No menu items!
More
    ДомойМедиа танқид«Келинлер мектеби» ҳақиқий келинлар мактабими?..

    «Келинлер мектеби» ҳақиқий келинлар мактабими?..

    Қорақалпоқ тилидаги расмий телеконтент сифатида танилган «Қарақалпақстан» телеканали телетомошабин учун қадрли. Марказий телеканаллар каби «Қарақалпақстан» телеканалида ҳам ток-шоу ва реалити шоу жанрида тайёрланган кўрсатувлар салмоғи ортиб бормоқда. Ушбу мақолада телеканалда эфирга узатилаётган «Келинлер мектеби» кўрсатувининг ички ошхонасини таништиришга ва уни телетомошабин сифатида баҳолашга уринамиз.

    Мақсад – ёмон эмас

    40 дақиқалик «Келинлер мектеби» кўрсатуви ойига бир маротаба эфирга узатилади. Номидан англашилганидек, унинг мақсади – иштирокчилар ўз маҳоратини кўрсатиб, келинлик вазифаларини бажаришади. У бўлажак келинларга уй ишларини қандай бажариш, катталарга қандай ҳурмат кўрсатиш кераклигини ўргатади. Кўрсатув реал ҳаётий сахналар, сюжетларга бой, шунинг учун уни реалити шоу дея таснифлаш мумкин. Реалити шоуда ҳаётдаги воқеликлар  сахналаштирилмасдан кўрсатилади. Аммо «Келинлер мектеби» иштирокчилари кундалик ишларини олдиндан саҳналаштирилган сценарий асосида бажаришади. Бу эса, ўз-ўзидан, кўрсатувнинг жозибасига путур етказади.

    Тўғри, мақсадни белгиловчи сюжетлар яхши: келинлар сигир соғишади, баъзан миллий кийимларда таом пишириб, пазандалигини намоён этишади. Лекин сюжетлардаги бирхиллик, стендап матнларининг ўхшашлиги муаллиф ғояларига бироз соя солиб туради.

    Стендап турли кўринишда – гоҳ табиат қўйнида, гоҳ хонадонда тасвирга олинади. Бундан ташқари, кўрсатувда овул ҳаётидан кўринишлар ёки фаслларга боғланган сюжетлар кўзга ташланади. Буларнинг барчаси яхши, нега деганда, стендап кўрсатув қайси жойдан олиб борилаётганини томошабинга етказиш учун тўғри ечим. Аммо ҳар бир кўрсатувнинг «Қизларимизни ҳам, келинларимизни ҳам синовдан ўтказувчи ва ҳаётга тайёрловчи келинлар мактаби номи билан эфирга узатилаётган навбатдаги кўрсатувнинг яна бир сони сизлар билан»,  деган такрор ва қолип сўзлар билан бошланиши томошабинларни зериктиради.

    Саволларга яраша  жавоб олинади

    Журналистиканинг олтин қоидалари кўп. Улардан бири – журналистнинг саволлари суҳбатдошни асосий мавзуга йўналтириб, бош ғояга асосланиши керак. «Келинлер мектеби» кўрсатувидаги аксарият саволларда эса жавобнинг ўзи яширин. Айрим ҳолатларда ҳатто саволларга оддийгина “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришнинг ўзи кифоя. Бу илғор механизатор ёки сут соғувчига «Сиз қандай қилиб бундай муваффақиятларга эришдингиз?» қабилидаги собиқ иттифоқ даври телекўрсатувларида бериладиган саволларга ўхшаб кетади…

    Бир ўринда бошловчи «Демак, хабарингиз бўлса, бугунги телеўйинга қатнашишга розисиз, тўғрими?» дейди иштирокчига. Қизиқ,   шусиз ҳам кўрсатувда иштирок этаётган одамга бу савол нима учун бериляпти? Яна бошловчининг саволига юзланамиз: «Қишлоқ ҳаёти ўзи  шунақа-да, тўғрими?». Бу саволга ҳам иштирокчининг «тўғри» деб жавоб беришдан ўзга чораси қолмайди…

