Қирғизистонда октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги Андижон деб номланган ва Қирғизистон республикаси жанубида жойлашган Кампиробод сув омбори акваториясини Ўзбекистон томонига ўтказилиши режалаштирилгани муносабати билан вазият кескинлаша бошлади. Қирғизистон ҳукумати бу қарорни манфаатли, мухолифат эса миллий манфаатларга хиёнат деб ҳисоблади. Айнан шу ҳукуматнинг мухолифлари мамлакат раҳбариятининг норозилик намойишларига муносабатидан янада безовта бўлди. Агар аввалроқ Қирғизистонда минтақанинг бошқа республикаларига қараганда сўз ва йиғилишлар эркинлиги ҳурмат қилинган бўлса, бу сафар сув омборининг ўтказилишига қарши чиққан мухолифатчилар ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбланиб, ҳибсга олинди.
Медиатанқидчи Умида Маниёзова Қирғизистон ва Ўзбекистондаги давлат ва мустақил матбуотда 20-30 октябрь кунлари чоп этилган материалларни таҳлил қилиб, ҳар икки давлатнинг давлат матбуоти вазият ҳақида сукут сақлашни афзал кўрди, деган хулосага келди. Мустақил медиа орасида эса, сўнгги пайтларда уларга нисбатан босим кучайиб бораётганига қарамай, фақат қирғиз нашрлари вазиятни ёритишда давом этиб, ҳокимият ва мухолифат фикрини билдириш учун имконият яратмоқда.
Қирғизистон
Расмий Бишкек нуқтаи назаридан, сув омборининг ўтказилиши миллий манфаатларга ҳеч қандай таҳдид солмайди ва боз устига, фойдалироқ ҳамдир. “Кампирободни биз топширмаганмиз. Аксинча, биз қайтаряпмиз, – дея баёнот берди президент Жапаров “Кабар” давлат агентлигига. – Улар (Ўзбекистон) 1960-йиллардан бери тўғонни бошқариб келар эди”.
Президент Жапаровни миллий манфаатларга ҳиёнатда айблаган сиёсатчилар Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси туздилар, ҳукумат унга жавобан 20 дан ортиқ фаолни 48 соатга ҳибсга олди. Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қўлга олинганлар “ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш билан якунланган оммавий тартибсизликларга” ҳозирлик кўришган, бу эса жиноий иш қўзғатишга асос бўлган.
Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Кампиробод сув омборини қўриқлаш қўмитаси тузган қатор сиёсатчилар ва фаолларнинг уйларида тинтув ўтказа бошлади.
Қирғизистондаги мустақил нашрлардан бири “Кактус Медиа” нашри ўз ўқувчиларига биринчи оммавий тартибсизликлар бошланган кундан (21-октябрь) бошлаб, Кампиробод сув омбори атрофидаги вазият ҳақида батафсил маълумот бериб, ҳар куни шу мавзуда ўртача 10 та янгилик чоп этди. Нашр шунингдек, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбаев орқали етказган изоҳини ҳам келтирган. Қирғизистоннинг собиқ президенти “қўлга олинганларни зудлик билан озод қилиш ва улардан узр сўраш”, шунингдек, “маҳаллий аҳолига, мухолифатга, фаоллар ва журналистларга уларни шошма-шошарлик билан ташланган қадамлардан ҳимоя қилишни истагани учун миннатдорчилик билдиришга” чақирди. Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, Кампиробод сув омбори бўйича қарор қабул қилиш санасини кечиктириш ва одамларга ҳамма нарсани ҳужжатлар асосида аста-секин муҳокама қилиш ва баҳолаш имкониятини бериш бугунги кун учун энг яхши ечим бўлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “донишманд ва халқимизнинг дўсти” бўлгани учун “бу кечикишни тушунади”.
Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров ҳам мухолифатчиларнинг оммавий ҳибсга олинишига муносабат билдирди. 24-октябрдаги мақолада “Кактус Медиа” унинг шарҳини эълон қилди, унда президент маҳбуслар “Кампиробод сув омбори тақдири билан қизиқмаган” ва “уларнинг кўпчилиги шу фонда мамлакатда нимадир бўлишига умид қилмоқда ва кейинчалик улар ҳокимиятни қўлга олишлари мумкин бўлади”, дея таъкидлаган.
