No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидБолаларни камерадан қутқаринг

    Болаларни камерадан қутқаринг

    Қачонлардир Наталя Слекишинанинг қизи Tengrinews.kz интернетда мақола топади. «Мен одамларга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдим»: Наталья Слекишина озодликдаги ҳаёт ҳақида.» 2019 йил август ойида нашр этилган ушбу мақола она ва бола тўғрисида. Аниқроқ айтганда, мақола қизчанинг онаси эмас, кўпроқ унинг ўзи ҳақида. У журналистлар билан учрашув кунини эсламайди. Кўп йиллар олдин содир бўлган бу воқеани унинг учун журналистнинг сатрлари ва интернет эслаб қолган. (Матндан қизнинг исмини олиб ташлаб, унинг юзини беркитдик).

    «… зўрлаш натижасида туғилган қизча уч ярим ёшда. Онанинг сўзларига кўра, қизнинг ўзига хос хусусияти — ўжарликдир. Агар бирор нарсани хоҳласа, албатта унга эришади. Шу билан бирга бола жуда меҳрибон ва онасига қаттиқ боғланиб қолган … «, — сўзларни ўқийди қизча.

    Мақоладан у уч ёшида журналистлар унга «зўрлаш натижасида туғилган бола» мақомини берганлигини билиб олади. Бу мақом билан у болалар боғчасига борди, болалар майдонида ўйнади, кейин мактабга борди… Журналистлар сабаб у ўзининг бу дунёга келиш тарихини тенгдошлари орасида интернетдан батафсил билиб олади. Айтиш керакки, у бундай ҳолатга тушган ягона бола эмас. Tengrinews.kz да уч ёшли қизчани майсада ўтириб фотосуратчига самимий кулган суратини ҳамма кўрди. Суратда қизчанинг ёнида ўтирган онанинг яланғоч тиззалари кўриниб турибди. Эҳтимол, фотограф бу композиция билан ҳеч нарсага урғу бермоқчи бўлмагандир. Бироқ, у бошқа ракурсни танлашга эринган бу факт, қиз ва унинг онаси ким эканлигининг унга фарқи йўқ.

    У мақола матнидаги бепарволикни пайқамаслиги мумкин. Сўзларда такрорланишлар кўп учрайди, матн етарлича таҳрир қилинмаганлиги яққол кўзга ташланади. Tengrinews.kz таҳририяти ўқувчи бу мақолани барибир «ўқишини» фотосуратларни қизиқиб кўришини билар эди, чунки қамоқхона назоратчиси зўрлашидан ҳомиладор бўлган маҳкум Наталя Слекишинанинг иши бутун мамлакат бўйлаб тарқалганди. Натальянинг бола билан тушган янги фотосуратлари эса ўн минглаб кўрилишни таъминлади. Интернет материалларини яратувчилари кун келиб мана шу қиз интернет саҳифаларидан онасининг зўрланиши, отасининг қамоққа олиниши, мурғак даврини қамоқхонада ўтказгани ва болаликдаги фотосуратларини интернетдан топиб олиб қай ҳолатга тушиши, нималарни ҳис қилиши ҳақида ўйламаган, балки ўйлашни хоҳламагандир. Ёки ундан ёмони — материални ўқилиши муҳим деб қўл силтаган бўлсачи.

    Слекишинанинг қизи — Қозоғистондаги ягона бола эмас, ижтимоий тармоқдаги бундай фотосуратлар ва маълумотларнинг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниши ноодатий бўлиб, бу ҳолат уларга руҳий азоб етказмоқда.

    «Мактабга йўл» республика акцияси номи билан интернет қидирув тизими кам таъминланган оилалар фарзандларининг юзлаб фотосуратлари ва видеоларини тақдим этади, уларга мансабдор шахслар, депутатлар, Nur Otan» партияси аъзолари, полиция ва ННТ вакиллари мактаб анжомларини совға қилишган.

    Июль ва август ойларида тв ва ижтимоий тармоқлар орқали хайриячиларнинг мактаб ўқувчиларига совға бераётгани ҳақидаги мақолалар ҳар куни эълон қилинди. Шубҳасиз, ёрдамга муҳтож одамлар журналистларга ва хайрия жамғармалари вакилларига суратга тушишдан бош тортишдан хижолат бўлишди. Ўз ҳаётидаги қийинчиликларни бутун дунёга айтиб бериш ҳеч кимга роҳат бағишламайди. Аммо ташкилотчилар реклама қилмасдан яхшилик қилишни хоҳламайдилар. Шунинг учун 24 июль куни «24.kz» телеканалида аёл ва унинг тўрт боласи ҳақида лавҳа кўрсатилди. Журналист лавҳада мана икки йилдирки, аёл катта фарзандларини «Мактабга йўл» акцияси туфайли мактабга тайёрлаётганини маълум қилди. Материалда бошқа эҳтиёжманд оилаларнинг болалари ҳам кўрсатилди. Камера олдида улар хижолат бўлиб, совға қилинган кийимларини кийишди.

