиман”
Махпора Киромова (Тожикистон), журналист ва “Мардикор” ҳужжатли фильми муаллифи
– Ёлланма ишчилар бозоридаги аёллар ҳақидаги 22 дақиқалик “Мардикор” ҳужжатли фильмимнинг бюджети – 5000 AҚШ доллари. Унинг тенг ярми техника сотиб олиш ва логистика учун сарфланди. Жамоада фақат икки киши бор эди: мен ва тасвирчи-монтажчи. Дарвоқе, Тожикистонда бир қатор табу мавзулар бор. Масалан, терроризм мавзуси. Давлат идоралари билан муаммолар юзага келади, грант берувчи ҳам буни рад этиши мумкин.
Биламан, аксарият фестивалларда фильм илгари намойиш этилмаган бўлиши керак, деган талаб қўйилади. Мен эса муаммо шу ерда ва ҳозир ёритилиши тарафдориман: фильмларимни YouTube орқали намойиш қилиб бораман. YouTube орқали намойишнинг илк кунидаги кўришлар ва шарҳлар сони жуда муҳим. Aгар 24 соат ичида фильм камида 1000 марта кўрилса, бир неча ўнлаб шарҳ ва лайклар йиғилса, YouTube нинг ўзи уни тарғиб қила бошлайди. Шунинг учун тарғибот бўйича ишлар ташкил этилди. Фильм бир вақтнинг ўзида Facebook да намойиш этилди, плакат, тавсиф, ҳаволалар эса бошқа гуруҳларга жойлаштирилди.
Фильмни тарғиб қилиш дегани, ҳаволани фақат бир марта жойлаштириш дегани эмас, лойиҳа узоқ муддат давомида тармоқда “айланиши” керак. Бир ҳавола орқали кўришлар бир неча кун давом этади. Бунинг узоқ давом этиши учун постфаоллик яратиш лозим. Масалан, биз аёл қаҳрамонлар учун маблағ йиғиш кампаниясини эълон қилдик, бу эълонлар фильмга гиперлинк билан бирга кетди. Биз 18000 сомонийдан ортиқ (1500 доллар атрофида) маблағ йиғдик. Биз бу ҳақда ролик тайёрладик, тармоққа жойлаштирдик ва фильмга ҳаволани бириктирдик. Бундай фаоллик бир неча ҳафта давом этади. Шунингдек, фильмни Тожикистон ОАВ ҳам қўллаб-қувватлади – эртаси куни барча бу ҳақдаги янгиликни тарқатди.
Фильмни эълон қилганимизга тўққиз ойдан ошди, бугун кунига 50-60 марта томоша қилиняпти. YouTube орқали фильм 160 300 марта кўрилди, каналнинг 1600 обуначиси пайдо бўлди, молиялаштирувчилар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, Facebook ва фильм рухсатсиз жойлаштирилган бошқа манбаларда ҳам алоҳида томоша қилганлар бўлди. Мен фильм тарғиботига 100 доллар ажратган эдим, бугун ушбу мақсадлар учун кўпроқ пул тиккан бўлардим. YouTube орқали пулли реклама қилмадим. Facebook тармоғида эса реклама қилдим. У ерда фильмни яна 70 минг марта томоша қилишди. Бунинг тахминан 20 фоизини пулли тарғибот натижаси деб биламан.
“Марказий Осиёдан фильмлар ҳали суратга олинмаган, аммо уларни кутишмоқда”
Дана Сабитова, Clique Film Festival ва Qara Film Festival кинофестиваллари ташкилотчиси.
– Мен ҳужжатли кино ижодкорларига ўз ишларини кўплаб фестивалларга жўнатишни тавсия қиламан. Марказий Осиёда тайёрланган ҳужжатли фильмлар жуда қадрланади. Ҳали тасвирга олиб улгурилмаган, аммо уларни кутишади. Нимагаки, Марказий Осиё минтақасидаги реал ҳаёт ҳақида маълумот етарли эмас. Дунё учун биз қандай яшаётганимиз қизиқ.
Биз ҳам ҳужжатли фильмлар фестивалини ўтказиш учун пул излаймиз. Фестивалларимиз хорижий фондлар томонидан молиялаштирилади. Шу ерда бўла туриб ҳам, бизга минтақамизда нималар бўлаётганини билиш қизиқ.
Фестиваль ташкилотчилари сифатида биз учун ҳам, фильмлар муаллифлари сифатида сиз учун ҳам энг асосийси – ўз томошабинини топиш. Фестиваллар – одамлар жам бўладиган жой. Улар орасида қарорлар қабул қиладиган ва сиз ўз ишларингизда кўтарган муаммолар ечимига таъсир қиладиган одамлар бўлиши мумкин.
***
Аввалроқ мактабда ҳужжатли фильмлар тайёрлашнинг логлайн, синопсис, тизер, трейлер, жамоада ишлаш, питчинг каби жиҳатлари ҳақида машғулотлар бўлган эди.
“Ҳужжатли кино мактаби. Қисқа метр” машғулотлари 10 март куни бошланди. Назарий машғулотлар 15 апрелгача, амалий машғулотлар ва менторлик 25 июнга қадар давом этади. Мактаб сабоқлари онлайн режимида, Zoom платформасида ўтказилади. Таълим рус тилида олиб борилса-да, қозоқ, тожик ва ўзбек тилларига синхрон таржима қилинади. Мактаб ишида қатнашиш учун Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ёш режиссёрлар танлаб олинди. Аввалига улар таниқли ҳужжатли киночилар, халқаро мураббийлар раҳбарлигида олти ҳафталик интенсив машғулотларда иштирок этадилар, уй вазифаларини бажарадилар, воркшоп, фильмлар намойиши ва муҳокамаларда қатнашадилар. Сўнг икки ойлик суратга олиш ва монтаж ишлари жараёнида мактаб мураббийлари ва менторлар кўмаги билан ўз фильмларини тайёрлайдилар.