Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги «Қарақалпақстан» телеканали 18 соатлик эфир вақтига эга. «Ассалаўма алейкум, Қарақалпақстан» эрталабки мусиқий дам олиш дастури ушбу каналнинг ташриф қоғозидир. У ҳафтасига етти кун 40 дақиқадан эфирга узатилади.
Кўрсатув студиядан олиб борилади. Икки бошловчи навбатма-навбат лавҳаларни таништиради.
ўрсатувнинг 14 октябрдаги сони яхши бир мусиқий композиция билан бошланди. Сўнгра от спортига боғлиқ лавҳа билан давом эттирилди. Ушбу лавҳани таништираётган биринчи бошловчи ўз сўзини шундай бошлади: «Ҳозир кўпчилигимиз компьютер, уяли телефонлардан фойдаланамиз. Ва барча ишлармизни шу техникалар ёрдамида бажарамиз». Иккинчи бошловчи унинг фикрини давом эттирди: «Биласизми, Ойбек, шунинг учун ҳозирги вақтда одамлар орасида ҳаракат кам. Эринчоқ бўлиб бораётгандекмиз гўё!».
Бошловчиларнинг бу гапларидан сўнг телетомошабин мана энди замонавий коммуникация технологияларининг зиёни ҳақида лавҳа бўлади деб ўйлай бошлайди. Бошловчилар гапни узоқдан айлантириб олиб келгани учун ҳам асосий мавзуга тааллуқли маълумотлар сояда қолиб кетган. Аслида, лавҳа чавандозлар ҳақида.
Лавҳада мамлакатимизда йилқичилик, наслчилик ва от спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ва шунга ўхшаш жумлаларнинг янграши телетомошабинни чалғитади, «гап нима ҳақда кетяпти ўзи» деган савол туғдиради. Мухбирнинг юқоридаги сўзларидан сўнг чавандоз билан интервью кетяпти, аммо бу эпизодда мухбир пассив ҳолатда, яъни унинг фақат қўли кўринади. Интервьюдан сўнг мухбир ўз фикрини давом эттиради: «От спортининг нафақат миллийлигимизни сақлашда, балки инсон саломатлигини яхшилашда ҳам алоҳида ўрни бор». Лекин мухбирнинг бу фикрини биринчи суҳбатдош ҳам, иккинчиси ҳам ривожлантирмаган. Яъни мухбир пассив ҳолатда туриб лавҳа тайёрлаган, лавҳа билан мухбир матни орасида фарқ кўзга ташланади. Лавҳаларда фикрлар қайтариғи кўп. Масалан, ёшлар оркестри ҳақидаги лавҳада мухбир: «Айниқса халқимизнинг мусиқага бўлган иштиёқи баланд, шунинг учун 2018 йилнинг ноябрь ойида Ёшлар халқ мусиқа оркестри тузилган эди» деса, дирижер Несипбай Алекеев шундай дейди: «Ёшлар халқ мусиқа камер оркестри деб номланади. Бизларнинг оркестримиз 2018 йили тузилди». Бундай такрорлар телетомошабиннинг ғашини келтиради. Сабаби — тележурналистика назариясида эрталабки кўнгилочар кўрсатувлар лавҳалари қисқа ва инсонларни зериктирмаслиги ҳақида таъкидланади. Чунки инсон эрталабдан ишга ёки ўқишга ёхуд бошқа бир юмушига шошилади, агар унга қизиқарли лавҳа тақдим этилмаса, кўрсатувга эътибор камаяди.
Кўрсатувнинг 15 октябрь сонида бошловчилар ўзгарди ва эфир уларнинг саломлари билан бошланди. Дастлабки рукн «Ҳуқуқий маслаҳат» деб номланди ва унда ҳуқуқшунос ўз маслаҳатларини берди. Афсуски, лавҳа камчиликлардан ҳоли бўлмади. Эксперт ўз фикрларини бирданига бошлаб кетди, на савол берилди, на бошловчи рукннинг асосий мавзусини белгилаб берди.
Телекўрсатувларда лавҳанинг бошланиши, яъни кириш, масаланинг қўйилиши, ечим бўлиши керак. Агар кетма-кетлик бузиладиган бўлса, лавҳа тушунарсиз бўлиб қолади.
Кейинги лавҳада эса ҳунарманд қизнинг ўз касби ортидан кунига 200 минг сўмга яқин пул топаётгани акс этди. Бошловчи лавҳани узоқ таништиришмай, бир жумла билан таърифлади. Лекин кадр ортида фикр юритган мухбирнинг сўзларидаги такрорлар лавҳанинг сифатига ўз таъсирини ўтказган.