    “Мактабга йўл” хайрия акциясини нима учундир тантанали тадбир сифатида ўтказишади. 23 август куни МТРК телеканали интернетда Nur Otan партияси аъзолари болалар ва уларнинг ота-оналарини Петропавловскдаги университетнинг конференция залига тўплагани ва мактаб рюкзакларини топширишдан олдин, уларга ниманидир гапириб бергани ҳақидаги хабар тарқалди. Бу вақтда операторлар видео-роликни суратга олишди ва суратга олиш ишлари якунлангач хайриячилар тантанали тарзда болаларга канцелярия буюмларини топшириб, барчани исм фамилияси билан чақириб, уларга совғалар топширилаётган жараённи ёзиб олишди.

    Болаларни кўпинча ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакилларининг рухсатисиз суратга олишади. 2019 йилнинг 3 июнь куни Нур Султон шаҳрида кўп болали оналар митингининг жонли эфирида Azattyq TV телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи ўн ёшли болани саволга тутди. Журналистнинг илтимосига биноан бола ўзини таништириб, оиласи билан яшашини, уларнинг ўз уйи йўқлигини айтди. Боланинг ёнида ота-онаси йўқ эди, аммо бу тасвирга олиш гуруҳини тўхтата олмади.

    — Ҳозир онанг ёнингдами? — сўради мухбир.
    — Ҳа, — жавоб берди бола ва кимнидир чақирмоқчи бўлди, бироқ болани қандайдир аёл камера томонга бурди. Журналист бу аёлнинг кимлиги билан қизиқмади.

    Бола тўртинчи синфда ўқишини, оилада фарзандлар сони 10 нафар эканлигини, у ўз оила аъзолари билан онасининг дугонасиникида тунашини айтиб берди.

    — Онанг бошпана сўраб келганида сенга нима дейди? — деб сўради журналист қиз.
    — «Ўғлим, биласанми, уларникида яшашимизга кўнишмаяпти». Бор, ўғлим, сен ҳам сўраб кўр. Зора кўнишса», — деди бола.

    Боланинг интервьюси намойишчилар эътиборини тортди ва улар болага қандай оҳангда нимани гапириш кераклигини ва театр актёрлари каби йиғлаш ва хафа бўлишни ўргатиб маслаҳат бера бошлашди.

    Айт: мен бу ердан уйсиз кетмайман, — аёлнинг овози эшитилди.
    — Ҳа, шу ерда ўтирамиз, кетмаймиз! — деб камерага бақирди бола.

    Аёллар боланинг кўнглини қанча кўтаришмасин, унга далда бўлишмасин бундай ҳолатда у ўзини жуда ноқулай ҳис қилаётгани кўриниб турганди. Бироқ бола йиғламсирагандек турар, кўзини яширарди. Журналистлар эса оломоннинг ишини қилиб, боланинг ҳис туйғулари билан ҳисоблашмай тасвирга олишда давом этишди.

    Умуман олганда, болалар томошабин диққатини ўзларида ушлаб тура оладилар ва журналистларнинг бундай қаҳрамонларни олишга интилишини албатта тушунса бўлади. Аммо материалда муаммолар, фожиали воқеалар ҳақида гап кетса, боланинг видео ёки фотосурати намойиш этилса, интернетда бу масхара қилиш, таъқиб қилиш, тенгдошларининг ҳақоратлари ва катталарнинг тарафкашлигига сабаб бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси ўз-ўзини ҳурмат қилишнинг пасайишига, таҳқирлашга олиб келади. Таҳқирлаш руҳий касалликлар ва ўз жонига қасд қилишга олиб келиши мумкин.

    Бу ҳақда журналистлар ҳам, хайрия тадбирлари ташкилотчилари ҳам билишади. Аммо бу билим уларнинг шахсий манфаатларини болалар манфаатларидан устун қўйишига халақит бермаса-чи? Унда нима қилиш керак? Эҳтимол, виждонни ёрдамга чақириш керакдир. Ахир, бор йўғи болаларнинг юзини кўрсатмаслик керак. Компьютер сичқончасига икки марта босилса — ҳеч ким Наталья Слекишинанинг қизини қўли билан кўрсатмайди ва кам таъминланган оилалар фарзандлари уялмай совға қилинган кийиларни кийиб мактабга боришади. Болаларнинг юзидан жонли эфир камераларини бошқа томонга бурилса, улар суратга олинмаса уларни кўчада биров танимайди, ҳатто яхши мақсадларда ҳам фойдалана олишмайди. Болалардан фойдаланишмайди! Бу ажойиб эмасми?

    Муаллиф: Анар Бекбасова

    Таржимон Шаҳноза Қурбонбоева
    Таржимон Шаҳноза Қурбонбоева
    Тележурналист, таржимон.  «Кинопро», «Тасвирий санъат усталари» кўрсатувлари муаллифи ва бошловчиси.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read