    Кўрсатувда ҳолатга мос келмайдиган, томошабиннинг ғашига тегадиган саволлар ҳам учраб туради. «Халқимизда бир иборали сўзлар кўп, эпли келин керакми? Сепли келин керакми? Сиз қандай келинни танлаган бўлар эдингиз?». Қизиқ, ёш келин қайноналарга мос саволга қандай жавоб бериши мумкин? Қолаверса, эртага у ўз қайнонаси кўзига қандай қарайди? «Кўпчилик нукуслик қизлар қўлимиздан келмайди сиғир соғиш, сиғир соғиб кўрмадим ёки нон ёпмадим деб, туманга келин бўлиб келганида шундай сабабларни келтиришади. Хизмат қилишни хоҳлашмайдими? Шундай келинларимиз ҳам бор. Ўзингизда шундай воқеалар бўлганми?» деган саволга бир иштирокчи менда бундай ҳолатлар бўлмаган, дея жавоб берди. Тўғри-да, қайси келин камера қаршисида ўз камчиликларини рўй-рост айтади? «Энди сиз ҳам қорақалпоқ миллий таомларидан бўлган жўхори бўтқасини тайёрлашга ҳаракат қилмоқдасиз» дейди бир ўринда бошловчи. Аммо бунинг савол ёки таъкид эканини томошабин тушунмайди. Яна томошабинда истеҳзо уйғотадиган ўринсиз ва мантиқсиз саволларни келтирамиз: «Бош ўрашга бу қанчалик тўғри келади», «Асосан бош ўрашда нималардан фойдаланиш мумкин?», «Ариқдан сув олаяпсиз буни нима учун ишлатасиз, буни нимага фойдаланмоқчисиз?», «Демак, ший тўқиш ҳам мумкин экан-да?» (ший – қамишдан тўқиладиган буюм).

    Табиийликдан йироқ саҳналар

    Мақоламизнинг бошида кўрсатув реалити шоуга яқин, деган фикрни илгари сурган эдик. Яқин келади деганимизнинг боиси шуки, «Келинлер мектеби» кўрсатувидаги сюжетлар реалликдан анча узоқлиги яққол кўзга ташланади.

    Тўғри, кўрсатувда бошловчининг стендаплари яхши ўйланган. Унинг айрим сонлари овулларда тасвирга олинган. Аммо сюжетлар олдиндан саҳналаштирилгани томошабинда ғалати таассурот уйғотади. Мисол учун, бошловчи келинни излаб, маккажўхори даласига келади, аммо келин маккажўхорини дала четидан эмас, ўртасидан ўраётганини кўрамиз. Албатта, маккажўхори ўришга чиққан келиннинг эгнида яп-янги кўйлак бўлади… Иккинчи келин билан учрашув эса унинг ариқдан сув олаётган пайтида рўй беради ва бу келин ҳам ариқдан сув олиш учун пардоз-андоз қилиб чиққани кўрсатув ижодкорларини ўйлантирмаса ҳам, оддий томошабинни таажжубга солади. Бошловчи келинни ариқ бўйида “кутилмаганда” кўриб қолади ва саломлашади, аммо кадр бошида келиннинг ариқдан сув олаётгани тасвири берилди ва бу ҳолатни тасодифий дейиш қийин, келиннинг пардоз-андози ҳам кўриниш сахналаштирилганидан дарак беради. Яна бошловчининг «Бизнинг кўрсатувни кўриб борар эдингизми?» деб ҳар бир қатнашчидан сўраши томошабинни эътиборини чалғитади. Қозоқ миллатига мансуб келинлар орасида беллашув ташкил этилганида, келинлар қўй жунидан кигиз босиш жараёнини миллий кийимларда – оқ либосларда бажаргани ҳар қандай томошабинни кулдириши тайин. Сабаби – бироз кирчимолроқ бўлгани учун оқ либосда кигиз босиш мантиққа тўғри келмайди.

    Кўрсатувда қизиқ ҳолатлар анча кўп. Масалан, бир кўрсатувда келинга ший тўқиш (қамишдан тўқиладиган буюм) вазифаси берилади. Аммо бошловчи ундан «олдин ший тўқиб кўргансизми?» деб сўраганида, «олдин сира тўқиб кўрмаганман» деган жавобни беради. Агар келин бу вазифани аввал бажариб кўрмаган бўлса, уни эфирга олиб чиқишнинг нима кераги бор экан?!

    Ижобий томонлари ҳам бор

    Энди эътиборимизни кўрсатувнинг келинлар ўрнак олиши мумкин бўлган тарафларига қаратсак. Зеро, келинларнинг эфирда «гунжи тақан» ишлаши, «гул манты» пишириши, «ший» тўқиши, хотин-қизларнинг «бас ораўы»ни кўрсатиши ибратли ҳолатлар. Сабаби – ёш келинларни қорақалпоқ халқининг антиқа таомлари-ю, унутилиб бораётган ҳунарлари билан  таништириш яхши тенденция. Бир томондан, келинлар шу ҳунарларни ўргансалар, иккинчи томондан, ўсиб келаётган ёш қизларга бу йўл-йўриқ вазифасини ўтайди. Бошқа бир томондан, қадимги урф-одат ва қадриятларимизнинг қайта тикланишига замин яратади.

    Қувонарли томони, кўрсатувда қардош халқларнинг урф-одати, қадриятларининг намоён этилишидир. Бу эса халқлар ўртасидаги бағрикенглик, қардошлик муносабатларни яхшилайди, қардош халқларнинг менталитети билан яқиндан танишиш имконини беради.

    Хурмет Атажанов
    Хурмет Атажанов
    Доцент кафедры журналистики Каракалпакского государственного университета имени Бердаха.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read