Қирғизистоннинг “Кабар” давлат агентлиги мустақил “Кактус медиа”га нисбатан вазиятни ёритиш бўйича анча суст, у 10 кун ичида рус тилида бор-йўғи иккита мақола чоп этган, қирғиз тилида бирорта ҳам мақола берилмаган. Нашр 22 октябрь куни Президент Садир Жапаров билан интервью эълон қилган, унда давлат раҳбари Кампиробод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга ўтказилиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарган, шунингдек, “юришлар ва митинглар ортида ким турганини билишини” таъкидлаган. Президентнинг сўзларига кўра, амалдаги қарор, аксинча, сув омбори устидан назорат қисман Қирғизистонга қайтарилишини англатади, чунки унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 1960-йиллардан буён объектни назорат қилиб келади. “Архив ҳужжатларига таянсангиз, 1965 йилда Ўзбекистон томони тўғон қурган, биз пул тикмаганмиз. Сув остида қолган ерлар учун ўша 1965 йилда Ўзбекистон томони Боткен, Ўш ва Жалолобод вилоятларининг чегарадош ҳудудларида 4127 гектар ер ажратди. Яъни, ҳозир сув остида қолган участка ўшанда Ўзбекистон томонига ўтган”, деди Қирғизистон Президенти.
Ушбу нашрнинг сув омбори мавзусига бағишланган иккинчи мақоласи 21 октябрь куни эълон қилинган, унда мухолифат “Ўзбекистон билан чегара шартномаси имзоланишини барбод қилмоқчи бўлгани” қайд этилган. Муаллиф “нафрат тили”дан фойдаланиб, “муҳим учрашувни циркка айлантиришга уринган” мухолифат вакилларини “абадий норозилар” деб атайди. Мақолада фаолларнинг хатти-ҳаракатлари “масхарабозлик”, “сафсата” ва “мухолифат деб аталмиш ташкилотнинг ноадекват ҳаракатлари” сифатида баҳоланади.
Мақолада Ўзбекистон билан келишувлар муваффақиятсизликка учраган тақдирда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича юзага келиши мумкин бўлган вазият ва “Қирғизистон учун жуда ёқимсиз бўлиши мумкин бўлган” иқтисодий оқибатлар ҳақида сўз боради. Мақола муаллифи вазиятдан чиқишнинг ягона йўлини “хотиржамлик ва ҳамжиҳатликни сақлаган ҳолда провокацияларга берилмаслик”да кўради.
Ўзбекистон
Охирги 10 кун ичида Ўзбекистон ОАВда Кампиробод сув омбори атрофидаги вазиятга оид фақат бир жуфт материал эълон қилинди. 24 октябрь куни нодавлат нашр “Xabar.uz” Қирғизистоннинг “Кабар” агентлигига таяниб, президент Садир Жапаровнинг “Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга бераётгани йўқ, балки қайтариб олмоқда” деган сўзларини келтиради. Нашр шунингдек, қўшимча қилади: архив ҳужжатларига кўра, Қирғизистон президенти тўғон Ўзбекистон томонидан 1965 йилда қурилганини айтган.
Шундай бўлсада, Ўзбекистоннинг бирорта давлат нашри Кампиробод сув омбори атрофидаги вазиятни ёритгани йўқ, шу боис podrobno.uz агентлигини шарҳига мурожаат қилмоқчимиз, у мустақил бўлса-да, асосан, рўй бераётган воқеаларга Ўзбекистоннинг расмий нуқтаи назарини акс эттириб келади.
24 октябрь куни нашр рус ва ўзбек тилларида “Мано” тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашевнинг Telegram каналида эълон қилинган шарҳини жойлаштирди. Шарҳда эксперт: “Қирғизистондаги ўзбек-қирғиз чегараси муаммоларини ҳал қилиш масаласи элиталараро тўқнашувлар воситасига айланган”, деб таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон ўзи учун ноқулай шароитларни қабул қилиб, Қирғизистон учун кўп нарсадан воз кечди. Бироқ бу баҳсли ҳудудларнинг 100 фоизини олмоқчи бўлган қирғиз мухолифатига тўғри келмайди”.
Эргашевнинг қўшимча қилишича, бу ҳозирги Қирғизистон ҳукумати томонидан саҳналаштирилган спектакль бўлиши мумкин. “Балки бу спектаклларни Бишкекдаги амалдаги ҳокимият Ўзбекистоннинг сўнгги имтиёзини йўққа чиқариш учун уюштиргандир? Ўзбекистон Кампиробод сув омборидан воз кечишини истаётгандир?” деб ёзган мутахассис. “Улар Ўзбекистон баҳсли ҳудудларни тартибга солиш масаласида ён босишга тайёрлигини англаб етдилар. Ва энди вазиятни чигаллаштиришмоқчи. Менимча, бу Бишкек ҳукумати амалга ошираётган сценарий бўлиши мумкин. Қирғизистондаги воқеалар эса мени қизиқтирмайди. У ерда ҳамма нарса аниқ. Ўзбекистон ҳукуматининг позицияси мени қизиқтиради”, дея хулоса қилади у.
