Матбуот ходимларининг шахсий ижтимоий тармоқларида “Ўз номимдан ёзяпман, нуқтаи назар иш берувчининг позициясига тўғри келмаслиги мумкин” мазмунидаги огоҳлантиришларни тез-тез учратиш мумкин. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, бундай эслатма журналистни ишдан бўшатиш ёки бошқа оқибатлардан ҳимоя қила олмайди. Натижада аксарият журналистлар ижтимоий тармоқларда фақат кузатувчи сифатида қатнашиб, умуман ҳеч нарса жойламайди, лайк босмайди, фикр билдирмайди. “Янги репортёр” халқаро медиа ходимларининг шахсий ижтимоий тармоқларини юритишлари қандай тартибга солиниши ҳақида сўз юритади.
BBC
BBC 2020 йил октабрь ойида ходимлар учун янгиланган ижтимоий тармоқлар бўйича қўлланмани чоп этди.
У ходимларни холисликни сақлаш ва амал қилишга ундайди. Ҳужжатда “давлат бошқаруви, сиёсат ёки баҳсли масалалар юзасидан шахсий фикр билдирмаслик” кўрсатмаси келтирилган. Ушбу ҳужжатда холислик жамоатчилик фикрини билдириш, турли кампанияларда, юришларда ёки норозилик намойишларида қатнашиш контекстида кўриб чиқилади.
Ҳужжатнинг бандлари ходимларга онлайн платформалардан профессионал ёки шахсий мақсадларда фойдаланишидан қатъи назар, амал қилади. Қўлланмада айтилишича, корпорация ходимлари BBC обрўсига путур етказмасликлари ва ҳамкасбларини очиқ танқид қилмасликлари керак. Бундан ташқари, “янгиликлар, жорий воқеалар, фактик журналистика бўлимининг айрим ходимлари, юқори раҳбарият ва муҳим ижтимоий профилга эга бўлган оз сонли бошловчилар учун қатъий қоидалар” мавжуд.
Ходимларга шахсий таржимаи ҳол ва профилларда фойдаланиш мумкин бўлган “BBC эмас, менинг қарашларим” каби раддиялардан фойдаланишдан қочиш тавсия этилади. Шунингдек, ходимларга кулгичлардан фойдаланиш тавсия этилмайди, бу уларнинг муҳокама қилинаётган мавзуга муносабатини очиб бериши ва постнинг холислигига путур етказиши мумкин. Яна бир аниқлик бор: “Ижтимоий тармоқлардаги шахсий брендингиз доим BBC олдидаги масъулиятингиздан кейинги ўринда туришини унутманг”. Шунингдек, BBC ходимларидан корпорациядан ташқаридаги даромадлари ҳақидаги маълумотларни оммавий маълумотлар базасига киритишни сўраши ҳам маълум.
Reuters
Reuters халқаро ахборот агентлиги 2018 йил октабрь ойида агентликнинг услубий қўлланмаси ва ахлоқ кодексини эълон қилди. Қўлланмани тузувчилар таъкидлаганидек, фуқаролик журналистикаси асрида ушбу маълумотномалар “журналистлар ривожланиши учун яхши имконият” бўлади.
Тўплам тўрт қисмдан иборат:
- Стандарт ва қадриятлар,
- Услублар бўйича маълумотнома,
- Спорт янгиликлари услуби бўйича маълумотнома,
- Aгентлик фаолияти бўйича йўриқнома
- ва ахборот манбалари билан мулоқот қилиш, ҳуқуқий нозик масалалар, онлайн ҳисоботлар ёки таҳдид ва шикоятлар билан қандай курашиш каби масалалар ҳақида ҳикоя қилувчи махсус бўлим.
Унда Reuters журналистининг 10 та постулати қайд этилган:
- Aниқлик доим муқаддасдир.
- Хатолар доим очиқ тарзда тузатилади.
- Доим мувозанатни сақланг ва нотўғри қарашлардан халос бўлинг.
- Раҳбарингизга манфаатлар тўқнашуви ҳақида айтинг.
- Устувор маълумотларни доимо ҳурмат қилинг.
- Ўз манбаларингизни амалдорлар ва ҳокимиятдан доим ҳимоя қилинг.
- Янгиликларда ўз фикрингизни билдиришдан қочинг.
- Ҳеч қачон плагиат билан шуғулланманг.
- Ҳеч қачон визуал объектларни оддий тасвирни яхшилаш учун зарур бўлганидан ортиқ ўзгартирманг.
- Ҳеч қачон ҳикоя учун пул тўламанг ёки пора олманг.
Ушбу қўлланма журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатларига тўғридан-тўғри дахл қилмайди, аммо Reuters 2010 йилда ушбу масала бўйича тавсияларни тарқатган. Жумладан, унда шундай тавсия бор эди: шахсий қайдлар билан бирга профессионал қайдлар яратинг.
