Демак, бешинчи йиллик MediaCAMP Fest 2023 старт олди! Fest Ashar фестивали The steppe sons этно гуруҳининг жозибали чиқиши билан бошланди.
Сўнг меҳмонларни Internews ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Марат Бигалиев олқишлади:
— Ушбу фестивални тайёрлаган катта жамоа номидан бугун сизларни қутлаётганимдан хурсандман. Тадбир доирасида биз Марказий Осиё медиасининг ўтмиши, бугуни ва келажагини қандай кўришимиз, деколонизация, журналистлар хавфсизлиги ва минтақамиз учун муҳим бўлган бошқа кўплаб масалалар ҳақида гаплашамиз. Фестиваль анъанавий MediaCAMP Award танлови билан якунланади. Бу йил бизга журналистлардан 652 та ариза келиб тушди. Бешинчи бор ташкил этилган фестивалда 33 нафар устоз ва эксперт иштирок этди, улардан 31 нафари Марказий Осиёдан. Биринчи фестивалда мутахассисларнинг кўпчилиги узоқ хориждан келган эди.
Ҳамкасбларим таъкидлаганидек, минтақавий фестивалимиз Марказий Осиёнинг йирик MediaCAMP дастури доирасида ўтказилмоқда ва мен USAID га нафақат ушбу тадбир, балки бошқа кўплаб тадбирларни, жумладан, Марказий Осиё медиа муҳитини қўллаб-қувватлагани ва фаолиятини яхшилашга ёрдам бергани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Очилиш маросимида USAIDнинг Марказий Осиёдаги демократия ва саломатлик бўйича бюроси директори Робин Мардус шундай қўшимча қилди:
— Тарихий таркибни билиш сизга ҳозирги ҳолатни таҳлил қилиш ва замонавий рақамли тенденцияларни пайқаш, уларни ҳурмат қилиш ва тушуниш имконини беради. Бу медиа ходимларига келажакдаги қийинчиликлар ва имкониятларга тайёрланишда ёрдам беради.
COVID-19 пандемиясида биз фейк хабарларнинг ҳалокатли таъсирини кўрдик. Журналистлар ва янги форматлар фейкларни эмас, фактларни тайёрлаш ва тарқатишда асосий роль ўйнайди. USAID медиасаводхонлик ва ҳалол профессионал журналистикани ривожлантириш тарафдори. Биргаликда биз муҳим воқеалар ҳақида минглаб материаллар тайёрлаймиз.
Маржан Ельшибаева, Kaspi.kz ижрочи директори:
— Мен Internews ташкилотида 12 йил ишладим, собиқ интерньюсчилар бўлмайди. Журналистика, ОАВ – ўрганиш керак бўлган ҳунар. Internews деворларида ушбу ҳунар ўргатилади: сарлавҳалар, материалларни қандай ёзиш ва репортажлар тайёрлашгача.
Ҳозир мен бизнесда ишлайман ва шуни таъкидламоқчиманки, жамият ҳар бир сўзга эътиборли. Ҳатто вергул ҳам дипфейк, технология ва сунъий интеллект давридаги тарихий воқеалар ривожига таъсир қилиши мумкин. Бундан касбимиз учун фойдали бўлган тарзда фойдаланишни ўргатувчи ташкилотлар борлиги қувонарли. Сизнинг касбингиз жуда муҳим. Бугунги кунда маълумот энг қимматли манба бўлиб, баъзан пулдан ҳам қадрлироқдир.
Ижтимоий фанлар факультети декани вазифасини бажарувчи, Медиа ва коммуникациялар кафедраси мудири доктор Милен Филипов фестивалимиз иштирокчиларига чуқур ҳурматини изҳор этди. У иштирокчиларга мурожаат қилди:
— Сиз ҳар бир инсонга кундалик ҳаётини бошқаришга ва қарор қабул қилишга ёрдам берасиз. Ўтмиш – бу энг яхши муаллим. MediaCAMP фестивалида иштирок этиш эса ажойиб тажриба.
2017 йили Болгариядан бу ерга келганимда Марказий Осиё ҳақида кўп нарса билмасдим. Лекин ўқувчилардан кўп нарсани ўргандим, энг муҳими, медиа инсонларни тарбиялашда, уларга дунё ҳақида маълумот беришда, муаммога дуч келмасликка ўргатишда қандай муҳим тарбиявий ўрин тутишини англадим.
КИМЭП университети ОАВ ва коммуникациялар кафедраси катта ўқитувчиси Салтанат Қожимуратова Fest Ashar фестивалининг тантанали қисмини якунлаб берди:
— КИМЭП – бу турли тадбирлар учун эшиклари доимо очиқ маскан. Биз Internews билан узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз ва бу ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунмиз. Бизнинг бўлим медиа соҳаси мутахассисларини тайёрлаш билан ҳам шуғулланади ва биз буни амалиётга максимал даражада эътибор қаратган ҳолда олиб борамиз. Биз ўқув дастуримизни бугунги кунда талаб қилинадиган кўникма ва малакаларга яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз: булар рақамли журналистика, подкаст, SMM, медиа ва ахборот саводхонлиги.
MediaCAMP Fest 2023 Америка халқи кўмагида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали ва Internews томонидан USAID молиявий кўмагида амалга оширилаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида ўтказилмоқда. Internews унинг мазмуни учун жавобгардир ва у USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини ифодаламайди.
Бу йил Kaspi.kz фестивалнинг бош ҳамкорига айланди. Фестиваль, шунингдек, KIMEP университетининг ОАВ ва коммуникациялар кафедраси ва ЕХҲТнинг Душанбедаги дастурлар офиси томонидан қўллаб-қувватланди.