No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистонда референдум натижалари ва ОАВ

    Ўзбекистонда референдум натижалари ва ОАВ

    Ўзбекистоннинг янги Конституцияси бўйича референдум 30 апрель куни бўлиб ўтди. Конституция моддаларининг 65 фоизига ўзгартиришлар киритилди. Унга 27 та янги модда қўшилди ва шу билан уларнинг сони 128 тадан 155 тага етди. Қонун 1 майдан кучга кирди.

    Бўлиб ўтган воқеа Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ учун муҳим эди, чунки биринчидан, ўзгаришлар орасида журналист ва блогерлар фаолиятига тааллуқли қатор янгиликлар бор, иккинчидан, референдумдаги муҳокамалар ва овоз бериш жараёни айнан ОАВ орқали ёритилди.

    Янги Конституция бўйича референдумда овоз бериш натижалари

    Референдум бюллетенига битта савол қўйилди: “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” ва иккита жавоб варианти берилди: “Ҳа” ва “Йўқ”.

    “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18, 38 ва 39-моддаларига мувофиқ ҳамда округда референдум ўтказиш якунлари бўйича округ комиссияларининг баённомалари асосида, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, референдум якунлари бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқаронинг ярмидан кўпи, яъни 16 миллион 667 минг 97 нафари ёки 84,51 фоизи референдумда иштирок этди. Сайлов бюллетенларини олган фуқаролар сони – 16 667 097 нафар; овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони – 16 667 097 нафар; референдумга қўйилган масала учун “ҳа” деб берилган овозлар сони – 15 034 608 нафар ёки овоз беришда қатнашган фуқаролар сонининг 90,21 фоизи; референдумга киритилган масалага қарши “йўқ” овоз берганлар сони — 1 558 817 нафар ёки овоз беришда қатнашган фуқаролар сонининг 9,35 фоизи; ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сони – 73 672 та.

    Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаев брифингда аниқланган жиддий қонунбузарликлар туфайли Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги учта сайлов участкасида овоз бериш натижалари бекор қилинганини маълум қилди. Шу муносабат билан овоз бериш натижаларига “кичик ўзгартиришлар” киритилди.

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссияси кузатувчилари ҳар доимгидек ижобий баҳо беришди, дея таъкидлади ассоциация Бош котиби Чжан Минг: “Тўлиқ овоз бериш даври тинч муҳитда, очиқ ва ошкора, ташқи аралашувларсиз ўтди”. ЕХҲТ миссияси эса кўпроқ талабчанлик билан муносабатда бўлди.

    Лойиҳа муҳокамаси қандай ўтди?

    Депутатлар ҳам мамлакат бўйлаб тадбирлар уюштириб, фаоллар, йирик корхона ва заводлар ходимлари билан учрашувлар ўтказиб, аҳолини янгиланган “меники, сеники, бизники” бўлган Конституцияга овоз беришга ташвиқот қилишди. Тармоқларда таниқли санъаткорлар ва оддий ўзбекистонликлар – талабалардан тортиб сиёсатчиларгача, референдумда лоқайд бўлмай фуқаролик позициясини намоён этишга чақирувчи видеомурожаатлар билан чиқишлар қилишди. Ушбу видеолар #Befarqеmasman алоҳида Телеграм каналига тўпланди.

    Дарвоқе, таҳлилчилар маълумотига кўра, Ўзбекистон яратилган Телеграм каналлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда экан ва ушбу ресурсдан 20 миллионга яқин киши фойдаланади. Шунинг учун, ҳукумат Конституцияни шу тармоқ орқали тарғиб қилишга қарор қилди. Яъни, Телеграм тармоғида Referendum-2023 махсус боти ташкил этилиб, унда икки тилда – ўзбек ва рус тилларида киритилган ўзгартиришлар, МСК ва сиёсий партиялар фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Бундан ташқари, фойдаланувчилар овоз бериш мавзусидаги фотосуратларини юборишлари ёки телефонларига референдумга бағишланган ноёб стикерларни юклаб олишлари мумкин бўлди.

