«ATV» телеканалида «Bowling show» кўрсатуви шу йилнинг март ойидан бошлаб эфир юзини кўра бошлади. Лойиҳа асосан Нукус шаҳридаги «Мега Нукус» кўнгилочар савдо комплексининг боулинг марказида суратга олинади. Формати – кўнгилочар кўрсатув.
Тан олиш керак, қорақалпоқ телеканалларида кўнгилочар шоу форматидаги кўрсатувлар сўнгги йилларда анча кўпайди. Аммо улар томошобинга қандай маънавий озуқа бераяпти? Бу – энг оғриқли масала. Эфирга юлдузлар чақириляпти, тўғри. Ўйин-кулгу телеканалларнинг рейтингини кўтариши аниқ. Бироқ кўрсатувнинг мақсади нима? Кўрсатув телетамошабинларга қандай тарбиявий озуқа бераяпти, деган савол ҳануз жавобсиз қолмоқда.
Юлдузлар боулинг майдонида
«Bowling show» кўрсатувига ҳам бошқа телеканалларда такрорланаётган анъанага кўра, қорақалпоқ эстрадаси юлдузлари ва республикага таниқли актер ва артистлар таклиф этилади. Боулинг уйи ва боулинг майдонида тасвирга олинаётган кўрсатувлар бошқа давлат телеканалларида ҳам кўп. Аммо «ATV» телеканалидаги «Bowling show»нинг ўзига хослиги шундаки, кўрсатув кўнгилочар форматда бўлгани учун, унда қатнашаётганлар боулинг ўйнаб, ютқазиб қўйса, бирон бир шартни бажариши керак.
Кўрсатувнинг дастлабки эфирида эстрада юлдузлари Миратдин Абдуллаев ва Марианна Шагиева беш босқичдан иборат беллашувда қатнашди. Тўғри, беллашув қизғин лаҳзаларга бой бўлди. Аммо кўрсатувда сюжет ва мазмун ғализликлари ҳам кўзга ташланиб турди.
Қизиғи, бошловчи кўрсатувни икки бор бошлаб берди. Кўрсатувнинг бошида бошловчи «Агар тайёр бўлсак, кўрсатувни бошлаймиз», деган бўлса, бироз ўтиб «Демак, кўрсатувимизни, ўзаро дуэлимизни бошлаймиз!», дея кўрсатувни қайта бошлади. Эфир композициясида омадли сюжетлар ҳам бор. Масалан, қўшиқчи боулинг шарини отишга чоғланаётган пайтда унинг ижросидаги қўшиқ мусиқасининг эфир ортида янграши бир томондан эфирни янада бойитган бўлса, бошқа томондан хонанда ижро этган қўшиқларни томошабин ёдига солади.
Осон ва содда шартлар
Кўрсатув шартларининг осон ва соддалиги томошабинни ҳайрон қолдиради. Масалан, иккинчи шарт “Сирли воқеа” деб номланади. Биринчи кўрсатувда Миран Абдуллаев ютқазиб қуйганида сирли воқеани айтиб бериши керак эди ва хонанда «Битта ресторанда битта маст одам олдимга келиб, причёскамни бузиб кетди ва шундан кейин қўшиғимнинг сўзларини унутиб, битта қаторни тўрт маротаба айтганман», дея буни сирли воқеага менгзади. Билмадим, буни қанчалик сирли воқеа дейиш мумкин? Тўртинчи шартда ҳам Миран Абдуллаев ютқазиб қўйгач, шартни бажаришга тўғри келганида, унга «Гулназ Утеповага ёзиш керак экан. “Айдынлар” қўшиғини менга берсангиз. Мен айтгим келади ёки биргаликда куйласак қандай бўлар экан?» деган шарт тушди. «Айдынлар»ни Миран олдин куйлаган, хонанда ўз ҳиссиётларни яширмасдан «Бошқа савол йўқмиди?» деб ҳам қўшиб қўйди. Саволлар тузилар экан, ўйинга чақирилаётган хонанданинг ижодини, унинг атрофидаги гап-сўзларни ўрганиш керак, шундагина хонандани ҳайратга солиш мумкин.
Кўрсатувнинг иккинчи сони бир ойдан ошиқ вақт ўтиб эфирга узатилди. Ва бунда сюжет чизгиларидаги фарқлар кўзга ташланди, кўрсатув қатнашчиларнинг оёқ кийимларини кийишдан, яъни тайёргарлик босқичидан бошланди.
Кўрсатувнинг иккинчи сонига «Баха-ха шоу» студияси актёрлари Бахадир Қутлимуратов ва Бахадир Жапаровлар таклиф этилган эди. Бу қатнашчилар ҳам олдинги кўрсатувдагига ўхшаш шартларни бажарди. Яъни кўпчилик танийдиган хонандалар ва ижодкорларнинг инстаграм профилига ҳазиломуз комментарий ёзиши керак эди.
Ўйиннинг яна бир қизиқарли шартларидан бири битта қатнашчи қулоғига қулоқчин тақиб, иккинчиси олдиндан танланган сўзни кўрсатгач, шу сўзни топиши керак бўлади.
Ушбу шарт қизиқарли, аммо содда эканини ҳам таъкидлаш керак. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, кўрсатувнинг бир неча сонларидан буён шартлар такрорланиб келмоқда. Бу ҳам телетомошабинларни зериктиради, қизиқишини сусайтиради.
Бундан ташқари, кейинги вақтлари бир-бири билан аудитория учун баҳсга киришган Қорақалпоғистондаги хусусий телеканаллар кўнгилочар кўрсатувларга республикада таниқли хонанда ва ижодкорларни меҳмон сифатида чақиришмоқда. Таниқли инсонлар кўрсатувнинг имиджини ошириши мумкин. Аммо телетомошабинларнинг ғашини келтириши ҳам аниқ. Сабаби – қайси телеканални танламанг, битта одамни қайта-қайта кўравериш аудиториянинг қизиқишини камайтириб юбориши турган гап.
Телетомошабин кўрсатувни кўргач, ўзига фойдали бирон нарса олиши керак. Акс ҳолда, кўрсатув вақтни ўғирлайдиган оддий шоуга айланиб қолиши мумкин.