No menu items!
More
    ДомойЮридик кўмакЎзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши. Қонун нима дейди?

    Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши. Қонун нима дейди?

    Медиаюрист Карим Бахриев сўнгги йилларда дуч келинаётган ижтимоий тармоқларни блоклаш масаласида Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиёти ҳақида шарҳ тайёрлади. Иккита мақоланинг биринчисида ҳуқуқшунос мамлакатда ижтимоий тармоқларни блоклаш учун қандай қонуний асослар мавжудлиги ва умуман, нима учун блоклаш амалиёти бўй кўрсатаётгани ҳақида мушоҳада юритади.

    Нима учун блоклаш амалиёти бўй кўрсатмоқда?

    Сайтлар, веб-саҳифалар, шунингдек, ижтимоий тармоқларни блоклаш Ўзбекистон Республикасининг “Aхборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни асосида амалга оширилади. Қонуннинг 121-моддасига мувофиқ, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан фойдаланишга қуйидаги ҳолларда рухсат бермаслиги мумкин:

    • Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
    • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
    • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
    • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
    • давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;
    • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
    • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
    • гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
    • порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
    • фуқароларни, шу жумладан вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш;
    • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

    Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер, шунингдек қуйидагиларга мажбур:

    • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ёхуд бошқа ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши;
    • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифалари ёхуд бошқа ахборот ресурсининг, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириши;

    ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот аниқланган тақдирда, дарҳол мазкур ахборотни ўчириб ташлаш.

    Aгар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда, мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.

    Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган талабларни бузганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқларини, шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун, шу жумладан зарарнинг ўрнини қоплаш, маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги даъволар билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.

    Шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг бунга қандай алоқаси бор?

    Сўнгги пайтларда кузатилаётган ижтимоий тармоқларни блоклаш шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ғоясига асосланган. Ўзбекистон Республикаси “Aхборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларига оид маълумотлар махфий ҳисобланади. Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини муҳофаза қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

    • шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
    • ахборот ресурсларининг тарқалиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузиб талқин этилиши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилиши ва улардан бошқача тарзда рухсатсиз эркин фойдаланилишининг олдини олиш;
    • ахборотни йўқ қилиш, тўсиб қўйиш, ундан нусха олиш, уни бузиб талқин этишга доир рухсатсиз ҳаракатларнинг ҳамда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларига бошқа шаклдаги аралашишларнинг олдини олиш;
    • ахборот ресурсларидаги мавжуд давлат сирлари ва махфий ахборотни сақлаш.

    2018 йилнинг сентабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тақиқланган маълумотларни акс эттирган веб-сайтларни блоклаш қоидаларини тасдиқлаган. Киришни чеклаш учун Мониторинг марказининг хулосаси ёки эксперт комиссиясининг қарори етарли бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентабрдаги Қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

    “Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги Низом”га кўра, фойдаланишни чеклаш — фойдаланувчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян Интернет тармоғи ахборот ресурсидан фойдаланишини тўхтатишга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар мажмуаси”.

    Сайтлар мониторингини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар мониторинги маркази олиб боради. Марказ, шунингдек, тарқатилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурслари рейестрини шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

    Блоклаш қандай амалга оширилади?

    Мониторинг натижаларига кўра, тақиқланган маълумотларга эга сайтлар аниқланган тақдирда, мониторинг маркази бир иш куни ичида тегишли хулоса тайёрлайди. Марказнинг, шунингдек мониторинг натижалари бўйича экспертиза ўтказиши мумкин бўлган ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг хулосаси устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Хулоса тайёрлангач ёки эксперт комиссиясининг қарори олгандан сўнг марказ тақиқланган маълумотларни тарқатувчи сайтнинг идентификация маълумотларини зудлик билан рейестрга асос бўлиб хизмат қилган хулоса ёки қарорни мажбурий кўрсатган ҳолда киритади. Сайт маълумотларига ноёб домен номлари, сайт саҳифаси кўрсаткичлари ва тармоқ манзиллари киради.

    Рейестрга киритилган веб-сайтга киришни чеклаш бўйича комплекс чора-тадбирлар Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Сайт маълумотлари реестрга киритилгандан кейин 12 соат ичида блокланади.

    “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилганидан кейин ижтимоий тармоқлар устидан назорат “Ўзкомназорат” зиммасига юклатилди. Ўзбекистон қонунчилиги Россия қонуни каби ижтимоий тармоқларни ҳам мамлакат ҳудудида шахсий маълумотларни сақлаш ва қайта ишлашга мажбур қилади ва бу талабни бузган сайтларни блоклашга рухсат беради.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read