«Севинч Қолбаева. Бугун бу қизни кўпчилик темирчи қиз дея яхши танийди. 14 ёшли бу қиз дадасидан бу ҳунарни ўрганган. Аниқроқ айтганда, дадасининг йўлини давом эттирмоқда», деган гапдан англашилдики, 14 ёшли қизнинг отаси — темирчи уста. Мухбир яна «Унинг дадаси — темирчи уста. Расулхўжаевларнинг оиласини кўпчилик танийди ва ҳурмат қилади» дея ўз фикрини давом эттиради. Дастлабки жумлада қизнинг дадаси йўлини давом эттираётгани айтиляпти, демак, ҳамма тушундики, ота — темирчи, кўринишлар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Мухбир фикрини давом эттирмоқда: «Энг қизиқарли маълумот, у ўз ҳунари билан кунига 150 минг сўм атрофида даромад кўради». Бошловчи кунига 200 минг сўм топади деганди, мухбир унинг даромадини 50 мингга камайтириб, 150 минг сўм деяпти. Қайси бири тўғри?!
15 октябрь — овул аёллари куни экан. Шу муносабат билан кўрсатув студиясига Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги ва Узагроинспекцияси Кегейли туман бўлими ходимлари таклиф этилди. Ҳар бир кўрсатувнинг маълум бир сана ёки мавзули йўналиш бўйича олиб борилгани маъқул, аммо эрталабки кўнгилочар кўрсатувда бошловчининг «Бугунги кун юртимизда айнан шу қишлоқ хўжалаги соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг ташаббускорлиги қай даражада, ишлар қандай олиб борилмоқда?» деган саволни берганидан кейин суҳбатдошлар ҳам расмий оҳангда ўз фикрларини бошлади. Бу эса қизиқарли бўлиши кутилаётган суҳбатнинг савияни тушириб юборди. Иккинчи бошловчи ҳам «навбатчи» саволларни давом эттирди: «Бугунги кунда Кегейли туманидаги олдинги қаторда юрган фермер хўжаликлардаги хотин-қизларни таъкидлаб ўтсангиз?». Саволдан эски совет даврининг ҳиди келганини сиз ҳам пайқагандирсиз? Суҳбат шу йўсинда 16 дақиқа давом этди.
Бундан кейинги лавҳани таништириш учун бошловчи ушбу жумлалардан фойдаланади: «Азиз, шундай спектакллар борки, ҳар кўрганимизда руҳан дам оламиз. Уларнинг сўзлари ёд бўлиб кетган бўлса ҳам, шу спектаклларни кутамиз. Ундаги ўйнаган актёрлар истеъдодини тан оламиз»… Рукнни олиб борувчи эса: «Шундай спектакллар борки, номини эшитганданоқ, такрор ва такрор кўргимиз келади. Сўзи ёд, актёрлари таниш» дейди. Бошловчининг гапларини рукнни олиб бораётган ҳам деярли такрорлаяпти. Рукн бошловчиси бир жумлада бир нечта фикрни жамлагиси келган, аммо хатоликка йўл қўйган: «Ҳақиқатан ҳам, сўзнинг оддийлиги, актёрларнинг тўғри танланиши, ижодий жамоанинг омадли томони бўлса, спектаклдаги ҳақиқий ҳаёт юмор-сатиралар билан безатилишида деб таъкидлаб ўтгимиз келади». Ҳақиқий ҳаёт қандай қилиб юмор-сатира билан безатилиши мумкин?!. Яна бошловчи ўзига савол беради: «Спектакль яна саҳнага қайтадими?». Аммо унга жавоб сифатида шу спектаклда роль ўйнаган актрисанинг фикрини беряпти, лекин бу спектаклнинг яна саҳнага қайтиши ёки қайтмаслигига жавоб бўла олмайди.
16 октябрь сони ҳам ажойиб бир қўшиқ билан бошланди, ундан кейин эса ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қизлар ҳақидаги лавҳа билан давом этди.
Бошловчиларнинг кириш сўзлари лавҳа билан композицион боғланмагани кўзга ташланди. Ички ишлар органлари ходимлари ҳақидаги лавҳани бошловчи шундай таърифлади: «Қўллари дуода бўлган нуроний ёши улуғ оталаримиз, оналаримиз билан суҳбатлашганимизда, улар ҳар доим бугунги замонимизга шукрона келтирадилар. Сабаби — улар бугунги тинчликнинг, тўкинликнинг қадрини ёшларга нисбатан яхши билади», иккинчи бошловчи эса жумлани 180 градусга буриб юбориб, «Халқимизнинг тинчлигини таъминлашда ички ишлар органларининг хизмати алоҳида» деган жумла билан кўрсатувни давом эттиради. Тўғри, нуронийлармиз ҳар бир дуосида тинчликни тилаши мумкин, аммо ички ишлар органлари ходимларининг тинчликни сақлашдаги саъй-ҳаракатлари билан нуронийлар дуоси орасида қандай мантиқий боғлиқлик бор?! Рости, буни мен тушунмадим.