Associated Press
Associated Press агентлиги ижтимоий медиа аккаунтларини бошқариш бўйича 2012 йилда қўлланмани чиқарган эди. Қўлланмада Twitter журналистлар учун биринчи рақамли восита деб аталди, Facebook эса иккинчи ўринда (умуман, Ғарбда Twitter тармоғи Қозоғистон ва бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларига қараганда ижтимоий-сиёсий ҳаётда кўпроқ рол ўйнайди – таҳр.).
У ерда қуйидаги тавсиялар берилган:
- Баҳсли масалалар бўйича фикр билдиришдан сақланинг, ҳатто парол билан ҳимояланган суҳбат бўлса ҳам.
- Миш-мишлар ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатманг ва йўқ жойдан маълумот ёзманг; тарқатишдан олдин маълумот ва мазмунни диққат билан текширинг.
- Нотўғри материал жойлаштирилган барча платформалардаги хатоларни шаффоф тарзда тузатиб боринг.
- Aгар журналистда эксклюзив кадрлар бўлса ва уни баҳам кўришни сабрсизлик билан истаётган бўлса, уни материалдан аввал ижтимоий тармоқларга жойлаштириш нотўғри иш.
- Ретвит қилишда хабарда кимнингдир фикри билдирилаётганини аниқ кўрсатиш муҳим.
- AP менежерлари қўл остидагиларга дўстлик сўровларини юбормасликлари керак; бошқа ҳолатларда AP ишчилари ўртасидаги сўровлар одатий ҳисобланади.
Wall Street Journal
Wall Street Journal таҳририяти 2009 йил май ойида муҳаррир ва мухбирларга ижтимоий тармоқлар бўйича қуйидаги тавсиялар билан эслатма юборади:
- Нашрингиз номидан иш тутаётганингизда ҳеч қачон ўзингиз ҳақингиздаги маълумотни яширманг, масалан, уйдирма исм ва тахаллуслар ишлатманг. Ўқувчилар ва иштирокчилардан маълумот сўрашда сиз ўзингизни вакил бўлган нашрнинг ходими сифатида кўрсатишингиз керак.
- Сизнинг барча шарҳларингиз фактларга асосланиши лозим; агар керак бўлса, ҳисоботлардан иқтибослар келтириш мумкин. Aгар сиз ўзингизнинг шахсий фикрингиз билан бўлишсангиз, сиёсий қарашлар билдирсангиз, бутун ташкилотни нотўғри фикрда танқид қилишлари мумкин. Бундай ҳолда, келгусида мухбир нашр учун мавзуларни ёритиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
- Дўстларингиз ёки оила аъзоларингизни ишингизни тарғиб қилиш ёки ҳимоя қилишга жалб қилманг.
- Махфий манба сифатида кўриб чиқилиши керак бўлган ҳар қандай контактлар билан дўстлашишдан олдин муҳаррирингиз билан маслаҳатлашинг.
- Материалингиз ўзи ҳақида ўзи сўзласин. Мақола қандай ёзилгани, чоп этилгани ёки таҳрир қлингани ҳақидаги тафсилотлар шарт эмас.
- Эълон қилинмаган мақолалар, сиз қатнашган ёки қатнашишни режалаштирган учрашувлар ёки ўтказган интервьюларни муҳокама қилманг.
- Ҳамкасб ёки рақобатчиларнинг ишини камситманг, материалларингизни агрессив тарзда реклама қилманг.
- Бузғунчилар билан қўпол мулоқотларга киришманг.
- Twitter каби ижтимоий тармоқларда бизнес ва завқланишни аралаштириб юбормаслик керак. Соғлом фикр устун бўлиши лозим. Aгар твит ёки постнинг мақсадга мувофиқлигига ишончингиз комил бўлмаса, юборишдан олдин уни муҳаррирингиз билан муҳокама қилинг.
2017 йилда Wall Street Journal раҳбариятидан ходимларга мактуб юборилади, унда ушбу материалнинг моҳиятини очиб бериши мумкин бўлган қуйидаги сўзлар мавжуд:
“Нашримиз анчадан буён ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш бўйича қатъий тавсиялар бериб келмоқда. Бироқ, Twitter, LinkedIn ва Facebook каби платформалар бизга имкониятлар қаторида айрим муаммоларни келтириб чиқаришда давом этмоқда. Энг яхши томони, ижтимоий платформалар ҳамкорликнинг ажойиб воситалари бўлиши мумкин, бу бизга журналистик ишимизни баҳам кўриш, ўқувчилар ва манбалар билан мулоқот қилиш ва ҳатто ҳисобот беришда ёрдамлашиш имконини беради. /…/ Aммо шуни эсда тутиш керакки, ижтимоий платформалар мақолалар эълон қилиш платформалари бўлиб, уларга ўзимизнинг стандартлар каби риоя қилиниши керак. Янгиликлар бўлимининг ходимлари сифатида биз журналистикамизнинг энг яхши қадриятларини тақдим қилишимиз лозим. Бунга ҳалоллик, аниқлик ва холислик фазилатлари киради”.