Бу, эҳтимол, охирги икки ҳафта ичида ўзбек ОАВда Кампиробод сув омбори атрофидаги вазият ва шу фонда қўшни Қирғизистонда сув иншоотининг ўзбек томонига берилиши муносабати билан бўлиб ўтган норозилик намойишлари ҳақидаги ягона иккита материалдир. Материаллардан бири Қирғизистон давлат ахборот агентлиги томонидан чоп этилган Қирғизистон президенти интервьюсининг ўзбек тилидаги қайта нашри, иккинчи материал эса эксперт шарҳини кўчириб босиш эканлигини инобатга оладиган бўлсак, шуни тушуниш мумкинки, бирорта ўзбек ОАВ қўшни давлатда авж олган мухолифат ва ҳокимият ўртасидаги зиддиятларга эътибор қаратишга журъат этмади. Вазият билвосита бўлса ҳам, Ўзбекистонга тааллуқли бўлса ҳам.
Ўзбекистоннинг расмий матбуоти бу мавзудаги таҳлилий материаллар у ёқда турсин, сув омбори атрофидаги вазиятни ёритмаслик ва изоҳ бермасликни афзал кўрмоқда, бу яна бир бор ўзбек медиаси бефарқ қолишда давом этаётганини, “ўткир мавзулардан қочиш”ни, сиёсатчилар, фуқаролик фаоллари, тарихчилар ва бошқаларга сўз бериш ўрнига тайёр шарҳларни қайта чоп этишни афзал кўраётганини яна бир бор исботлайди.
Масаланинг тарихи
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг участкалари, жумладан, сув омбори зонаси СССР парчаланганидан кейин 30 йил давомида баҳсли бўлиб келган ва Кампиробод чегара чизиғидаги энг кескин нуқталардан бири бўлган.
ОАВда юқорида тасвирланган воқеаларга туртки бўлган чегара участкасини келишиш тартибини бошлаш тўғрисидаги баённома жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Бишкекка ташрифи чоғида имзоланган эди. Шундан сўнг депутатлар ҳужжат ҳақида аввалдан келишиб олишлари керак эди, бироқ аҳоли ва мухолифатнинг муносабати туфайли бу ҳалигача амалга ошмади. Протокол имзоланганидан кўп ўтмай, 6 октябрь куни Қирғизистон аҳолиси норозилик сифатида сув омбори ёнида омонат уйлар ўрнатишди. Воқеа жойига 50 га яқин милиционер етиб келган ва вақтинчалик турар жойларни бузиб ташлаган.
Хусусан, Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазири (ҳозирда парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси) Чингиз Айдарбеков ҳужжатга қарши чиқди. Шундан сўнг уни “хорижий муассасаларда ишлаган вақтида юқори мартабали дипломатнинг обрўсизлантирадиган ҳолатлар юзага келтиргани сабабли” Фавқулодда ва Мухтор элчи унвонидан маҳрум қилишди.
15 октябрь куни Ўш вилояти Ўзган туманидаги Қизил-Октябрь қишлоғида Кампиробод сув омбори масаласига бағишланган халқ қурултойи бўлиб ўтди, унда мингга яқин киши қатнашди. Қурултой қарорига кўра, Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси тузилди. 21-22-октябрь кунлари Ўш вилоятининг Ўзган туманида айрим қишлоқлар аҳолиси сув омбори ҳудудини Ўзбекистонга ўтказмаслик талаби билан юришга чиқди.
Қирғизистон ИИВ сув омборини қўриқлаш қўмитаси аъзоларига нисбатан оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш (ҚР ЖКнинг 36-278-моддаси) бўйича иш қўзғатилганини маълум қилди. Мазкур ҳолат юзасидан Норин, Чуй ИИБ, Бишкек ИИБ ва ИИВ Бош тергов бошқармасининг 36 нафар терговчиси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Идорадан хабар қилишларича, тергов давомида “айрим шахсларнинг оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш ва уюштириш, шунингдек, келажакда ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш бўйича ҳаракатларга алоқадорлиги тўғрисида далиллар олинди”.
Кампиробод сув омбори Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон вилояти туташган ҳудудда жойлашган. Сув омбори 1983 йилда Қирғизистон ҳудудида қурилган. 1973 йилда Ўзбекистон компенсация берилди – 4100 гектар Қирғизистонга ўтказилди. Ташиев ўтган йили Қирғизистон ҳамон зиённи қоплаш пулларини олиб турганини айтган эди.
Ўзбекистон Кампирободни Андижон сув омбори деб атайди. У ердан Тар, Қоракўлжа ва Қорадарё сувлари оқиб ўтади. Сув омбори Қирғизистонга тегишли. Ўз вақтида Ўзбекистонга ижарага берилган. Сув омбори 4400 гектар майдонни эгаллайди. Унинг умумий ҳажми 1,9 куб километрни ташкил этади. Фарғона канали сувлари Кампиробод сув омборидан бошланиб, Аравон вилояти орқали Ўзбекистонга киради.