No menu items!
More
    ДомойЮридик кўмакЎзбекистонда сайлов ва ОАВ. Журналистлар аккредитацияси қандай ўтказилади?

    Ўзбекистонда сайлов ва ОАВ. Журналистлар аккредитацияси қандай ўтказилади?

    Ўзбекистонда сайловолди кампанияси бошланди. 2021 йилдаги Президент сайловига 14 та сайлов округлари шакллантирилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) шунингдек, сайловни ёритиш учун ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини кўриб чиқди. Ҳозирги вақтда Президент сайловини ёритиш учун 500 нафардан ортиқ журналист аккредитациядан ўтган. Медиаюрист Карим Баҳриев сайлов жараёнларини ёритишда ОАВ ва журналистлар иштироки қандай мувофиқлаштирилиши ҳақида сўз юритади. Иккинчи мақола журналистлар аккредитацияси мавзусига бағишланади.

    Миллий ва хорижий журналистлар аккредитацияси

    Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайлов пайтидаги ваколатлари «Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак». Бошқа мамлакатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.

    Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 17 июлда мазкур сайловда ОАВни аккредитациядан ўтказиш тартибини «Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби ҳақидаги Низом»да эълон қилган.

    Низомга мувофиқ, сайлов кампанияси даврида объектив ахборотнинг кенг, тезкор ва эркин тарқалиши ҳамда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан ўрнатилган тартиб бўйича ташкил этиш учун ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтади.

    ОАВ вакиллари аккредитация масаласида сайлов кампанияси бошланганлиги расмий эълон қилинган кундан бошлаб, қоида бўйича, сайловдан аввал ўн беш кундан кам бўлмаган вақтда МСКга, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига мурожаат этиши мумкин.

    МСК, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан аккредитациядан ўтган ОАВ вакилларига гувоҳнома берилади.

    ОАВ вакилларининг ваколатлари муддати аккредитациядан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома олган кундан бошланади ва сайлов натижалари расман эълон қилинган кунда тугайди.

    Агар тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ОАВ вакилларининг гувоҳномалари муддати такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш натижалари бўйича қарор қабул қилгунга қадар узайтирилади.

    Маҳаллий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби қандай?

    Сайлов кампанияси даврида аккредитацияни

    • Республика миқёсидаги ОАВ вакилларини — МСК;
    • вилоят миқёсидаги ОАВ вакилларини — вилоят сайлов комиссияси;
    • туман (шаҳар) миқёсидаги ОАВ вакилларини — туман (шаҳар) сайлов комиссияси ўтказади.

    Сайлов кампаниясини ёритиш учун ОАВ аккредитациядан ўтиш учун кўрсатилган ходимнинг исми-шарифи ва лавозими кўрсатилган ҳолда сайлов комиссияларига мурожаат этади ҳамда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси ва 3х4 ҳажмдаги 2 дона фотосурат илова қилинади.

    ОАВ вакилининг аккредитация учун мурожаати ОАВнинг расмий бланкида тақдим қилинади ва раҳбар имзоси билан тасдиқланади.

    Мурожаат беш кун давомида кўриб чиқилади ва тегишли сайлов комиссияси қарорига асосан ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома берилади.

    Мазкур низомнинг 6-бобида кўрсатилган тегишли маълумотлар тўлиқ тақдим қилинмаган тақдирда ҳамда аккредитация ҳақида мурожаатларни тақдим қилиш муддати бузилган тақдирда, тегишли сайлов комиссияси ОАВ вакилини аккредитация қилишни рад этиши мумкин.

    Хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби қандай?

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси сайловларида хорижий ОАВ вакиллари МСК томонидан аккредитациядан ўтказилади.

    МСК хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик қилади.

    ТИВда аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларини МСКдан аккредитациядан ўтказиш учун тегишли ОАВ мухбирлик пункти (бюроси, офиси) раҳбари МСКга мурожаат қилиши керак.

    Мурожаатда аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

    Мурожаат беш кун ичида кўриб чиқилади ва МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

    ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакиллари сайлов кампаниясини ёритиш мақсадида ТИВга мурожаат қиладилар. Мурожаатга:

    • оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;
    • аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг таржимаи ҳоли,
    • унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси,
    • ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

    ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакилларининг мурожаати тақдим этилган кундан кейин икки ҳафтадан кечикмай ТИВ томонидан кўриб чиқилади. Мазкур Низомнинг 10-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган, шунингдек белгиланган муддатда берилмаган мурожаат кўрилмасдан қолдирилади.

    ТИВ хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида МСКга тақдимнома киритади.

    Тақдимнома беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади ва МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

    ОАВ вакиллари сайлов вақтида қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

    ОАВ вакили:

    • сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш;
    • сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
    • сайлов комиссияларининг қарорлари нусхаларини ОАВда ёритиш учун олиш;
    • номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
    • муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
    • сайлов куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш;
    • сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
    • сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнида ҳозир бўлиш;
    • тегишинча округ, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлашда ҳозир бўлиш;
    • сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.

    ОАВ вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

    ОАВ вакили:

    • Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши;
    • сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида гувоҳномани ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши шарт.

    ОАВ вакилига қуйидагилар ман этилади:

    • конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи ахборотларни тарқатиш;
    • сайловчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
    • сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтида овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
    • сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
    • участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;
    • сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

    ОАВ вакили Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, уни аккредитациядан ўтказган сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read