Лавҳа ички ишлар органларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар тасвири билан бошланди ва кадр ортидан мухбирнинг сўзлари янгради ва шундан кейингина — яъни 1 дақиқа ўтиб, стендап кетяпти, менимча, мухбир стендапни лавҳанинг бошида бошлаб, ўз мақсадини тушунтириши керак эди. Лавҳада 8 та интервью бор. Улар ички ишлар органларининг турли бўлинмаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлардан олинган. Аммо мухбирнинг кадр ортидаги сўзлари билан интервью бераётган ходимларнинг фикрлари орасида уйғунликни кўрмадим. Пробация бўлими ходими интервьюсидан олдин мухбир шундай дейди: «Тинчлик ва тотувлик бор ердагина барака ва тинч ҳаётни таъминлай оламиз. Шу тушунчани яхши тушунган соҳа ходимлари кеча-ю кундуз ўз вазифаларига катта масъулият билан ёндашаётган бу қизларимизга ташаккурларимиз чексиз». Шундан сўнг қуйидаги интервью кетади: «Пробация ҳуқуқи суднинг билдириши билан эркидан айириш билан боғлиқ бўлмаган ҳукм этилган шахсларни жазони бажаришини таъминлайди». Мухбир билан суҳбатдошнинг фикрлари ўртасида умуман боғлиқлик йўқ. Умуман олганда, лавҳа 16 дақиқа-ю 40 сония давом этди. Лавҳа анча чўзилиб кетган, лавҳа давомида битта кўриниш бир неча бор қайта такрорланади. Бундан ташқари, иккита интервью давомида ички ишлар вазирлиги эмблемаси икки маротаба кўрсатилди.
Катта лавҳалар эрталабки кўрсатувга мос келмайди, ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ҳақида махсус кўрсатув ҳам тайёрлаш мумкин эди, аслида. Эрталабки кўңгилочар кўрсатувларнинг ритми тез ва қисқа бўлиши керак. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, эрталабдан инсон қаергадир шошилади, узун лавҳаларни кўришга вақти бўлмайди.
Юқоридаги лавҳадан кейин «Қайноналар мактаби» рукнига навбат берилди. Бу лавҳанинг ҳам кириш қисми чўзилиб кетган. У 1 дақиқадан ошиқ давом этди. Лавҳани кириш қисмидан кўра бошлаган телетомошабин унинг қайноналар ҳақида эмас, балки республикада таниқли спортчи Азат Казаков ҳақида деб ўйлаши мумкин. Чунки мухбир бошида спортчини анча узоқ таништирди, шундан сўнггина қайнона ва келинга сўз берилди.
«Ассалаўма алейкум, Қарақалпақстан» кўрсатувини кузатар эканмиз, баъзан ундаги лавҳаларнинг мақсади нима эканини ҳам тушунмай қоламиз.
Масалан, кўрсатувнинг 15-сонида Беруний туманида темирчилик билан шуғулланиб келаётган ишбилармон аёл ҳақидаги лавҳадаги кадр орти матнига эътибор қаратамиз: «У эркакларга хос ишларни ўрганган. Яъни темир дарвоза ва эшикларни ўз қўли билан яратади. Шу ҳунари ёрдамида кўпчиликнинг кўнглидан чиқиб, раҳматлар олмоқда». Мухбирнинг сўзлари тасвирда ҳам ифодаланган, уни яна такрорлаш мантиққа тўғри келмайди. Бундан ташқари, шу жумлалардан сўнг сўз навбати Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Беруний тумани кенгаши бошлиғига бериляпти. У эса Ёшлар иттифоқи томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар, уларнинг муаммолари қандай ҳал этилаётганини айтиб, шундан сўнггина лавҳа қаҳрамонига берилган ёрдам ҳақида сўз юритяпти.
Эрталабки кўнгилочар контентни замон талаби асосида тайёрлаш учун лавҳаларни қисқа, томошабинга фойдали нарсалар билан бойитиб тақдим этиш лозим ҳамда мусиқий «коктейл» форматида, қисқа сюжет-мусиқа- меҳмон шакли сақланиши керак. Агар бизда ҳам теледастурлар рейтинги ҳафта давомида эълон қилиб борилганида, «Ассалаўма алейкум, Қарақалпақстан»нинг кўрсаткичи қандай бўлиши бизга қоронғу. Яхшиямки, маҳаллий телеканалларда теледастурлар рейтингини аниқлаш технологияси йўқ…