    Референдум қизиқ воқеалардан ҳам холи бўлмади. Тошкент ҳокимлиги минглаб маърузачилардан иборат тарғибот гуруҳи тузди, бироқ Адлия вазирлиги шаҳар ҳокимиятини ўз вақтида тўхтатиб, уларнинг қарорини бекор қилди. Апрель ойида ижтимоий тармоқларда боғча тарбияланувчилари референдум учун “жон куйдираётгани” акс этган видео тарқалди. Тарбиячининг кўрсатмаси билан болалар жўр бўлиб: “Конституция меники, сеники, бизники!”, дея хайқиришди. Фойдаланувчилар бу ҳаракатни танқид қилиб, ҳали эплаб юра олмайдиган норасидаларга сиёсий шиорлар ва овоз беришга чақириқларни ёдлатиш ноўрин, деб ҳисоблашларини билдиришди. Мактабгача таълим агентлиги келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича муассасаларга тезкорлик билан тавсиялар юборди.

    Ижодкор ёшлар камолотига масъул “Zakovat” клубида Конституция ва бўлажак референдум мавзусида интеллектуал ўйинлар ташкил этилди. Ўзбекистон ОАВнинг ёзишича, тажрибали билимдонлар ёш заковатчилар билан “ўтмишдаги қийинчиликлар ва эришилган натижалар” ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган. Ақллар мусобақасида ким ғолиб бўлгани унчалик муҳим эмас – бунда улоқ тарғибот бўйича мутахассисларда кетди.

    Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ҳам ўзига хос тадбир ўтказилди. Бу ерда мамлакатимиз Асосий қонунининг аҳамияти ҳақидаги маърузалар яккакураш усталарининг кўргазмали чиқишлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний кучини намойиш қилувчи бошқа машқлар билан бирга ўтказилди. Умуман олганда, ҳар ким референдумни ўз контекстида ифода этишга ҳаракат қилди.

    Овоз бериш арафасида Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарлари оддий ижтимоий рекламалар билан тўлиб тошди, референдумда иштирок этишга чақирувчи плакатларни дўконларда ҳам, кўча сотувчиларининг кичик пештахталарида ҳам учратиш мумкин эди.

    Тошкент метросида йўловчиларни ўзига хос овозли огоҳлантиришлар билан ҳайратда қолдиришга қарор қилишди, хусусан: “Илтимос, эшикларга суянманг – Конституцияга таянинг!” каби.

    Ўзбекистонликларнинг ҳеч бири референдум кунини ўтказиб юбормаслиги учун Марказий сайлов комиссияси номидан республика аҳолисига тегишли эслатма ёзилган СМС хабарлар ҳам келди.

    Умуман, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон ОАВ, журналистлар, блогерлар орасида деярли муҳокама қилинмади. Жамоат арбоблари ҳам сукут сақлашди. Фақат саноқли кишиларгина танқидий фикрини ташбеҳлар, қочиримлар орқали билдиришга ҳаракат қилди.

    Ахборот майдонидан фақат тарғибот ва ташвиқот материаллари, “ҳа” овозини беришга чақирувчи видеолавҳалар ўрин олди. “Санъат намоёндалари” ва “ток-шоу”нинг етакчи вакиллари “аввалги тузум даврида азоб чекканлари”, “референдумдан сўнг ҳеч қандай бу каби муаммолар бўлмаслиги”, ноқонуний ҳибслар, уй-жойни ўзбошимчалик билан “бузиб ташлашлар” барҳам топишини, диссидент зиёлиларнинг “қора рўйхатлари” бўлмаслиги ва келажакдаги бошқа яхши ўзгаришлар ҳақида бор овозда айта бошладилар.

    Фақат “ҳа” учун ташвиқот, “йўқ” учун эмас

    “Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида кенг ошкоралик ва жамоатчилик иштироки таъминланади”, – дейилади “Референдум тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасида. Шуни таъкидлаш керакки, ОАВда чуқур таҳлилий мазмун, бўлажак референдумнинг ижобий ва салбий томонларини кўрсатиш, тузатишлар ва таклифларни турли томонлардан кўрсатиб бериш холатлари кузатилмади. Агрессив ташвиқотсиз, онгли танлов лозим эди.

    Натижаларга кўра, овоз берувчилар рўйхатига киритилган фуқаролар учун 19 миллион 722 минг 809 дона сайлов бюллетенлари чоп этилди. Сайлов қутиларига 16 миллион 667 минг 97 киши бюллетен ташлади, уч миллиондан ортиқ киши эса сайловга келмади, “Ҳа!” дейишни истамади. Овоз берганлардан – референдумга қўйилган масалага қарши “йўқ” овоз берганлар сони – 1 миллион 558 минг 817 нафари, яъни бир ярим миллион нафари “йўқ” деб овоз берди.

    Бу миллионлар овози референдумгача ОАВда эшитилмаган эди.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read