No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидZO'R TVда “Бола ширин” кўрсатуви: катталар учун болалар ҳақида дастур

    ZO’R TVда “Бола ширин” кўрсатуви: катталар учун болалар ҳақида дастур

    ZO’R TV телеканалидаги янги шоуда машҳур ўзбек актёрлари, режиссёрлари, қўшиқчилари ва қизиқчиларига болаликка қайтиш таклиф этилмоқда. «Янги репортёр» медиатанқидчиси «Бола ширин» деб номланган ушбу шоу-кўрсатувнинг бир неча сонини томоша қилди.

    Шоу муҳити болалар хонаси интерьери руҳида ишланган рангли студия, қувноқ бошловчи ва жажжи ёрдамчилар — боғча ёшидаги болалардан иборат. Кўрсатувнинг ҳар бир сонида иккита жамоа қатнашади. «Биз баъзан оз вақт бўлса-да, болаликка қайтгимиз келади ва бугунги меҳмонларимизни болаликка қайтишга ёрдам берамиз”, дейди дастур ғояси ҳақида бошловчи Анвар Салимов. Кўрсатув сюжетига кўра, телекўрсатув меҳмонлари иштирокидаги ўйин ва викториналар ёрдамида “болаликка қайтиш” мумкин.

    Дастур бошловчиси ўнг ва сўл томонда турган пуфикларга жуфтларни ўтқазиб, машғулотни бошлайди ҳамда қуйидаги саволларни беради: «Болаликда ким бўлишни истагансиз?» ёки «Болаликда нима ҳақида орзу қилгансиз?», «Болалигингиз қандай ўтган?», «Болаликда нималар бўлган?». Буларнинг бари ҳазилнамо бўлиб, студияда кулгили ҳолат ва қувноқ муҳит юзага келади. Дастур иштирокчилари болаликни эслагани билан, суҳбат ҳам, ҳазил ҳам катталарга хос.

    Машқлар викторина билан давом этади, бунда бошловчининг саволларига жавоб бериш учун ҳар бир жамоага 60 сониядан вақт берилади. Кўрсатувнинг 28 март куни тақдим этилган сонида иштирокчиларга қуйидаги саволлар берилди: “Болалар кровати рейкалари орасидаги масофа неча сантиметр бўлиши керак?”,“Тўрт яшар бола бир кунда нечта савол бериши мумкин?”, “Бразилияда болаларга бериладиган катта жазо нима?”, «Жирафалар эркин яшайдиган минтақа қайси?». Бу саволлар зукколикни эмас, балки энциклопедик билимларни текшириш учун тузилгандек таассурот уйғотади. Улар, бир томондан, болаликка қайтишга ёрдам бермайди; иккинчи томондан, юлдузларнинг саволларга жавоб бера олмаганидан ажабланмаса ҳам бўлади, чунки кўплаб саволлар ҳақиқатан ҳам мураккаб тузилган.

    Кейин жамоалар болаларни уларнинг исмлари бош ҳарфига қараб сафга тизишади. Студиядагилар қувноқ ғала-ғовур, шовқин билан гуруҳларга тўпланишади. Бу ҳолат ўйин иштирокчиларида ҳис-ҳаяжон туғдириши мумкин, аммо шоуни томоша қилаётганлар учун қанчалар қизиқ? Буни тушуниш қийин. “Сафлан” унсури лойиҳанинг асосий ғоясига бегонадек туюлади. Шу боис бу лойиҳа ғоясини очиб беришга хизмат қилмайди, дейиш мумкин.

    Шоунинг учинчи қисми «Топдим-топалоқ» деб номланган. Кўрсатув иштирокчилари болалар чизган суратда нима тасвирлангани ва улар расм орқали нимани тушунтирмоқчи ёки ифодаламоқчи эканини англаб етишлари керак. Кейин эса теледастур иштирокчилари боғча болаларига қайсидир воқеа ёки нима ҳақидадир гапириб (тушунтириб) беришлари керак, болалар эса нима ҳақда сўз кетаётганини англаб етиши лозим. Лойиҳанинг мазкур қисми қизиқарли ва кулгили. Бунда катталар болалар дунёқарашини тушунишга ва улар билан тил топишишга ҳаракат қилади.

    Шоунинг қайси аудиторияга мўлжалланганини аниқлаш мушкул. Кўрсатувда болалар қатнашишига қарамай (бошловчи ёрдамчилари ва бошқа ролларда),  бу ердаги ҳазил-мутойибалар мактабгача ёшдаги болаларга эмас, аксинча, катталарга мўлжалланган. Иккинчидан, болаларни ушбу кўрсатув аудиторияси дейиш учун дастурда мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига таъсир қиладиган ва билимини оширадиган фойдали бирон нарсани топиш қийин. Бундан ташқари, одатда, бу ёшдаги болалар билан тил топишишга айнан ота-оналарда эҳтиёж  бор, аксинча эмас.

    «Бола ширин» шоусида мусобақа элементи мавжуд бўлиб, унда жамоалар топшириқларни яхши бажарганликлари учун балларга эга бўлишади; аммо шоуда мусобақа руҳи заиф ифодаланган, беллашув ёки ўйин атмосфераси у қадар сезилмайди, томошабин кўрсатувга қизиқиб кетиб, қайсидир жамоага мухлислик қилиши қийин.

    Дастурнинг ижобий томони, шубҳасиз, кўрсатув бошловчиси Анвар Салимовнинг моҳирлиги, унинг кўрсатувни маҳорат билан олиб бориши, ўзини эркин тутиши, босқичдан-босқичга  силлиқ ўта олиши ва, албатта, аудиторияда илиқ ҳис-туйғу уйғота оладиган болалардир.

    Катталар ва болалар иштирок этадиган шоу — оммавий телевизион форматлардан бири. Бу ўринда машҳур “Устами младенца” («Бола тилидан») дастурини ва бошқа лойиҳаларни эслаш мумкин. Ушбу дастурларда болалардан Мирей Матьенинг кимлигини, катталардан эса — Жастин Бибер нима билан машҳурлигини сўрашади. Шоуда юлдузларнинг мактабга қайтиши кўрсатилиб, уларнинг билимлари ҳозирги мактаб ўқувчилари билимлари билан солиштирилади. Умуман олганда, «Бола ширин» лойиҳаси муаллифлари  ўзига хос оригинал маҳсулот яратиш мақсадида юқорида айтилган форматларни бирлаштиришга ҳаракат қилишган. Лекин, ҳозирча, кўрсатувдан сўнг томошабин қандай ҳиссиётлар оғушида қолиши керак ва бу шоу ким учун (қайси аудитория учун) деган асосий саволлар жавобсиз қолмоқда. Айни пайтда у кўрса бўладиган, аммо тўлиқ шаклланмаган бир дастурдир. Уни юлдузларнинг ўзлари, уларнинг мухлислари ва шоуда қатнашаётган болаларнинг ота-оналаригина қизиқиб томоша қилиши аниқ.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read